Dec 152013
 

 

 

Dec 14 2013

 

40 кун Туркияда

 

 

Истанбул “истасён”лари

1.Бир ёй ва тўрт ёв

Биз русча орқали ўзлаштириб “станция” деймиз, турклар эса stasyon-стасён дейишади.

Умримиз учқур поезд. Турли “истасён”ларда баъзан кўпроқ, баъзан қисқа муддатга тўхтаб ўтади.

Истанбулдан аввалги марта ўтганимизда “поезд”имиз тўрт йилга тўхтаганди. Орадан ўн беш йил ўтиб, яна Истанбулга келдик – бу сафар 40 кун қолдик.

Бир ёй ва тўрт ёв – ёлғизлик, соғинч, ҳижрон, армон каби ёвларни шодлик, дийдорлашиш, умидворлик, бахтиёрлик туйғулари билан алмаштирдик.

Истанбул орасида Машриқдан Мағрибга узанган “мовий камар” бор. Истанбул буғози дейишади. Бу зилолдай сув камари нафақат уч денгизни, балки икки қитъа-Осиё ва Авропани ҳам бирлаштиради.DSC_3416

Буни бирлаштирувчи рамзий маъно деб билганлар ҳаёт ришталарини боғлайдиган қутлуғ маросимларни шу жойда ўтказишга ният қиладилар. Биз ҳам ниятимизга етдик ва қизимизнинг тўйини Истанбул кўприклари остидан денгиздан денгизга ошиқадиган бир кемада ўтказдик

.

Яна бир ниятимиз амалга ошди. Йигирма йилдан буён кўра олмаганимиз – қариндошлар, яқинлар, қишлоқдошлар билан тўпландик.

Туркияга раҳмат, ўзбеклар учун йўлни очиб қўйган экан, ана шу қулайлик ниятимиз амалга ошиши учун ўзига хос кўприк бўлди.

Дарвоқе, Истанбул ва умуман Туркия жуда ўзгарибди.

Балки Истанбул ва Туркия ўша ўшаю биз ўзгардикмикан?

Илгари келганимизда Туркияни қолоқлар қолоғи Ўзбекистон билан солиштириш имкониятигагина эга эдик.

Бугун эса ўзимиз ўн беш йилдан буён яшаётган Америка билан солиштириб кўриш имконига эгамиз. Балки бу тубдан хатодир? Балки ҳар иккиси ўз йўлида, ўз сувида айри-айри кемалар?

Шунга қарамай, бу “кема”ларнинг кўзларга қадалгувчи баъзи нуқталарини чизгим келди…

Жаҳонгир Маматов.

(Давоми бор).

Dec 15 2013

40 кун Туркияда (2)

Истанбул “истасён”лари

2.Роҳатилуқум

Туйга тайёргарлик ва тўйдан кейинги кунларда қадрдон Туркия ҳаётида бир қанча илкларни, бошқача айтганда ўзим учун янгиликларни илғадим. Шулардан бири Туркияда сиёсий режимнинг бошқа қутбга йўналишидир.

Биз Каримов режимининг мухолифлари фақат Ўзбекистон учун модел қидирамиз. Кимдир Америка модели деса, кимдир Туркия модели бизга мос дейди. Ҳатто Хитой ва Авропани ҳам бир-бир “айланиб” чиқдик. Режимбошимиз эса ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимиз бор, деб келди. Қарангки, у ҳақ бўлиб чиқмоқда. Биз Ўзбекистон учун Туркия моделини ҳавас қилиб юрганда Туркияда бизнинг модел томон одим отилмоқда.

1990 йилларда “Бизга президентлик бошқаруви бўлмайди, парламентар режим керак” дейилганда баъзилар “Бу депутатлар ўзларини ўйлашмоқда, буларнинг мақсадлари ҳокимиятни олишдан бошқа нарса эмас” дейишганди.

Вақт кўрсатдики,  биз учун президентлик бошқаруви диктатура, бир шахснинг зулми экан. Мансабга минган одам халқнинг устига ҳам минаркан.

Туркияда эса демократик режим ва халқ сайлаган депутатлар орқали жамият бошқарилади. Тўғри, демократик режим мукаммал эмас. Аммо очиқ режимдир. Баҳслар, тортишувлар билан бўлсада охирида қандайдир ишлар қилинади. Туркиянинг бугунги келиб етган нуқтаси ҳам демократиянинг шарофати.

Келаси йилдан Туркия президентлик бошқарувига ўтадиган бўлибди. Ҳокимият жилови бир кишининг қўлида жамланади. Буни ёқлаганлар ҳам кўп. 1991 йилда Ўзбекистонда ҳам бундай режимни ёқлаганлар кўп эди.

Келажакни тахмин қилиб бўлмайди. Балки Туркия Шарқ давлатлари ичида илк бор президентлик бошқарувини ҳам ислоҳ қилиб, яна ўзига хос моделга, “айкон”га айланар.

Лекин президентлик режимини ислоҳ қилиш мумкин, фақат у жойга келадиган одамни ислоҳ қилиш мумкинмикан? Ислом Каримовга ўхшаган биттаси тахтга миниб олса-чи? Ҳокимият унинг қўлида роҳатилуқумга айланиб қолмайдими? Истаса сотади, истаса отади, истаса чайнайди, истаса чиғнайди.

Хуллас, хайрлиси бўлсин. Биз Туркиянинг бугунги ҳолини модел сифатида кўп орзу қилиб, ўзимизга ҳеч нарса ололмадик.

Наҳотки турк сиёсатчилари биздан модел кўчирдилар? У ҳолда Ислом Каримовнинг “Отатурк” бўлиш ҳақидаги 23 йиллик орзулари амалга ошадими? Асло. Буниси амалга ошишидан Худо асрасин!

Иқтидор инсофли, иймонли, адолатли кишилар томонидан бошқарилган муддатдагина халққа хизмат қилади. Акс ҳолда иқтидор халқни сўмиради.

Дарвоқе, Туркия шунчалик ўзгарибдики, ҳатто қуёшнинг чиқиши ва ботишини ҳам Америкадан деб билишаркан. Бу энди кейинги мавзу…

Суратларда: 1.Ҳамма жойда келажакка оид паноларни кўриш мумкин.

2.Йигирма йилдан сўнг Туркия дийдорлашув жойи бўлди.

3.”Мармарай” бугунги Туркиянинг катта ютуғи.

Жаҳонгир Маматов.

(Давоми бор).

jahonnoma.com

http://turonzamin.org/2013/12/15/