Apr 282013
 

 

 

Яқинда Султония Епископининг Амир Темур ҳақидаги бир тарихий асарини ўқиб қолдим.Унда шундай жумлалар ёзилган: “ Темурбек тасарруфидаги ҳудуднинг бир учидан иккинчи учига бориш учун сайёҳ бир йил юриши лозим бўлади. Мана шу масофаларда тўлиқ хавфсизлик таъминланган. Ҳар касбдаги одамлар бу йўллар бўйлаб эркин ҳаракат қилишади. Мабодо бирор бир ҳудудда қароқчилар босқини ёки талончилик содир бўлса, Темурбек биринчи галда ўша ҳудуднинг ҳукмдорини жазолайди. (Яъни, ишдан бўшатиш билангина чекланмайди. Муаллиф) Чунки Темурбекнинг фикрича: “токи маҳаллий ҳукмдор қароқчилар билан тил бириктирмаса,ҳеч қандай тўда қароқчилик қилишга журъат этмайди.”

 

 “Темур тузиклари”да эса Амир Темур қуйидаги мазмунда ёзади: – “Мамлакатда қонунлар ишламаса ёки мамлакатнинг бир чеккасида туянинг оёғига тикон кирса ҳам ҳукмдор айбдордир, чунки ҳукмдор ё бажариб бўлмайдиган, ишламайдиган қонунлар чиқарган ёки ўша ҳудудга ҳалол кишини раҳбар қилиб тайинламаган.”

 

 У замонларда ҳукмдорлар халқнинг ҳақиқий ахволидан ҳабардор бўлиш учун бошқача кийиниб, ахён-ахёнда халқ ичида юрган. Шунинг учун халқ орасида «Бўлаётган ишлардан подшоҳимиз беҳабарлар» деган гап бўлмаган. Ҳозир эса ҳақиқатни аниқлаш учун бирор бир раҳбарнинг халқ орасида юришини тасаввур қила оласизми?

 

 “Эрудит” газетасида бир ривоят чоп этилибди. Ривоятда айтилишича, бир подшоҳнинг жондан ортиқ кўрадиган туяси бўлади. Шоҳнинг туяга муҳаббати кучли бўлганидан: “Ким менга туямнинг ўлганини айтса, калласини оламан!” дейди.

 

 Кунлар кетидан кунлар ўтиб барча жонзодлар сингари туя ҳам ўлди. Орадан икки-уч кун ўтса ҳам ҳеч ким юраги дов бериб подшоҳга туясини ўлганини айта олмайди. Шунда туя боқувчилардан бири подшоҳ ҳузурига бориб:- Султоним, қимматли туянгиз ётибди-турмайди, кўзларини юмган-очмайди, оёқларини узатган- йиғмайди- дейди. Шунда Шоҳ – Гапни чўзмай, “Туянгиз ўлди”, десанг-чи! деди. Шунда доно туякаш:

 -Шоҳим! Буни ўзингиз айтинг, чунки бу ишга бош тикилган…- дейди.

 

 Ривоятдан шундай ҳулоса чиқариш мумкин-ки, барча амалдорлар ҳукмдорга нима ёқади-ю нима ёқмаслигига қараб иш юритади. Агар қайсийки ҳукмдор “Менга камчиликлар ҳақида гапирманглар!” деса бўлди, ўша мамлакатда ҳамду-сано авж олади. Кичик- кичик муаммолар яширилиб ҳал этилмаслиги оқибатида катта-катта сиёсий-ижтимоий муаммоларга айланиб кетиб, оҳир оқибат мамлакат ҳаробага айлнади. Демак барчаси ҳукмдорларга боғлиқ экан. Собиқ Иттифоқ республикалардаги ва Яқин Шарқдаги ҳодисалар фикримизни далили бўла олади.

 

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

28-апрель, 2013-йил.