Jul 182013
 

 

 

Ассалому алайкум муҳтарам муштарий.

Биламан,сарлавҳани ўқибоқ таъбингиз хира тортгани аниқ,ҳа,таажжубдасиз. Бироқ,нима ҳам дердим,аччиқ ҳақиқатни айтишга,сизга етказишга мажбурман.

Гап аввалида мен автоҳалокат туфайли орамиздан эрта кетган   Тажиев Мирвосиднинг Ўзбекистондаги яқинлари,оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдираман.

Тақдир тақозоси билан мен анча йиллардан мери АҚШда истиқомат қиламан.

Яқинда мени қаттиқ изтиробга солган нарса шу бўлдики,  АҚШга аксарият юртдошларимиз каби иш ахтариб,тирикчилик илинжида келган ватандошимиз Мирвосит бахтсиз ҳодиса – автоҳалокат туфайли бу фоний дунёни жуда эрта тарк этди.

Барчангизга маълум,инсон зотига,айниқса,мусулмон аҳлига,инчунун,мусофир мамлакатларда машаққат чекиб юрган биз ўзбкларга ҳам энг охирги манзилга етганимизда ҳокимиз  киндик қонимиз тўкилган заминдан,туғилиб-ўсган диёримиз –ота-боболаримиз қабрига ватан бўлган хилхонадан қўним топмоқ истаги ҳамиша армон.

Ёш Мирвосит ҳам айна ана шу армон билан бу дунёдан кўз юмганига шубҳа йўқ.

Мухожиротдаги ўзбеклар – Мирвоситнинг яқинлари,дўстлари  марҳумнинг ана шу охирги армонини рўёбга чиқариш,унинг жасадини она юрти Ўзбекистон заминга қўйиш орқали  жонсиз тан руҳига ором бериш истагида эдилар.

Бироқ Ўзбекистон Ҳаво Йўллари компаниясининг мурдадан маблағ сўрашлари,аниқроғи,унинг яқинларидан пул талаб қилишлари  Мирвосиднинг руҳини шод қилишдек эзгу ниятда ҳаракатга тушган ватандошлар қаторида мени ҳам қаттиқ изтиробга солди.

Бу ўткинчи дунёда инсонга берилган умр омонат. Бир ватандошимиз ана шу омонатини топширди. Унинг нотинч руҳи ватан заминидан ором топишга илҳақ.

Ана энди айтингчи,нима учун бир жонсиз танани,мурдани Ўзбекистон Ҳаво Йўллари кўмагида юртимизга  элитиш хизмати  пуллик бўлиши керак?

Киприк қоққудек ниҳоятда қисқа умримиз давомида ҳаммамиз ҳам оламда одамдек яшашга интиламиз.

Мирвосит ҳам яхши яшаш илинжида АҚШ заминига қадам қўйган эди.

Лекин унга орзусидаги ҳаёт насиб этмади…

Нега?

Нега ўзбекнинг бир алп  йигити ўзга элда ҳаёт билан армон-ла эрта хайрлашди?

Бунга Ўзбекистонда ҳукум сурган шавфқатсиз режим сабабчи эмасми?

Ахир,ўзингиз ўзлаб кўринг,  адолатсизликлар илдиз отган,порахўрлик батқоғига ботган Ўзбекистон иқтисодий таназзулга батамом юз тутган.

Оиласини боқиш,бола-чақасининг қорнини тўқ,устини бут қилиш ўйида,тирикчилик умидида минглаб ҳамюртларимиз ҳақсизлик ҳукм сурган она юрти – Ўзбекистондан бош олиб кетишга,ёт элларда тўрт танга топиш мақсадида мусофирчиликнинг тахир таъмини татишга мажбур.

Ўзбекистоннинг дикттатор режимбошиси,ўз нафсидан ўзга нарса ҳақида қайғуришга ярамайдиган мутттаҳам амалдорлари шукур қилсинларки,ўзбекнинг ҳамиятли йигитлари Ўзбекистон ҳукуматнинг каззобларига –амалдаги арбобларига ўликларини ортиб олган эмас.

Шусиз ҳам айни дамда Ўзбекистондаги минглаб аҳолининг қозонини ҳорижда заҳмат чекаётган миллатдошларимизнинг – мусофир йигитларимизнинг аламли-аччиқ пешона-терининг оташи қайнатмоқда.

Бироқ,ўзингиз мушоҳада қилиб кўринг,  бир мазлум миллатдошимиз рўзғорининг аравасини тортаман деб йиллаб ўзга элда –мусофир юртда машаққатли меҳнат қилса,топиб-тутса-ю,кутилмаганда бахтсиз фалокат ширин жонига чанг солса.

Оқибатда эса бир бандаи мўминнинг оилам,болам-чақам деб кунни тунга,тунни тонга улаб  топиб-тутгани яхши кунларига,тўйларига эмас,  ўз мурдасини Ўзбекистон тупроғига элитиш учун харж қилинса?! Аччиқ армонли,надоматли ҳол эмасми бу?

Хўш,мусофирнинг маблағи бўлса-ку,яхши,нур устига аъло нур. Бироқ,мурдада маблағ бўлмасачи? Ўзбекистон Ҳаво Йўллари компанияси хизмат учун харажат ҳаққи талаб қилиб оёқ тураб туриб олсачи?  У ҳолда нима бўлади?

Майит ўзга юртда моғарлаб ётаверадими?

Хабарингиз бор,иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига қараганда,ҳориждаги муҳожирлар меҳнатидан ҳар йили Ўзбекистонга 6 миллиард доллар миқдорида сармоя кириб келмоқда.

Қолаверса,Ўзбекистоннинг ўз олтини,пахтаси,пилласи,нефти,хуллас,ер усти ва ер ости бойликлари қаерга кетмоқда?

Наҳотки инсон қадр-қийматининг улуғлиги,оқибатнинг боқийлиги,меҳру муравватга макон эканлиги иддао қилинаётган Ўзбекистон рамсийлари ёт элда фалокат туфайли жон берган бир фуқаросининг жасадини серқуёш юртга бепул элитиб беришдек савобли юмушга ярашмаса?

Бу каби кўнгилсиз,салбий ҳодисотлар 24 йиллик диктатор Каримовнинг инсонийлик бобида оғиз кўпиртиришлари фақат қоғоздагина эканлигига исбот эмасми?

Кўргиликлардан азият чеккан кўнгилларда саволлар,сўроқлар бисёр:Хўш,шўринг қўргур бу халқни сўровчиси,эгаси борми ўзи,йўқми?

Ўзбек миллати ўз ҳукуматига керакми,ё йўқ?

Миллатнинг миллат сифатида парокандаликка,таназуллга юз тутиши ҳеч ўйлантирадими сизни ҳам,ташвишга соладими,қўрқитадими ҳеч?!

Мабодо шундай бўлгудек бўлса,нега энди миллатдошларимиз тариқдек сочилиб кетган элларда қоғозбозликдан ўзгасига қурби етмайдиган элчихона вакиллари  фалоктага,бахтсиз ҳодисага учраган ўзбекнинг ҳолин сўрай демайди,ўзбек учун жон койитмайди,қонун йўли билан қидирув,суриштирув ишларини олиб бормайди? Нега?

Биздаги маълумотларга қараганда,  ўзга давлатлар бахтсиз ҳодиса туфайли фалоктага учраган,оламдан ўтган фуқароларини ўз мамлакатларига текинга олиб боришар экан.

Масалан,Туркия Ҳаво Йўлларини бунга мисол келтиришимиз мумкин бўлади.

Ёки қўшни Гурузия ҳукумати мисолида оладиган бўлсак,ўтган йили Гурузия ҳукумати бахтсиз ҳодисага учраш оқибатида оламда ўтган ўз фуқаросининг манфаатлари йўлида суруштирув ишларини олиб бориб,натижада,  марҳумнинг оила аъзоларига тавон пули сифатида 2 миллон АҚШ доллари ундириб берган эди.

Ўзбекистон давлати мисолида эса бунинг мутлақо аксини кўришимиз мумкин.  Аксинча,Ўзбекистон расмийлари бир нарсани,мурдадан мулк умидвор бўлишни биладилар, халос. “Ўлганнинг устига тепган”,ёхуд,“От ўлса – итга байрам бўлармиш” деб худди ана шунга айтсалар керак-да….

Ботир

http://birdamlik.info/?p=29561#more-29561

 Posted by at 15:23