Jun 122013
 

 

 Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиҳонасининг иккинчи котиби Антон Купер Наманганда, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси Носир Зокир ва ушбу ташкилотнинг вилоят бўлими раиси Зоҳиджон Зокировлар билан учрашди. Учрашувда АҚШ элчиҳонасининг сиёсий масалалар бўйича масъули Мамет Аскеров қатнашди.

 Антон Купер ушбу лавозимда иш бошлагандан бери илк маротаба Фарғона водийсига сафар қилаётганини, шу сабаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолларидан мустақиллик эълон қилингандан бошлаб то бугунгача бўлган вақт орасида бўлиб ўтган воқеалар ҳақида батафсилроқ гапириб беришни илтимос қилди.

 Носир Зокир сўнги 21 йил ичида бўлиб ўтган асосий воқеаларни ва бугунги фолиятлари ҳақида бир бошдан гапириб берди. А.Купер жаноблари хокимият тизимлари, қишлоқ ҳўжалиги ва бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш,демократик ўзгаришлар, Ўзбекистоннинг ён қўшнилари билан муносабати ҳамда инсон ҳуқуқлари муаммолари масалаларига кўпроқ қизиқди.З.Зокиров маориф сохасида инсон ҳуқуқлари бузилишлари ва ўзи олиб бораётган ишлар ҳақида гапирди.

 Носир Зокир хокимият тизимидаги коррупция ҳақида гапирар экан айнан мана шу иллат давлат тизимининг демократиялаштиришга тўсиқ бўлаётганини айтди ва бунга бир неча мисоллар келтирди.

 Купер одам савдосига оид муаммоларга ҳам эътибор қаратди. Бу ҳақда З.Зокиров бир неча суд жараёнларини кузатиб, шу кузатувлар асосида чиқарган ҳулосаларини гапириб берди.

 Учрашув бир соат давом этди

 

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича матбуот маркази.