Aug 032013
 

 

Кейинги 7-8 йил ичида халқимиз онгида “Мега нима?!” деган, ўйлашга эринадиган оломон фалсафаси пайдо бўлгандек кўринаяпди бизга. Одамлар орасида “Ўзинг учун ўл етим” ақидасини шиор қилиб олганлар кўпайиб бормоқда. Ҳеч кимни ҳеч ким билан иши йўқ. Халқимиз орасида Ҳудони унутиб, бир-бирини алдаб, тирикчилик қиладиганлар ҳам кўпайиб бораяпди. Қўшнисининг уйини ўғри ўмариб кетса ҳам, танишини ноҳақдан жазоласалар ҳам, “Менга нима?!, Ўзим тинч бўлсам бўлди-да!”дейдиганларни ҳар қадамда учратишингиз мумкин. Бунинг сабабларини ўрганишни аввало ўтмишдан бошласак.

80- йилларнинг бошларида СССР прокуратурасининг буйруғи билан Гдлян ва Иванов деган жаллодлар “Ўзбеклар иши” деган жиноий иш очиб, нечтадан-нечта ўзбек раҳбарларининг ёстиғини қуритди. Қўшиб ёзишлар бўлган. Лекин ўша пайтда қайси Республикада қўшиб ёзиш бўлмаган дейсиз. Марказ атайлаб халқимиз характеридаги “Менга нима?!” деган ақиданинг ўша пайтларда ҳам ҳукмрон бўлганини билиб “иш”ни бизнинг миллатимиздан бошлаган бўлса керак деб ўйлаб қоламан.

Мен 1995-йилнинг оҳирида, ( турмадан чиққанимдан кейин) раҳматли Шукрулло Мирсаидовнинг илтимосларига кўра Москва шаҳрида бўлдим. Устозларимиздан Ёдгор Обиднинг уйларида телевизор кўриб ўтирсам, Гдлян ва Иванов ишларига оид кўрсатув бериб қолишди. Ўша кўрсатувда Гдлян жумладан шундай деди: “ Бизга аслида Ўзбекистон компартияси раҳбарларини ва обком котибларни қамаш, КГБ ни тавсияси билан қўйилганларига тегмаслик буюрилган эди. Лекин, қайси меҳмонҳонада бўлмайлик, колхоз раислари, райком котиблари, катта-катта ташкилотларнинг раҳбарлари ўзларидан қўрқиб,ҳонамизга тансиқ таомларни олиб кириб, бир-бирларини сота бошладилар. Шундан кейин иш кўламимиз кенгайиб кетди.” дегани ҳалигача қулоғим остида жаранглаб турибди.

Ҳокимият тепасига Горбачёв келгач, айниқса бу ишларнинг учи марказком котибларигача бориб етгач, Гдлянларнинг ишларини фош қилиш бошланди. Таниқли адлия ҳодими Виктор Илюхиннинг ёзишича, Гуржи миллатидан бўлган, “Ўзбеклар иши”да кўплаб ўзбекларнинг қонини ичган К.А. Пирцхалавани ўша пайтлари ҳибсга оладилар. Кутилмаганда Грузия прокуратурасидан марказга талабнома келиб тушади. Унда Пирцхалавани зудлик билан озод этиш талаби қўйилган эди. Агар у озод этилмаса, мамлакат раҳбарларига қарши бир неча норозилик намойишлари ўтказилиши мумкинлиги айтиб ўтилган эди. Арманистон раҳбарлари-ю, оддий халқи ҳам ўша пайтлари Гдлянни ҳимоя қилиб чиқишди ва ҳаттоки уни қамоқдан сақлаб қолиш учун Арманистон депутати этиб сайлашди.

Раҳматли адиб Ўткир Ҳошимов тили билан айтганда, Гуржи ҳуқушунослари қонунни билганда ўзбек адлия ҳодимлари, раҳбарлар билмасмиди? Биларди! Улар орасида рўй бераётган ашаддий қонунбузарликлардан норози бўлганлар ҳам,бундай ҳаром-харишга аралашишдан бош тортганлар ҳам, ҳудди ўша Пирцхалавалар қўли билан қамоққа тиқилганлар ҳам бор эди. Афсуски улар вақтида қовуша олмадилар. (Эски касал) Бутун бошли миллатни ҳақоратлаш,хўрлаш, Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни кескинлаштириб юборади, деб ҳайқиришга журъатлари етишмади. Вижудимизнинг бир бурчида ҳамон ўша ноаҳиллик, лоқайдлик,” менга нима”чилик бор эди. Энг ўкинчлиси, ўша пайтдаги айрим “юрт ота”лари “Нега бир ҳовуч нопок кимсалар туфайли бир бутун халқ бандном бўлиши керак?” деб бонг урмадилар. Қайси эси ҳуши жойида одам ҳатто гуноҳ қилган боласини қўшнининг оёғи остига ташлаб тепкилатади? Раҳбари лоқайд бўлган юртнинг фуқаросини тапташдан осони борми?

Ўша пайтлари бизникилар доимгидек энг юқори раҳбарият Гдлянчилар ишини фош эта бошламагунча “менга нима” деб туришаверди.

Марказ ҳеч қачон бундай зўравонликларни Грузия,Арманистон ёки Болтиқ-бўйи республикаларида яшаётган халқларга нисбатан амалга ошира олмас эди. Чунки у ерлардаги халқлар “менга нима” дан йироқ халқ эканлигин марказ яҳши билар эди. Бунга бир мисол келтирсам:

1991-йил, 17-март куни СССРни сақлаб қолиш ҳақида референдум ўтказилганда, ўз миллатдошлари бўлган Гдлян ва Пирцхалаваларни қўллаб-қувватлаган Грузия, Арманистон ва Болтиқ-бўйи давлатларининг аҳолиси СССРга қарши овоз беришди. Бизда эса миллатни эмас, балки марказнинг “беши”ни олишни кўзлаган, “менга нима”чи кимсаларининг тарғиботи туфайли халқимизнинг салкам юз фоизи мустабид тузумни сақлаб қолиш учун овоз берди. Ўша пайтлардаги газеталар турли ҳил одамлар номидан ёзилган,”Бирлик” ва “Эрк” бир бутун давлатимизни бўлиб ташламоқчи!” қабилидаги мақолаларга тўлиб тошиб кетган эди. Орадан тўққиз ой ўтиб эса мустабид тузумни ёқлаб овоз берган яна ўша халқимизнинг юз фоизга яқини энди, “менга нима” дедида мустақиллик учун овоз берворди.

Ҳолислик нуқтаи назаридан айтишимиз мумкин-ки, мустақиллик арафасида ва ундан кейин Ўзбекистон Президенти, ундан сўнг зиёлилар ва журналистлар ёппасига Россиялик жаллодларни қоралаб чиқдилар. Лекин, мустақилликка эришгач, Россия ҳукуматидан Ўзбек халқи устидан геноцид ўтказган Гдлян каби жаллодларни қонуний жазолашни талаб қилишга бизнинг журъатимиз етмади.

В.Илюхиннинг яна ёзишича Гдляннинг жазо гуруҳи фақат Россияликлардангина иборат бўлмаган.Уларга Абдураҳмонов, Мавлонов каби ўнлаб сотқин Ўзбек ҳуқуқ тартибот органи ҳодимлари ёрдам бериб, бегуноҳ миллатдошларини террор қилишда қатнашган экан. Озгина демократик руҳда фикрласангиз, сизга ҳудди Американинг одамидай қарайдиган, ўзини миллатпарвар қилиб кўрсатаётган кимсалар, нега, лоақал ўша Гдлян гуруҳида қатнашган Ўзбек сотқинларини фош қилиб, улар устидан қонуний чора ҳам кўришмади? Ҳозир уларнинг аксарияти юргандир – катта-катта нафақаларни олиб.

Ўйлаб қарасак, ўтмишимиз ҳам “Менга нима?!” деган, ўйлашга эринадиган оломон фалсафаси билан тўлиб тошкан экан. Ўн тўққизинчи йилнинг ўрталарида Рус аскарлари Оқ мачитни забт этди, деган ҳабар келганида, Қўқон хони саройида базми жамшид қилиб ўтирган аъёнлар “менга нима” дегандек,“Олса олибди-да, шу билан еримиз камайиб қолармиди?” деб қўл силтаб қўйган эканлар. Ёки бўлмаса, буёғда Ўрислар бостириб келаяпди, Қўқон хонлиги билан Буҳоро амирлиги жиққамушт бўлаяпти.

Кейинчалик ўрислар Тошкентни босиб олишда мусиқа чалиб кириб келишган экан. Тақяхонада ёнбошлаб ётган бангилар: “Вой-вой- ей, баччағарни карнай чалишини қаранг, одамни сел қилиб юборади-я, отанга раҳмат-е!” деган экан.

Тарихий манбаъларда ёзилишича,босқинчи ўрисларга қарши Андижонда Дукчи Эшон раҳбарлигида исён бошланганда, Тошкўпир қишлоғида ўрисларни топшириғига асосан Эшонни қидириб юрган Яъқуб исмли Ўзбек, уни кўриши билан “Эй, тақсир! Ман сизни кутиб турибман, ёрдам қилмоқ учун” деб махкам қучоқлаб, сўнгра тагига босиб қўлларини боғлаб ўрис жаллодларига ушлаб берган экан. Қодирқул деган ўзбек эса Дукчи Эшон туфайли бутун халқни, ўрисларни кўрса, эгилиб салом беришга ўргатган экан. Буни кўрган ўрислар ҳам ўзбек халқини уларни кўча-кўйда кўриб қолса “руку” қилиб салом беришга мажбур қилган экан. Кеча Дукчи Эшонни қўллаб-қувватлаб турган ўзбек, ўрисни бир ҳамласидан кейиноқ қўрқиб, тиззалари қалтираб, “Менга нима?! Тирик қолсам бўлди-да!” деб, ўзини қулликдан озод этиш учун курашган Дукчи Эшонни сота бошлаган экан.

Бугунга келиб,”Менга нима?!”деган оломон фалсафаси муҳолифатчилар онгига ҳам қаттиқ ўрнашиб улгурди. Бир муҳолифатчи ёки бирор бир партия лидери, элу халқ учун бугун зарур бўлган савоб ишларни амалга ошираётган бўлса ҳам, у бошқа бир муҳолифатчини шахсий ғарази туфайли уни қаҳрига учрайди. У ҳақдаги ғаламисона ёзилган мақолаларга турли сайтлар тўлиб тошади. Масалан мен ҳозир Баҳодир Чориев ташкилотида эмасман. Орада анча гаплар ўтди. Лекин мен Баҳодирни Ватан ичкарисидаги муҳолифатчиларга кўрсатаётган моддий ёрдамини қадрлайман. Нега энди мен шахсий муносабатларимиз бузилгач, Баҳодирнинг ҳайрли ишларини унутиб, уни шаҳсий ғаразим биринчи планга ўтиб, уни қоралаб ёзишим керак? Айниқса Чориевлар оиласи бошига катта мусибатлар тушган шу кунларда. Агар эртага, кимдир, “Бирлашайлик!” деган шиор билан чиқса, мен уша дамдаёқ ўтган ишларни унутиб, барча муҳолифатчилар билан бирлашишга тайёрман.

Абдужалил Бойматов, Жаҳонгир Маматов сингари муҳолифатнинг кўзга кўринган намоёндалари, бир неча йилдан буён муҳолифатни бирлаштириш учун курашиб, бир неча баёнотлар билан чиқдилар. Жаҳонгир укамиз хатто “Ўтган барча гина гудратларни мен унутдим, сизлар ҳам унутинглар, миллатимиз манфаати учун бирлашайлик” деб баёнот берса ҳам, “Менга нима?!”деган оломон фалсафаси билан мияси тўлиб кетган муҳолифат лидерлари, Жаҳонгирга раҳмат айтиш ўрнига, ўз манфаатини ўйлаб, “Бу, муҳолифатни бирлаштириб,ўзи лидер бўлмоқчи” деб уни устидан мағзава ағдара бошлашди. Ёки Абдужалил укамиз, муҳолифат лидерларига, бирлашиш йўлларини таклиф этиб уч бор баёнот берди. Яна ўша “менга нима” чилардан садо ҳам чиқмади. Ўйланиб қоласан. Ўзи ҳукумат тазйиқидан қочиб ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлган шоввозларнинг асл мақсади нима экан? Бирлаш деса бирлашмаса, иши бир-бирининг устидан мағзава ағдариш бўлса, аҳир булар вақтики келиб халқ олдида жавоб беришдан қўрқмасмикин? Ҳудодан-ку улар қўрқмай қўйишган. Қўрқса халқ манфаати бир томонда қолиб, шаҳсий ғаразини биринчи планга қўярми-ди!

Лекин четда юрган ғоядошларимизнинг ҳаммаси ҳам “менга нима”чилардан эмас. Улар ўз манфаатидан Ватан, халқ манфаатларини юқори қўювчи кишилардир. Маслан собиқ СССР халқ депутати Пўлатжон Оҳунов, “Бирлик” партиясини раиси А.Пўлатов туфайли партия парокандаликка учраганлиги учун, ташкилотни сақлаб қолиш мақсадида, партия ичида фракция тузди. Ҳозирда буни эшитган, А.Пўлатов сабаб партияни тарк этган барча “бирлик” чилар шу кунларда Пўлат Оҳунов атрофида бирлашишаяпти. Мен бир нарсага ишонаман. П.Оҳунов ўта камтар йигит. Партияни ишлари изга тушиб кетгач,бирлашиш ҳақидаги чақириқларга “Лаббай! деб жавоб беради.

Мен ҳам “Менга нима?!” деб, ушбу мақолани ёзмаслигим ёки юқоридагилар сингари “Мағзавафуришлик” қилиб юраверишим мумкин эди. Лекин мен, мендан кейин қолувчи зурриёдларим, халқим олдида “Менга нима?! дегувчилар сингари номим тарих саҳифаларида қора ҳарфлар билан ёзилиб қолишини истамайман. Зурриёдларим мендан кейин, мен туфайли элу юрт олдида юзлари ҳам бўлмасин. Аксинча, кўксиларини тоғдек кўтариб мен қилган ишларимдан фаҳрланиб юришсин. Аҳир, яшашнинг асл мазмуни шундан иборат эмасми?

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

3– август, 2013-йил.