Aug 032013
 

 

03 August 2013

02:40 – Пўлат Охун: “Партияни тақдири учун барча масъулиятни ўз бўйнимдан соқит қилдим”- билдириш

Бугун менга сафдошим Анвар Усмонов телефон қилди. Анвар акани гапларидан тушундимки, унга Абдураҳим Пўлат телефон қилган ва мен ҳозир Бирлик партиясидаги инқироздан чиқиш учун қилаётган ҳаракатларимни, партияга нисбатан сотқинлик ва ҳукуматни буюртмаси билан бўлаётган иш деб тушунтирган.

Бу суҳбатдан кейин, фракция тузиш ва партиядаги ҳозирги инқироз вазиятидан чиқиш учун қилаётган ҳаракатларимдан фойдаси йўқ эканлигини тушундим, чунки бу йўналишдаги барча ҳаракатларимни Абдураҳим Пўлат сафдошларимизга сотқинлик деб ёлғон гаплар тарқатади ва бу ишини албатта давом этиради.

Абдураҳим Пўлатни фикрича ҳозирги ҳолатда бирор нарса қилиш сотқинга, ҳукуматга сотилган одамга айланиш бўлади, лекин менинг фикримча бирор нарса қилмаслик Бирлик партиясини нотўғри йўлдан кетишини давом этиши ва бунинг натижасида йўқ бўлиб кетишига олиб келади.

Бундай вазиятда, мен Абдураҳим Пўлат билан барча алоқаларни узишга ва партия раисини муовини лавозимидан истеъфо беришга қарор қилдим. Абдураҳим Пўлат билан барча ҳамкорликни тўхтатдим ва уни фаолиятига ҳеч қандай ёрдам бермасликка қарор қилдим.

Мен учун энг асосий мақсад амбицияларни қониқтириш эмас, аксинча муаммони ҳал қилиш, партияни йўқ бўлиб кетишдан сақлаб қолиш эди. Чунки Партия компьютер олдида ўтирган бир одамни виртуал партиясига айланиб қолди. Бундай виртуал партия учун аъзоларни хам кераги йўқ. Шунинг учун хам, партия аъзолари билан алоқалар узилиб кетяпти ва раисдан бошқача фикрда бўлган партия аъзолари билан тезда алоқалар узиляпти ва улар четлаштириляпти.

Мен бир нарсага аниқ ишонаман. Ўзбекистон Демократик кучлари албатта Бирлик Халқ Ҳаракати партияси атрофида бирлашиши керак, лекин бунинг учун партия раислигига янги одам келиши керак.

Мен таниқли сиёсатчиман, кўп демократик давлатлардаги Ўзбекистон билан қизиққан сиёсатчилар билан доимий алоқадаман, улар мени шахсан танишади ва ҳурмат қилишади. Улар билан мен тез−тез учрашувлар ўтказиб келганман ва бундай учрашувларга Ўзбекистондаги бирликчиларни хам таклиф қилганман, мен албатта бу ишимни давом эттираман. Ўзбекистонда демократияга эришиш учун турли хил лойиҳаларга ҳозир хам раҳбарлик қиляпман ва бундай ишларимни давом эттираман.

Мени мақсадим Ватанимда демократик давлат қуриш ва бу йўналишда барча ишларимни давом эттираман. Келажакда янгиланган Бирлик Халқ Ҳаракати партияси фаолиятида албатта қатнашаман, лекин ҳозир партияни тақдири учун барча масъулиятни ўз бўйнимдан соқит қилдим.

Пўлат Охун

http://www.harakat.net/news/?id=14132