Nov 172013
 

 

Сиз 65 ёшни қоралаган бу инсонни эҳтимол танимассиз, лекин ҳақиқий санъат мухлислари, Ўзбекистон телевидениеси архивида сақланаётган кўплаб видеофильмлар орқали яҳши танишади. У сиёсатга аралашмаган, бирор-бир нодавлат ташкилотининг аъзоси эмас эди. Лекин, қирқ йил Наманган театрида ишлаб, кўплаб жозибадор қўшиқлар муаллифи бўла туриб, саҳнада юзга яқин образлар яратиб ҳукуматнинг бирор-бир унвонига раво кўришмади уни. Бундан норози бўлиб у умр йўлдоши билан Чирчиқ шаҳрига кўчиб кетган эди.

Ўтган йили бизнинг ҳонадонимизда меҳмон бўлган чоғида, “Носир, одамга алам қилар экан. Менинг набирам билан тенг бўлган, бирорта миллий қўшиқни қойиллатиб ижро этиб қўймаган кичкина-кичкина болалар, қизлар ҳукумат унвонларини олиб юрибди. Шунча ишларни қилиб, қўлим калта, қамбағал бўлганлигим учун менга ҳеч қандай унвонни раво кўришмади. Ҳақиқат йўқ экан. Эҳтимол бу каби масалаларни сизлар кўтариб чиқарсизлар” деган эди. С.Омонов мени биринчи бор саҳнада образ яратишимга сабабчи бўлган, мен каби ёш санъаткорларни оёққа туриб олишида кўмаклашган забардаст актёр ва ҳофиз эди. У айниқса Хоразм қўшиқларини қойиллатиб ижро этар эди. 1975-йили Хоразмга гастролга борганимизда воҳалик мухлислар уни ҳоразмча қўшиқларини эшитиб гулдирос қарсаклар билан саҳнадан чиқиб кетишини исташмагани ҳали ёдимда. С.Омонов Отажон Ҳудойшукуровнинг қадрдони эди. Отажон акам ўша кунлари бир тўйга Комилжон Отаниёзовни олиб борган ва у тўйга Садир акани ҳам таклиф қилган эди. Комил ака С.Омоновни қўшиқларини эшитиб кўп дуо қилганлари ҳам эсимда. Ўша буюк ҳофизлар қатори Садриддин Омоновни ҳам оҳиратлари обод бўлишини Оллоҳдан сўраб қоламиз.

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

  17- ноябрь, 2013-йил.