Dec 192013
 

 

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мамлакат тарихини ёзаётган
тарихчилар жузъий камчилликларга йўл қўймоқдалар. Масалан машҳур
Пўлатхон тарихчиларимиз томонидан “Ватан озодлиги учун жон олиб-жон
берган халқ қаҳрамони, истиқлол жангчиси” сифатида кўрсатилади. Лекин
“Кўнгил кўчалари” газетасидаги Ҳудоёрхон тўғрисидаги маълумотларни
ўқир экансиз Пўлатхон эзгу мақсадлар учун сўнги нафасигача курашган
қаҳрамон эмас, балки сохтакор,кўз кўриб қулоқ эшитмаган даражада
жаллод бўлганлигига гувоҳ бўласиз.


Хон тахтдан йиқилишидан икки-уч йил олдин қирғиз жамоалари
орасидан Ишоқ Ҳасан ўғли деган носфуруш Самарқандда муллаваччалик
қилаётган,асли хон авлодларидан бўлган Пўлатхон номидан тахт даъвоси
билан чиқади. Атрофига қурол яроғи бўлган кўплаб кишиларни йиға
бошлайди. Худоёрхоннинг фожеаси шунда эдики,унинг фарзандларидан тортиб
энг ишонган кишилари ҳам Пўлатхон томонига ўтиб кетади. Хоннинг  ёрдам
сўраб ўрисларга ялинишга мажбур этган сохта Пўлатхон аслида ўта
тўпори, жаллод табиат киши эди. У тахтда ўтирган уч ой мобайнида
минглаб бегуноҳ одамларнинг қонини тўкади-ки, у ҳақдаги тарихий
манбаъларни одам ўқиса дахшатга тушади. Масалан сохта Пўлатхон ёш
гўдакларни кундага қўйиб чопишга зўр бергани учун уни “Заҳҳоки соний”
деб атайдилар. У ўзининг энг яқин сафдоши, уни ҳокимиятга келишида
асосий рол ўйнаган Султон Муродбекнинг ўзинигина эмас, балки унинг ҳали
балоғатга етмаган олти ўғлини, шунингдек хоннинг бири уч яшар,
иккинчиси тўрт яшар бўлган гўдакларини ҳам қиличдан ўтказган.
Кейингиси янада дахшатлидур. Сохта Пўлатхон бир мўътабар зотни
ўлдирмасликни илтимос қилганлиги учун ҳатто ўз отасининг ҳам калласини
олишга буюради.


Пўлатхон руслар билан келишган ҳолда иш олиб бориш учун
элчиларини русларнинг Ҳўжанддаги ҳокимига юбориши, улардан ёрдам сўраши
уни ҳозирги диктаторлар каби ўз манфаати йўлида ҳаттоки ўз яқинларини
ҳам аямайдиган, ҳақиқий сотқинликка мойил эканлигидан далолат бериб
турибди.
Мана шундай жаллодни тарихчиларимиз кимларга яҳши кўриниш учун
“халқ қаҳрамони” қилиб кўрсатдилар экан?

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

  19- декабрь, 2013-йил.