Dec 162013
 

 

Агар, маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг сўзларига таянилса, Қирғизистон жанубидаги сўнгги миллий низо жабрдийдаларининг ярмидан кўпроғи орадан уч йил ўтиб ҳам, қишли-қировли кунларни халқаро ёрдамга муҳтож аҳволда қарши олишган:

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Мана, бугун қор ёғишни бошлади. Кун совуқ. Кўпчиликда, ҳар йилгидек, кўмир йўқ, ўтин йўқ. Одамларнинг бахтларига фақатгина шу электр энергияси арзон. Бир киловатти 8 сомдан. Шунинг эвазига кўпчилик аҳоли электр плиткалари билан уйларини истиб, амаллаб ўтиришибди”, – дейди биз билан суҳбатда ўшлик фаол Иззатулла Раҳматуллаев.

Фаолнинг сўзларига кўра, аксарият жабрдийда оилалар ҳозирга келиб доимий уйларга кўчиб ўтишган. Аммо пишиқ ғиштдан “чиройли қилиб қуриб берилган” бу уйлар кўпчилигининг ичида деярли ҳеч вақоси йўқ, – дейди у киши.

Агар, тўғрисини айтсам, бу одамларнинг ўша тўртта девордан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Уйларининг ичига кирсангиз, ўзбекчасига айтадиган бўлсам, сичқонлар ҳасса таяниб юрибди. Уйни қуриб берган билан унинг ичида уй-рўзғор анжомлари йўқ. Аввалгидек, мебель, музлатгич, бошқа маиший техникалар йўқ. Шу қўп-қуруқ тўртта девордан бошқа ҳеч нарсаси йўқ”.

Одамлар бугун оддийгина пойафзал, кийим-кечак ва озиқ-овқатга муҳтож”, – дейди ўшлик фаол.

У киши ҳозирга келиб, бир тонна кўмирнинг баҳоси беш ярим минг сомга чиққани, бозорда сероб эканига қарамай, уни сотиб олиш учун аксарият аҳолида пул йўқлигини айтади.

Қирғизистонда асосан этник ўзбеклар ишсиз. Ёзда эплаб, тўрт-беш сом ишлаб, кўмир-ўтин қилиб олганларники бор, энди. Лекин кўпчиликда йўқ”.

Суҳбатдошимизнинг бизга айтишича, бугун ҳам аҳолининг 90 фоизи ишсиз ва тирикчилиги четда меҳнат муҳожирлигида банд яқинларининг юбораётган пулларига қараб қолган.

Қиш ва нарх-наволар

Устига устак, минтақадан олинган хабарларга кўра, ўтган ноябр ойидан буён бозору дўконларда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари бир неча баробарга қимматлаган.

Сабзавотларнинг нархлари кўтарилишни бошлади. Ун қимматлаб кетди. Гўшт, мана, бир килоси 320 сомга чиқди. Ун, макарон маҳсулотлари 30-40 фоизга қимматлаб кетди бугунги кунда”, – дейди фаол биз билан суҳбатида.

У киши келтираётган рақамларга таянилса, бугун маҳаллий аҳолининг ўртача даромади 100-150 АҚШ долларини ташкил қилади ва бу пулга бир қоп ун, макарон ва сабзавотига етади.

Бунинг ичидан тўлашса, “светга” тўлашади, агар бўлса, газга тўлашади”.

Аммо, суҳбатдошимиз, шунда ҳам, беш қўл баробар эмаслигини алоҳида таъкидлайди.

Агар, ён-атрофимдагиларни айтадиган бўлсам, бизнинг идорамиз Алишер Навоий кўчасида жойлашган. Атрофимиздагилар, энди, ўртаҳол. Асосий маҳсулоти картошка, макарон, карам, сабзавот, шу-да. Ойлаб гўшт кўрмаганлар бор”.

Фаол мавжуд вазият ҳақида ўзлари каби нодавлат ташкилотлари халқаро ташкилотларга ҳисобот беришаётгани, бироқ “маҳаллий ҳокимият ўзлари бераётган маълумотларни четга суриб”, вазиятни “яхши қилиб кўрсатишаётгани”ни айтади. “Икки томонлама стандарт бўлаяпти”, дейди у.

Суҳбатдошимиз, энг сўнггида, аксарият аҳоли фақат бугунги куни билан яшаётгани ва эртага нима бўларкин, деган қўрқувда эканини айтади.

Ўзингизга маълум, мана, ҳозир Ўшда митингчилар бор. Аҳмад Келдибековнинг тарафдорлари бор. Яқинда Мелис Мирзакматовнинг тарафдорлари чиқишди. Нима десам бўлади, шаҳарда бир тинчлик, осойишталик сезилмайди-да. Доим одамлар, худди, игнанинг устида ўтиргандек ўтиришади. Энди, манови митингчилар ўзбеклар маҳалласига юриш қилиб юборишармикан ёки бир зиён келтиришармикан, деган доимий қўрқувда ўтиришади бу ўзбеклар…”

Тарихча ўрнида

Қирғизистон жанубида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида 2010 йил ёзида келиб чиққан миллий низолар юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлганди.

Минглаб уй-жой ва тижоратларга ўт қўйилганди.

Орада кечган вақт давомида қирғин асоратларини бартараф этиш учун муайян ишларга қўл урилган, вайрон бўлган биноларнинг аксарияти қайта тикланган.

Одамлар ҳам ўша кунларни унутиш, ҳаётларини изга қўйишга уринишмоқда.

Аммо маҳаллий фаоллар қирғиндан жабр кўрган аҳолининг аксарияти орадан уч йил ўтиб ҳам, ҳар томонлама ёрдамга муҳтож эканликларини айтишади.

Маҳаллий фаолларнинг сўзларидан аён бўлишича, бугунги кунда жабрдийда оилаларга на-да давлат ва на-да халқаро ташкилотлар тарафидан ёрдам берадиган одам йўқ.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2013/12/131216_cy_its_snowing_in_osh_the_latest_situation.shtml