Jul 172013
 

 

Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

 

18.ТАЛАБАЛАР ШАҲАРЧАСИ

Январ ойининг ўртаси бўлишига қарамай ҳаво юмшоқ эди. Телевидениеда ишлаётганимга бир неча кун бўлганди. Иш кўплигидан саҳар келиб, ярим тунда қайтардим. Шу куни эрталаб хонамда янги тайёрланган дастурларни кўриб, кундалик мажлисга лойиҳалар тайёрлаётгандим. Ходимларимиздан бири ҳовлиқиб келиб қолди.

-Бугун Талабалар шаҳарчасида қандайдир воқеалар юз бермоқда, отишмалар бўлмоқда,-деди.

Телевидениега ўтганимдан буён девондаги гаплардан унчалик хабардор эмас эдим. Балки девонда бўлсам ҳам бу ўйинлардан хабардор бўлишим мушкул эди. Чунки девонда нафақат талабалар шаҳарчаси, балки ўзимга қарши ҳам янги ўйинлар ҳозирланганидан кейинчалик хабар топдим.

Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни билиш учун машинамга ўтириб, ўша томонга йўл олдим.  Шаҳарчанинг атрофи миршаблар билан ўраб олинганди. Машинамни тўхтатишди.

-Ичкарига кириш мумкин эмас, – деди миршаблардан бири.

-Бу киши депуат…,- деди шофёрим..

-Депутат ва раҳбарлар учун бу ер таҳликали. Туман марказида раҳбарларимиз ўтиришибди. Улар кимни исташса, уни ўзлари билан бирга олиб киришади. Президентнинг топшириғи бу!

Машинадан тушиб миршабларнинг бошлиғига юзландим:

-Майли, мени киритманглар, лекин мухбирларга изн беринглар,- дедим.

-Сизни таниб турибмиз. Агар ичкарига ўтказиб юборсак, бошимиздан айриламиз.  Боя бир икки миллатвакиллари боришди, аммо талаблар уларни тошбўрон қилишди.

-Кимлар борди?-деб сўрадим мен.

-ЭРК партиясининг раиси Муҳаммд Солиҳ билан, Бош Прокурор Бўритош Мустафоев талабаларни тинчлантиришга уринмоқчи бўлишди, аммо қулоқ солишмади, уларни тошбўрон қилишди, аранг қочиб, қутулиб қолишди,-деди миршаб.-Шу сабаб  мухбирларга ҳам рухсат йўқ.

Хуллас, Тошкент шаҳар ҳокими Фозилбековга қўнғироқ қилгандан кейин улар мухбирларга изн берадиган бўлишди,  аммо таҳлика дея ўзимга рухсат беришмади.

Ахборот” бўлимида ишлаётган Комилжон Каримжоновни ва операторларни шаҳарчага  жўнатдим.

Асосий ишим телевидениеда, бугунги дастурларни ўзгартиришим, ҳукумат раҳбарларини таклиф этиб, халқни хабардор қилишим, концерт дастурларини тўхтатишим керак, деб ўйладим. Чунки бир томонда отишмалар давом этган пайтда, биз концерт кўрсатиб ўтирсак, на ақли-салимга ва на инсонийликка тўғри келади.

Ишхонамга қайтиб Бош вазирга сим қоқдим. Ҳали яқиндагина Бош вазир этиб тайинланган Абдуҳошим Муталов билан яқинда касалхонада учрашгандим. Ўшанда Муталов вазир эди. Каримов “онангни” деб ҳақорат қилгани учун хасталаниб каслахонада даволанаётганди.

Салом-аликдан сўнг унга:

-Талабалар шаҳарчасида нима бўлаяпти? Эшитишимизча, талабаларга нон юборишмабди. Бунинг устига оч қолган талабаларни калтаклашибди. Ўқ товушлари эшитилгани ҳақида хабарлар келмоқда. Ҳукумат бу хусусда халққа бирор бир тушунтириш бермайдими? Қолаверса, нега бу қадар миршаб ва аскарлар шаҳарчани ўраб олган? – дедим.

-Жаҳонгир ака,-деди Абдуҳошим Муталов гарчи ёши мендан анча улуғ бўлса-да. – Биласиз-ку, бу хусусда “катта” билан билан гаплашиш керак.

-Менимча, сиз қўнғироқ қилсангиз яхши бўлармиди?- деди Абдуҳошим Муталов товушини ютиб.

Бироздан кейин Девонга сим қоқдим:

-Ишлар яхшими? Корҳо нағзми? Как дела? – дея уч тилда “сайрай” бошлади Крайнов.

Унинг кайфиятига қараганда, дунё тинч. Баъзан мутлоқ тескариси ҳам бўлиши мумкин, ичкарида жиддий тортишувлар ёки Крайнов ибораси билан айтганда “осмон йиқилиб тушган” пайтларда у сир сақлашга уринади. Талабалар шаҳарчаси ҳақидаги гапни эшитган Крайнов расмий оҳангда:

-Сиз Бош вазирга ҳам телефон қилган экансиз. Ҳозиргина ўртоқ Каримов Олий кенгаш раиси Йўлдошевга топшириқ бердилар. У икки дақиқа олдин Девондан чиқиб кетди. Тез орада ўз хонасига етиб боради. Бу масала билан энди у шуғулланади.

Олий кенгаш раисига сим қоқдим. Йўлдошев дўриллаган овоз билан худди радиода баён ўқигандек расмий оҳангда гапира бошлади. Бу эса унинг Каримовдан ростдан ҳам топшириқ олганини кўрсатарди. Акс тақдирда у ҳол-аҳвол сўрашдан нарига ўтмасди. Ҳар бир нарсадан ҳуркадиган Йўлдошев бундай жиддий оҳангда худди ҳисоб бераётган каби гапирар экан, демак сарой қозонида кўп нарса қайнамоқда.

-Махсус хабарнома эълон қиламиз,- деди Йўлдошев.- Комиссия тузаяпмиз. Комиссия таркибига жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, мухолифатчилар ҳам киритилади. Адҳамбек Фозилбекович воқеалар ривожи ҳақида гапириб берадилар. Қайси пайтда кўрсатасиз?

-“Ахборот”дан аввал “Сўнги соатда” деган рукун остида берамиз.

-Яхши, тайёр бўлиб туринг!

Йўлдошев ҳам енгини, ҳам почасини шимариб олган кишини эслaтарди. Бевосита Каримовдан топшириқ олганига шод эди. Бу одамдан бир иш чиқиши қийин, деб ўйладим-да, сиёсий-иқтисодий кўрсатувлар таҳририяти мудирини чақирдим. Унга шаҳар раҳбарини топишни ва унинг баёнотини ёзиб олишини уқтирдим.

-Шаҳарчадан келтирган барча репортажларни берамиз, ортидан эса расмий қарашни эълон қиламиз, – дедим.

Кўп ўтмай мудир ҳовлиқиб келди.

-Шаҳар идорасида ҳеч ким йўқ Ҳамма Талабалар шаҳарчаси яқинидаги штабда экан. Штабда фақат ҳукумат телефони ўрнатилган. Шу боис ўзингиз қўнгироқ қилсангиз.

Ҳукумат телефонидан шаҳар раҳбари телефонининг рақамларини тердим. Телефон жирингларкан, нариги томондан “хасаки” овоз эшитилди. Бу Фозилбеков эди. Хиррик овозда нутқ ирод қиладиган Фозилбековни илк бор катта бир қурултойда кўргандим. Ранги оқариб, чеҳраси сўлиб қолган Фозилбеков ўшанда аввал Московдаги тўраларнинг “пўстагини қоқди”, шаҳарда жиноятчилик ҳаддан ошгани, ҳатто пойтахт шаҳар миршаблари бошлиғининг машиинасини ўғирлаб кетишгани, шунга қарамай миршаббошига генерал унвони берилганидан ранжиб гапирганди.

Бу ўша пайтда Коммунистлар партиясиниг бошида ўтирган Каримовга тегиб кетди. Чунки фақaт унинг тавсияси билан генерал унвони бериларди.  Шу боис Каримов Фозилбековни чимдиб олди:

-Икки киши бир кўрпанинг остида ётолмасангиз, ЗАГСга айтамиз ажратиб қўяди,- деди у ёнидаги иккинчи котибга қараб. Иккинчи котибнинг кадрлар масаласи билан шуғулланишини ҳамма яхши биларди.-Кимга генерал унвони бериш-бермаслик эса бизнинг ишимиз.

Ўшанда кўпчилик Фозилбековнинг илдизи қуриди, у барг тўкаяпти, яқинда гурсиллаб йиқилади, деса-да у маҳкам чиқди. Тўғрироғи Шукрулло Мирсаидов уни асраб қолди. Аммо Каримов ўз креслосини мустаҳкамлаб олган кунларда Фозилбеков балиқдек сийрилиб, Мирсаидов ариғидан Каримовнинг денгизига “сакради”. Энди Каримов уни Мирсаидовга қарши қўллана бошлади…

Телефоннинг нарёғидан келган хиррик овоз бирдан тинчиб қолди. Кейин бошқа товуш эшитилди:

-Бу телефон номери 54 – 59, ким билан гаплашмоқчисиз?

-Адҳам акани қидираяпман,- дедим.

-У киши ҳозиргина чиқиб кетдилар. Ҳукумат комиссиясига телевидение раҳбарларидан Элбек Мусаев ҳам киритилган, қолаверса, радио-телевидение раиси Эркин Ҳайитбоев  хабардор.

-Ҳали ўзимни танитганим йўқ, мақсадимни ҳам айтганим йўқ сиз эса ҳаммасига олдиндан жавоб бердингиз. Ёнингизда ким борлиги ўз йўлига, лекин Фозилбековга айтинг, ҳукумат номидан гапириш у кишига ҳавола қилинди. Биз ҳаққоният учун ҳукумат фикрини ҳам бермоқчимиз. Агар гапирмасалар репортажлар билан кифояланиб қоламиз, – дедим.

Элбек Мусаев илгари менинг вазифамни бажарган. Ижодий томондан талантли аммо раҳбар сифатида юмшоқ одам. Унинг ўрнига мени тайин этишганда уни бўшатишмади. И Битта кабинетда ишлаб юрдик. Кейин уни вазифаси аниқ бўлмаган биринчи ўринбосарликка ўтказишди. Мана энди ҳукумат комиссияси таркибига қўшишибди.

Ҳозир эса телефонда гаплашаётган одам пичирлаб менинг гапларимни ёнидаги кишига такрорлади. У Фозилбеков эди. Менинг товушимни танигани учун телефон дастасини ёнидагилардан бирига берганди. У ингичка овозда “Ҳаммаси ўзини олиб қочади” деди. Бу гаплар менга эшитилиб турган бўлса-да, телефон дастасини тутган киши:

-Билишимизча Адҳам ака Олий кенгаш раиси билан гаплашдилар, у киши ҳам рози бўлдилар. Телевизорда Абдуҳошим Муталов чиқадиган бўлдилар, – деди.

Бироздан кейин мен яна Йўлдошевга сим қоқдим:

-Биламан, “Ахборот” соати яқинлашиб қолди. Абдуҳошим Муталов чиқадиган бўлдилар! – деди у қисқа қилиб.- Бу ҳақда Элбек Мусаевични ва Эркин Ҳайитбоевнинг хабарлари бор.

Бу билан у масалага сиз аралашманг ишорасини қилаётганди.  Ёши бир жойга бориб қолган  Элбек акани нега комиссия таркибига қўшганлари ҳам ойдинлаша бошлади.

Орадан беш дақиқа ҳам ўтмай Ҳайитбоев телефон қилди:

-Мен Талабалар шаҳарчасидан қайтаяпман, – деди у.

-Нима бўлаяпти ўзи? Сиз қачон бориб улгурдингиз? Мени шаҳарчага ўтказишмади-ку?! Бориб воқеаларни ўз кўзим билан кўриб келмоқчи эдим,-дедим ҳовлиқиб.

-Бу томонга яқин келманг. Ҳеч кимни ичкарига киритишмаяпти. Қолаверса, воқеалар кеча кечаси юз берган, ҳозир эса шаҳарчада осойиш ҳукум сурмоқда. Менга муҳтарам Йўлдошев жаноблари телефон қилдилар, биров орқали эмас, шахсан ўзлари, халқимизни воқеалардан хабардор қилсак, дедилар. Ислом акам ҳам ҳассосият билан бу масалага эътибор бермоқдалар. У кишининг топшириқлари асосида Бош вазир халққа мурожаат қилади. Сиз бутун телевидениени ана шу ишга сафарбар қилинг, ички масалалар билан шуғулланинг, ташқи масалани мен билан Элбек акангизга қўйиб беринг, дарвоқе ана у бузғунчи депутатлар телефон қилишмаяптими?- деди у.

-Бузғунчилар ким экан? Марат Зоҳидов кабиларми?,- дедим атайлаб.

-Унақа деманг, Марат ака ҳозир асосий фигура. Бевосита катталар билан гаплашиб турибдилар. Мен шунчаликка айттим қўйдим-да, бунга эътибор қилманг, Бош вазирнинг чиқишларини ташкил қилгунимча она сути оғзимга келди,-деб Ҳайитбоев усталик билан гапни бошқа томонга бурди.

Репортажларни кўриб, уларни Паркент, Фарғона воқеларидаги тасвирлар билан солиштириб хонамга қайтар эканман телефон жиринглади. Бу Бош вазир эди.

-Жаҳонгир ака, мени шу ишдан қутқазинг, ҳозир бир тумандаман. Бошқа бирортасини топиб, ёзиб олсангиз, илтимос,-деди у.

-Бу масалани Ҳайитбоев билан Мусаев ҳал қиладиган бўлдилар. Мен фақат ёзиб олишга маъсул,-дедим.

-Улар рози, Адҳамбек ака билан Шавкат ака ҳам рози, фақат сиз ҳам рози бўлсангиз…

-Юз берган отишмаларда қон тўкилган.Қўлимизда репортажлар бор. Миршаблар ҳадларини билишмаган. Қолаверса, уларга ким буйруқ бергани эртами кечми ўртага чиқади. Баъзи тахминларимиз ҳам рост бўлиб чиқмоқда. Воқеа уюштирилганга ўхшaяпти. Бўлмаса нега миршабларга Божхона раҳбари бошчилик қилмоқда. Божхонанинг бу ишга нима алоқаси бор? Сиз ҳукумат раҳбари сифатида халқнинг олдига чиқиб, икки оғиз сўз айтмасангиз, ким айтади? Ахир бу воқеалар нега бошланди? Ўқ отган ким, ўлганлар ким, нима учун шунча воқеа юз бераяпти-ю ҳукумат жим? Бу саволлар фақат мени эмас, бутун халқимизни қизиқтиради. Ҳайитбоевнинг ибораси билан айтганда, биз бузғунчи депутатларни қизиқтиради, бу масала! Бугун оқшом телевидение ана шу саволларга жавоб бериши керак. Қўлимизда бошқа нарсалар ҳам бор. Талабалар шаҳарчасида студентларнинг олдида туриб “Ур” деб бақираётган йўлбошчиларни Паркент, Фарғона воқеалари ёзилган тасвирлардан ҳам топдик. Улар соқол қўйиб олган КГБ чилар эмасми?

Телефоннинг нарёғидан товуш  келмади. Абдуҳошим Муталовнинг товуши ичига тушиб кетганди. У зорланган овозда:

-Менга ёрдам беринг, – деди.

-Пезидент бўлганимда эди, мендан ёрдам сўрасангиз,-деб жавоб қилдим.

Шу дамда Бош вазирга раҳмим келди. Лекин республика раҳбарлари нима сабабдан халқнинг кўзига қарашдан чўчишмоқда, деб ўйладим. Халқимиз “Хўш, Каримов қаерда? Намойиш бўлган, ёнғин чиққан жойларга бориб, от миниб, оломонни тўхтатганман, дея такрорловчи зот нега кабинетидан чиқмаяпти? Агар у икки чақиримли йўлдан чўчимай Талабалар шаҳарчасига борганда, олам гулистон эди. Ўқлар отилмасди, қон тўкилмасди” деб ўйлашмайдими? Халқ ўйлайди-ю лекин халқнинг ўйлаганини булар ҳатто хаёлда жонлантиришга чўчийдилар.

Репортажларни кўраркан, вужудимни титроқ босди. Беш-олти миршаб бир қиз талабани судраб кетишмоқда. Уч-тўрт ОМОНчи эса бир талабани ерга ётқизиб тепишмоқда. Талабалар ётоқхоналардан бирига бостириб кирган миршаблар душ қилаётганларни ҳам калтаклашганини айтишмоқда, деразадан бошини чиқaраган талабага қарши ўқ узишганини ваҳима билан ҳикоя қилишмоқда. Наҳотки, шу даражада ваҳшийлашиб кетдик? Бу миршаблар ҳайвонот боғида етиштирилган эмас, булар ҳам қайси бир ота-онанинг фарзандлари-ку?! Балки бу талабалар орасида уларнинг ҳам укалари, сингиллари бордир?

Наҳотки, юқоридан келган буйруққа кўр-кўрона бўйин эгиб, ўз қардошларига ўқ отсалар? Ахир бу талабалар Каримовнинг саройини кул қилиб кўкка учирмадилар? Бор-йўғи нонимиз қани, нега нонимизнинг баҳосини қиммат қилдингиз, деб сўрашди. Наҳотки, улар ўзларини қул деб билсалар, мансабдагиларнинг қули деб билсалар?! Ёки кийиб олган либослари уларни роботга айлантирдими? Қалби йўқ, ақли йўқ, фикрламоқдан, мушоҳада қилмоқдан маҳрум бўлган роботларга айландилар-ми? Балки бир кун бу талабаларнинг ҳам баъзилари миршаб бўлар? Улар ҳам ўз фарзандлари, ўз ака-укаларига қарши қурол кўтармайдиларми кейин? Қасос олмоқ учун шу йўлга бош ўрмайдилар-ми? Бир инсофсизнинг мансабини кўриқлаш, бир хоиннинг обрўйини асраш учун қон тўккан бу инсонларга нима дейиш керак?!

Қизиқ нега талабаларнинг ҳузурига Бош прокурорни юборишди? Прокурорни у ерга юбориш кимнинг хаёлига келди экан? Табиийки президентнинг кўрсатмаси бўлмаса прокурор бормайди. Бундай шароитда таҳдиддан бошқа нарсани билмайдиган Бўритош Мустафоевни юборишни қандай тушиниш керак? Талабаларни қиздириш, бу ҳам фитна. Демак, юборган одам шуни истаган. Ҳар томондан қуршаб олинган, калтакланаётган, судралаётган одамга “сенинг жазонг ўлим” десангиз, у раҳмат дейди-ми? Ҳали ҳам талабаларимиз инсофли экан.

Олий кенгаш раиси телефон қилди:

-Сизни ҳам қийнаб қўйдик,-деди у ўзим қийналиб кетдим, деган оҳангда.

-Халққа бирор гап айта олмасак, ана у қийин,- дедим. -Сизга нима? Ҳайитбоев ишнинг ичида, биринчи ўринбосари Мусаевни комиссияга қўшдик. Ана уларнинг виждони қийналсин. Қолаверса, бугунн бериладиган барча кўрсатувларни комиссиямиз аъзоси сифатида ўртоқ Мусаев кўриб чиқсин. Биласиз, бир иш юзасидан тергов бошланса, унга ҳеч кимнинг халақит қилишга ҳаққи йўқ. Биз текширув олиб бораяпмиз. Комиссиямиз фаолияти боши берк кўчага кириб қолмаслиги учун ҳар турли тадбирлар олишимиз керак. Эшитишимча, сиз Талабалар шаҳарчасига мухбирларни юборибсиз-ми?

-Мухбирларнинг бориб бормаслиги сиз учун воқеа эмас, лекин бир депутатнинг миршаблар томонидан йўлдан қайтарилиши сизни қизиқтириши керак, чунки раисимиз бўласиз.

-Сиз бормасангиз ҳам воқеаларга аралашганингизни биламиз. Бундан бу ёғига эҳтиёт бўлинг,- деди Йўлдошев ва қўшимча қилди.- Ислом акамларнинг топшириқлари билан ҳозир Бош вазир ўринбосари Эркин Самандаров етиб боради. Мусаевдан кейин кўрсатувларга назар ташлайди ва лозим топса, “Ахборот”да чиқиб гапиради.  Ҳа, дарвоқе бу ишни ўрганиш бизга топширилган. “КГБ” деган нозик гапларни айтиб юрган экансиз, бирор далилингиз бўлса комиссияга топширинг. Бўлмаса бундай обрўли идоранинг шаънига тош отманг-ки, охири бахайр бўлмайди.

Эрталаб бошланган бу ҳангома кечгача давом этди. Ниҳоят тоқатим тоқ бўлиб  девон котибиятининг бошлиғига телефон қилдим:

-Илтимос, кириб Каримовга айтинг, кўрсатувларимизга цензура қўйишаяпти. Ттелевидение раҳбарлигига  келаётганимда бу масалани кўтаргандим ва  у киши “Биров цензура қўядиган бўлса бошини оламан”, деган эдилар. Талабалар шаҳарчасидаги воқеа дунёга ёйилди. Москва ҳам кўрсатади, бизнинг жим туришимиз жиноят бўлади,- дедим. -Ҳозир шунинг маслаҳати бўлаяпти,-деди котибият бошлиғи.-Оқсоқолнинг ҳузурларида шу хусусда мажлис ўтказилмоқда.

Бироздан кейин яна Йўлдошев телефон қилди.

-Ҳаммасининг дами чиқиб кетди. Бу масалани эртага ҳал қиламиз. Бугун ҳукумат комиссияси тайёрлаган хабар билан комиссия рўйхатини эълон қилинг,- деди у.

-Ўттиз иккита исм-шарифни ўқишдан нима маъно чиқади? Қон тўкилгани, талабаларни отишга ким рўхсат бергани, неча киши ўлгани ва неча киши ярадор бўлгани, бунинг айбдорлари кимлиги – бу саволларга бугун жавоб беришимиз керак!

-Майли, буни Ҳайитбоев билан гаплашамиз,-деди Йўлдошев ва бошқа телефон жиринглаётганини айтиб, суҳбатни кесди. Беш дақиқа ўтар-ўтмас хонамга Ҳайитбоев кириб келди:

-Нега мен билан маслаҳат қилмасдан камера юбордингиз?- деди у ҳовлиқиб.- Менга Ислом акамнинг ўзлари телефон қилиб, “Камера-памерангни йиғиштир” деб айтдилар. Ҳатто мени “латта” дея ҳақорат қилдилар, раҳматли онамни ҳам тинч қўймадилар.

-Сиз ўзингиз нега бир неча марта бориб келдингиз-у камера олиб бормадингиз. Сиз ва менинг вазифам у ерга бориб келишдан иборат эмас. Биз хабарчимиз. Халқни воқеалардан хабардор этишимиз керак. Агар бу ишни уддалай олсак, асосий вазифани бажарган бўламиз, адолатсизликнинг йўлини кесамиз, ўйинлар учун имкон қолдирмаймиз. Ҳозир эса вақтдан бой бераяпмиз, ёлғоннинг гуллашига йўл очаяпмиз,- дедим.-Эътибор қилдингиз-ми, нега миршабларга Божхона раҳбари Урайим Абуғаниев етакчилик қилаяпти?

-Оқсоқол бу ишни унга топширган бўлишлари мумкин…

-Шунинг ўзи фикрлаб кўриш учун асос эмасми?

-Оиламизда фикрлашга ҳаққимиз бор. Бу ерда эса оиламизнинг раиси Ислом акамиз. У киши халқимизга ёмонликни раво кўрмайдилар. Тўғрисини танлайдилар. Биз эса айтганларини бажаришимиз керак. Эфирни мен тўхтатдим ва концерт қўйишни айтдим. Бекордан бекорга Элбек акани айбламанг!

Эркин Ҳайитбоевнинг кулгичлари доим кулиб тургани учун у худди масхара қилиб гапираётгандек туюлса-да, бу гапларни жиддий оҳангда, самимий айтаётганди. Ўйланиб қолдим. Ё мен бошқа бир дунёдан буларнинг орасига тушиб қолдим ёки булар ҳақу мен ўжарман. Ҳозир яна бироз тортишсак, жанжаллашиб қолишимиз аниқ, индамай қўйсам бора-бора индамасга айланаман. Баъзиларига шу билан баравар булиб ўтираманми, дея қўл силтайсан, айримларининг ошқовоқ каллаларига бир калима ҳам сингдиролмай хуноб бўласан, мана бундайлар эса бетон девордек гап: бош урсанг бошинг ёрилади, сўзинг ўзингга қайтади, асаблашиб жиғи бийрон бўласан.

-Майли, отангиз ҳам оилангизнинг раиси ҳам Каримов бўла қолсин, лекин ўқ еган, қони тўкилган, ўн гулидан бир гули очилмаган ёшда ўлдирилган талаба ўғлингиз бўлса-чи? Ҳайитбоев чўчиб тушди.

-Оғзингиздан бу гапни шамол учирсин! Худо сақласин, деб гапирсангиз-чи, ука. Дарвоқе, концертларни бекор қилиш ҳақидаги буйруғингиз ички низомга қарши!

Шу пайт котиба киз кириб, Бирлик Халқ ҳаракати ташкилотидан бир гуруҳ келганини ва раис билан учрашмоқни талаб қилаётганларини айтди.

-Мен Мусаев билан репортажларни кўришим керак. Ҳозир Самандаров ҳам келадилар. Сиз бу масала билан эрталабдан буён шуғулланаяпсиз, ҳамма гапдан хабардорсиз. Улар билан учрашсангиз. Қолаверса, ўзингизни одамларингиз,- деди Ҳайитбоев киноя билан.

Унинг киноясига шиддатли бир қараш билан жавоб бердим-да қабулхонага чиқдим. Шоир Ёдгор Обид билан бирга “Бирлик”нинг тиниб-тинчимаган аёллари келишганди.

-Биз ҳукуматга мотам куни эълон қилиш таклифи билан чиқдик. Мотам қаёқда, байрам қилишаяпти, – деди у.- Бир томонда болаларимизни ўлдиришаяпти, бир томонда сизлар концерт қўйиш билан овора.

-Мотам фикрингизни қўллайман, лекин концерт қўяётганимиз йўқ. Концерт ва ўйин-кулги дастурларини бекор қилганман. Кечқурун, Худо хохласа, воқеалар ҳақидаги репортажларни намойиш этамиз.

-Худо хохласа-ми ёки Каримов хохласа-ми?- заҳарханда жилмайиш қилди Ёдгор Обид.

Мен ҳеч нарса демадим. Ростдан ҳам Каримов хохламаган бўлса керак-ки, репортажларни кўрсатувдан олдин қараб чиқишга қарор қилишди. Раис олдиндан “Эфирни тўхтатдим” деб айтди.

Ёдгор ака билан бирга келган аёллардан бири:

-Аллоҳ мададкор бўлсин, бу даҳшатни халққа кўрсатинг. Концертларга ҳам чек қўйинг. Биз эса бу масалада сизга керакли ёрдамни берамиз,- деди.

Улар ҳукумат идораларига ҳам боришганини, Талабалар шаҳарчасида ўқ отган қотилларга қарши норозилик намойиши ўтказганларини, бу масалани мутлоқ охирига етказажакларини айтиб, чиқиб кетдилар. Улар кетар эканлар, кейинги ҳафта “Бирлик” фаоллари иштирокида бир баҳс дастури тайёрлашни ҳам келишиб олдик.

Хайриятки, шундай инсонлар бор, деб ўйладим. Агар улар ҳам фақат ўз ўғил-қизларинигина ўйласалар ва бутун эркларини тепадаги битта одамга бериб қўйсалар, ана унда олам гўристон бўлади. Бу аёлларнинг ҳар бири оиласида она, фарзандларининг ташвиши билан югуради, яна қаердадир ишлайди ҳам. Шунга қарамай адолат излашади. Бу адолатни ўзлари учун излашади-ми? Йўқ, шу халқим ҳам бошқалар каби ойдинликда яшасин, нурга илҳақ бўлмасин, зулм остида эзилмасин, дейишади. Халққа, Ватанга бўлган муҳаббат юракларида чўғга айланган. Бу чўғ қалбларини ёндириб туради. Шу оташдан куч оладилар. Баъзилар уларни англамайдилар. Ўтганнинг ўроғи, кетганнинг кетмони билан иши бор буларнинг, дейишади. Ҳа, ишлари бор. Ўша ўроқ миллатнинг бошини кесмасин, ўша кетмон инсонлар оёғининг остини ковламасин, дейишади. Оз бўлсаларда, хайриятки, улар бор.

(ДАВОМИ БОР).

http://turonzamin.org/2013/07/17/iak18/