Jul 182013
 

 

Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

 

19. ИСТЕЪФО ҚИССАСИ

Хуллас, биринчи кун Талабалар шаҳарчасида содир бўлган қонли воқеа ҳақида кичик бир лавҳа бериб, “Эртага воқеалар ҳақида батафсил ҳикоя қиламиз, бу ишнинг ортида кимлар турганларини фош этамиз” деган эълон бердик. Бу бизнинг катта хатоимиз бўлган. Эълонни эшитган казо-казолар ваҳимага тушишган.

Эртасига Каримов Талабалар шаҳарчасида дорилфунин домлалари билан учрашув ўтказди. Журналистика факултетининг домласи Мухтор Худойқулов бир неча талаба очлик эълон қилганини айтди. Шу ердаги огругдан депутат Марат Зоҳидов эса сўзга чиқиб, негадир камина ҳақида гапирди, ТВга ишга тайинлаганим хато қарор бўлганини айтди. Оз қолсин Талабалар шаҳарчасида юз берган воқеаларнинг айбдори бўлаёзгандим. Ўрнимдан туриб гапираман, десам, Каримов “Парво қилманг, ҳозир ҳаммага тош отишади, кўтаришимиз керак” деди.

Кейин Каримов Тошкент шаҳар фаоллари билан учрашув ўтказди. Унда уч нуқта диққатни тортди.

Биринчиси, у нутқидан олдин, чўнтагини ковлаб ЭРК партияси раиси, сайловдаги рақиби Муҳаммад Солиҳнинг ўз номига “Сизни сайловда ютиб чиққанингиз билан табриклайман, халққа хизмат қилишингизда омад тилайман”, деган телеграммасини ўқиб берди ва “Мана мард йигит шунақа бўлади, мағлубиятни тан олиш ҳам мардликдир” деди.

Иккинчи нуқта Каримов халққа мурожаат қилиб, олти ой вақт берилишини ва “Августгача ҳаммаёқни жаннат қилиш”ни, агар қила олмаса “ташлаб кетиш”ини айтгани бўлди.

Учинчиси эса, у Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ортида “қора кучлар” турганини таъкидлаб, гапни исмини айтмасада Шукрулло Мирсаидовга олиб бориб боғлади.

Бу мажлисни ёритишга масъул бўлган йигитларга ана шу, кейинги нуқта ҳақидаги жойни телевизорда бермаслик кераклигини айтдим.

Бир пайт Каримов телефон қилди:

-Сиз нега цензура қўйдингиз?-деди.

-Цензура эмас, ўзингиз “Нутқимни тўла кўрсатмаларинг!” деб айтибсиз, кейин мен фақат бир нуқтасига қарши бўлдим, ҳали тергов бошланмасдан, ҳали ҳеч нарса аниқланмасдан дарҳол кимнидир айблаш керакмикан, бизнинг қўлимиздаги ҳужжатларга кўра ҳукуматнинг баъзи одамлари бу ишда иштирок этган.

Каримов жим бўлиб қолди. Бирдан юшаган оҳангда:

-Кўрдингизми, ўша ҳукуматнинг одамлари Мирсаидовнинг одамлари-да. Унинг думлари. Фозилбеков ҳам, ана у жипириқи Урайимжон ҳам… Ҳукуматни улардан тозалашимиз керак, деди. Шунинг учун ҳам ўша жойини албаттта кўрсатинг, халқ тушуниб олсин, деди.

Бу одамлар Мирсаидовнинг “қолдиқлари” эмаслигига урғу берсам ҳам Каримов ўз сўзида турди. Қолаверса, у ҳукуматдан кимлар аралашганини сўраб ҳам ўтирмасдан бу одамларнинг исмини айтгани ҳам мени қизиқтириб қолди. У аллақачон биз тайёрлаётган дастурдан хабар топдими ёки бу одамларни қурбон қилиб юбормоқчи-ми?

Фозилбеков ҳақиқатдан ҳам Мирсаидовга яқин одам эди. Аммо кейинги вақтларда Мирсаидовни Каримовнинг оёғига ташлашда у фаоллик қилди. Урайимжон Абдуғаниев эса “Каримовнинг ўғли” деган лақабни олиб улгурганди. Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларга уларнинг бошчилик қилишлари ҳам бежиз эмас. Каримов билан гаплашадиган гапим кўп эди ва кейинги кунлар ҳар қанча унинг қабулига киришга уринсам-да машғуллигини баҳона қилишаётганди. Ҳозир ҳам ҳамма гапларимни айтишга улгурмадим, у Елцин телефон қилаётганини айтиб гапни кесиб қўйди.

Орадан бироз вақт ўтиб Ҳайитбоев телефон қилиб, Бош вазир ўринбосари Эркин Самандаров келганини ва Каримовнинг нутқини олдиндан кўриб чиққани, энди эса талабалар шаҳарчаси воқеаларига бағишланган репортажни кўраётганини айтди. Дарҳол бордим.

-Буни беролмаймиз,-деди Эркин Самандаров.

-Нега,-дедим.

-Ўзингиз ҳозиргина оқсоқолга ҳали текширув бошланмасдан, тергов бошланмасдан олдин ҳар қандай гапларни бермаслик керак, дебсиз-ку?

Уларнинг иш усулларидан ҳайратланиб қолдим. Каримовнинг “Елцини” ким эканлигини ҳам тушундим.

-Майли у ҳолда ҳар иккаласини ҳам қолдирамиз,-дедим.

-Президентнинг нутқи кўриб чиқилди ва ҳукумат ўз қарорини берди, комиссия ҳам бунга қўшилди. Уни қолдириш учун ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган. Бу идора ҳукуматга оид ва ҳукуматнинг тепасида президент ўтирибди. Мана бу репортаж эса халқнинг манфаатларига қарши, тинчликни бузувчи, тўполон чиқарувчи…,- деди Эркин Самандаров. Уни раис Эркин Ҳайитбоев ва Элбек Мусаев ҳам қўллашди.

Хуллас, узоқ тортишдик ва ҳеч нарса қила олмаслигимни билганим учун эшикни уларнинг башарасига “уриб”, чиқиб кетишдан бошқа илож қолмади.

Каримов Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар юзасидан маҳаллий ва чет эл мухбирлари билан учрашадиган бўлганини эшитиб ўша ерга етиб бордим. Бу сўнгги имконият эди. Мақсадим савол бериш баҳонасида ҳамма гапни айтиш ва кейин анжуманни “Каримовнинг маҳрига тушган телевидениеси”да тўла кўрсатиб, бўлаётган воқеалардан одамларни хабардор қилиш эди.

Анжуманга кечикиб келган Каримов безовта. Кимдир, қандайдир савол бериб қолиши мумкинлигиданми ёки бирор сир очилиб қолиши эҳтимолиданми, хуллас бу безовталик нимадан эканлигини билиш қийин.

Бунинг устига ўша куни Каримов таниқли журналист Лола Ҳотамовага уйланармиш, деган гапни эшитиб қолдим.

Лола Ҳотамова бир неча тилни биладиган, осмонни ерга, ерни осмонга урадиган журналист. Уни радиода ишлагандан бери биламан. Ўшанда, яъни 1977-1980 йилларда у чет элларга эшиттиришлар берадиган бўлимда ишлар эди. Муаммоларга бағишланган “Табаррук замин” дастурим бўлиб, уни олиб бориш учун Имомалиев деган академикни топган ва ёнига бир аёл қидираётгандим. Журналист Эркин Неъматовнинг тавсияси билан Лола Ҳотамовани таклиф қилдим. Овози жарангдор ва ёқимли эди. Бир муддатдан кейин у турмуш ўртоғи, ўша пайтларда донғи чиққан, Шароф Рашидовнинг энг яқин одами деб билинган, қарийб ўттиз йил давомида Молия вазири бўлган Муродхўжаевнинг ўғли билан ажрашиб, Ҳиндистонга кетиб қолди.

Шундан кейин уни 1990 йилда Наврўз марафонини ўтказаётганимизда кўрдим ва у келиб биз билан ҳамкорлик қилишни истаётганини айтди. Дастуримизда қатнашди.

Кейин Бош вазир Шукрулла Мирсаидов уни матбуот котиби этиб олди. Тез орада у кўзга ташланди ва “Мирсаидовнинг ўнг қўли” деган гаплар тарқалди. Мирсаидов ишдан кетмасдан туриб, у Каримовнинг назоратига ўтказилди. Каримовнинг бировни ишдан олишдан олдин аввал унинг “шохларини кесиш” одати бор эди…

Хуллас, матбуот Конференциясида Лола Ҳотамова энг олдинда ўтирган ва негадир Каримовнинг кўзи доим унда. “Каримов кейинги ҳафта уйланармиш” деган гапни бу ерга келаётиб эшиттим. Президентнинг ҳаяжони шундан бўлса керак, деб ўйладим.

Каримов Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни “қора кучлар” уюштирганига ва яна гапнинг бир учини Мирсаидовга тақади.

Сўз олиб, бўлган воқеаларни гапирдим ва Каримовдан шу нарсалардан хабари бор, йўқлигини сўрадим. Лекин у одатига кўра жавоб бериш ўрнига бошқа нарсалар ҳақида тўхталди. Бу эса унинг ҳамма гаплардан хабари борлигни кўрсатар эди. Конференциядан кейин Каримовнинг ёнига бориб, бунақада ишлаб бўлмайди, демоқчи бўлдим. Унинг ёнига яқинлашар эканман, Каримов Лола Ҳотамовани чақириб, қўлини унинг белидан ўтказиб, унга муҳим гапи бордек, қулоғига бир нарсаларни пичирлаганча, орқа эшикдан чиқиб кетишди.

Демак тарқалган гапдан ҳали Каримовнинг ҳам, Лоланинг ҳам хабари йўқ. Ёки Каримов бу миш-мишни режали равишда тарқатиб, бу ҳаракати билан миш-мишни мустаҳкамлаётган эди.

Шу ҳаракатдан кейин тўй ҳақидаги гап ҳамма ёққа тарқалди. Лола Ҳотамова ёмон вазиятга тушди. Вазирлар маҳкамасидан Савдо Палатасига ишга ўтказилди. У ерда ҳам ишлай олмади. Турмушга чиқиб, сарой ҳудудидан узоқлашиб кетди.

Телевидениега келсам, Ҳайитбоев “Мен болаларга конференцияни қисқартирмасдан тўлиқ беринглар, деб айттим” деди. Хурсанд бўлдим. Одамлар бўлаётган гаплардан хабар топишади, энди деб енгил тортдим. Хонамга киришим билан эса Каримов телефон қилди ва русчалаб шоша-пиша гапира бошлади:

-Эрталабки рейсда Москвага учинг, бугунги матбуот конференцияси видеосини олиб боринг, у ерда матбуот анжумани ўтказасиз,-деди ва телефон гўшагини қўйди.

Қийин вазиятда қолдим.

Саҳарги рейсда йўлга чиққунимча, кетишим билан Каримовнинг маслаҳатчиси Зиёмовдан бошлаб, котиби Крайновга қадар кўп одамлар қизиқа бошладилар. Ҳатто учиб кетишимиз олдидан ҳам саҳар бўлишига қарамай Крайнов телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўраб қўйди.

Москвада у ердаги мухбиримиз Раимжон Султонов билан ваколатхонага бордик. Деярли ҳеч гап йўқ. Фақат мухбирларни тўплаб Талабалар шаҳарчаси ҳақидаги воқеалар ҳақида гапириб бериш режаси бор экан. Бунинг учун матбуот ишлари билан шуғулланувчи Шатуновский деган кишини маъсул қилиб қўйишибди. Вақтим бекордан бекорга ўта бошлади. Орада бир Москвада яшаган “Бирлик”чилар келиб кетишарди. Мухбирлар ҳам кўп келмади. Уч тўрт киши келди ва Шатуновский уларни бир хонага олиб кириб, тушунтирган бўлди. Қайтишни ўйласам, у ердагилар бу ҳақда Тошкентдан кўрсатма кутаяпмиз, дейишди. Икки кунда ўн мартача Крайновга телефон қилдим. У  ”Президентнинг муҳим топшириғи борлигини айтиб, кутиб туришимни” сўрар эди. Шунда яна қандайдир ўйин бўлаётганини тушундим. Нима бўлиши мумкин? Тошкентга телефон қилиб, танишларимдан матбуот конференциясини кўрдингизларми, деб сўрасам, саволим ҳақида ҳеч нарса кўрсатилмаганини айтишди. Дарҳол Ҳайитбоевга телефон қилдим:

-Матбуот конференциясини тўла беришни айтган эдингиз-ку?

-Ҳалиям тўла бердик.

-Саволимни кўрсатишмабди-ку?

-Ука, мени биласиз-ку, сиз билан биргаман. Лекин Ислом акам “У ўзини пропаганда қилиш учун бу ишга ўтганми?”, деганлари учун ўша жойини олиб қолдим. Ўзингиз шу ерда раҳбар бўлсангиз ва ўзингизни кўрсатиш билан овора бўлсангиз, гапни, онангни деб сўкишларни эса бизлар эшитсак. “Муносабат” деган кўрсатувингзини ҳам тўхтатинг энди,- деб жавоб қилди худди яна “онангни..” сўкишини эшитиб қоламан-ми, деган одамдек овози қалтираганча…

Москвадагиларга айтмасдан йўлга чиқдим. Раимжон Султонов кузатиб қўйди. Тошкентга келишим билан телевидениега бордим. Котиба қиз ҳовлиқиб кирди;

-Ярим соат вақт қолган, лекин “Шаҳар бедарвоза эмас” кўрсатуви йўқ. Редакторини ҳам, олиб борувчиси Азиз Эрназаровни ҳам тополмаяпмиз,-деди.

-Ҳар эҳтимолга қарши ўрнига бошқа нарса тайёрлаб қўйиш керак,-дедим ва редакторни яна бир қидириб кўришни буюрдим.

Орадан икки дақиқа ҳам ўтмасдан Ҳайитбоев телефон қилди.

-Ҳаммаси тўғри чиқди,-деди у салом аликни ҳам насия қилиб,-Бу ерда Урайимжон Абдуғаниев ўтирибдилар, Азизжон ҳам шу ерда, улар катта жиноятни очганлар ва сиз эса хаспўшлаётган экансиз…

Қоним бошимга урди. Жаҳлим чиқиб кетди. Ҳайитбоевнинг хонасига кириб борсам, редактор ҳам ўша ерда.

-Хайриятки Элбек акам, буйруқ бериб, дастурни ўзгартирмадилар, бўлмаса шундай катта жиноят ҳақидаги материал сақлаб қолинар экан,-деди Ҳайитбоев.

Уришиб қолдик ва мен ўзим дастурни олиб боришимни айтиб студия томон бордим.

Жиззахда бир неча киши ғайриқонуний балиқ билан қўлга тушган экан. Улардан бирининг исми Алишер экан, Мирсаидовнинг ҳам Алишер деган жияни бормиш. Гап шу. Мен студияга етиб келишим билан Ҳайитбоев ҳовлиқиб келди.

-”Шаҳар бедарвоза эмас” дастурини Урайимжон акам билан келишиб, эртага қолдирдик, ўрнига сиз айтгандек, концерт бериб турамиз,-деди.

Уйга кетдим. Келиб телевизорни қўйсам, Урайимжон Абдуғаниев гапирмоқда:

-Биз бу дастурни жуда катта қийинчилклар билан экранга олиб чиқдик. Эркин Ҳайитбоев каби одамларнинг қаҳрамонлиги бўлмаса, бу дастур қолдирилган бўларди. Жуда катта жиноят фош этилмай қолган бўларди…

Аммо дастур давомида ҳеч қандай катта жиноят ҳақида гап йўқ эди. Фақат қўлга тушган балиқчиларнинг қўшни Қозоғистон ҳудудида рухсатсиз ов қилиб, кейин балиқини яширинча Ўзбекистон ҳудудига ўтказганлари ҳақида гап борди. Балиқчилар бечора одамлар экани кўриниб турарди.

Фитна тайёрлангани билдим ва ўтириб “Фитна” деган мақола ёздим. Эрталаб уни “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторовга бердим.

-Эртагаёқ чиқади,-деди у киши.

Аммо чиқмади. Каримовнинг буйруғи билан саҳифадан олинибди.

Шу орада президент девонида илгари мен билан ишлаган ва энди Темур Алимов “қўлида” бўлган бир танишим келиб қолди ва муҳим гап борлигини айтиб, бир жойга чиқиб овқатлансак, деди.

Шаҳардан ташқарига чиқдик.

-Бугун Темур Алимовнинг хонасига Республика прокуратураси, Ички ишлар вазирлигидан терговчилар чақирилиб, Талабалар шаҳарчасидаги қонли воқеалар ортида Мирсаидов, “Бирлик” ва “ЭРК” турганини айтишди ва буни исботлаш топширилди, президент “қора кучлар” деганда шуларни назарда тутган экан,-деди.

Дарҳол Талабалар шаҳарчаси комиссиясининг аъзоси бўлган Муҳаммад Солиҳга телефон қилдим ва “Ҳамид Олимжон” метро-бекатида учрашадиган бўлдик. Унга бўлган гапларни айтдим. Қўлимдан келадигани ҳозирча шу эди. Қарши тадбир олиш кераклигини ва кейин керак бўлса, масалани сессияда кўтариш мумкинлигини гаплашдик. Дарҳақиқат, давлат комиссияси ҳам дарҳол “Алимов режаси” томонга қайрилди…

Қисқа муддат ҳукумат таркибида бўлганимда, ана шундай кўп воқеалар юз берди ва бу ерда туриб ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини тўла тушундим. Истеъфо аризасини ёзиб хонамдан чиқиб кетаётгандим, Эркин Ҳайитбоев, Эркин Самандаров ва яна бир неча казо-казолар кириб келишди ва:

-Талабалар шаҳарчаси воқеалари ҳақида махсус дастур қилмоқчимиз, “қора кучлар”нинг башарасини очиб ташлашимиз керак, шуни гаплашсак,-дейишди.

Мен қўлимдаги бир даста калитни улоқтирдим хонадан чиқиб кетдим.

Истеъфо аризасини кўпайтирдим-да, бир нусхасини Крайновга, яна бир нусхасини Президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга бердим.

Олий кенгашга келсам, Эркин Воҳидовнинг хонасида Муҳаммад Солиҳ ва яна икки-уч киши ўтиришганди. Вақт алламаҳал бўлиб қолганига қарамай уларнинг бамайлихотир ўтиришларидан, кимнидир кутишаётгани маълум эди. Салом-аликдан кейин бўлган воқеаларни гапириб бердиим. Эркин ака бош чайқаб қўяркан, Муҳаммад Солиҳ:

-Истеъфономангиздан бир нусха беринг, биз газетамизда нашр эттирамиз,- дея бир нусхасини олди.

ИСТЕЪФОНОМА: “Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида рўй берган фожеа юртимизда ошкоралик, ростсўзлик йўқлиги, инсон ҳуқуқларини топташ ҳали бери барҳам топмаслигини исботлади. Мен раҳбар бўлган жумҳурият телевидениесидан кўрсатувлар олиб қўйилди. “Муносабат” рукни билан ҳозирланган махсус кўрсатув экранга чиқарилмади. Ошкоралик учун кураш йўллари бекитиб ташланди. Мени истеъфо беришга ундаган сабаблар қуйидагилардир:

1.Ҳар қанча уринмайлик, Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ҳақида ошкора фикр билдирилишига йўл берилмагани;

2.Паркент воқеалари юзасидан тузилган комиссиянинг хулосаси сир сақлангани каби Талабалар шаҳарчасидаги фожеа юзасидан ҳам ўша услуб қўлланилаётгани;

3.Яна яккаҳокимлик, диктатура бошлангани. Халқнинг оғир аҳволини енгиллатиш ўрнига фақат ваъдалар бериш, алдаш билан банд бўлинаётгани;

4.Сиёсатда барқарорлик йўқлиги, миллий бирлашув ҳақида тинимсиз гапирилгани ҳолда амалда тескарисини қилиб, низо-адоват келтирилиб чиқарилаётгани;

5.Кадрларни танлашдаги жиддий хатолар, бу борадаги ўпирилиш, раҳбар кадрларга ишончсизлик, уларни асосан шахсий садоқатига қараб танлаш, қобилияти, билими эътиборга олинмаётгани;

6.Маҳаллийчилик иллатининг илдизига сув қуйиш, одамларни бир-бирига қарши қўйиш касалини даволаш ўрнига унинг авж олдирилаётгани;

7.Халқ тақдири ва келажаги билан шуғулланиш ўрнига икр-чикирлар, қувғинлар, инсон ҳуқуқларини топташ билан банд бўлинаётгани;

8.Мухолифатдаги партия, ҳаракат ва уюшмаларга нисбатан минбарлардан яхши гап айтилиб, амалда улар таъқиб қилинаётгани;

9.Халқнинг аҳволи кун сайин оғирлашиб бораётгани, бунинг олдини олиш учун аниқ дастур йўқлиги.

10.Миллатвакилларининг эркин баҳслари, бор гапни айта олишлари учун шароит яратилмагани ва аксинча оғир, носоғлом вазият вужудга келтирилгани, фикрлар, таклифларга эътибор қилинмаётгани…

Ана шу ва бошқа сабабларга кўра, ҳукумат таркибидан чиқаман ҳамда ўзимни унга нисбатан мухолифатда, деб ҳисоблайман. Ҳукумат таркибида туриб, бу иллатларга қарши кураш йўлини топмадим. Ҳукумат аъзолари учун йўллар берк ва очилмасдир…”

Бу аризамни “ЭРК” газетасининг биринчи саҳифасига қўйишган экан. Цензура аризани олиб қолиб, сарлавҳасини унутгани учун газета “Телевидение раҳбари истеъфо берди” деган мақоласиз сарлавҳа билан чиқди.

(ДАВОМИ БОР).

http://turonzamin.org/2013/07/18/iak19/#more-22738