Jun 152013
 

 

Сўнгги янгиланиш 14 июн 2013 – 13:04 GMT

Қудрат ижтимоий-сиёсий мақолалари билан яхши танилган

Таниқли журналист Қудрат Бобожон bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Қудрат Бобожон 1965 йили Урганч шаҳрида туғилган.

1989 йили Ўзбекистон Миллий Университети (ТошДУнинг) Журналистика факултетини тамомлаган.

Қудрат Бобожон эркин матбуот фаолиятини Тошкентда Журналистика факультетида таҳсил олиб юрган йиллари бошлаган.

Ўзбекистонда ташкил қилинган “Сайёр журналистика мактаби” асосчиларидан бири ҳисобланади.

Хоразмда ташкил этилган илк мустақил телевидение Эй-Эл-Сига бош муҳаррирлик қилган.

Ушбу телевидение 1999 йилда ҳукумат томонидан ёпилган эди.

Қудрат Бобожон 1986 йил Қозоғистонда Коммунистик партия раҳбари ўзгаришига қарши Олма-Отада юз берган туғён асосида “Олмаота воқеалари ёки ҳаракатчан дарахтлар” мақоласи билан шуҳрат қозонганди.

Мазкур мақола учун Қудрат Бобожон ўша пайтда комсомоллар сафидан ҳайдалган эди.

Журналист шунингдек 1988 йилда норасмий “Эркин сўз” рўзномасини чоп этишга бош қўшган.

Узоқ йиллар давомида турли мустақил ва халқаро матбуот воситалари, жумладан Би-би-си ва “Озодлик” радиолари билан ҳамкорлик қилган.

2005 йил майида Андижонда юз берган қонли ҳодисалардан кўп ўтмай Ўзбекистонни тарк этган.

Швецияда бошпана олган Қудрат Бобожон ҳозирда турли мустақил нашрияларга мақолалар ёзади.

2008 йили Швециянинг SR Västernorrland миллий радиоси билан ҳамкорлик қилган.

“Bakom kulisserna med Kudrat Babadjanov” (Парда ортида Қудрат Бобожонов билан) туркуми муаллифи.


Ўктам Ризаев, Хўжанд:Сўз эркинлиги деганда нимани тушунасиз ё бу сўзларни қандай шарҳлайсиз?

Қудрат Бобожон: Шахсан мен учун сўз эркинлиги – ёпиқ ҳақиқатларни очиш учун жамиятда бораётган кураш мазмунини англатади. Айни пайтда эса, бу фақат менинг, – журналистларнингина имтиёзи эмас, унга ҳар бир инсон ҳақли.

Ўктам Ризаев, Хўжанд:Мана сиз ғарбда яшайсиз, Ўрта Осиё ва ғарб журналистлари ўртасида қандай фарқ бор?

Қудрат Бобожон: Менимча, назарий жиҳатдан Ўрта Осиё ва ғарб журналистикаси ўртасида кескин бир фарқ бўлмаса керак, фақат ёмон, саводсиз журналистика ва мукаммал журналистика ўртасидагина фарқ бўлиши мумкин. Касб сифатида журналистика жуда универсал соҳа, агар унга мажбуран киритилмаса сиёсат, миллат, дин, ирқий фарқларни танламайди. Бошқа томондан қарасак, бирёқлама номукаммал журналистика ривожини биз Ўрта Осиёда кўпроқ кўрамиз, ғарбда эса мукаммалликка интилиш бор, чунки бусиз ғарбда журналистнинг нон топиши қийин бўлади.

Камолиддин Йўлдош, Истанбул: Бугунги журналистикадаги, хусусан, ўзбек журналистикасидаги қайси муаммоларни энг асосий ҳисоблайсиз? Ва уларнинг ечими, сизнингча, нимадан иборат?

Қудрат Бобожон: Ўзбек журналистикасининг асосий муаммоси, менимча, Ўзбекистонда сўз эркинлигининг йўқлиги, мамлакат ичидан ахборот олишнинг қийинлигидир. Кўп нашрлар, таҳлилсиз, фақат аноним манбаларга суянган ҳолда, тасдиқланмаган ахборотларни етказишади. Чунки, бундай мустабид режим шароитида уларни тасдиқлашнинг ҳам имкони йўқ даражада. Бошқа бир авж олган иллат – журналистика кўринишидаги маддоҳлик, мен буни журналистика деб атамаган ҳам бўлардим. ОАВ фақат ҳукуматни мақтайдиган, кўчада сурат олган одамни милиция олиб кетиши мумкин бўлган мамлакатда сўз ва фикр эркинлиги борасида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мен юқоридаги бошқа бир саволга дунёда фақат ёмон ва яхши журналистика бор деб жавоб бердим, агар сиз ичкаридан бирор ахборот ололмасдан, фақат ўз фикрларингиз асосида материал тайёрлар экансиз – бу фақат ёмон журналистикага мисол бўлиши мумкин.

Ҳожиаҳмад, Тошкент: Ассалому алайкум Қудрат ака! Ўзбекистондаги ТВ, Радио, Матбуотга қарасангиз, бир хиллик. Фақат ва фақат мақтов ва мақтов. Очиғи зерикасан киши. Айтингчи, бунга Журналист маҳорати етишмаётганими ёки бирор қўрқинч сабабми?

Қудрат Бобожон: Қўрқув ва маҳоратсизликдан ташқари Ўзбекистонда бундай зерикарли, маддоҳликдан иборат журналистиканинг юксалишида албатта цензура институтларининг ҳиссаси жуда катта. Бугунги кунда уларнинг сони кўп, биргина Вазирлар маҳкамаси қошидаги мувофиқлаштирувчи кенгашга йигирмадан зиёд цензура идораси кирганини эслайман. Бевосита матбуотни назорат қилувчи цензура институтлари ҳозир асосан учта: ЎзААА – Ўзбек алоқа ва ахборот агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ахборот департаменти, ундан ташқари матбуот қўмитаси бор. Тасаввур қилинг, шунча чиғириқдан ўтказилган матбуот қанчалик сийқа, афтода ва зерикарли ҳолга келишини.

Алмаз: Оммавий Ахборот Воситаларида давлатнинг ва давлатда Оммавий Ахборот воситаларининг ўрни қандай бўлиши керак? Ҳозирги кунда дунёда эркин матбуот мавжудми?

Қудрат Бобожон: Кучли жамият бор мамлакатда давлатнинг вазифалари ҳокимиятни назорат қилувчи шохобчаларга бўлинади, шубҳасиз, ОАВ ҳам ҳокимиятни мустақил назорат қилувчи шохобча саналади. Фикримга аниқлик киритмоқчиман, матбуот ҳокимияти дейиладиган ҳокимиятнинг эгаси, муҳаррир ҳам унинг устидаги раҳбарлар ҳам эмас, соҳани ёритаётган оддий журналист бўлиши керак. Иккинчи саволингизга эса мен, албатта, ҳозирги кунда эркин матбуот мавжуд, деб айтган бўлардим, чунки агар шундай эркин матбуот бўлмаганида менинг сизга бераётган бу жавобларимни эшитмаган бўлардингиз.

Мустафо, Истанбул: Қудрат ака, Эсимда бор сиз пахтага олиб борилган, ҳам ичиш мумкин бўлмаган сувларни ичаётган болаларни охирги марта кўрсатгансиз. Эй-Эл-Си телеканалини ёпилишида давлат қандай сабабларни кўрсатган?

Қудрат Бобожон: 1999 йили ёпилиши олдидан Урганчлаги Эй-Эл-Си мустақил телевидениесига қўйилган айблар Ўзбекистондаги цензуранинг классик моҳиятини фош қилган эди ўшанда, албатта улар фақат сув муаммоси ёритилган материал билан чекланишмаган. Бизни ёпган Вазирлар Маҳкамасининг идораси бизга бир неча банддан иборат айб қўйган, шунинг асосийси “Журналистлар нуқтаи назарининг давлат нуқтаи назаридан” фарқлилиги деб кўрсатилганди.

Полвон Жумми: “Осмон порохот”,”Бамбр Шоу” ва “Дигиржак” деган дастурлар тарихини гапириб берсангиз.

Қудрат Бобожон: Бу кўрсатувлар, адашмасам, 1997-99 йилларда Хоразмда жуда оммабоб кўнгилочар кўрсатувларга айланганди. Аввалига, унча жиддий қаралмагани учун “прайм тайм” бўлмаган, яъни унча томошабин йиғилмайдиган кундузги вақтларга мўлжалланган бу жонли мусиқий кўрсатувлар андазасини биз ўша йиллари урф бўлган форматсиз FM радиоканаллари ток шоу дастурларидан олганмиз. Фарқи биз жонли телевизион эфирда томошабинлар билан алоқага чиқар, уларнинг мусиқали саломларини, ёки дарди ҳасратларини бошқа томошабинларга етказишга ҳаракат қилардик. Акам Шуҳрат Бобожон асли санъат устаси, рассом бўлгани учун ҳам бу кўрсатувлар ўзгача бир тароват касб этганди. “Бамбр шоу” 3 соат давом этар ва ҳеч ким негадир зерикмасди.


Полвон Жумми: Яна биор савол. Сиз ëзган “Хоразм тарафдан эсди шамоллар” деган шеърингиз Рауф Парфи сўзбошиси билан газетада чиққан эди. 1983 йилда. Нега шеър ëзмай қўйдингиз?

Қудрат Бобожон: Бу жуда оғир савол. Бу шеърлар мен армияга кетганимдан сўнг, раҳматли узтозимиз Рауф Парфи менинг бир туркум шеърларимни таҳрир қилган, мен уларни Рауф аканинг қўлёзмаси ҳолида армияда ўқиганимда ҳаяжондан кўзларимга ёш келганди. Армиядан қайтган устоз билан кўп яқин бўлдик, у ўша пайтларда бошланган жабҳани, халқ ҳаракатларини кўп қўллаб қувватлар эди. Журналистика факультетидаги, эрксевар болтиқбўйи шоирлари билан учрашувлар ҳам унинг иштирокисиз ўтмасди. Мен устозга “шеър ёзмай қўйдим” деганимда, у киши “Ҳозир шеър ёзадиган пайт эмас” деган эди… биз ўша пайтларда Ўзбекистон мустақиллиги учун курашаётган эдик.

Саидазим, Берлин: Ҳурматли Қудрат Бобожон ака, Сиз ўзингизни либерал-демократ санайсизми? Модомики шундай бўлсангиз, сиз бир жинсли никоҳга қандай қарайсиз?

Қудрат Бобожон: Мен ўзимни либерал демократ ҳисоблайман, бир жинсли никоҳ албатта бунга рози бўлган томонларнинг шахсий иши деб ҳисоблайман. Уларга қарши ҳам, тарафдор ҳам эмасман.

Тўлқин Қораев, Швеция: Мен сизга қуйидаги мавмунда саволим бор: Ўзбекистон келажаги ҳақида нима дея оласиз? Айниқса, Ватаннинг эртаси учун ўзини сафарбар қила оладиган курашчан ўзбекларимиз деярлик йўқ даражасида ва мана шу аҳволда фуқаронинг фундаментал ҳуқуқлари таъминланадиган эркин бир жамиятни барпо этиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, у қанча вақт талаб қилади деб ўйлайсиз?

Қудрат Бобожон: Мен бугун Ўзбекистон келажаги ҳақида башорат қилишга қодир билимдон эмасман, албатта. Ўзбекистон истиқболининг ёмон бўлиши ёки яхши бўлиши мен билмайдиган кўп нарсаларга боғлиқ. Бугунги кунда биз мамлакатдан ташқарида яшаяпмиз. Баъзан унинг оғриқларини ўз танамизда сезмаймиз. Ноаниқ стериотиплардан фойдаланамиз. Лекин шу аҳволда ҳам Ўзбекистонда одамларнинг ҳуқуқлари учун курашаётган ўзбекларнинг йўқлиги ҳақидаги фикрингизга деярли қўшилмайман, масалан синглингиз Гулшанни олайлик. У курашаяпти-ку! Балки шундайлар ўнтадир, юзтадир… Бунинг ҳам аҳамияти катта.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/interactivity/2013/06/130610_talkingpoint_qudrat_babajan.shtml