May 302013
 

 

Нидерланд қироллиги туб аҳолиси ўз тарихини ўрганишга қизиқиши жуда катта. Шунингдек ўз урф-одатларини ҳам қадрлайдилар, анъаналарига эса жуда содиқ. Жумладан, ҳар бир меҳнат жамоасининг ҳам ўзига яраша анъанаси бор. Шунингдек, 50 нуфузли мен ишлаётган жамғарманинг ҳам . Ҳар йили ёз мавсуми бошланиши олдидан бутун жамоа бўлиб, Холланд диёрининг энг сўлим гўшаларидан бирига саёҳат уюштиришади. Аслида Холландда гўзал ва хушманзара бўлмаган қишлоқ ёки шаҳар бўлмаса керак. Чунки бутун мамлакатнинг ўзи болалигимизда китобларда ўқиганимиз афсоналар мамлакатининг худди ўзгинаси. Одамлари кўнгли очиқ, самимий, меҳнаткашлигини айтмайсизми? Rizo Obid.1.30.05.2013.

Мен ўзбеклар сингари меҳнаткаш халқ бўлмаса керак, деб ўйлардим. Бизнинг миллат каби тиниб-тинчимас одамлар Холландда ҳам жуда кўп. Ғоят меҳнатсеварликлари учун Европа хитойлари, дея тавсиф бериладиган холландларнинг ўзбеклардан фарқи шундаки, топганини бир кунда тўй қилиб сочиб исроф қилмайди. Бу дегани улар хайрия қилишмайди, дегани эмас. Улар хайрияни, эҳсонни айнан эҳтиёжи борларга қилишади. Масалан, бир бой киши бир умр йиққан китобларини кутубхона ихтиёрига топширганини кўрдим. Яна бир бошқа мисол, ўзим ишлаётган ташкилот “Биргаликда олға”, деб номланган жамғарма ҳам инсонларга хайрия тадбирлари уюштирадиган жамоа.

Rizo Obid.2.30.05.2013.

Дарвоқе, анъана ҳақида айтаётгандим. Ўтган йил ҳам бу ҳақда ёзгандим. Бу галги саёҳат ҳам аввалгисидай жуда мароқли кечди. Холланднинг Амстердамга яқин шаҳарларидан бири Хорн ( Hoorn ) шаҳрига бордик. Ундан нари балиқчилар музейига айланган қишлоққа денгиз орқали кемада сузиб бориш гашти ҳам ўзгача бўлди. Айниқса 23 километр масофани бундан 100 йилча муқаддам қурилган поездга ўтириб, босиб ўтганимиз худди эртаклар иштирокчиларидай таассурот қолдирди. Хизмат қилаётган одамлар ҳам ўша даврнинг тарихий либосларида.

Rizo Obid.3.30.05.2013.

Шундай кезларда жамоадан ажралиб, саёҳатни рад этиш менимча нописандлик бўлади. Лекин гапнинг очиғи, шунақа одамлар кўнгилочар саёҳатлар ташкил этишгач, унга бориб келгандан сўнг, бир неча кун кайфиятим яхши бўлмай юраман. Чунки Ўзбекистондагилар бу каби ҳаёт қувончларидан йироқ, кундалик тирикчилик ташвиши билан яшашмоқда. Улар ҳам тўкин-сочин кунларга тезроқ етишса эди, деган ўй бир зум бўлсада тарк этмайди. Ўзим ватандан қанчалар олисда бўлмай, кўнглим барибир жаннатмакон Ўзбекистонда, қондошу жондошларимда.

Ризо Обид

Источник-Манба: http://zamondosh.blogspot.ie/2013/05/blog-post_4952.html#more Zamondosh © www.zamondosh.com