Nov 172013
 

 

 

Ҳолбека Жўраева

Ҳолбека Жўраева

Қашқадарёнинг Муборак шаҳрида диктаторлик режими бахтини юлиб олган бир аёл бор – Ҳолбека Жўраева.

Юртимизда тузимнинг шарофати билан бахти ярим бўлган аёллар кам эмас экан.

Ҳукумат корчолонлари томонидан ҳаловати ўғирланган,турмуш чархпалагида боши минг бор қисматнинг темир деворларига зарб билан урилиб,маматалоқ бўлиб кетган ана шундай ожизалардан яна бир Каромат опа Қодирова Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманида истиқомат қилади.

Қизиқ,ушбу тақдирдош икки аёлнинг турмуш чизиқлари,умр йўллари турфа хил бўлса-да,қисматлари бир – бахтлари қасддан барбод қилинган қаро кўзлар….

Ҳолбека Жўраевани эшитганлар бордир орангизда.

Сал кам чорак асрлик умрини Каримовнинг қамоқхонасида ўтказишга маҳкум этилган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг умр йўлдоши.

Мен Мурод акани шахсан танимайман,бироқ уни таниган билганларнинг,Муборак халқининг гувоҳлигига қараганда Жўраев ҳалол,камтар,эл-юртга қайишадиган раҳбар бўлган.

Ўз вақтида Муборак шаҳар халқининг ҳузур-ҳаловати учун,ҳақ учун курашган.

Адолатпарварлиги ортидан маҳаллий амалдорлар томонидан озор чеккан одам.

Мурод  Жўраевнинг одамийлиги ортидан нони туя бўлиб қолаётган маҳаллий тўралар1991 йилда ҳатто ҳақиқатпарвар ҳокимнинг,Олий Мажлис депутатининг жонига тажжовуз қилишгача бориб етишган.

Ҳориж фильмларидаги каби тонг саҳар Муборак шаҳар ҳокимининг ётоғи номаълум босқинчи – қотиллар томонидан ўққа тутилган.

Ҳақ деган бандасини Худонинг ўзи асраб қолгани рост. Бироқ,ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу ёвузлик Жўраевнинг оиласига қимматга тушди.

Суюқасд  ортидан Мурод аканинг рафиқаси Ҳолбека опа 8 ойлик ҳомиласидан айрилиб қолди.

Мурод Жўраев

Мурод Жўраев

Бу – Мурод Жўраевлар оиласи бошига тушган кулфатларнинг бошланиши эди.

Маҳаллий арбоблар ноқонуний ҳаракатларига халақит бераётган Мурод Жўраевни у қилишди,бу қилишди,хуллас,туҳмату бўҳтонлар бўрони остида Муборак туман ҳокимини,аввалига,ўз лавозимидан,сўнгра депутатлик ваколатидан мосуво қилишди,бу ҳам камлик қилганидек,элпарвар одамга   Конституцион тузумни ағдариш билан боғлиқ айбловни ёпиштиришга,уни узоқ йиллик қамоқ жазосига гирифтор қилишга муваффақ бўлишди.

Ҳа-ааа,шундай бўлди,бад ниятли амалдорларнинг касофати туфайли ҳақиқат жарчисининг тақдири ҳаётда эртаклардагидек  эзгулик-ла якун топмади. Аксинча,аянчли хотима топди.

Мана,23 йилдирки ўзбекнинг мушфиқ бир аёли – Ҳолбека опанинг кемтик кўнгли  айрилиқ азобининг озоридан минг тилим бўлиб кетган.

1994 йилнинг 30 март куни Яратган Ҳолбека опанинг бошига янада оғироқ синов – жудолик солди.

Ёшгина ўғлининг бевақт ўлими шусиз ҳам қалби яра аёлнинг жароҳатига туз сепганди.

– Айримлар Мурод акангизни ўғлининг дафн маросимига ўзга қиёфага кириб келган дейишади. Бу ёлғон. Шундай бўлса,кошки эди…Чор-атрофни режимнинг лайчалари босиб кетганди,келолмадилар. Ўз ўғлининг тобутини кўтариш,совуқ танасини тупроққа қўйиш,фарзандининг дийдорини сўнгги бор кўриш отасига нисиб этмаган.  Шу нарса иккимизга ҳам аламли армон бўлиб қолди,–дейди изтироблар юрагини кемириб ётган Ҳолбека Жўраева оғриқли армон билан.

Ғам юки эзиб қўйган суҳбатдошимга зимдан разм соламан:изтироб ин қурган сўлғин қиёфаси уста рассом чизиб қўйгандек – латофатли.

Асл касби ўқитувчилик бўлган Ҳолбека опа ҳам беш кунлик турмуш таъмини умр йўлдоши билан бирга-бирга татиши мумкин эди. Рўзғор аравасини қўриқловчи қўрғони билан ҳамжиҳатликда тортиши,кўнгли хотиржам,оиласи тинч,ҳаёти осуда бўлиши ҳам мумкин эди. Ҳа,мумкин эди…

Лекин,минг афсуски,ундай бўлмади.

Нега?

Амалдаги ҳукумат томонидан устига қаро чизиқ тортилган ҲАҚ сўзини Мурод Жўраев халққа қайта ҳадя қилмоқ истаганди. Бор йўғи шу. Жўраевнинг “гуноҳ”и шунда – элни ўйлаганида,ҳалқпарвар,ҳақпарвар бўлганида.

Халқпарварлиги,ҳалоллиги ҳукуматнинг ҳузурига халал бергани боис ҳам минг бир ҳадиқда қолган ҳоқонлар Мурод Жўраевни ўз йўлларидан олиб ташлашга,оила бошига мисли кўрилмаган кулфатлар солишга уринишди ва бунинг уддасидан чиқишди ҳам.

Ўз бегининг бағрида бекаму куст яшаш ўрнига,Ҳолбека опа умр баҳорини хибисхона эшикларида сайрғайишга сарфлади,ҳукуматнинг ҳақсизлиги ортидан чорак асрдирки Мурод аканинг ҳолидан хабар олиш илинжида қамоқхона дарвозасини тақиллатишга маҳкум этилди.

Ўзбекистон қамоқхонасидагилар маҳбусларнинг қариндошларини куттиришни,овора-ю сарсон қилишни хуш кўришади. Қамоқхона корчолонларининг бу қитмирликлари эса Ҳолбека опанинг кўнглини кемирар,интизор кутишлари қимматга тушарди.

Қамоқхона остонасида учрашув илинжидаги илҳақ кутишларнинг ҳар лаҳзаси Ҳолбека опанинг самон чеҳрасига ўз муҳрини босар – саноқиз ажин солар,сочларини оқартирарди.

Гапнинг очиғи,Ўзбекистонда махбус билан учрашув олиш мақсадида қариндошларга қамоқхона ҳудудига киришдан кўра чин дунё остонасидан ҳатлаб ўтиш минг карра осонроқ,аслида. Буни яқинлари хибисда бўлганлар жуда яхши билишади.

Шу йилнинг октябр ойи бошларида турмуш ўртоғининг дийдорини кўриш илинжида қамоқхонага қадам қўйган Ҳолбека Жўраеванинг кўрмаган азоби,изтироби қолмади.

Ниҳоят,ҳадсиз хўрликлардан кейингина Мурод ака билан бор йўғи икки кунлик (узоқ муддатли!) учрашув олишга муваффақ бўлди.

– Саломатликлари яхши эмас,этлари суяк-суякларига ёпишиб кетган. Юзларида биргина кўзлари қолган,холос. Энди хибисдан омон чиқишига умидлари сўнган,–оғир хўрсинади Ҳолбека опа.

Рафиқаси билан хайрлаша туриб,  Мурод Жўраевнинг энг охирги айтган гаплари шу бўлди:“Ўзингни асра,бу ердан тирик чиқишимга кўзим етмайди!”

Тирик чиқишимга кўзим етмайди!!,“Тирик чиқишимга кўзим етмайди!”,“Тирик чиқишимга кўзим етмайди!”……

Шу сўнги калом шусиз ҳам бағри ғамдан ғалвир бўлиб кетган аёлни батамом адо қилиб қўйди – йиқитди. Ҳолбека опа умр йўлдошининг ҳасратида хаста бўлиб қолди.

– Мурод акангизга берилган “срок” аллақачонлар тугаган. Бироқ уларни озодликка қўйиб юборгилари йўқ. Ҳар гал бирор бир арзимас баҳона билан қайта-қайта жазо тайинлашади,–дейди Ҳолбека опа минг бир изтироб билан.

Дарҳақиқат,ўзбекнинг эпларвар фарзанди аллақачонлар озодликнинг мусаффо ҳавосини сипқориши керак эди,шарт эди.

Бироқ,бу қитмир ҳукуматнинг қилиғини кўринг:бир гал ёқангни тўғриламабсан деб қамоқ муддатини узайтиришса,кейинги гал пойабзалингни тозаламабсан,навбатдаги сафар эса бош кийимингни ноқулай кийибсан деган кулгули баҳона-ю сабаблар билан Мурод Жўраевни ҳамон ғирромлик-ла тутқунликда тутиб турибди….

Ўзбекларда,қўпол бўлсаям,таг мазмунли бир ибора мавжуд:“Иштони йиртиқнинг чўпдан ҳадиги бор” дейишади….

Бу ғирром ҳукуматнинг лозими чокидан сўкилгангина эмас,илма тешик бўлиб кетганми дейман-да,олтмиш ёшни ортда қолдирган биргина маҳбусни қамоқдан қўйиб юборишга намунча қўрқишмаса? Нега?

Мурод Жўраев шу ёшида Каримовнинг тузимига қандай хатар солиши мумкин?

Бундан чиқдики,Ислом отанинг ҳокимият иморати шунчалар заиф,шунчалар мўрт ва омонат экан-да,23 йиллик умрини хибисда ўтказишга маҳкум этилган,пайғамбар ёшини қамоқда қарши олаётган маҳбусдан шунчалар ҳайиқадиган,қўрқадиган бўлса?

Қўрққоққа – қўш кўринар” деганлари шу бўлса керак-да-а?

У ҳолда аҳволлари чатоқ-ку?

Ҳа,айнан Каримовнинг ана шу қўрқоқлиги туфайли Ҳолбека опа каби миллатимизнинг мунис аёллари ўз умр йўлдошларидан олисда,айрилиқ азобининг алангасида куйиб ўтишмоқда.

Ҳукумат бошқарувини кузата туриб,унинг ишида ҳеч бир мантиқ,ҳеч бир ҳақиқатга яқин амал кўрмадим,ҳисоби.

Мен юқорида Сурхондарёлик Каромат опа Қодировани беҳуда эслатиб ўтмадим.

Ҳўп,майли,“Салтанатимга соя солади” деган хавотирдан юраги қоқ ёрилган Каримов Мурод акани қўрққанидан  қамоққа олди,  Ҳолбека опа Ислом отанинг ахмоқона сиёсий бошқарувига қарши курашган собиқ шаҳар ҳокими ва Олий Мажлис депутати Жўраевнинг рафиқаси сифатидда амалдаги тузимнинг қахрига учради ҳам дейлик.

Бироқ,айни дамда давлатга содиқ хизмат қилган,Каримовни пир билиб,оёғини чайиб ичишга ҳам тайёр турган садоқатли фуқароларнинг ҳоли,тақдири не кечмоқда?

Ҳамма гап ана шунда!

Таассуфлар бўлсинки,Ўзбекистоннинг ноқонуний президентига ўта садоқатли бўлган,ўл деса ўлиб,тирил дея амр қилганда,қайта жон энган,сидқидилдан тер тўккан содиқ,фидоий фуқароларга ҳам айни замонда сичқон ини минг танга бўлган,қочгани жой топаолмай қолган – минг бир балога гирифтор этилган.

Сурхандарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшовчи тадбиркор Каромат Қодирова  Каримовга минг бир қуллуқ қилиб,эвазига,охир-оқибат ҳукумат тозилари томонидан таланган,шўрига шўрва тўкилган тақдир соҳибаларидан бири.

Каромат Қодирова мустақилликнинг илк йилларида ҳукуматнинг қоп-қоп ваъдаларига ишониб тадбиркорликка бел боғлаганди.

Аёл боши билан кунни тунга,тунни тонга улади,тиним билмади,ҳалол тер тўкди.

Натижада,Нафақат Сурхондарёнинг,балки,Ўзбекистоннинг илк ишбилармон аёлларидан бирига айланди.

Каромат опанинг машаққатли меҳнатлари маҳсули сифатида Жарқўрғон туман марказида “Музқаймоқ” ишлаб чиқариш корхонаси ва дўкони қад кўтарди.

Жарқўрғоннинг Аму-занг канали бўйида аҳолига қулайлик яратиш илинжида замонавий “Савдо Маркази” очиб,ишга туширди.

Бунинг ортидан ўнлаб ишчи ўринлари яратилди,аҳолининг маълум қисми иш билан таъминланди.

Каромат Қодирова ўз ишлаб чиқариш корхонасига мўл-кўл,сероб бўлсин деган илинжда “Кўпайсинхон” дея ўз волидасининг номини берганди.

Хўш,ишбилармон аёлнинг муроди шу билан ҳосил бўлдимикин? Кичик корхоналари умид қилганидек кўпайдимикин?

Қаерда кўпаяди,бу ёқдан ҳукумат тадбиркорнинг чўнтагига қўл солиб турган бўлса?!

Худонинг қудрати билан қуёш шарқдан эмас,ғарбдан чиқиши мумкиндир,лекин Ўзбекистон деб аталмиш ўлкада ишбилармон кўкаради дейишса,ишона кўрманг. Адолатсиз бу тузимда ишбилармон унмайдиям,ўсмайдиям. Бири икки ҳам бўлмайди.

Буни Каромат опа мисолида кўриш мумкин.

Минг афсуски,тадбиркор Каромат Қодированинг 20 йилда барпо қилган ишлаб чиқариш ва савдо салтанатини маҳаллий ҳокимият ХЎЖАлари бир зумда барбод қилишди-қўйишди.

Қандай қилиб дейсизми?

Мана бундай қилиб:

Ушбу савдо иншоатлари шунчаки бино эмас,бир ўзбек аёлининг пешона тери,20 йиллик меҳнат маҳсули,орзу умидлари эди.

Маҳаллий ҳокимият тадбиркор ўзбек аёлининг ана шундай орзу-умидлар қасрини бир лаҳзада кунпоякун қилди.

Сабаб?

Негалигини айтсам тилим,айтмасам,дилим куйиб кетади!

Кутилмаганда маҳаллий ҳокимият амалдорлари орасида гап оралади:“Жарқўрғон туманига Бош вазир Шавкат Мирзиёев келармиш!”.

Мирзиёевнинг зоти шарифларини эшитган амалдор борки,зир титрайди! Қалт-қалт титрамай ҳам кўрсинчи,ўласи қилиб калтак ейди-да!

Нима эмиш,Мирзаёвнинг келиши муносабати билан туман маркази кўринишини кўркам қилиш,йўлларни кенгайтириш керакмиш!

Гуё йўлларни кенг олмаса,бош вазир сиғмай қоладигандек.

Кошки,Мирзиёев деганлари басавлат банда бўлса,бир бурдагина жуссаси бўлса! Шунга бор нарсани вайрон қилиш шунчалар шартмиди,зарурмиди?

Сурхондарёдаги маҳаллий тўралар нима қилишди? Бош вазирга ёқиш,лаганбардорлик ортидан янада юқорироқ лавозимга илиниш илинжида,халойиққа жабр қилиб бўлса-да,ишга киришишди. Бу борада биринчилардан бўлиб Каромат Қодировага ёпишишди!

Энг аввало,йўлни кенгайтириш баҳонасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган тадбиркор аёлнинг ишлаб чиқариш корхонасига тегишли бинолар яксон қилинди:

Бир пайтлар Ислом Каримов “Янгисини қурмасдан – эскисини бузма” деб фатво берган эди. Бу корчолонларнинг қоринлари тўйган шекилли,Каримовнинг гапига ҳам қўлоқ солишмай қўйган. Эшак семирса – эгаини тепади деганлари шу-да.

Сурхондарё вилоят амалдорларига кексариб қолган,даври ўтиб бўлган ноқонуний президентнинг шиорига амал қилишдан кўра,ёш,келажаги порлоқ Бош вазирнинг кўзига ҳалимдек кўриниш минг чандон авзалроқ-да. Бу корчолонларнинг кўнглича,Каримовнинг “номери ўтмай қолган”,чамаси…

Хуллас,ўрта ичида тадбиркор Каромат Қодирова жабр кўрди,бор-йўғидан айрилиб,чапагини чалии-ииииб қолаверди.

Ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун бош уриб бормаган,шикоят қилмаган идораси қолмади. Барчаси бесамар.

– Мабодо,менинг савдо расталарим,“Музқаймоқ” ишлаб чиқариш корхонам,савдо дўконим биноларини тутдек тўкишганларидан кейин,  ҳокимиятдагилар айтишганидек,йўл кенгайтирилганида эди,менга бу қадар алам қилмаган бўларди,–оташин бўлади тадбиркор Каромат опа Қодирова,–Энг ачинарлиси,бош вазир келдими,йўқми,билмайман,бироқ,йўлллар ҳамон кенгайгани йўқ,обод ҳам бўлган эмас. Аксинча,“Кўпайсинхон”  ишлаб чиқариш корхонам тасарруфида бўлган бинорларни йиқитиб,текистлаб,енгил машиналар учун “стоянка” қилиб қўйишибди.

Ҳар бир машинага 3-5 минг сўмдан олиб,кимлардир даромад қилиб,бойиб ётибди. Кейин билсам,менинг савдо дўконларимнинг биносини йўллларни кенгайтириш учун эмас,ўзлари эгу чиқиш учун,“автостоянка” қилиб,дунё орттириш мақсадида менинг мулкимга кўз олайтиришган экан.

Бир йилдирки адолат ахтараман,лекин адолат деганлариям анқонинг уруғи экан-ку?! Эҳҳҳ,бу хўжаизликларни Каримов билганда борми? Барчасини оёғидан осарди. Эсиз,Каримовнинг қабулига минг уринсам ҳам,кираолмаяпман-да….,–тузимдан жабр кўрган бўлса-да,ноқонуний президентнинг соясига кўрпача олишга шай бўлган Каромат Қодирова ҳамон Ислом отага ишонади,ҳақ қарор топишига умид қилади.

Ана энди бу юқорида ҳикоя қилганимиз – шунча йиллардан бери Ислом Каримовга сажда қилиб келган тадбиркор аёлнинг аччиқ қисмати.

Нима демоқчиман?

Сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг рафиқаси Ҳолбека опанинг ҳаёти тузимнинг касофати билан заҳар-ҳақумга айланган эди.

Бир умр амалдаги ҳукуматга ҳамду сано айтиб ўтган тадбиркор Каромат Қодированинг ҳам 20 йиллик меҳнати,тадбиркорлик фаолияти касодга учради,қашшоқликка маҳкум этилди.

Ҳар икки ҳолатда ҳам аёллар адолатсизлик аловига отилди – тириклай куйдирилди.

Нега?

Каримов ҳукуматига бир нарса – аввалига,тадбиркорга эркинлик бериш,оёққа туришини,бойиши кутиш,қаддини кўтариб олгач эса,ҳамёнидаги тўрт тангасини ҳам қоқиб олиб,ўзини қамоққа тиқиш урф бўлган,одат тусига кириб қолган.

Каромат Қодирова ҳам Каримовнинг макрига алданган аҳоли қатламларидан бири,аслида…

Каримов режиммига хизмат қилмаганлар-ку,аниқ,  бир умр таъқибу таҳдидда куйиб ўтишади.

Режимни қўллаганлар ҳам садоқатларига яраша совға оладилар – таланади,ўз ёғларига ўзларини жизғанак қилишади.

Бу ҳукуматга хизмат қилсанг ҳам,қилмаанг ҳам – ҳар икки ҳолатда ҳам ўз улушингни – “ҳадянг”ни оласан,ҳақсизлик таъмини туясан экан-да киши-а?

Демоқчи бўлганим,токи ғирром ҳукумат алмашмас экан,диктаторлик режими барҳам топмас экан,Ўзбекистонда инсон ҳақларини улуғловчи,адолатли жамият барпо бўлмас экан ҳўлу қуруқ баробар ёнаверади,ҳали яна қанчадан қанча Ҳолбекалар,Кароматлар амалдаги ҳукумат оловлатган ноҳақлик ўтида куйиб-ёниб қолаверади…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

http://birdamlik.info/blog/2013/11/16/