Apr 272013
 

 

Ҳақпарвар шоир.

26 апрель шоир Муҳаммад Юсуф таваллуд куни. У ҳақда мен ёзмасам ҳам, ўз вақтида қадрига етмаган нечалаб қаламдорлар, киночилар, санъаткорлар кўп ва хўб ёзишади. Худо раҳмат қилсин 50 ёши арафасида чин дунёга равона бўлган шоирни. Дарвоқе, у ҳақда сўз айтадиганлар кўп эсада, мен ҳам шоирни хотирга олишимнинг сабаби ва ўзига яраша унинг ҳаётига оид даҳлдор паллалар бор.

Балки қайсидир манбъада, кимдир булар ҳақда ё айтгандир ё айтмагандир. Муҳаммад Юсуф Андижоннинг Марҳамат туманида туғилиб, мактабни тамомлагач , дастлаб Наманган Давлат педагогика институтига ўқишга киради. Талабалик йиллари Наманганнинг Косонсойдаги энг биринчи раҳбарларидан, вилоятдагина эмас, республикага машҳурларидан бирининг қизига кўнгил қўяди. Лекин ўша шаҳар йигитларининг рашки сабаб, Муҳаммад Юсуф билан муштлашув бўлиб ўтади. Ўшанда комсомол комитети шоирни, хулқ атворидаги номуносиб ҳатти ҳаракати учун шахсий варақасига ёзиш билан олийгоҳ талабалиги сафидан ўчиришади. Шундан сўнг унга гуманитар соҳадаги олийгоҳларга кириш учун эшиклар ёпилади. Сўнгра у Тошкентга келиб, политехника институти кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинади.

Муҳаммад Юсуф қаерда бўлмасин ижод қилишдан тўхтамайди. Унинг шеърлари 1973 йилларда “Тошкент оқшоми” газетасида ҳам эълон қилиб турилган. Ўша йиллари унинг шеърлари ёзувчи Назир Сафаров эътиборига тушади. Шеър остидаги имзодан сўнг, “Тошкент политехника институти студенти”, ёзуви адибнинг ёш шоирга қизиқишини янада орттиради. У ижодкор дўстларига Муҳаммад Юсуф шеърларини кўрсатиб, “буни қаранглар, техника билан боғлиқ олийгоҳда нима қилиб юрибди шоир бола”, дейди. Хуллас Назир Сафаровнинг йўриғи билан Муҳаммад Юсуфни топиб, у билан боғлиқ ёш йигитчанинг тақдиридаги “нома”лардан бохабар бўлишади. Назир ака, ўшандаёқ Муҳаммад Юсуфда буюк шоирни кўра билган экан. У шоирга политехника институтидан ҳозирги Тошкент жаҳон тиллари университетига ўқишини кўчириб ўтишга ёрдам беради….

Мен ҳам ўша олийгоҳда таҳсил олганман. Муҳаммад Юсуфнинг укаси Миродил билан ҳам битта олийгоҳда ўқиганмиз. Биз илк бор ўша ўқув юртида танишганмиз. Тақдирнинг тақозосини қарангки шоирнинг опаси Гулчеҳра опа ўзи билан бир олийгоҳда ўқиган Қаноатхўжа исмли ҳамқишлоғимизга турмушга чиққан. У опасини ҳам кўп бор йўқлаб турар эди. Кейинчалик у Тошкентнинг Навоий кўчасидаги Ғафур Ғулом нашриётининг поэзия ( назм ) бўлимида шоир Абдували Қутбиддин билан бир хонада ўтириб ишлаган кезларда дўстона муносабатда бўлганмиз. Оилавий борди-келдимиз ҳам бор эди. Бир гал у акамизнинг тўйига ҳофиз Дадахон Ҳасан билан ташриф буюриб, “Дўппи киймай қўйди” одамлар шеърини тўйхонада, чой қайнатиладиган самовар ёнида ўтириб ёздида, саҳнага чиқиб, илк бор халойиқ олдида ўқиб берган эди. Бу 1980 йил эди.

Ундан кейин Муҳаммад Юсуф яшаган Тошкентдаги Олой бозори ортида Дархон даҳасидаги Ёзувчилар уюшмасига қарашли уйнинг бешинчи қаватидаги беш хонали уйида кўп бор икковлашиб ошлашганмиз. Ҳатто қайсимиз қиз кўрсак бошқа биримиз ўғлини куёв, , ўғил кўрсак бошқа биримиз қизини келин қиламиз каби улфатлар ўртасидаги бўлиб ўтадиган аҳдномалар ҳам қилардик.

Лекин менинг ҳукуматга мухолифлигим боис кўп дўстлар юз ўгириб кетишмаган бўлсада, пинҳона муносабатда бўлишга интилишар эди, аммо Муҳаммад Юсуф эса ундайлардан мустасно. У билан аҳдга кўра қуда ҳам бўлдик. Гулчеҳра опанинг фарзандлари бизга куёв бўлди. Ҳозир бир неварамиз исмини шоир хотираси учун Муҳаммадюсуф атаганмиз. Шоир билан кўп соҳир суҳбатлар қурганмиз. Мавриди келиб балки яна уларни қаламга олармиз. Фақат бугун Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кунда шоирни хотирлар эканмиз, яратган эгам уни ўз раҳматига олган бўлсин, деймиз. Ушалмаган орзуларига эса фарзандлари етишсин, деб дуо қилиб қоламиз!

Ризо Обид

Источник-Манба: http://zamondosh.blogspot.ie/2013/04/blog-post_5308.html#more Zamondosh © www.zamondosh.com