May 082013
 

 

Бир неча сайтлар шу ҳақда ёзишмоқда ва бу масала  айни кунларда Олий
Мажлиснинг қонунчилик палатасида ҳам кўрилаётган экан. Бу мавзу ҳар
бир ўзбекистонликни қизиқитириши керак деб ўйлайман ва биров унга
бефарқ қарамаслиги керак! Авваламбор, шундай қонун кучга киргудек
бўлса, оддий фуқароларнинг  пулини ва қонини сўриб олишади.

Ҳа, одамларнинг қони том маънода сўриб олинади. Кўпчилик биладики, мен
тиббиёт ходимасиман. Озми ёки кўп тиббиётдан хабарим бор. Ўзбекистон
ҳукумати айни дамда ОИТС га қарши кураш олиб бораяпти деб тахмин
қилаяпман. Бу яхши, аммо ҳеч бир инсонни мажбурий тарзда  тиббий
кўриклардан ўтказиш мумкин эмас, айниқса
ОИТС га!  Мазкур соҳа вакиллари билан суҳбатлашиб ҳам кўрганман.
Уларга баьзи бир саволларни берганим бор.

“Нега бизда ОИТС га чалинганлар бунча кўп аниқланаяпти?  Бу касаллик
қаердан келаяпти?”- дея савол берарканман, шу соҳа мутахасисларидан
бири шундай жавоб қилганди.
“Биласизми, Россияга кетганлар текширилиб кўрилганда ОИТС кўпроқ
ўшаларда аниқланаяпти.” – жавоб берди бу мутахассис.

Мен билан суҳбатлашган ходимнинг билдиришича, ҳали булар
аниқланганлари экан, аниқланмаганларининг сони бундан ҳам кўп бўлиши
мумкинлигини билдирди у.

“Нега сизлар оммавий тарзда  ҳар бир одамни текширувдан
ўтказмайсизлар?”- савол бердим.

“Бу мумкин эмас, ўз хоҳишлари билан келиб қон топширишмаса биз мажбур
қилишга хақли эмасмиз!”- таъкидлади у.

Шундай қилиб, ҳукумат бу номумкин бўлган ҳолатда бу ишни қандай қилиб
амалга оширмоқчи?

1. Наркомания диспансерида ҳисобда турмаслик тўғрисида маьлумотнома
талаб қилинса.  Бунда ҳар бир фуқаро ўзининг наркоман эмаслигини
тасдиқлаши учун қон анализини топшириши керак. Наркотик қон таҳлилида топилади. Агар рўйхатда турмаслигини шунчаки тасдиқлатмоқчи бўлса, унда Ўзбекистонда маьлумотнома олиш учун анчагина пул тўловларини амалга ошириш керак.
Бу ҳам бўлса бюджетни тўлдириш мақсадида қилинаётган иш бўлади.
Фуқаронинг чўнтаги эса зарар кўради. ИИБ бошқармасидагилар ким
наркотик истеьмол қилишини жуда яхши билишади. Рўйхат бор уларда.

Махсус диспанцерда сиздан қон олинса, билинки ОИТС учун қон олинмоқда.
Бундай ҳол касалхоналарда, туғруқхоналарда ҳам кузатилинади.
Билагингиздан олинган қон албатта текширилади. Хорижга чиқмоқчи
бўлаётганларнинг тери-таносил касалликлари диспанцеридан ўтишини эса
сира тушуна олмадим.  Тери-таносил касалликлари орасида энг
хатарлилари триппир, гонорея ва сифлислар бор. Худо сақласину,  бу
касалга йўлиққан инсон нафақат хорижга, ҳаттоки унинг ўз уйида бўлиши
ҳам номумкиндир. Бу касалликлар инсон хаёти учун хафли бўлиб, яхши
даволанмаслик, бепуштлик каби оқибатларга ҳам олиб келади. Бу
касалликлар асосан пала-партиш жинсий ҳаёт кечирган инсонларда
учрайди.

Мени айни дамда қизиқтирган нарса шуки, кимдир тиббиёт
асбоб-ускуналаридан бирор-бир касаллик юқтириб олмаслигига кафолат
борми? Автоклавлар талабга жавоб берадими?

Ҳаётда жуда кўп ҳолатларни учратиш мумкин. Бирон бир касалликни
юқтириб олган инсон, кейин кимни судга беради ва бу каби қонунларни
чиқарган, тадбиқ қилган казо-казолар учун қандайдир жазо тадбиқ
этиладими? Тағин қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйилмаcмикан?

Шундай экан, ҳар қандай мьлумотномани  олиш ҳам пуллик бўлади ва бу
ҳам бюджетга кетади. Қонунчилик палатаси бир нарса инобатга олиши
керакдек, кимдир биров бир ойда икки марта қўшни мамлакатлардан бирига
келин бўлиб кетган қизинининг уйига чиқиб келса, у ҳар ўтганида ва
қайтганида шу усулда қон топшираверса, у инсонда
қон қоладими? Майли, қон қолди ҳам дейлик, унинг бечора “кармони”
бундай харажатларга дош берармикан?

Шундоқ ҳам Ўзбекистонда жуда кўпчилиги анемия (камқонлик) касалига
дучор. Хорижга чиқаман деб оддий фуқаро қонсиз қолсинми энди? Аммо
кимлардир хорижга чиқиб келгани учун мамлакатда ОИТС каби ўта
даҳшатлик хасталикларнинг тарқалишига ҳам рози бўла олмаймиз.

Қонун чиқарадиган  амалдорлар масаланинг ҳар икки томонини ҳам инобатга
олишлари керак деб ўйлайман. Чиққунча қон топширилади, қайтганингиздан
сўнг яна қон топширилади. Дард устига чипқон бўлганидек, тағин булар
ҳаммаси фуқаронинг чўнтагидан. Бу ўта ноинсонийликдек! Мана шу
саволлар бошим  узра гир-гир айланади. Буларга жавобни ким бераркин?
Эҳтимол, айни шу тартибда ҳар қанақанги қонунлар ишлаб чиқилаверса,
тез орада олаётган нафасимизга ҳам пул тўлайдиган бўлиб қоламиз.


Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.

 8-май, 2013-йил.