Jul 072013
 

 

Малоҳат Эшонқулова: Ш И К О Я Т

 

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди

Судьяси  Мустафоевга

Нусхаси:   Қашқадарё вилоят прокурорига

Ўз.Рес. Олий Мажлис Сенатининг раиси

И. Собировга

Фуқаро:     Тошкент шаҳри,Учтепа тумани,Чилонзор ,

23-мавзе,16- уй,39-хонадонда яшовчи

Эшонқулова Малоҳат Худжамовна томонидан

Тел:моб –+99893 506 05 31.

уй:  –+ 8371 274 81 52

Ш  И  К  О  Я  Т

Ҳурматли судда раислик этувчи Мустафоев!

Сиз шу йилнинг 4 июль куни  тахминан соат 21.00 ларда ўтказилган суд мажлисида раислик қила туриб,  мен,Эшонқулова Малоҳат Худжамовнага нисбатан Ўзбекистон Руспубликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 201- моддаси,1-қисми билан айблов эълон қилинганлигини ва маҳкамага тортилганлигимни маълум қилдингиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 201 – моддаси,1- бандида  «Йиғилишлар,митинглар,кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш,ўтказиш тартибини бузиш” га  оид ҳуқуқбузарлик назарда тутилган.

 

Шу боис ҳам қонун идоралари томонидан менга нисбатан ЎзМЖтКнинг 201 моддаси,1- қисмида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликда айблаш ва маҳкамага тортиш мутлақо асоссиз,деб ҳисоблайман.

 

Негаки,мен шу йилнинг 3 июнь куни «Йиғилишлар,митинглар,кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш,ўтказиш тартибини бузиш” га  оид ҳуқуқбузарликни мутлақо содир этмаганман,аниқроғи,мен томонимдан ЎзРес. МЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ноқонуний ҳаракатлар умуман амалга оширилмаган.

 

Шу маънода менга нисбатан ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳусусида  участка профилактика нозирининг соҳта баённомаси мазмунига эътибор қаратишингизни сўрайман:

 

4 июль куни суд залида суд мажлиси бошланишига 5 дақиқа қолганида ўзини таништирмаган профилактика нозири “ҳуқуқбузарлик содир этганлик тўғрисида”ги баённомага имзо чекишимни талаб қилди.

 

Мазкур баённомани ўқирканман,унда “фуқаро Эшонқулова Малоҳат шу йилнинг 3 июль куни вилоят прокуратураси биноси олдида ноқонуний норозилик намойишида иштирок этиб,ҳуқуқбузарлик содир этган. Ушбу ҳолат Эшонқулованинг ИИБга ёзган “Тушунтириш хати”да ҳам ўз исботини топган” деган ( бу ерда баённомадаги сатрлар айнан келтирилмаган,мазмунан қайд этилган холос) каби мазмундаги ёзувларга кўзим тушди.

 

Профилактика нозири томонидан қораланган мазкур баённоманинг сохтакорлиги шундан иборатки,биринчидан мен Қарши шаҳар Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи номига ёзган  ўз  “Тушунтириш хати”мда ва мазкур ишга оид ўзга расмий ҳужжатларда “Вилоят прокуратураси биноси олдига норозилик намойиши ўтказиш мақсадида келдим” деган иборани қайд этмаганман,ҳатто бу мазмунга яқин гап ҳам қилмаганман.

 

Аксинча,мен ўз “тушунтириш хати”мда “Мен мустақил журналистман. Мени вилоят прокуратураси биноси олдига ҳамон хисбда қолаётган Шаҳрисабзлик 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг тақдирига бўлган қизиқиш ва Чориевлар оиласи вакилларининг адолатни тиклаш йўлидаги уринишларини ўрганиш,журналист суриштируви олиб бориш истаги бошлаб келганди. Мен вилоят прокуратураси олдига мустақил журналист сифатида ташриф буюрганман”, деган мазмундаги фикрларни бир неча маротаба такрор-такрор баён қилганман.

 

Ҳақиқатдан ҳам аслида мен амалда 3 июль куни вилоят прокуратураси биноси олдига норозилик намойиши ўтказиш мақсадида эмас,аксинча,мустақил журналист сифатида Чориевлар сулоласи вакилларининг тақдирига,кейинги ҳатти-ҳаракатлари,интилиш-ўйлари,мақсад-муддаоларига оид  воқеликни ёритиш,маълумот тўплаш ва  бутун жараёнларни  матбуотда ёритиб бориш илинжида қадам қўйган эдим.

 

Оталари Ҳасан Чориевга қўлланилаётган ҳақсизликларга қарши ўз эътирозларини норозилик намойиши орқали ифодалаш мақсадида вилоят прокуратураси биноси олдига жамул-жам бўлган,адолатни қарор топтириш истагида ҳақсизликка қарши оёққа қалқиган Чориевлар оиласи вакилларини қўлимдаги ўзимга тегишли фото-видео аппарат кўмагида бир-икки бор суратга олганлигим ҳам менинг журналист сифатидаги фаолият ва ҳаракатим исботидир.

 

Бироқ,афсуски,мен ушбу суратларни далил сифатида судга тақдим этиш имкониятидан маҳрумман.

 

Мени бундай имкониятдан айнан орган ходамлари мосуво қилишган.

 

Янаям аниқроғи,3 июль куни Чориевлар оиласи вакилларини учинчи бор суратга олиш жараёнимда,журналист сифатидаги иш фаолиятимга халал бериш истагида кутилмаганда қаршимда пайдо бўлган фуқаро кийимидаги нотаниш эркак (пешонасига кимлиги ёзиб қўйилмаган. Бироқ бу кимсанинг МХХ хизмати ходими,ёки ИИБнинг Жиноят қидирув бўлими “йигитлари” эканлигига ишончим комил) киши куч ишлатиш йўли билан қўлларимни қайириб менинг иш қуролимни – менга тегишли бўлган фото-видео аппаратимни зўравонлик билан тортиб олди.

 

Қолаверса,вилоят прокуратураси олдида тўпланган 6-7 нафар фуқаро кийимидаги нотаниш эркак кишилардан бири – оқ куйлакли шахс (аниқ хизмат формасини эгнига илмаган орган ходими) қўлимдаги компьютер-ноутбук солинган целофан сеткамни ҳам ўта қўпполлик,зўравонлик ва куч ишлатиш йўли билан юлқиб олишга муваффақ бўлганди.

 

 

Мабодо мен журналист сифатида эмас,намойиш иштирокчиси сифатида вилоят прокуратураси биноси олдига қадам ранжида қилганимда эди қўлимда журналист касб эгасига хос қуролларим – фото-видео аппарат,компьютер-ноутбук,интернетга уланиш учун модем каби иш қуроллари –  орг.техникалар эмас,аксинча,Ҳасан Чориевнинг ҳимоясига бағишланган шиорлар акс этган плакатлар бўлган бўларди.

 

 

Қўлимда шиорлар битилган плакатлар эмас,аксинча,иш қуролларим – орг. техникаларнинг борлиги ва улар фуқаро кийимидаги махсус хизмат – қонун идоралари ходимлари томонидан куч ишлатиш йўли билан тортиб олинганлигининг ўзиёқ,менинг  3 июль куни вилоят прокуратураси биноси олдида мустақил журналист сифатида кезиб юрганлигимдан далолат эмасми?

 

 

Зеро,мен бундан ҳам илгари, яъни 27 июнь куни ҳам ҳамкасбларим ва ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорликда Ҳасан Чориев ишига оид журнаилст суриштируви олиб борган мустақил журналистман.

 

 

Ўзбекистоннинг одил судига бундан ортиқ яна қандай далил,бундан  ўзга яна қандай исбот керак?!

 

 

Мен бир нарсага,Қарши шаҳар  Ички Ишлар идоралари ходимларига,хусусан,соҳта баённомалар ижодкори –шахсини таништирмаган участка инспекторига мендек мустақил журналистни “ноқонуний намойиш ўтказишга уринган ҳуқуқбузар” сифатида кўрсатиш,менга нисбатан соҳта иш – “дело” очиш, мени ҳуқуқбузарга чиқариш нима учун керак бўлиб қолди экан,ана шунга ҳайронман-да?!

 

 

Ва,албатта мен суддан ушбу масалада ҳақиқатга ойдинлик киритишларини сўрайман.

 

 

Ҳурматли судда раислик этувчи Мустафоев!

 

 

Юқорида баён қилинган фикрларимга,ҳақиқатга таянган ҳолда мен профилактика нозирининг баённомаси ноқонуний ва ундаги ёзилган маълумотлар ҳақиқатга мутлақо зид,деб ҳисоблайман.

 

 

Шу сабабли,профилактика инспекторининг сохта баённомасини ноқонуний деб топиб,  бекор қилишингизни ва ўз мансаб ваколатидан ғараз мақсадда фойдаланганлиги,ўз амалини суистеъмол қилиш орқали менга оид сохта баённома ёзишдек ғайриқонуний ишга қўл урганлиги,менинг қонун билан қўриқланадиган ҳақ-ҳуқуқларимга даҳл этганлиги учун  профилактика инспекторга нисбатан Ўзбекисон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-,206-,207-, 209-,229- моддалари бўйича жиноят иши қўзғатиш ҳақида ажрим чиқаришингизни ва менга мазкур ажримдан нусҳа беришингизни сўрайман.

 

 

Ҳурматли Мустафоев!

 

 

Мазкур ишга адолат нигоҳи билан қарайдиган бўлсак,мен жиноятчи ёинки ҳуқуқбузар эмас,аксинча,мазкур жараёнларда  ҳам жисмонан,ҳам руҳан,ҳам иқтисодий жиҳатдан озор чекиб,зарар кўрган жабрдийдаман.

 

 

Мен Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий-ахборот воситалари ходимлари” тўғрисидаги,  “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш”,Ахборот олиш эркинлиги ва кафолатлари” тўғрисидаги қонунларда кўрсатилган ўз касбий ҳақ-ҳуқуқларимдан фойдаланиб,журналистлик фаолиятимни олиб бораётган жараёнимда,Қашқадарё вилоят прокуратураси биносининг “постовой”лари ўтирган ойна тагида 20 нафарга яқин махсус жанговор тайёргарлик кўрган,ёлланган аёллар томонидан аёвсиз калтакландим,ярим яланғоч ҳолатга келтирилдим.

 

 

(Менинг,фуқаро Елена Урлаевани ва Чориевлар оиласи вакилларининг аёвсиз калтакланишимизга оид воқеалар жараёни махсус хизмат ходимлари томонидан тасвирга олинганига аминман.  Мазкур видеотасвирга диққатингизни қаратишингизни сўрайман.)

 

 

Шунинг ўзигина эмас,ва ҳатто фуқаро кийимидаги орган ходимлари томонидан таландим,талончиликка учрадим. Фуқаро кийимидаги орган ходимлари менинг орг. техникаларим – фото-видео аппаратимни,“ноутбуг”имни,қўлимдаги мобиль телефонимни куч ишлатиш йўли билан тортиб олишди ва ушбу “талончилик” жиноятини уялмасдан махсус жанговор тайёргарликдан сабоқ олган ёлланган жангари аёллар тўдасининг гарданига осонгина юклаб қўя қолишди.

 

 

Шунингдек,мен 3 июль куни махсус жанговорлик  маҳоратига эга бўлган ёлланган аёллар ва фуқаро кийимидаги орган ходимлари томонидан талончиликка учраш жараёнида қулоғимдаги оқ фианит кўзли тилло зирагимдан,сумкамдаги бор пулим – маблағимдан мосуво бўлдим ва ушбу талончилик жиноятини иссиқ изида очишларини сўраб Қарши шаҳар Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи номига ўз вақтида ёзма шаклда ариза билан мурожаат қилдим.

 

 

Таассуфки,Қарши шаҳар  Ички Ишлар Бошқармасининг қилни қирқ ёрадиган терговчилари талончи,зўравон,махсус жанговор тайёргарликдан ўтган  ёлланган аёлларни топиш,шахсини аниқлаш,ҳақиқий жиноятчиларни жиноий жавобгарликка тортиш ўрнига негадир мени,бир жабрланувчининг ўзини ҳуқуқбузарга чиқаришга зўр бериб уринишмоқда.

 

 

Ҳурматли судья жаноблари!

 

 

Қарши шаҳар ИИБсига қилган аризам асосида  фуқаро формасидаги орган ходимлари томонидан мендан куч ишлатиш йўли билан тортиб олинган буюмларим,ИИБ тергов бошқармаси терговчиларининг чўпчакларига кўра,“Талончи аёллар воқеа жойидаги дарахтлар тагига ташлаб кетилган экан”,деган каби асоссиз уйдирма асосида   ўзимга қисман  қайтарилди. Яъни,мен тилхат асосида мобиль телефон аппаратимни,ноутбугимни,аёллар сумкачам ичидаги буюмларимни қайтариб олишга муваффақ бўлдим.

 

 

Бироқ,менга ҳамон бир жуфт зирагим,фото-видео аппаратим,сумкамдаги маблағларим қайтарилмади.

 

 

Шунингдек,  менга нисбатан уюштирилган талончилик ва зўравонлик жинояти ҳамон тўлиқ очилган эмас. Махсус ёлланган 20 нафарга яқин аёллар ва фуқаро кийимидаги орган ходимлари ҳамон топилмади,уларнинг шахси,манзили аниқланган эмас. Ҳақиқий жиноятчилар ҳамон жиноий жавобгарликка тортилган эмас.

 

 

ИИБ ходимлари айнан ўша босқинчи,талончи 20 нафарга яқин жанговорлик руҳида тарбият топган аёллар томонидан таланганлигимни иддао қилиш асносида,“жиноятчилар ҳамон топилган эмас” қабилидаги баҳоналар билан,такрорлайман,менга фото-видео аппаратим,  бир жуфт тилло зирагим,  сумкамдаги пулларим қайтариб берилмади.

 

 

Шуни алоҳида таъкидлашим керакки,20 нафарга яқин махсус ёлланган жангари аёллар ва 6-7 нафар фуқаро кийимидаги эркак кишилар (орган ходимлари) нафақат менга,балки вилоят прокуратураси биноси қаршисига тўпланган Чориевлар оиласи вакилларига ва фуқаро Елена Урлаевага ҳам куч ишлатишди,уларни ҳам тунаб кетишди,беаёв калтаклашди.

 

 

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, жангарилик маҳоратидан сабоқ олган махсус ёлланган аёллар ва фуқаро кийимидаги 6-7 нафар эркаклар – орган ходимларининг ушбу ғайриқонуний ҳаракатлари оқибатида бизнинг Ўзбекистон Республикаси  Конституциясининг 20-,33-,48- моддаларида кафолатланган ҳуқуқларимиз қўпол равишда паймол этилди.

 

 

Ҳурматли судда раислик этувчи Мустафоев!

 

 

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсам,20 нафарга яқин ёлланган жангари аёллар ва 6-7 та  фуқаро кийимидаги  нотаниш эракак кишилар (орган ходамлари)нинг ушбу ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси  Конституциясининг 14-15-18-19-20-25-33-48- моддалари талабларига зид бўлиб,мазкур фуқароларнинг  ноқонуний ҳаракатлари Ўзбекистон Жиноят  Кодексининг 14- моддасига асосан жиноят тариқасида малакаланиши лозим.

 

 

Шу сабабли,Конституциянинг 43-,44- моддаларига,“Прокуратура тўғрисидаги” Қонуннинг 7-  ва Жиноят Процессуал Кодексининг 321-,331- моддаларига асосан,Сизга талабларимни  тақдим этиб,бизга ҳужум уюштирган ва талончилик қилган,куч ишлатган,калтаклаган 20 нафарга яқин махсус  ёлланган шантажчи аёлларни,шунингдек,6-7 нафарга яқин фуқаро кийимидаги эркаклар(орган ходимлари)нинг асоссиз ҳужумини фош этишингизни ва уларнинг шахсини аниқлаб,жиноятчиларга  нисбатан ЎзЖКнинг 141-,144- ва 104- моддалари бўйича жиноий иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқаришингизни сўрайман.

 

 

Қабул қилган қарорларингизни ва ушбу шикоятим юзасидан  қабул қилган суд ажримингиз нусҳасини менга ҳам беришингизни илтимос қилиб сўрайман.

 

Малоҳат Эшонқулова

 

2013 йил,6 июль

 

http://birdamlik.info/?p=29374