Jun 152013
 

 

Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларида мактабга ота-оналар йиғилишига борганимизда ўқитувчилар айтган эдиларки,-“2-3 йил сал ўнгланиб олгунимизча сизларнинг моддий кўмагингизга муҳтожмиз”,-деган эдилар. Лекин мана Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери 22 йил ўтибди ҳамки, мактабларда мажбурий йиғимлар кўпайса-кўпайдики асло камаймади.

 

 

Ўзбекистонда болалар 6,7 ёшдан 1-синфларга қабул қилинадилар.

 

 Ўзбекистонда бепул мажбурий  таълим 9 йил, булар 1-4 синфлар бошланғич синфлар, 5-9 синфлар эса ўрта мактабнинг юқори синфлари ҳисобланадилар. 9 синфни битирганидан сўнг эса академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 3 йил таълим оладилар. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини топшириб етарли баллни тўплаганларидан сўнг олий маълумот олишга эришадилар.

 

 

Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилинади.Мактаб территориясидаги ариқлар, майдончаларни тозалаш ишлари, ҳар хил шанбаликлар бўлиб туради.Ўқувчиларни баҳорда пахта чопиғи,яганаси,  кузда эса пахта йиғим-теримига  мажбуран  олиб чиқилади. Ўзбекистон мактабларида мажбурий йиғимлар мавжуд.Синф фонди, синф ремонти, мактаб фонди деб ҳар хил йўллар билан ўқувчилардан мажбуран пул йиғиб олинади.

 

 

Ўзбекистонда яшаган пайтимда порахўрлик, коррупциянинг юқорилиги, айниқса таълим системасидаги порахўрликлар, мажбурий йиғимлар, болалар меҳнати, мажбурий меҳнат  кўпчилик қатори мени ҳам ташвишлантирарди. Совет давридаги мажбурий меҳнат, болалар меҳнатининг мустақиллик даврида Ўзбекистонда авж олиб кетиши “Ўзбек жамиятининг келажаги нима бўлади?”,- деган саволни ўртага чиқарарди.

 

 

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин аҳолининг кўпчилик қисмининг қашшоқлашиши натижасида, маориф системасида мажбурий йиғимларнинг кўпайиши натижасида, порахўрлик ва коррупциянинг  янада авж олиши натижасида , қолаверса ислом динининг  салбий таъсири натижасида мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабаларининг билим сифати пасайиб кетиши Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кучли салбий таъсир қила бошлади.

 

 

Ирландия мактабларида ҳам пул йиғиш бор экан, шу мени жуда ҳайрон қолдирди. Лекин Ўзбекистондагидан фарқли томони шуки, Ирландия мактабларида ўқувчилар ўқув йили бошланишида 1 йилда 1 марта    мактаб харажатлари учун €130-150 атрофида пул тўлайдилар ва бу харажатлар нималардан иборат эканлигидан ҳар бир ўқувчи ва уларнинг ота-оналари хабардор қилинади. Ҳар бир ўқувчига мактаб секретари пул тўлаганлигини тасдиқловчи  квитанция ёзиб, мактаб муҳрини босиб  беради. Бу харажатлар €95 кириш бадали(Admission Fee),

 

10 ўқувчининг кундалик журнали учун, €8 суғурта учун, €10 сканкард(Skancard), €20 дин дарси учун(Religion Education)[Изоҳ:Дин дарсларида динлар тўғрисида умумий маълумот берилади, бирорта динни мажбурлаб ўргатилмайди], €20 шкаф учун (бу шкаф ҳар бир ўқувчи учун алоҳида бўлади, китоб-дафтарларини ўша шкафга солиб калит билан қулфлаб кетади).

 

 

Мана шу икки ярим йил давомида  Ирландия мактабларида синфдошлари билан мактаб ҳовлисини тозалаганини ёки бошқа бирор ишга жалб қилингани тўғрисида ўғлимдан бирор марта ҳам эшитмадим.  Ирландияда қайси ташкилотда ишлашидан қатъий назар ҳар ким ўз вазифасини бажаради, мактабда фаррош бўлса ўзига ажратилган территорияни вақтида тозалаб, супуриб  қўяди ва ойлик маошини олади.

 

 

Ирландия мактабларида ўқувчиларни студент дейилади.

 

 Ирландия мактабларида таълим олиш 12 йил, ота-оналар болаларини 6 ёшдан мактабга берадилар.6 ёшдан 12 ёшгача бошланғич синф(Primary School) ҳисобланадилар, ўрта таълим ҳам 2 га бўлинади, 3 йил  ўрта мактабнинг қуйи синфлари (Junior Cycle)да таълим оладилар, 4- йили ўтиш йили(Transition Year).Ўтиш йилида студентлар олдинги синфларда ўрганган билимларини мустаҳкамлайдилар, кейинги 2 йилда бўладиган имтиҳонларга тайёрланадилар. 5-6- йиллар юқори синф(Senior Cycle) хисобланадилар. Бу охирги 2 йил асосан студентлар битириш имтиҳонларига тайёргарлик кўрадилар ва ўрта маълумот ҳақида аттестат (Leaving Certificate)га эга бўладилар. Ирландия мактабларида студентлар ўрта мактабнинг 5-6 йилида асосий фанлардан 6-7 тасини танлайдилар ва шу фанлардан давлат имтиҳони топширадилар, Бу имтиҳонлар Ирландия олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ҳисобланади. Имтиҳонда тўплаган баллари асосида Ирландиянинг институт ва университетларида ўқиш ҳуқуқига эга бўладилар. Ирландия олий ўқув юртларига 2013-2014 ўқув йили учун 2013 йилнинг январ ойида ариза (Аpplication) топширилади.  Студентлар 15- ноябрдан 1- февралгача ҳоҳлаган Ирландия  олий ўқув юртларининг 10 та факультетини танлайдилар, агар фикри ўзгариб қолса,1- майдан 1-июлгача факультетларини ўзгартириш ҳуқуқига эга.

 

Ирландияда битирув имтиҳонлари бошланиши олдидан март ойида студентларга  6 та рақамдан иборат имтиҳон рақами (Examination Number) берилган. Имтиҳон варағига  студент исм-фамилиясини эмас мана шу ўзига берилган рақамни ёзади, имтиҳон натижаларини текшираётганлар кимнинг ишини текшираётганини билмаган ҳолда текширадилар,яъни таниш-билишчиликка умуман йўл қўйилмайди.  

 

 

Ўзбекистон мактабларида  ўқувчилар давоматини ўқитувчилар белгилаб боради,ҳар бир фан ўқитувчиси дарсни бошлашидан олдин бирма-бир ўқувчиларнинг исм-фамилияси билан чақириб бор-йўқ қилиб белгилаб олади.

 

 

Ирландия мактабларида ўқувчилар давоматини сканкард орқали компьютерда мониторинг қилинади, яъни ҳар бир студент мактабга борган пайтида дарс бошланишидан 10 минут олдин сканкарди билан компьютердан ўтади. Сканкард-ҳар бир студентнинг сурати қўйилган карточка. Агар студент кечиккан бўлса ёки мактабга бормаган бўлса, мактабдаги масъул ходим студентнинг ота-онасига  қўл телефон орқали қисқа хабар(SMS) жўнатади.Бу орқали мактаб ҳам, ота-оналар ҳам ўқувчининг нима билан бандлигидан хабардор бўлади.

 

Агар ҳафта давомида студент дарсга  бирор кун  1 минутга кечикиб борган бўлса ҳам,  ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари дарслар тугагандан сўнг мактабда  1 соат қўшимча дарсга  қолар экан.

 

 

Олдинги мақолаларимдан хабарингиз бўлса, биз 2010 йилнинг 15 октябрида Ирландиянинг Дублин шаҳрига келиб жойлашган эдик. 2010 йилнинг 1 декабридан бошлаб 1995 йилда туғилган ўғлим Дублин шаҳридаги ўрта мактаб (Pobalscoil Rosmini Secondary School)га қатнаб ўқишини давом эттирди.Ўша пайтда ўғлим 15 ёшда эди, Ирландия мактабларидаги тартиб бўйича у ўтиш йили (Transition Year)да 1 йил давомида таълим олди. Ўтиш йилининг фойдали томони шу эканки, масалан чет эллардан келган ўқувчилар инглиз тилини яхшироқ ўрганиб олиши, Ирландия мактабларига мослашиб олиши учун яхши имконият экан.

 

 

 Ўзбекистон мактабларининг юқори синфларида ота-оналар йиғилишини синф раҳбари ташкил қилади ва олиб боради. Дейлик, бир синфда 25-30 ўқувчи бўлса,шунча ота-она билан бир пайтнинг ўзида биргина ўқитувчи мулоқот олиб боришига тўғри келади. Бунда ҳар бир ота-она ўз фарзандининг  фанлардан ўзлаштириши қанақа, хулқи,ўзини кўпчилик орасида тутиши қанақа каби саволларга жавоб олиш  имкони қийинроқ деб ўйлайман. Чунки битта ўқитувчи бир вақтнинг ичида ҳар бир бола тўғрисида маълумот бериб улгурмайди.

 

 

Мен сизлар билан ўртоқлашмоқчи бўлганим Ирландия мактабларида ўтказилган ота-оналар ва ўқитувчилар учрашуви [Ўзбекистонда “Ота-оналар йиғилиши”-дейилади, Ирландияда эса “Ўқитувчилар ва ота-оналар учрашуви” (Parents and teachers meeting) дейилар

 

 экан] тўғрисида.

 

 

 Ирландиянинг Дублин шаҳридаги ўғлим ўқийдиган мактабда бир ўқув йилида 1 марта “Ота-оналар ва ўқитувчилар учрашуви” ўтказилар экан. Мактаб томонидан ота-оналарга таклифнома хат жўнатилди, хатда  2013 йилнинг 14-мартида соат 16.15 дан 18. 45 гача “Ота-оналар ва ўқитувчилар учрашуви” бўлиб ўтиши кўрсатилган эди.

 

Ота-оналар шу вақт оралиғида мактабга бориб ўқитувчилар билан учрашиши мумкин. Ирландия мактабларида ота-оналар йиғилиши бошқача ташкил килинганининг гувоҳи бўлдим. Катта зал атрофи айлана стол- стул қўйилган, стол устидаги тахтачага ҳар бир ўқитувчининг исм-фамилияси ва қайси фандан дарс бериши ёзилган. Ота-оналарнинг қўлида ҳам ҳар бир фандан дарс берувчи ўқитувчининг исм-фамилияси ёзилган рўйхат бўлади. Қўлингиздаги рўйхатга қараб ўқитувчилар билан биттама-битта суҳбатлашасиз. Масалан олайлик, инглиз тили ўқитувчиси шу фандан фарзандимизнинг ўзлаштириши, хатолари ва камчиликларини айтди, синфда ўтказилган ёзма ишларини ҳам бизларга кўрсатди, хатоларини тузатиш учун ота-она ҳам кўпроқ эътибор бериши кераклигини ҳам айтиб ўтди. Ҳар бир фан ўқитувчиси ота-оналар билан учрашувга алоҳида тайёргарлик кўргани сезилиб турарди. Ҳар бир ўқувчининг ёзма ишлари, дарсларда ўтказилган тестларини алоҳида папкаларга солиб,ота-оналарга кўрсатишга тахт қилиб қўйган эдилар.

 


 

Мен маориф системаси бўйича мутахассис эмасман. Мен оддий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида Ўзбекистон ва Ирландия таълим, тарбия системасидаги яққол кўзга ташланган баъзи фарқларни санаб ўтдим. Ирландияга келишимда Ирландияда таълим, тарбия системаси қандай йўлга қўйилган экан деган кучли қизиқиш бор эди. Охирги 2.5 йил давомида Ирландиядаги таълим, тарбия системасининг Ўзбекистондагидан кескин фарқли жиҳатлари менга аён бўлди.

 

Ирландия таълим системасининг Ўзбекистондагидан энг ижобий томонлари менимча, Ирландия таълим системасида болалар меҳнатининг , мажбурий меҳнат, мажбурий йиғимларнинг, порахўрлик, коррупциянинг йўқлигидир.

 

Ўзбекистон таълим,тарбия системасига ҳам Ирландия таълим,тарбия системасининг ижобий томонларини тадбиқ қилинса яхши бўлади.  Шунда Ўзбекистонда ўқувчилар ҳам сифатли таълим, тарбия олган бўларди.

 

Сифатли таълим, тарбия эса Ўзбекистоннинг сифатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиши кафолати бўларди.

 


Ўзбекистон ва Ирландия тўғрисида баъзи статистик маълумотлар:

 


Ирландия аҳолиси 4.5 миллион атрофида,Ўзбекистон аҳолиси 30 миллион атрофида.

 

Transparency International  ташкилотининг дунё  бўйича коррупция даражаси тўғрисида тарқатган 2012 йилги маълумоти бўйича   Ирландия  176 давлат ичида 25 ўринда, Ўзбекистон эса  176 мамлакатдан 170 ўринда.

 

 Ирландия мактабларида 2013-2014 ўқув йилида  53,749 ўқувчи битириш имтиҳони топширяпти.

 

 Ўзбекистонда 2013-2014 ўқув йилида ўрта таълим мактабларини 533 минг 658 ўқувчи битирди. 

 


 

15– июнь. 2013 йил.

 


Саломатой Бойматова

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси.

 

Дублин. Ирландия.