Sep 012013
 

 

НУР ТАРАТУВЧИ УЛКАН ШАХС

 

 

Таниқли давлат арбоби,ҳуқуқшунос ва муаллим Муҳаммад-Бобир Маликов  65-ёшда!

 

 

Таниқли давлат арбоби,ҳуқуқшунос ва муаллим  Муҳаммад-Бобир Маликов  шу йил 2 – сентябрь куни 65 – ёшга киради! Жонажон диёримиз Ўзбекистон аҳли учун улкан хизматлар қилиб,унинг хозирги куни ва тарихида фахрли жой соҳиби бўлмиш Муҳаммад-Бобир акага ўхшаган шахслар саноқли. У жасур ақл соҳиби,юртимизнинг энг иқтидорли ҳуқуқшуносларидан,“ўзбек” ишини уюштирган ҳалқимиз душманларига зарбани ташкиллаштирган ва бу иш Кремль иши эканини  айтган. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи адлия вазири, АҚШдаги биринчи элчиси ва республикамиз Олий Судиниг раиси лавозимларида самарали фаолият кўрсатган.

Муҳаммад-Бобир ака Тошкент Давлат Университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тугатгач, Тошкент област прокуратурасида иш бошлаб, қобилияти ва билими,ишбилармонлиги ва ҳалоллиги туфайли тез кўзга ташланиб,шу вилоятнинг Суд тизимидаги хакамлик лавозимига ўтказилган.  Ўз амалий хакамлик фаолиятида Конституция ва қонунларга сўзсиз риоя этиш билан бирга,ҳар бир кўрилаётган ишни инсоний ўлчамда ҳам мезонлаштирган. Шунинг учун Муҳаммад-Бобир ака чиқарган бирон бир ҳукм ўзгартирилмаган ва бекор қилинмаган. Бу амалда у кишининг забардаст ҳуқуқшунос хакам эканини кўрсатган.

Муҳаммад-Бобир ака Андижон вилоят Суди раиси,республикамиз Олий Суди аъзоси ва раиси, Шўролар Олий Судининг аъзоси сифатида, юртимиз ҳуқуқий тизимини такомиллаштириш борасида талайгина ишларни амалга оширган. У қайси Суд органида ишламасин ўзи ва ходимларидан инсон тақдирига катта эътибор билан қарашни талаб қилган. Миллатимиз душманлари, пораҳўр Кремль “доҳий”лари тарафидан уюштирилган  “ўзбек” иши ва “пахта” ишининг моҳиятини қонунларга таянган ҳолда,Москва раҳбариятидан қўрқмасдан,баралла 1989 йил СССР Олий Суди мажлисида ошкор этган.

Муҳаммад-Бобир ака Ўзбекистон Олий Суди ва Шўролар Олий Судининг йиғилишларида,қўшиб ёзишга пахтакорлар мажбур қилинганлигини ва бу республика шароитини тушинмаслик,бизнинг ердан ҳақиқатда қанча пахта ундириш мумкинлигини инобатга олмаслик ва фақат қўрқитиш, ишдан олиш,партиядан ўчириш,қамаш услубларини қўллаш сабабли юзага келганлигини очиқлаган. Ва шунинг учун  “ўзбек” иши ва “пахта” ишининг моҳиятан Кремль иши эканини кўрсатишдан чўчимаган.  У кишининг миллатимиз вакилларига  жонбозлиги,ҳалқимиз манфаатларига садоқати ва шуларни ҳимоялаб кураши натижасида 3,5 минг пахтакор қамоқдан,хибсдан озод этилган ва оқланган.

Муҳаммад-Бобир ака ҳалқимиз,миллатимиз обрўсини тушириш бўйича Москвадан туриб қилинган турли уринишларга бархам беришни расман талаб этган. Кўп йиллар катта амалларда ишлаб,юртимиз ривожи учун жон куйдирган, аммо ўша қўшиб ёзиш туҳмат иши ва бошқа уйдирмалар оқибатида қамалган И. Усмонхўжаев,Н. Худойбердиев,А. Матчонов,О. Салимов,А. Одилов  ва бошқаларни зиндондан ҳалос этишда муҳим рўл ўйнаган. “Гдлян ва Иванов иши” ўзбек ҳалқига нисбатан оммовий қатоғон эканини амалдаги қонунларга таянган ҳолда очиқлаб,ҳеч иккиланмасдан сиёсий раҳбариятга кўрсата олган ва кенг жамоатчиликка тушинтирган мард, зукко инсон Муҳаммад-Бобир ака бўлган.

Муҳаммад-Бобир аканинг бу элимиз учун жонбозликлари,ҳалқимиз фарзандларини иккиланмай ҳуқуқий ҳимояларига олишлари Ислом Каримовга ёқмаган ва у бир неча марта сиёсий ишларга аралашма деб огоҳлантирган. Бир тарафдан,бу Муҳаммад-Бобир аканинг Ўзбекистондаги сиёсий вазнини ошишидан қўрқиш бўлса,иккинчи жиҳатдан,ҳалқ дардига давлат бошлиғининг бефарқлиги,аниқроғи туфиришининг аломати эди. Лекин бу нарсалар юртимиз тарихининг  юқори боблари ва ҳалқимизнинг хотирасига зарҳал ҳарфлар билан битилди.

Каримовга олди бердини қотирадиган пораҳўрлар,ёлғончи лаганбардорлар,давлат ва ҳалқ мулкини ўмариб,ҳўжайин бу сизга деб кўкидан олиб келиб берадиганлар ва сала олиб кел дейилса,калла олиб келувчи жаллодлар ёқади.  Аммо  Муҳаммад-Бобир ака сингари юқори иқтидорли,ҳалол,тўғри,инсонпарвар,жасур,миллатпарвар,тоза ва баланд руҳли инсонлар ёқмайди.

Шунинг учун бўлса керак 1993 йил февраль ойида Муҳаммад-Бобир акани Ўзбекистон адлия вазири лавозимидан бўшатди ва мамлакатимиз сиёсий саҳнасидан узоққа АҚШга мамлакатимизнинг биринчи элчиси этиб тайинлади.

АҚШ президенти Билл Клинтон билан Ўзбекистоннинг АҚШдаги биринчи элчиси Мухаммад-Бобур Маликов ва унинг оиласи,1993 йил,АҚШ.

АҚШ президенти Билл Клинтон билан
Ўзбекистоннинг АҚШдаги биринчи элчиси
Мухаммад-Бобир Маликов ва унинг оиласи,
1993 йил,АҚШ.

Шу 1993 йил охирларида Муҳаммад-Бобир ака Каримов олиб бораётган қатоғон ва пораҳўрлик сиёсати билан келишиш мутлоқо мумкин эмаслигини баён этиб АҚШ хукуматидан сиёсий бошпана сўради (қаранг:ББС,29 ноябрь 1993 й.) Унинг илтимоси қондирилди.

Йигирма йилдан бери Муҳаммад-Бобир ака оила аъзолари билан АҚШ да  яшаб,ишлаб келмоқда. Талабаларга ўзбек ва рус тилларидан дарс бериш,Ўзбекистон ва Мустақил Ҳамдўстлик Мамлакатлари ҳақида маълумотлар  етказишдек олижаноб фаолият билан шyғулланадилар.

Мени шод этувчи нарса, миллатимиз вакиллари,Ватанимиз фарзандлари кайси китъа,кайси мамлакатда яшамасин Муҳаммад-Бобир акани яхши билишади ва эзозлашади. Чунки Муҳаммад-Бобир ака юртимиз,жонажон диёримизнинг тикланиши ва ривожи учун бетакрор хисса кўшган,ўзбеклар авлоддан авлодга ўз ҳурматини,эзозини йўллаётган,улуғ давлат арбобимиз,мамлакатимизнинг биринчи президенти Йулдош ота Охунбобоевнинг набираларидир. Муҳаммад-Бобир акани ҳаётлари давомида амалга ошираётган олижаноб, ҳалқпарвар фаолиятлари ворисликнинг ажойиб бир кўриниши дейилса ҳато бўлмас.

Самимий,инсонпарвар,билимдон ва камтарин устозимиз Муҳаммад-Бобир Маликовни ва уларнинг оила аъзоларини “Бирдамлик” Ҳалқ Демократик Харакати аъзолори,фаоллари ва раҳбарияти номидан муборак 65 – ёшлари билан чин дилдан табриклайман! Ва устозимизга сиҳат-саломатлик,узоқ умр ва фаолиятларини давомли бўлишини тилайман!

Баҳодир Чориев, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг етакчиси

http://birdamlik.info/blog/2013/09/01/