Jun 292013
 

 

М У Р О Ж А А Т

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат ЭШОНҚУЛОВАнинг дунё ҳамжамиятига,БМТга,инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ жамики Халқаро ташкилотларга,  барча оммавий ахборот  воситаларига,Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган элчихона ходимларга

 

М У Р О Ж А А Т И

Мухолифат сафида бўлганлигим ва мустақил журналист сифатидаги фаолиятим сабаб болаларимнинг ҳаёти хавф остида

Шаҳрисабзда истиқомат қилувчи 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг ўз уйидан икки нафар ички ишлар формасидаги ходамлар томонидан ўғирланиши ва ҳамон бедарак қолаётганлиги сабаб менинг –“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулованинг сафари кўпайган эди.

Ҳасан ота “йўқолиб” қолган  ўша кундан бошлаб,яъни 17 июндан 18 июнга ўтар кечаси Қашқадарё сафарига отлангандим.

Бирдамлик” етакчиси сифатидагина эмас,мустақил журналист тариқасида 71 ёшли отахоннинг бедарак кетганлиги юзасидан журналист суриштирувини олиб бориш учун бир неча кун Қашқадарёда қолиб кетишимга тўғри келди.

Турмуш ўртоғим  Самарқандда бўлганлиги сабабли 2 нафар қизимни уйда ёлғиз қолдиришимга тўғри келди.

Мен тележурналист сифатида ҳам кўплаб ижодий сафарларда бўлганман. Шу сабаб қизларимни болалигидан мустақилликка ўргатганман. Улар ҳам ўзим каби қўрқув нималигини билишмасди.

Бироқ,мен Ҳасан отага давлат томонидан тайинланган Убайдулло исмли адвокатни “қувлаб” 22 июнь куни Тошкентга қайтишга мажбур бўлгандим.

24 июнь –  душанба куни эса “Альянс” инсон ҳуқуқлари етакчиси Елена Урлаева билан “Кўк сарой” қаршисида ҳамон бедарак қолаётган Ҳасан Чориевнинг тақдирига аниқлик киритишларини талаб қилиб пикет ўтказишга қарор қилгандик.

Пикет ўтказиш истаги ички ишлар ходимлари томонидан барбод бўлганидан хабарингиз бор.

Қўлимиздан келган ягона юмуш ўша куни ИИБ ходимларига “Тушунтириш хати” ёзиб бериш орқали кечки соат 20.00 ларда улар чангалидан “беталафот” халос бўлиб, уйга қайтишга эришиш бўлганди,холос.

Мен ўша 24 июнь куни ярим тунда яна Қашқадарёга қараб йўл олдим. Манзилга етгач, эртасига, 25 июнь куни адашмасам,соат 10.00 ларга яқин қўл телефоним жиринглади. Сим қоққан киши ўзини ички ишлар ходими Шуҳрат деб таништирди.

У менга “Опа, кеча ёзган тилхатингизни жудаям хунук,тушунарсиз,товуқ титгандек қилиб ёзибсиз. Умуман қўлёзмангизни ўқишнинг имкони бўлмаяпти. Шу сабаб зудлик билан кеча келтирилган манзилга етиб келиб,қайтадан тушунтириш хати ёзиб берсангиз” деган мазмунда гап қилди.

Нотаниш ИИБ ходимига,“Жоним билан борардим. Аммо ҳоҳласам ҳам бора олмайман. Ҳозир мен узоқда,Қашқадарёдаман”,деб жавоб қилдим. Ўзини Шуҳрат деб таништирган ИИБ ходими узр сўраб,кўшакни қўйди.

Доимий кузатувдалигим сабабли,уй ва мобил телефонимдаги сўзлашувлар ҳамиша тегишли идора ходимлари томонидан узлуксиз эшитилишини жуда яхши биламан. Қолаверса,ўзим ҳам ўз оғзим билан Қашқадарёда эканлигим ҳақида ИИБ ходимларини ўзини Шуҳрат деб таништирган шахс билан телефон орқали бўлган суҳбатда ўзим истамаган ва билмаган ҳолда огоҳлантириб қўйгандим.

Менинг уйда йўқлигимдан хабар топган куч ишлатар тизимлари ходимлари жасур қизларимнинг юрагига қўрқув солишга аҳд қилган кўринади.

Шу йили лицейни тамомлаган 19 ёшли қизим Зарнигор уйимиз биқинидаги бир савдо дўконига иккинчи сменага ишга кирганди. Кунузи, асосан, тушликка қадар битирув имтиҳонлари борлиги сабаб,иккинчи сменада ишлашга қарор қилган қизимнинг иш вақти асосан тунги соат 23.00 ларда тугарди.

Уни кечаси бир бекат чиқадиган масофадан ҳар куни асосан ўзим кузатиб келардим.

Уйда йўқлигим сабаб 24 июнь куни кечаси Зарнигорни кузатиш имкониятидан маҳрум эканлигимдан хабар топган махфий “идора” ходимларидан икки нафар барзанги тунги соат 23.00 ларда ишдан қайтаётган Зарнигорнинг изидан тушишган.

Зийрак эмасми,хавфни сезган қизим дарҳол ортига,ишонасига қайтган ва ҳамкасб йигитларидан уйгача кузатиб қўйишни илтимос қилган.

Икки нафар фуқаро кийимидаги барзанги одамлар икки ҳамкасби ҳамроҳлигида уйга қайтаётган қизимни таъқиб қилишларини тўхтатмаган. Аксинча,биз истиқомат қилаётган уйнинг подъездига қадар уларнинг ортидан изма-из келишган.

– Бирга ишлайдиган болаларнинг бири пастда қолди,иккинчиси эса мени 5 қаватга,эшигимизнинг тагигача кузатиб қўйиб,эшик очилиб,мен уйга киргачгина ортига қайтди,–дея  гап бошлади Зарнигор,–Бу пайтда соат 23.30 лар чамаси эди. Орадан бир соатлар вақт ўтгач,тахминан соат тунги ўн икки яримларда  уйимиз эшиги қаттиқ таққиллади. “Глазок”дан қарасам,эшик олдида  ўша,ишхонамдан  то уйга қадар  таъқиб қилиб келган граждан кийимидаги иккита барзанги одам турибди.

Қўрққанимиздан эшикни очмадик,нафасимизни ҳам чиқармадик. Чўчитмаслик учун сизгаям қўнғироқ қилмадик. Эшик ортидаги одамлар очмаганимиз сайин темир эшикни тарақлатиб роса уришди,борган сари қаттиқроқ таққиллатишди. Очавермаганимиздан кейин,  ярим соатлар кутгач,ниҳоят,изларига қайтиб кетишга мажбур бўлишди,  – деди ваҳима билан катта қизим.

– Маст уйқуда эканмиз,тонгги соат 6.00 га яқин   эшигимизнинг қаттиқ тақиллашидан уйғониб кетдик. “Сутчилар бўлса керак?” деган хаёлда секингина эшик “глазогидан” қараган Зарнигор менга “Жим!” дегандек бармоғини лабига босди,–опасининг сўзларини давом эттирди кичик қизим,–Зарнигорнинг айтишича,тонг саҳардан келиб,эшигимизни зарб билан ураётганлар кеча тунда Зарнигорни таъқиб қилиб келган иккита барзанги йигит экан.

Биз улардан қўрқиб,ўз уйимизда ўғрилардек ярим соатлар чамаси нафас чиқармай,беркиниб ўтирдик.

Эшикни очмаганимиздан кейин,чақирилмаган “меҳмон”лар қўшни кампирнинг эшигини қоқишди. Қўшни кампир чиққанди,унга саноқсиз саволлар беришди.

Тонгги “босқинчи”лар қўшни кампирни “Қўшниларингиз кимлигини биласизми? Бу оилада неча киши яшайди? Бу уйда яшайдиган аёлнинг турмуш ўртоғи борми? Бўлса қаерда? Бу уй ўзлариникими,ё ижарада туришадими?  Бу уйда яшайдиган аёл ҳозир уйидами? Уни охирги марта қачон кўргандингиз? Нечта боласи бор? Ҳозир уйида одам бор ё йўқлигини билмайсизми?” деган каби саволларга кўмиб ташлашди.

Барзанги одамларнинг саволлариниям,қўшнимизнинг жавоблариниям ичкарида,эшик тагида унимизни чиқармасдан эшитиб ўтирдик.

Ниҳоят улар яна ортларига қайтиб кетишди.

– Мен ўша фуқаро формасидаги икки нотаниш эркак кишиларнинг милиция ходимлари эканлигини кейин,эртасига ишга борганимда билдим,–ҳайрат билан гапирди Зарнигор,–Ишхонага борсам,кечаси илтимосимга кўра мени уйга кузатиб қўйган ҳамкасб икки боланинг ранги оқариб ўтирибди. “Тинчликми?” деб сўрасам,“Нима,сенинг отанг,ё онанг бирор бир жиноятга аралашиб қолишганми? Нима учун ярим тунда эшикларингни ментлар кузатиб ўтиришибди?” дейишди,ҳайрон бўлишди.  Ҳамкасбларимнинг гапларига қараганда,тунда мени кузатиб ортларига қайтаётган икки болани фуқаро кийимидаги одамлар уйимиз ҳовлисида қуршаб олишган ва уларни саҳал нарида турган матиз русмли “милиция” деб ёзилган машиналари олдига олиб бориб,сўроққа тутишган. Ниҳоят қизимни кечаси уйга кузатиб қўйган болалар “Кечаси изингдан тушганлар ментлар экан. Улар бизни милиция машинасининг ёнига олиб бориб,роса тергов қилишди. Кейин зўрға кетишимизга рухсат беришди. Уларнинг қўлидан зўрға қутилдик. Бундан кейин “Мени кечаси уйимга кузатиб қўйинглар” деб бошимизни оғритма,балога қолишни истамаймиз” дейишибди. Ўша одамлар ҳоҳлаган пайтларида қайтиб келиб,бизни қўрқитишлари мумкин,–хавотир билан сўзига якун ясади қизим.

Ўша воқеадан кейин “Аяжон,Қашқадарёдан  тезроқ қайтмасангиз бўлмайди. Бизни ҳимоя қиладиган одам йўқ” дея зорланган кичик қизимнинг ваҳимали қўнғироғидан кейин уйга қанот қоқиб учиб келишга мажбур бўлдим.

Ярим тунда эшик қоқиб қизларимнинг ўтакасини ёрган,тонг саҳарда яна зарб билан уйим эшигини урганлар ким бўлиши мумкин?  Бу кимсалар қай бир ички ишлар идорасининг штатида туришаркин?

Иш соатида эмас,ярим кечаси,алламаҳалда бировларнинг уйига бостириб келишга,энг аянчлиси,ёш қизимни тунда таъқиб қилишга уларга ким “фатво” бердийкин?

Уларнинг мақсадлари не? Муддаолари нима?

Ички ишлар ходимларининг бунингдек босқинчилигидан кимга дод дейишим керак энди? Оила аъзоларимнинг,ёш қизларимнинг танобини тортиб қўйиш мақсадида таъқиб қилишга изин берган ўша ички ишлар идораларининг раҳбарларигами? Буюртмачиларнинг ўзларига бунингдек бедодликдан арз қилиб боришим керакми?

Ҳаҳ,нимаям дейишарди-я,“Отангни қози ўлдирса,арзингни кимга айтасан” деган гаплар бормиди?

Хўш,менчи,энди мен арзимни кимга айтаман?!

Фикру ожизимча,мабодо юқоридан,бошлиқларидан имо бўлмаса,фуқаро кийимидаги икки нафар милиция ходимига (адашмасам,жиноят қидирув бўлимининг “йигит”лари) ярим тунда қизимнинг ортидан овчининг  итидек изғиш,ёинки   уйқуларини харом қилиб кечаси-ю тонг саҳарда очилмаган эшигим тагида садоқатли исковуч  кучукдек ясавуллик қилиш зарур кептими?

Бунингдек вазиятда ИИБ ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан уларнинг АМИРларига арз қилиш бефойда. Бу қўзичоқни ўз ихтиёрим билан бўрилар галасига топширишдек бир гап…

Шу сабаб ҳам мен ёш қизларимнинг хавфсизлик масаласида дунё ҳамжамиятига мурожаат қилишга аҳд қилдим:

Мухолифат сафида бўлганлигим учун ҳам,мустақил журналист сифатидаги фаолиятим сабабли ҳам нафақат ўзимнинг,балки ёш болаларимнинг ҳам ҳаёти айни дамда хавф остида қолмоқда.

Мен барча инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилувчи Халқаро ташкилотлардан, дунё ҳамжамиятидан болаларим учун ҳимоя сўрайман.

Ўғил учун отадан қасд олишганлари каби,эртага она учун қизларини бадном қилишдан ҳам тойишмайди булар.  Қўлларидан дунёнинг барча қабихликлари келишига аминман.

Мабодо қизларимга бирор кор ҳол бўлгудек бўлса,шуни билинг ва амин бўлингки,бунда сўзсиз Ҳукуматнинг куч ишлатар тизимлари ходимларининг қўли бўлади.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

http://birdamlik.info/?p=29184#more-29184