Jul 072013
 

 

 

 

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди Судьяси  Мустафоевга

Нусхаси:   Қашқадарё вилоят прокурорига

ЎзРес. Олий Мажлис Сенатининг раиси И. Собировга

Қашқадарё вилояти,Шаҳрисабз тумани,Носир

Бердиев кўчаси,10-уй да яшовчи фуқаролар:

Зулайҳо Чориева,  Зулфия Чориева,Бекзод Чориев,

Маллаева Шоҳиста,Расулова Паридалар томонидан

Ш  И  К  О  Я  Т

Биз, 26 июнь кун Қашқадарё вилоят ҳокимиятига,вилоят прокурори номига,вилоят ИИБ бошлиғига ва  вилоят МХХ раҳбари номига почта орқали буюртма хат шаклида йўллаган ўз “Билдирги”мизда  71 ёшли отамиз Ҳасан Чориевга нисбатан ҳуқуқ идоралари томонидан қўлланилаётган ноҳақликларга чек қўйиш,адолатни тиклаш мақсадида ўз эътирозларимизни шу йилнинг 3 июль кунидан бошлаб,Қашқадарё вилоят прокуратураси биноси олдида норозилик намойиши кўринишида ифодалаш истагида эканлигимизни маълум қилган эдик. (Мазкур “Билдирги”миз нусҳаси ва буюртма хатларининг почта квитанциялари нусҳаси  илова қилинади).

Шунингдек,биз ўз “Билдирги”мизда ҳукумат идораси ва қонун органлари вакилларидан норозилик намойиши жараёнларида биз,Чориевларнинг хавфсизлигини таъминлашларини сўраган эдик.

 

Ўзбекистон  Республикаси Конституциясининг 33-моддасида “Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар,йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар”,дейилган.

 

Биз Конституциямизда кўрсатилган ўз ҳуқуқларимиздан фойдаланган ҳолда Қашқадарё вилоят прокуратураси ходимларининг адолатсизликларига норозилик намойишларимиз орқали жавоб қилиш истагида эдик.

 

Ва қонун талабига кўра,биз маҳаллий ҳокимият вакилларини бўлажак намойиш хусусида  ўз вақтида хабардор этиб,фуқаролик бурчимизни ҳам бажариб қўйгандик.

 

Конституциямизнинг 33- моддасида “Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга” эканлиги қайд этилган.

 

Бироқ,Қашқадарё вилоят ҳокимияти бизнинг ёзма “Билдирги”мизга қайсидир мазмунда бирор бир жавоб қилишни лозим топмади.

 

Одатда халқимиз,“Сукут аломати – ризо” дейишади.

 

Шу боис,биз ҳокимият вакилларининг бу жимлигини розилик аломати,деб тушундик ва вилоят прокуратураси ходимларининг ҳақсизликларига қарши ўз эътирозларимизни норозилик намойишимиз орқали  ифода этиш мақсадида,3 июль куни соат тахминан 10.00 ларда вилоят прокуратураси биноси олдига етиб келдик.

 

Кейин билишимизча,Конституцияда кўрсатиб ўтилган ўз ҳуқуқларимиздан фойдаланишга интилганимиз учунгина биз Чориевлар оиласи аъзолари  Ўз.Рес. МЖтКнинг 201-моддаси,1- қисми билан айбланиш арафасида эканмиз.

 

Ҳурматли судья!

 

Бизни ЎзРес МЖтКнинг 201-моддаси,1- қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айблаш нотўғри,деб ҳисоблаймиз.

 

Тўғри,биз ўша куни норозилик намойиши ўтказишни режа қилган эдик. Бироқ,махсус жанговор тайёргарликдан ўтган 20 нафарга яқин ёлланган аёллар,шунингдек, ИИБ ва МХХ идораларининг фуқаро кийимидаги 6-7 нафарга яқин ходимлари  норозилик намойишини бошлашимизга монелик қилишди ва кутилмаганда бизга жисмоний куч ишлатиш натижасида бошлашга улгурмаганимиз норозилик намойишини бостиришга муваффақ бўлишди.

 

Ҳурматли судья!

 

Одатда,ҳар бир жиноят ёинки ҳуқуқбузарлик аломатларини далилловчи белгилари:исбот-далиллари бўлади.

 

Худди шу ўринда,энг биринчи  норозилик намойиши қай бир кўринишда намоён бўлади?

 

Норозилик намойишининг белгилари нималардан иборат,деган каби  саволларга жавоб топишимиз лозим бўлади:

 

Норозилик намойиши иштирокчилари асосан махсус овоз кўтаргичлар кўмагида ўз талаб ва шиорларини баланд пардаларда оммага ошкор қилиб бориш билан бирга,намойишчилар қўлида ўзларининг мақсадлари акс этган – шиор ва талаблари ёзилган плакатлар бўлади-ку,одатда.

 

Хўш,бизнинг қўлимизда юқорида айтилганларнинг қай бири бор:овоз кўтаргич орқали жамоатнинг тинчини бузган бўлмасак,   талабларимиз битилган плакатлар ашёвий далил сифатида қўлимиздан тортиб олинмаган  бўлмаса…

 

Одил судлов бизни қай бир далилий ашёга,ёҳуд фактга асосланиб Ўз.Рес. МЖтКнинг 201- моддаси,1- қисми билан айбдор деб топиши мумкин?

 

Ҳурматли судья!

 

Журналист  Малоҳат Эшонқулова жуда тўғри ифодалади:биз ҳуқуқбузарлар эмас,қонун идораларидан ва улар томонидан махсус ёлланган аёллардан жабр чеккан жабрдийлалармиз.

 

3 июль куни биз,Чориевлар хонадони вакиллари ҳали вилоят прокуратураси биноси олдига келиб,нафаст ростлашга улгурмасимизданоқ,тўсатдан  МХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ёлланган,махсус жанговор тайёргарлик сабоғини олган тахминан  20 га яқин нотаниш  аёллар ва фуқаро кийимидаги (МХХ ёки ИИБ жиноят қидирув бўлимининг ходимлари)  келиб,бизнинг намойиш ўтказишимизга қаршилик қилиб,жанжал уюштиришди.

 

Улар бизни роса дўппослашди. Фуқаро кийимидаги орган ходимлари эса бизни “талончи” қиёфасида тунашди:қўл телефонларимиз,тилло зиракларимиз,сумкаларимизни олиб қўйишди.

 

Жанг санъатидан хабардор махсус ёлланган аёллар ва фуқаро кийимидаги орган ходимлари  ушбу ҳаракатлари билан бизнинг,Ўзбекистон Республикаси  Конституциясининг 20-,33-,48- моддаларида кафолатланган ҳуқуқларимизни қўпол равишда паймол қилди.

 

Бизнинг мақсадимиз қонунбузарликларга қарши тинч намойиш ўтказиш эди. Махсус ёлланган жангари аёллар тинч йўл билан норозилик намойиши ўтказишимизга қаршилик қилишди.

 

ИИБ ходимлари эса,бизни жангарилик мактабини кўрган махсус ёлланган аёллар ҳужумидан ҳимоя қилмади. Натижада биз уларнинг беаёв калтаклари оқибатида турли даражадаги тан жароҳатларини олдик.

 

Шунингдек,6-7 нафар фуқаро кийимидаги орган ходимлари томонидан шахсий буюмларимиз,телефонларимиз,сумкаларимиз куч ишлатиш йўли билан олиб қўйилди.  Икки киши тилло тақинчоғи – зирагидан айрилди.

 

Яъни,бизга нисбатан босқинчилик жинояти содир этилди.

 

Аслида,биз ўтказажак норозилик намойишининг махсус жангавор тайёргарлик кўрган  ёлланган шантажчи аёлларга ҳеч қандай дахли йўқ бўлиб,биз уларнинг ҳуқуқларини бузган эмасмиз.

 

Ушбу жанжал ва талончиликдан  ёлланган жангари аёллар шахсан мутлақо манфаатдор эмаслар.

 

Аксинча,жанжал чиқариш ортидан куч ишлатишдан,талончилик қилишдан асосан жангари аёлларни ёллаган МХХ,ИИБ ва прокуратура идораларининг мансабдор шахслари манфаатдор бўлиб,юқорида номлари санаб ўтилган қонун идораларининг масъул мансабдор шахслари  ўзларининг Ҳасан Чориевга нисбатан содир этган қонунбузарликларини яшириш,ҳаспўшлаш,ёпиғлиғ қозонни ёпиғлигича қолдириш мақсадида атай қасддан уюштиришган.

 

Жангавор тайёргарликдан ўтган ёлланган тахминан 20 нафарга яқин аёллар ва фуқаро кийимидаги 6-7 нафар орган ходимларининг юқоридаги каби  ҳаракатлари ЎзР Конституциясининг 14-,15-,18-,19-,20-,25-,33-,48- моддалари талабларига зид бўлиб,ЎзР Жиноят Кодексининг 14- моддасига асосан жиноят ҳисобланади.

 

Шу сабабли,Конституциянинг 43-,44- моддаларига,“Прокуратура тўғрисидаги” Қонуннинг 7- ва Жиноят Процессуал Кодексининг 321-331-моддаларига асосан,қуйидаги талабларимизни Сизга тақдим этиб,бизни ёлланган жангари аёлларнинг асоссиз ҳужумидан ҳимоя қилишингизни,уларнинг шахсини аниқлаб,уларга нисбатан ЎзЖКнинг 141-,144- ва 104- моддалари бўйича жиноий иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқаришингизни ва ажрим нусҳасини бизга беришингизни  сўраймиз.

 

Шунингдек,профилактика нозирининг баённомаси ноқонуний бўлиб, ундаги ёзилган маълумотлар ҳақиқатга зиддир.

 

Профилактика нозирлари ва умуман ИИБ ходимлари шу кунгача қонун доирасидан ташқарида,чунки Ўзбекистон Республикасида шу кунга қадар “Милиция тўғрисида Қонун”  қабул қилинмаган.

 

Шу сабабли,профилактика инспекторининг баённомасини бекор қилиб,унга нисбатан ЎзЖКнинг 209-,229- моддалари бўйича жиноят иши қўзғатиш хусусида ажрим чиқаришингизни сўраймиз.

 

Тинч намойиш ўтказишимизни тўхтатиш мақсадида ёлланган жангари аёллар ва фуқаро формасидаги орган ходимлари томонидан бизга қасддан талончилик  уюштирганликлари ва талончи,зўравонлар ҳужумидан бизни ҳимоя қилмаганликлари учун  Қарши шаҳар ИИБ бошлиғи  ва масъул мансабдор шахсларга нисбатан ЎзЖКнинг 141-,144-,205,208-,2041-,2042 – моддалари бўйича жиноят иши қўзғатиш борасида ажрим чиқаришингизни  сўраймиз.

 

Ҳурматли судья!

 

Айни дамда биз вилоят ҳокимлигидаги масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлиги,ўз вазифаларига совуққонлиги оқибатида “Билдирги”мизга жавоб олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдик.

 

Натижада эса,ҳуқуқбузарликда айбланиш арафасидамиз.

 

Айнан вилоят ҳокимлигидаги масъул мансабдор шахсларнинг ўз вазифаларига лоқайдлиги сабаб,3 июль куни норозилик намойиши ўтказиш имкониятидан маҳрум этилдик.

 

Ҳурматли судья!

 

Биз вилоят ҳокимиятига ва турли идора раҳбарларига етказган ўз “Билдирги”мизда то адолат қарор топмагунига қадар,71 ёшли отамиз Ҳасан Чориевнинг паймол бўлган ҳуқуқлари тикланмагунига қадар норозилик намойишини тўхтатмаслигимизни маълум қилганмиз.

 

Шу боис,норозилик намойиши ўтказиш борасидаги ушбу уринишимиздан бирор бир натижа чиқмадими,демак биз отамизнинг ҳимояси учун роппа-роса 20 кундан кейин – 26 июль куни вилоят ҳокимияти мутасаддиларини огоҳлантирган ҳолда Конституциямизнинг 33-моддасида белгилаб қўйилган ҳуқуқларимиздан фойдаланиш ҳоҳиши ўлароқ,навбатдаги норозилик намойишини  ўтказиш истагидамиз.

 

Ҳурматли судья!

 

Фуқароларнинг мурожаатлари” тўғрисидаги Қонун талабларига риоя этмасдан,намойишга чиқиш истагидаги бизнингдек фаол фуқароларнинг “Билдирги”ларига ўз вақтида тегишли тартибда жавоб беришда сусткашлик ва бепарволикка йўл қўйганликлари учун вилоят ҳокимиятининг лоқайд масъул мансабдорларини қонунга итоат қилишга ургатиш,ўз вазифаларига виждонан ёндашишларида сабоқ бериш мақсадида,Қашқадарё вилоят ҳокими ва масъул мансабдор шахсларини хушёрликка чақириш борасида махсус ажрим чиқаришингизни сўраймиз.

 

Ҳурматли судья!

 

Қабул қилган қарорларингиз ва ушбу шикоятимиз юзасидан  қабул қилган суд ажримларингиз нусҳасини бизга  беришингизни сўраймиз ва адолатли қарор чиқаришингизга умид қилиб қоламиз.

 

Деб,шикоят ёзувчилар:

 

1) Чориева Зулайҳо,

 

2) Чориева Зулфия,

 

3) Чориев Бекзод,

 

4) Маллаева Шоҳиста,

 

5) Расулова Парида

 

 

2013 йил,6 июль.

 

http://birdamlik.info/?p=29369#more-29369

 

 Posted by at 11:32