Jan 082014
 

 

 

 

3 2014

 

Жаҳонгир Муҳаммад: ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

 

 

Президент тансоқчисининг кундалиги (Воқеий қисса)

1. Тайчи

Исмим Таймур. Аслида Темур деб от қўйишган. Ҳужжатимни ёзган одам “Таймур” деб ёзган. Нега бундай қилган билмайман. Аммо ўзимга ёқади. Темур деган от тиқилиб ётибди, Таймур эса битта. У ҳам менда.

Фақат Президент “Тайчи” дейди. Бу менга ёқмайди. Худди камситганга ўхшайди. Аммо буни унга қандай айтаман? Ҳаққим йўқ. Фақат жим туришим керак, ҳатто мени урса ҳам. Унинг саволларига ҳам жавоб бермаслигим керак. Унинг соясиман-да. Соя гапирмайди. Қоида шунақа.

Қоидани унинг ўзи бузди. “Соя”ни гапиртира бошлатди. Шунда ҳам оз гапиришга ҳаракат қиламан. Гаплар кўнглимдан тошиб кетмаслиги учун кундалигимга ёзиб қўяман. Аслида бу ҳам қатъиян мумкин эмас. Билиб қолишса судсиз-терговсиз йўқоламан. Шарт шунақа ва ўзим ҳам бунга рози бўлиб ҳужжат имзолаганман.

Кундалигимни президентга ҳужум бўлса ишлатишим керак бўлган қалқоннинг ичида сақлайман. Доим ўзим билан. Президент менга жуда ишонгани учун биров текшириб ҳам кўрмайди. Муносабати совуб қолгудек бўлса, нима қилишни биламан, режасини тузиб қўйганман.

Биз яшаган жойни “Светлана” дейишарди. “Дом”нинг остида шу номдаги магазин бор эди. Биз бешинчи қаватда турардик. Оилада битта боламан. Ойим ва адам мактабда ишлардилар. Ойим урус адабиётидан дарс берардилар. Адам физкултурадан. Улар бошқа мактабда ишлардилар, мен бошқа мактабда ўқирдим.

Уйга келишим билан эшикни ичкаридан бекитиб, балконга чиқардим. Балконимиздан трамвай йўли кўриниб туради. Бекатда доим одам гавжум. Одамларни томоша қилишнинг ўзгача гашти бор. Биттаси “столба”дай қотиб туради. Биттаси трамвай йўлига қайта-қайта чиқиб ҳали у томонга, ҳали бу томонга қарайди. Бошқаси у ёқдан бу ёққа юриб туради.

Бир куни кинотеатр томондан беш-олтита бола бекатга келиб бақир-чақир қила бошлашди. “Столба” бўлиб турган бир киши билан айтишиб қолишди. Кейин уни туртиб-суртиб трамвай йўлига чиқаришди. Қолгани бир сонияда юз берди. Ҳалиги киши сакраб ҳавода учгандек, рақс тушгандек карате қила бошлади. Бир секундда ҳаммасини трамвай йўлига тизиб қўйди. Кейин қаёққадир ғойиб бўлди.

Ҳар куни қарайман, лекин уни кўрмайман. Кўрсам ҳам барибир танимайман. Аммо унга ўхшагим келди. Адамга:
-Каратега ўқимоқчиман,-десам.
-Ақлинг энди кирдими?- дедилар.

Бу деганлари бежиз эмас. Мени болаликдан карате классига берганлар. Иккита қора камарим ҳам бор. Лекин мактабда адабиётга қизиқиб қолдим. Адам “каратега борасан” десалар, ойим “бормасин” дейдилар. Улар ҳар куни жанжал қилардилар. Мен шеър ёдлардим. Шеър айтишни севардим.

Хуллас, адам яна карате классига бошлаб бордилар. Карате деб ўйласам буниси тайчи класси экан. Тренеримиз “тайзуан” ҳам дейди. Болалар “тайчуан” дейишарди.

-Бу мушт билан уришнинг охирги чегараси. Битта уришда битириш дегани,-дерди тренер.-Аслида битта чертишда ишни тугатиш. Буни уста Чен яратган. Хитойда…

Ҳар куни сокин мусиқа оҳангида рақсга тушган каби ҳаракат қиламиз. Аввалига зерикарли эди. Кейин адабиётга ўхшаб ўз ичига тортди. Ҳар бир ҳаракат шеър каби оҳанграбо. Ёд олишни севиб қолдим.

Уч-тўрт йилда трамвай йўлидаги бола каби осмонда учмасам ҳам ёзда Тайванга бориб ўқиб келиш учун йўлланма беришди.

Тайванда тушундимки тайчи бу катта философия мактаби экан. Буни одам ўлдириш философияси деб атагим келарди. Аммо бу фикримни айтишдан чўчирдим. Чунки усталарим хафа бўлиб қолишарди. Улар ҳар қанча файласўф бўлишмасин охирида гапни битта кескин чертиш, битта ҳаракат билан одамни ўлдиришга олиб боришарди.

-Ростдан ҳам битта чертишда одамни ўлдира оласанми?-Президент ишга олинган куним шу саволни берганди.

Тайчи, мени ҳам чертиб қўйма” деган гап ўтдими кўнглидан деб ўйлагандим. Йўқ, унинг кўнглидан ўтгани бошқа нарса экан…

Жаҳонгир Муҳаммад.

(Давоми бор).

http://turonzamin.org/2014/01/03/qissa-2/

Жаҳонгир Муҳаммад: Олтинчи қават

Президент  тансоқчисининг кундалиги

Воқеий қисса

2. “Сўфи”

Тайвандан қайтишда русчани биладиган Уста Вун:

-Сиз томонларда сўфилар ўтган. Уларнинг ҳаётини ўрган, улардан дарс ол, бўлмаса умринг қамоқда ўтади ёки пешанангдан отиб кетишади,-деди.-Бугунгача сенга айтган кўп гапларимни тушунмадинг. Агар сўфилар ҳаётини ўргансанг нима деганимни англаб етасан.

Уста Вун мени ёмон кўриб қолганди. Сабабини биламан. Унинг шогирдларини “бир тийин” қилиб ташладим. Қайсини  қаршимга чиқарган бўлса, судраб обкетишди.

Вун Москвада ҳам дарс берган. Тошкентда ҳам бўлган. Русчани яхши билади. “Хитойда ўрганганман,” дейди.

Ундан дарс олиш учун ҳатто Америкадан ҳам келган талабалар бор. Кўп шогирдлари турли мамлакатларда “вип”ларни қўриқлашар экан. Шунинг учун обрўси катта. Ўзига бинo қўйган. Қизиқ-қизиқ гапларни айтади.

-Куч назорат қилинсагина кучдир,-деди бир куни.-Агар назорат қилсанг уни минасан, бўлмаса остида қоласан.

-Назорат қилаяман-ку,-дедим.

-Йўқ, куч сени назорат қилаяти. Билиб қўй, тобутингни кўтарганларнинг ҳаммаси сенга дўст эмас. Уларнинг кўпчилиги ўзларини ўйлаганлари учунгина тобутингни кўтармоқдалар.

Унинг фалсафасига тушуниш қийин эди.

-Вақт ҳакам, вақт кўрсатади,-дедим.

У жилмайдида:

-Вақт ҳакам, лекин у ҳаммага ўлим ҳукми чиқарадиган ҳакам,-деди.

Шунақа, унинг гаплари совуқ эди. Энди эса бориб сўфиларни ўқигин дейди.

Қайтгач, олийгоҳга ўқишга кирдим. Тайчи бўйича ўзимизда мусобоқалар йўқ, аммо бу спорт тури олимпиада ўйинлари қаторига қўшилганди. Олийгоҳдаги домлаларим билан гаплашсам, бошқа бир мамлакат ҳисобидан қатнашиш мумкин дейишди.

Ҳар куни камида уч-тўрт соат машқ қилардим.

Хаёлимдан Тайвандаги уста Вуннинг гапи кетмайди: “Сизлар томонда сўфилар бор. Уларнинг фалсафаси бизникига ўхшаб кетади. Улар ҳам қаватма қават кўкка юксаладилар, биз ҳам…”

Олийгоҳ кутубхонасига кириб, интернетдан сўфилар ҳақидаги маълумотларни қидириб топдим.

Тайчи бутун вужудингдаги ҳиссларни ҳаракатларга боғлаб, кўкка ўрмалатади. Сўфиларда ҳам шундай экан. Айниқса, “Само” рақси тайчи ҳаракатларига ўхшаб кетади.

Сўфилар нафсга эрк бермаслик, нафсни жиловлай олиш манавий етуклик деб ҳисоблашаркан. Тайчида ҳам нафсни тийиш  муҳим қоидалардан бири.

Сўфи учун билимни кучайтириш нафс ва ғазабнинг кушандаси.

Нафсни ғолиблик қондиради. Ғазаб эса ғолибликка олиб борадиган йўл”. Биринчи устам шундай дерди. Унинг гаплари ҳақ. Бугунгача билим олмадим, аммо машқ қилдим. Машқ, машқ, машқ…Ҳамма нарсанинг кушандаси машқ!

Сўфиларга кўра инсон қанча кўп билим олса, шунчалик ўзини бошқариши осонлашармиш.

Ёлғон гапирмаслик, ўғирлик қилмаслик… “

Булар Тайвандаги устанинг гаплари-ку? Демак, у сўфиларни ўқиб, ўзини ақлли  кўрсатар экан-да, деб ўйладим.

Уста Вунни ёқтирмаганимдек, сўфиликни ҳам хуш кўрмадим. Улар бу дунё масъулиятидан қочиб, ўзларини Худога топширишган. Ўзингни топширдингми, демак ютқаздинг!

Биз дунёга нима учун келдик? Вазифамиз бор. Уни бажаришимиз керак. Уни ташлаб қочиш қўрқоқлик”. Биринчи устамнинг бу гаплари ҳам ҳақ.

Ҳар кун кутубхонага келиб шу борадаги битикларни ўқий бошладим. Қанча ўқисам, шунчалик сўфиликка қарши бўлиб бордим.

Бир куни спорт клубида машқ қилаётсам, икки киши келиб қолди. Улар “Эс-эн-бе”дан экан.

СНБ”…Миллий Хавфсизлик Хизмати. Энг кучли идора. Мактабда болаларнинг орзуси “эсенбешник” бўлиш эди. Айниқса ниқоб тақиб юрадиган-“маска шоу” бўлишни истамаган бола борми? Нинжа! Юзингни кўришмайди, танишмайди… аммо сендан қўрқишади. Мана куч нима!

Ўзим ҳам “маска шоу”ни кўрганимда қўрқиб кетгандим. Бу кучнинг кучдан қурқуви эди…

Машинага миндириб, бир жойга олиб боришди. У ердаги одам хитойча гапира бошлади. Тайванда оз-моз ўргангандим. Лекин уста Вун рус тилини билгани учун, хитой тилини ўрганишимга эҳтиёж йўқ эди.

-Ўзингни гўлликка солма! Ҳамма гапини тушуниб турибсан,- деди ҳалиги одам русчалаб.

Русча жавоб бердим. Суҳбатимиз ҳеч тугамасди.

-Қайси мачитга борасан?

-Мачитингиз нимаси?

-Ҳали намоз ҳам қилмайман дегин?

-Намоз?

-Ундай бўлса, қаёқдан сўфи бўлиб қолдинг?

-Сўфи бўпманми?

-Қани сўфилар билан тайчи таълимотининг фарқи нимада экан, ўргандингми?

-Оз-моз…

-Нима экан?

-Сўфилар ўзларини ҳимоя қиладилар, тайчи усталари эса бошқаларни. Тайчида қоида қонундир, уни бузишинг мумкин эмас.

-Сен эса буздинг. Давлат мулкини шахсий мақсадда ишлатдинг. Биласанми, университет компютерини давлатга қарши ишлатганинг учун неча йилга кесиласан?

-Ока, давлатга қарши нима қибман?

-Тилингни кесиб тарновга илиб қўяман. Нега ади-бади айтвотсан? “159”га илинтириб қўяйинми?

-159?

-Буни ҳам билмайсанми? Гўл экансан-ку?

У энди ўзбекча гапира бошлаганди, нечта тилни билади ўзи?

-Қара бола, ҳамма жиноятларингни биламиз.

-Қанақа жиноят? Бунақа нарса йўқ-ку? Мен тайчи бўйича олимпиадага чиқмоқчийдим, холос.

-Кимнинг ҳисобидан чиқмоқчисан? Шунчалик устамисан?

-Ҳар куни уч-тўрт соат машқ қиламан…

-Биламиз машқ қилишингни. Олимпиадага борадиган одам тайчининг олтинчи қаватига чиққан бўлиши керак. Олтинчи қават нималигини биласанми?

-Биламан. Ҳал қилувчи зарбани ура оладиган бўлиши керак.

-Бир зарба уриш билан ишни битириш!

-Ҳа..

-Тайванда неча кишининг ишини битирганингни биламиз. Пинагингни ҳам бузмай одамларни ўлдирганингни ўзинг ҳам томоша қилaсанми?

У шундай деб телевизор томонга қаради. Телевизор ёнидаги эшикдан эса биринчи устам билан адам кириб келишди.

-Бўлди-е, болани қийнаб юбордингку!-деб адам биз томанга келдилар.

Мени сўроқ қилаётган одам ўрнидан туриб адамга жой берди.

(Давоми бор)

http://turonzamin.org/2014/01/05/qavat2-2/

Jan 8 2014

Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

Президент  тансоқчисининг кундалиги

Воқеий қисса

3.Адам

Биз “дада” дегани самарқандча, тожикча,  “ада” дегани тошканча, ўзбекча деб билардик. Бу миямга қуйилиб қолган. Ўчирсам ҳам ўчмайди. Ўлгунимча ҳам “ада” десам керак.  Зотан тилим ҳам “дада”га айланмайди, “ада” дегани ўз-ўзидан чиқиб кетаверади.

Адам ботиний кўриниши билан Президентга жуда ўхшайди. “Ичимдагини топ” дейдиган одам. Ўзини ҳаммадан ақлли деб ҳисоблайди. Энг мукаммал нарсадан ҳам камчилик топишга уринади. Рост билан ёлғонни ажрата олмайди. Ҳамма гапни ёлғон деб ўйлайди. Жаҳли чиқса ойлаб гаплашмайди. Қачонки ўзинг пушаймон бўлиб, бош эгиб борсанг, “Бўпти” деб қўяди. Ойимнинг бор-йўқлигиини ҳам билмайди. Мен қанчалик Президентга соя бўлсам, ойим адамга шунчалик соя. Адам бу сояни севмайди ва сезмайди ҳам, бор-йўқлигини билмайди. Президент ҳам шундай эди. Аммо кейинги пайтда ўзгарди. Унга нима бўлди билмайман. Соясига диққат қила бошлади.

Адамнинг МХХда ишлашини энди билдим. Бугунгача билмаганим учун адамдан хафа бўлдим. Лекин бу хафачилик узоққа чўзилмади. Одамнинг отаси шундай жойда ишлайди-ю хафа бўладими? Аксинча югуриб бориб ҳаммага айтгим келди. Бироқ мумкин эмас.

Шунча ёш бўлишимга қарамай ишга олишди. Биров билмаслиги керак. Ҳатто ойимга ҳам айтишим мумкин эмас. Балки адам йўлини топиб, сездириб қўяр, лекин менга айтиш таъқиқланди.

Бугун адам билан илк бор узоқ гаплашдик. Тўғриси у гапирди, мен эшиттим.

-Биз Ислом ака билан битта маҳаллада яшаганмиз. Олийгоҳни битириб спорт клубида ишлай бошлаганимда у Шукрулла Мирсаидов, Мираброр Усмоновлар билан тенис ўйнашга келарди.

Шукрилла Мирсаидов, Мираброр Усмонов… бу номларни биринчи марта эшитишим эди. “Ислом ака” деганлари Олий Бош қўмондон экан. Президентни телевизорда кўрардиму лекин унинг адамга дўст бўлиши мумкинлигини ҳатто хаёлимга келтирмаганман. Бошимга бунақа бахт қуши қўниши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмаганман. Мана энди эртаклар бир зумда ҳақиқатга айланиб турибди.

-Ўша пайтда уларни мафия дейишарди. Ғафур, Салимлар ҳам уларга бир марта хизмат қилсам деган орзу билан яшарди.

-Ғафур, Салим?

-Улар тенгдошларим. Биз бирга боксга тушиб юрардик.

Адамнинг боксга тушганини ҳам энди эшитиб турибман. Бир-икки марта юз-кўзи кўкарганида, “давлением баланд бўлиб, эшикка уриб олибман”, дегани ёдимда.  Хуллас, у мен билмаган ўзга дунё экан.

У пайтда Ислом ака Госпланда ишларди. Кейинчалик кўтарилиб кетди. Президент бўлиб қолганидан кейин бир куни чақиртириб олди.”

-Ука биласан санга қанча ишонаман. Мана шу аппаратга хавфсизлик хизмати керак. Унга ўзимга содиқ болалар керак. Сан ана шу ишни йўлга қўясан,-деди.

Хуллас, адам шундан кейин Президентга ишлай бошлабди. Бош ”рекрутер”. Чиниққан болаларни топиш учун ўзи мактабларга физкултура муаллими бўлиб ишга ўтиб, беш ой-олти ойлаб “қидирув” олиб борган.

-Сан суягимсан,-деди адам.- Сани ҳам шу ишга етиштирмоқчи бўлдим.  Онанг қaрши чиқди. Бир куни ўзинг истаб қолдинг. Шундан кейин индамади.

Худди ўрмонда адашиб қолгандайман. Бирданига шунча ўзгариш. Ҳали олийгоҳнинг иккинчи курсидаги болани “Президент хизмати”га ишга олишди.

-Бу дегани эртага “Батя”ни қўриқлайсан дегани эмас. Ўшанга тайёрланасан, пишиб етиласан, ўзимизнинг мактабда ҳам таҳсил кўрасан.

Адам Президентни “Батя” дейди.

-“Батя” жуда яхши одам. Агар у бўлмаса бизнинг бугуни ҳаётимиз бунақа бўлмасди. У ўзига содиқ одамларни ҳурмат қилади, қадрлайди, ташлаб қўймайди. У мамлакатимизни қутқариб қолди. У бўлмаганда ишлар расво эди. Мени қанчалик севсанг уни ҳам шунчалик севишинг керак.

Адамни қанчалик севаман? Севаманми ўзи?  Бугунгача ўғлига кўнглини очмаган отани қанчалик севиш мумкин?

Адам совуққон одам. Бир кун кўрмаса ҳам, олти ой кўрмаса ҳам айни муомалада бўлади. Айтганини бажармасанг жаҳли юзига ёпишиб олади. Ювса ҳам кетмайди. Айтгани бажарилмаса ҳам бажаришинг шарт.

Бир куни “Балкон ойналарини кўчадан юв” деди. Саволларимни эшитмади.

Балкон деразалари ташқарига очилади. Қандай қилиб юваман? Бешинчи қаватдан тушиб кетсам нима бўлади? Омон қоламанми? Бу жойга етадиган норвон йўқки ишлатсам? Йўлини тополмадим. Кечқурин адам арқон кўтариб келди ва ошхонага улоқтирди.

-Шунга ҳам ақлинг етмадими? Ол, буни белингга боғлайсан, қолганини ўзинг ўйлаб топ,-деди.

-Арқонни қаерга боғлайман?

-Белингга боғлайсан дедимку!

Белимга боғлашимни биламан, лекин кейинги учини қаерга боғлайман? Бунисини айтмади.

Адам шунақа ёпиқ кўнгил, қаттиқўл одам. Ўшанда деразаларни белга арқон боғламасдан ҳам ювиш мумкинлигини ўргандим. Кечқурун адам арқонни ўзи ташлаб қўйган жойда кўриб׃

-Бу бошқа гап,-деди.

Унинг энг севингани ва юмшоқ гапи шу эди. Ҳозир ўйласам ўзим ҳам адамга ўхшаб кетаман. Демак, Президент, адам ва мен айни тоифаданмиз.

Бир куни президент׃

-Мен кимга содиқ бўлсам ўлгунимча ўшанга содиқман. Чунки ўша одам шуни истайди,- деди.

Адам ҳам шуни истайди.

Мен ҳам.

Ит содиқ, хиёнат қилмайди” дейди адам.

Наҳотки биз итмиз? Аслида  инсоният турли ҳайвонларнинг одам ҳолидаги кўриниши дейишади. Демак, биз итмиз…

Ит зоти бир-бирига содиқми ёки эгасигами?

Уста Вунг “Ит энг аввало суякка содиқдир” дерди. У суяк деганда гўштнинг суягини назарда тутганми ёки ўз яқинлариними? Бу ҳам жумбоқ.

Президент эса “Итни айри-айри, якка-якка сақласанг содиқлигини кўрасан, бирлашдими, қўшилдими сени талайди, ғажиб ташлайди” дейди…

(Давоми бор).

jahonnoma.com