Jul 132013
 

 

Қаерга борманг доимо мен сиз билан бирга бўламан.Мен ҳеч қачон сиздан ранжимайман ва ҳамиша сиз билан суҳбат қураман. Юз йиллардан буён яшаб келаётган бўлсам ҳам жуда ёшман. Мен одамлар ҳаракатида, дунёқарашида намоён бўламан.Сиз мени тушинмаслигингиз мумкин, лекин мен сизни жуда яҳши тушинаман. Менга етишиш учун курашиб неча-неча инсонлар ўтиб кетди. Ким менга етишиш учун курашса мен у билан биргаман.Мен билан дўстлашишга шошилинг!

Ҳув, ана у завқ-шавқ билан йиғилган одамларни кўраяпсизми? Оёғингиз остидаги шовқинни эшитаяпсизми? Улар хурсандлар. Хурсандликларининг сабаби шуки, улар мени қўлга кирита олдилар. Улар турли тазйиқлардан қўрқмадилар, ортга чекинмадилар, менга ҳамроҳ бўлиб охири ғолиб бўлдилар.

Мен барча донишмандлар,ёзувчилар, турли дин вакиллари ва ҳунармандларнинг, қўйингчи мени дўст билган барча-барчанинг тилиман, забониман. Энди мени танидингизми? Ҳа, тўғри топдингиз, мен ўша- ДЕМОКРАТИЯМАН.

-Ие, ҳов ана бу ёғларда ҳар куни бўлаётган тўс-тўполонларга аҳир сен сабабчисан-ку! – деяпсизми? Йўқ, аксинча, у ерлардаги юқори лавозимли кишилар айнан менинг йўлимга амал қилмаганлари учун шундай воқеалар бўлаяпди. Қолаверса бу воқеалар тўс-тўполонлар эмас, Бир пайтлар мени йўлимдан юрмаган амалдорларларнинг зулмига учраган, тилларига кишанлар солинган кишиларнинг овозидир бу “тўс-тўполонлар”.

Ораларингизда эҳтимол мени ҳақиқатда ҳам хуш кўрмайдиганлар ҳам бўлиши мумкин. Лекин бу мени ёқтирмаганингиздан эмас, балки мени чуқур англаб етмаганингиздан деб ўйлайман. Барибир бу борада сизни айбдор деб билмайман.

Ўйлаб кўринг, Америкалик Эдвард Сноуден бу юртда мени қонун-қоидаларим устивор бўлмаганида ўша мамлакатнинг газетасида ошкора чиқишлар қилармиди? Яна давлат сирларини-я! Албатта йўқ. Ҳозир Россия Сноуденга сиёсий қочоқ мақомини беришга шайланаяпди. Агар МДҲ давлатларидан бирор киши шундай ишларни қилиб Россиядан сиёсий бошпана сўраганида Путин уни илтимосини қондирармиди? Йўқ. Нечтадан нечта МДҲ давлатларидан бўлган фуқороларни гарчан жиноятлари тасдиқланмаган бўлса ҳам, халқаро қонунларга зид равишда ўша мамлакатларнинг сўровига биноан бечораларни ўз мамлакатига бериб юборди. Сноуденга келганда эса дарров Путинни хаёлига мен ва халқаро қонунлар келиб қолди.Демак, Путин ёш йигитчани ишидан фойдаланиб мен ҳукмрон бўлган Американи обрўсизлантириш ниятида.Лекин у ниятига ета олмайди. Чунки бутун дунё Америка қанақа мамлакату, Россия қанақа мамлакат, ҳаммасини яҳши билади.

Мени чин юракдан ёмон кўрувчиларни айтайми? Улар фақат ўз манфаатини ўйлаган, менга интилганларни керак бўлса жисмонан йўқ қилиб юборишга ҳам тайёр бўлган, бу йўлда ҳаттоки ўз яқинларини ҳам жазоловчи диктатор раҳбарлардир. Ана ўшалар одамлар орасида мени ёмон отлиқ қилиш учун турли уйдирмаларни ўйлаб топадилар. Менга тўхматлар уюштирадилар.Чунки қаердаки менинг йўлимга амал қилинса ундайларга “нон” қолмайди-да! Ораларингизда мени ёқтирмаётганлар эса ана ўшаларнинг “қармоғи”га илинганларингиздир. Яна ўша сиздайларни “қармоғи”га илинтираётганлар ўз конститутцияларига мени устивор қилиб ёзиб қўйишади. Мени аслида ёмон кўрсалар ҳам ўзларига қалқон қилиб тинмай гапиришади. Қайсики амалдор мени кўп гапираяпдими, мени устувор қилиб ёзиб қўйган қомусини рўкач қилаяпдими, демак билинки у сизни, халқаро жамоатчиликни ва энг асосийси ўзини алдаяпди.

Бундайлар дунёда рўй бераётган норозилик намойишларини менинг йўлимдан юрганлар уюштираяпди деб ўйлайдилару аслида улар ҳақиқий тинчликни чин юракдан ёқтирадилар деб ўйлайсизми? Йўқ! Улар ўз манфаатларига ҳозирча хизмат қилаётганлиги учун ТИНЧЛИК деган сўзни халқ орасида тарғиб қиладилар. Лекин, агар уларни манфаатига уруш, терроризм ёки менинг йўлларимдан бири бўлган митинг-намойишлар хизмат қилса, бундай амалларни хатто ўзлари ҳам уюштиришлари мумкин. Хабарларга қараганда дунёда рўй бераётган терроризм амалларини аксариятини ҳукумат қўлида бўлган махфий хизматлар уюштирар экан. Ёки бўлмаса, кўрдингиз Россияда сайловлар пайтида мени юрак-юрагидан ёмон кўрадиган айғоқчи Путин ҳокимиятини сақлаб қолиш илинжида, мени йўлимдан фойдаланиб, одамларга пул тарқатиб митинг-намойишлар уюштирди. Буларни қолганлари ҳам шунақа. Уларга ишонманг! Улар сизларнинг душманларингиздир.

Шуни сизларга айтиб қўяй, мени ғарбча,осиёча, миллий қадриятлардан келиб чиқиб юриладиган йўлим йўқ. Бунақанги найрангларни ўйлаб топаётганлар яна ўша, мен юқорида айтиб ўтган золимлардир. Мен дунёда ягонаман ва ягоналигимча қоламан.

Дўстим, сиз менга қўлингизни беринг. Мен сизга қўлимни бераман. Сиз билан чин дўст тутинамиз. Биргалашиб одамларга ўхшаб яшайдиган жамият қурамиз. Кетдик…

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

13-июль, 2013-йил.