Dec 122013
 

 

ЎЗБЕКИСТОН: КОНСТИТУЦИЯ КУНИДА ОЛОЙГА ЧИҚҚАНЛАР БОСИМ ОСТИДА ҚОЛМОҚДА

ОШ” тадбирида иштирок этганлардан тушунтириш хатлари ва тилхатлар олинмоқда.

Ака-сингил Жавлон ва Севара Бойматовалар Конституция кунини “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати чақириғига асосан оқ либосда пойтахтдаги Олой бозори бош майдонида нишонлашни ният қилишган эди.

Ўзбекистонда суратга тушиш Конституциянинг “кўринмас моддаси”да таъқиқланган чамаси,8 декабрь куни Олой майдонида расмга тушаётган ака-сингил Бойматовларни куч ишлатар тизими ходимлари ўша заҳотиёқ  оқ шар тутган болалари ва ҳамроҳлари билан қўшиб воқеа жойидан милиция таянч пункитига судраклаб кетишганди.

Ярим соатдан ортиқ вақт давомида Олой бозори милиция таянч пунктида ўзини таништирмаган фуқаро кийимидаги махсус хизмат ходимлари томонидан сўроқ-саволга тутилган Бойматовлар Конституция куни иш пайти тугаш арафасида,маҳаллий вақт билан тахминан соат 18.00 ларга яқин ИИБ ходимлари кузатувида уйларига кузатиб қўйилган эди.

– 10 декабрь куни участка нозири уйимизга Ҳамза туман Ички ишлар идорасининг чақирув қоғозини келтирди. Унда мен ва синглим Севарани ИИБга “суриштирувга” деб чақиришганлари ёзилган эди,–дейди “ОШ” тадбири иштирокчиси Жавлон Бойматов.

Ҳамза туман ИИБ нинг чақирув қоғозида кўрсатилган муддатда – 11 декабрь куни соат 10.00 да ака-сингил Бойматовлар Ички ишлар идорасида ҳозир бўлишган.

8 декабрь – Конституция кунини Олой бозорида оқ либосда нишонлашни истаган Бойматовларни Ҳамза туман Ички ишлар идораси ходими Азиз Ҳамзаев томонидан бинонинг 1-қаватидаги 2- хонасида терговга тортилган.

Нега Олойга чиқасанлар? Нега оқ либос киясанлар?” қабилидаги сўроқ-саволлардан кейин фуқаролар Жавлон ва Севарадан “ Олой бозорига “ОШ” тадбирига иккинчи бор оқ либос кийиб чиқмаймиз”,деган мазмунда тилхат ёзиб беришлари талаб этилган.

Акса-сингил Бойматовлар Ҳамза туман ИИБ ходими  А.Ҳамзаевнинг қистовига асосан талаб қилинган мазмунда тилхат ёзиб берганларидан кейингина,уларга уйларига кетишлари учун изн берилган.

Мазкур фуқаролар ИИБ томонидан мунтазам назоратда бўлишлари ҳақида огоҳлантирилган.

Мана шу каби ҳолатлар демократик жамият эканлигини иддао қилаётган Ўзбекистон тузимининг ҳаётдаги асл қиёфасини кўз-кўз қилувчи кўзгу вазифасини ўтайди.

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Матбуот Хизмати

11 декабрь,2013 й.

Тошкент,Ўзбекистон

http://birdamlik.info/blog/2013/12/12/