Jul 162013
 

 

Ҳозирги кунда ҳокимият тизимига эътибор берсангиз совет давридаги кадрларни деярли учратмайсиз. Лекин янгиларининг аксариятини иш фолиятида деярли ўзгаришлар сезилмайди. Улар қонунлар асосида эмас, балки буйруқ асосида ишлашга ўрганиб қолдилар. Нима қилиб бўлса ҳам ҳокимият поғонларидан кўтарилиш уларнинг асосий мақсадлари бўлиб қолаётгани ҳақида эшитиб қоламиз.

 

 Мана бу воқеани менга Наманганлик Боймирза акамиз айтиб бердилар. У кишининг ҳикоясини асосий мазмуни қуйидагича:

 

Мен бир ташкилотда қирқ йил ишладим. Амалга интилмадим. Бўлим бошлиғи бўлиб, шу мансаб билан нафақага чиқдим.

 

Бир воқеа хеч эсимдан чиқмайди. Мустақилликнинг дастлабки йиллари эди. Корҳонамизга Тошкентдаги бир олийгоҳни битириб Абдураҳмат деган йигит келди. Келди-ю, директоримиз уни бирданига иш юритувчи лавозимига қўйди. Ҳамма ҳайрон. Орадан уч-тўрт йил ўтиб Абдураҳмат директор ўринбосари лавозимига кўтарилди. Кейинчалик билсак Абдураҳматнинг турмуш ўртоғини тоғаси вазирликда ишлар экан.

 

 Кунлардан-бир куни директоримизни ҳокимиятга ишга ўтиши ҳақида гап тарқалди. Ўз-ўзидан Абдураҳмат уни ўрнини эгаллаши керак эди. Кўпчилик энди Абдураҳматни атрофида “гирди-капалак” бўлиб қолишди.

 

Кунлар ортидан ойлар ўтди. Бир куни ишга келсам ҳамма ҳомуш. Ишхонамиз азахонага айланиб қолгандек туюлди менга. Абдураҳмат авария қилиб ҳалок бўлибди. Директоримиз дарров фаолларини йиғиб, Абдураҳматнинг оиласига корҳона номидан анчагина пул ажратиб, олти кишидан иборат кишиларни Абдураҳматнинг уйига жўнатди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Ажратилган махсус машинада кетиб бораяпмиз. Ҳамма Абдураҳмат ҳақида гапирарди. Кимдир уни қаттиқ қўл раҳбар деса, кимдир уни қилган яҳшиликларини сўзлар эди. Орада Абдураҳматнинг ўрнига ким ўринбосар бўлиши мумкин деган савол ҳақида тортишув бошланди.

 

Кассир Мўминжон: – Энди ўз-ўзидан маълум! Бу лавозимга Карим ака лойиқ. Ўзи аслида Абдураҳмат келмасидан олдин Карим акани шу лавозимга тайинлаш ҳақида гап тарқалган эди. Лекин Абдураҳмат осмондан тушгандек келди-ю вазият ўзгариб кетди- деди.

 

-Тўппа тўғри-деди бўлим бошлиғи Ғуломжон. -Каримбойни номзодидан бошқа номзодни тасаввур ҳам қила олмаяпман-деди.

 

Суҳбатга цех бошлиғи Эгамберди ҳам аралашди:

 

– Ҳақиқатда ҳам Каримбой директорнинг Абдураҳматдан кейин энг яқин одами. Қолаверса ҳокимиятдагилар ҳам уни яҳши билишади. Ҳокимиятдан корхонамизга ким келса бутун хизматни Каримбой қилади-да-деди.

 

Ҳуллас ҳамма Каримжонни диретор ўринбосари деб тасаввур қила бошлади. Бу гапларни эшитиб турган Каримжон ҳам ўзини ҳудди шу лавозим эгаси деб тасаввур эта бошлади шекилли, гапга арашиб кетди:

 

-Директор ўринбосари дегани, директор ҳокимиятга кўтарилиб кетса уни ўрнини олади дегани дўстларим! Агар шу лавозимга келсам ҳаммаларингизни ҳохиш-истакларингизни инобатга олиб, нима ёрдам бўлса қиламан-деган Каримжон, ҳаммадан бирма-бир муаммоларини сўрай бошлади. Ҳамма ҳурсанд. Абдураҳматнинг ўлими ҳам гўёки барчанинг эсидан чиққан эди.Мен жимгина буларнинг гапларини эшитиб борардим.

 

Гап билан бўлиб Абдураҳматнинг ҳонадонига ҳам етиб келдик. Лекин хонадонда жим-житлик эди. Ҳайрон бўлдик. Ҳайдовчимиз Турғунбой ёзиб берилган манзилни қайта-қайта кўриб – Аниқ шу эшик-дедида секин бориб дарвозани тақиллатди. Ичкаридан кўз ойнак таққан бир йигит чиқди. У Абураҳматнинг укаси экан.

 

Ёмон гап тезда тарқалади-да, ҳақиқатда ҳам кеча акам Тошкентдан ўз машинасида келаётиб авария бўлган. Аварияда унинг машинаси русумидаги яна бир машина пастга ағдарилиб кетган. Акамнинг машинаси эса Камазга урилиб, тўнтарилиб кетган. Ҳудога шукур, акамнинг қўли синибди холос. Бугун реанимациядан чиқади. Ҳаммаларинга раҳмат. Келиб қолибсизлар бир пиёла чой ичиб кетинглар- деди Абдураҳматнинг укаси.

 

 Биз ортга қайтдик. Йўлда келаяпмиз-у, ҳамма ҳомуш, ўйланиб келарди. Айниқса Каримжон ич-этини еб, қизариб- бўзариб, паст овозда баъзан сўкиниб келаётгани билиниб турарди. Жимликни ҳайдовчимиз Турғунбой бузди: – Акалар ҳайрият, Абдураҳмат ака тирик эканлар-у, асосийси шу эмасми? –деди. Ўзнини тутиб тура олмаган Каримжон:- Ўчир овозингни!-деб бақириб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.

 

 Укам Носиржон амал шунақа ширин эканда. Ҳудога шукур юқори лавозимларда ишламасам ҳам виждонимни сотмай нафақага чиқиб олдим”- деб сўзини тугатди Боймирза ака.

 

 Боймирза аканинг ҳикояларида келтирилганидек, фақат шаҳсий манфаатларини ўйлаб ҳокимиятни турли бўғинларига жойлашиб олган амалпарастлар, “Эртага нима бўлади? Мамлакатнинг, халқнинг, унинг фарзандларини келажаги нима бўлади? деган саволларни ҳаёлларига ҳам келтирмайдилар. Улар бугун, юқоридан гап эшитмай яшаб олсалар бўлди. Бундай кимсалар охиратни ҳам эсдан чиқарганлар. Лекин ҳар бир нарсанинг охири бўлганидек бу ишларнинг ҳам албатта охири бўлади. Ҳар қандай қилинган иш жавобсиз қолмайди, Иншооллоҳ.

 

 Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

17-июль, 2013-йил.