Apr 242013
 

 

Рустам Қобил

Би-би-си, Ўзбек Хизмати

Сўнгги янгиланиш 16 апрел 2013 – 11:03 GMT

Шимолий тожикистонлик ўзбек хонандаси

“Биз ГЭСлар қуриб, ўзимиз электр оламиз!”

Яна ушбу мавзуга оид

Тожикистоннинг ўзбеклар зич яшовчи газсиз ва электрсиз қшилоқларида одамлар сизга соф ўзбек тилида ана шундай, деб айтишади.

Кўплар тепаликлар оша кўриниб турган Ўзбекистон тарафга алам, хўрлик ва афсус билан тикилади.

“У ёқларга ўтиб бўлмайди, чегараларда Ўзбекистон мина қўйган. Фарғонадаги қариндошлар билан узилиб кетаёздик. Қиз олиб, қиз бериш қийин, ҳужжатбозлик муаммо”- деб хўрсинади кўпчилик.

“Ўзбегим тожик билан…”

Қайсидир маънода ўзбекни тожикдан ажратиш осон эмас.

Кийиниш, маданият, таомлар, мусиқа, зеҳният ва турмуш тарзи бир хил. Бу икки миллатни аслида ажратиб турган нарса тил.

Лекин Совет иттифоқи қулаши ортидан юзага келган сиёсий вазият ва Тошкент ҳамда Душанбе орасидаги муносабатлар боис икки миллатни тилдан ташқари ҳам бошқа ажратгувчи тўсиқларни юзага келтирди.

Буни эса Тожикистонда сони ва мавқеи ҳар вақт иккинчи ўринда бўлиб келган ўзбеклар ҳам ҳис қила бошладилар.

Сўғддаги ўзбек мактабларида ўзбекча дарсликлар муаммо, дейишади

Эсимда, Исфаранинг ўзбек ва тожик аралаш яшовчи қишлоғида Чуст дўппи, қора чопон кийган отахонлар билан ўзбекчада гаплашарканман, уларни буткул ўзбек, деб фаҳмладим.

Бироқ отахон хонадонига кирар эканмиз, мезбон фарзандларига тожикча гапира бошлади. Тўғриси, бу кишининг миллатини сўраш мен учун ҳам ўнғайсиз, ҳам кераксиз савол эди. Ҳамон ўзбек оиласида бўлдимми, тожик хонадонидами, билмайман.

Тожикистондаги ўзбекларнинг расмий сони ўтган йиллар давомида фоиз жиҳатидан вақт сайин камайиб келмоқда. Бироқ, ҳамон мамлакат шимолида ҳам, жанубида ҳам қаерга борманг, ўзбекча гапирадиган инсонлар қаршингиздан чиқади.

Ўзбеклар бу ерда ташқи жиҳатдан ажралиб туришмаса-да, бошқа жиҳатларда ажралиш сезилади.

Бу кўпроқ бевосита азалдан бақамти ва аралашиб яшаб келган икки миллатга эмас, балки сўнгги йиллар ўз мустақил сиёсати у қадар мувофиқ тушмаётган икки давлат муносабатларига бориб тақаладиган кўринади.

“Роғунни қурамиз!”

Электр тақчиллиги ва сувсизликдан қийналаётган Сўғднинг овлоқ қишлоқларида ўзингизни Ўзбекистондагидек ҳис қиласиз.

Маҳаллий ўзбеклар чегара оша Ўзбекистонга ўта олишмаётганини, Ўзбекистон чегараларни миналаб, виза чекловлари жорий этганини айтишади.

“Ҳатто ўртадаги дарё сувлари масаласини ҳам маҳаллий доирада гаплаша олмаймиз, свет ва газни энди гапирмаса ҳам бўлади” – деганди исфаралик ўзбек деҳқон.

“Биз албатта Роғунни қуришимиз керак, ана ўшанда ўзимиз электр қуввати ишлаб чиқарамиз, уйларимизин ёритамиз ва қишда исита оламиз” – деганди унинг ёнидаги бошқа ўзбек суҳбатдошим.

Тўғриси, ўзбекистонлик бир ўзбек сифатида бу менинг ҳам хавотирларимдан бири эди. Ахир Роғун қурилиши Ўзбекистон учун сув манбалари тортилиши ва ёки зилзила тез-тез рўй берадиган ҳудудда улкан тўғон қуриш режалари хавфсизлиги ҳали тўлиқ исботини топмаган-ку?

Чегарага яқин яшовчи бу эркак Ўзбекистон қўйган мина портлашида рафиқасини йўқотган

Бироқ шу ерда мен бир фарқни англагандек бўлдим. Мен ўзбекистонликман, бу суҳбатдошлар эса тожикистонлик. Ҳозиргидек ҳолатда миллатнинг аҳамияти нимани ҳам англатарди?

Бошқа томондан эса кўнглимнинг қаеридадир бир фикр уйғонади: Балки Тожикистон ҳукумати сиёсатига номуносиб гап айтиб қўймаслик учун шундай деишаётгандир. Айниқса, Тожикистон расмийлари ва нашрлари баёнотида деярли ҳар ҳафта қўшни Ўзбекистон сиёсати борасида қандайдир мақола ва ё баёнотлар чиқиб турган кезларда суҳбатдошларим бошқа яна қандай фикр айта олишлари мумкин?

Кейинроқ ўртароқ бўғиндаги маҳаллий раҳбардан интервью оларканман “Келинг ё тожикча, ё русча гапира қолайин. Тақиқ йўқ-ку, лекин энди тожикистонлик бўла туриб, ўзбекча гапириб ўтиришим дуруст эмас” – деб қолди.

Зотан бу фақат Тожикистонга хос ҳолат эмас. Ҳозир бутун Марказий Осиё бўйлаб маҳаллий миллий озчилик вакиллари ўша мамлакатдаги етакчи миллат тилида сўзлашишлари шарт.

Бироқ зиёли ўзбеклар билан гаплашганда, унча-мунча шикоятларни эшитиш мумкин.

“Ўзбек мактабимизда она тилидаги дарсликлар етишмайди” – дейди сўғдлик мактаб директори муовини – “Ўзбекистондан келмай қўйган, Тожикистон учун ўзбекча дарсликлар бош масала эмас”.

Қўшни қишлоқда эса бошқачароқ шикоят эшитасиз.

“Ўзбекча жой номларидан анча-мунчасини ўзгартиришди” – дейди хўжандлик зиёли суҳбатдошим – “Энди нима қилайлик, ҳозир ҳамма жойда сиёсат шундай”.

Учинчи киши бу борада Ўзбекистондан ҳам ўпкалайди.

“Ўзбекистон ташқаридаги ўзбекларга каттароқ эътибор қаратиш керак эди. Аммо қаранг, ўртада мина қўйилган, чегарадан ўтиб қайтиш қийин” – дейди шундоққина Фарғонага туташ туманлик эркак – “Минага учраётганлар ҳам, Ўзбекистондаги қариндошиникига тўй ё азага бориб келишга қийналаётганлар ҳам асли ўзимизнинг Тожикистон ўзбеклари”.

Қора чопон ва хонатлас

Икки давлат орасида ўзаро узоқлашиш вақт сайин кучаймоқда. Одамлар орасида борди-келди кам. Авваллари Хўжандни Тошкент ва Душанбени Самарқанду Термиз билан автобус йўналишлари йўқ, ҳатто икки давлат пойтахтлари ўртасидаги парвозлар ҳам тўхтатилганига анча йиллар бўлиб кетди.

Совет давридаги авлодни айтмаса, ёшлар қўшни мамлакат ҳақида катта тасаввурга эга эмас.

Ҳайдовчимнинг устидаги қора чопонига ишора қилиб, менда ҳам шунда чопон бор деганимни эслайман.

Шаҳарларда ўзбеклар савдо билан банд, қишлоқларда кўпчилик деҳқончилик қилади

Ўшанда ёш душанбелик бу йигит бир муддат ҳайратга тушган ва ўзбекларда ҳам чопон борми, деб сўраганди.

Бунақа ҳолат Ўзбекистон тарафида ҳам кузатилади.

Интернетда атлас кўйлакли тожик хонандаси ҳақида бир ўзбек қизи изоҳ ёзаркан, “Тожикистонда ҳам атлас кийишадими?” – деб савол қўйганди.

Аслида, Тожикистон пойтахтида ҳам ўзбекчангиз билан бемалол савдо қиласиз, одамлар билан гаплаша оласиз.

Фақат кўплаб тожикистонлик ўзбеклар ўз миллий мансубликлари ҳақида баландпарвоз эмаслар.

Сабаби, матбуотда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар боис кўпчиликнинг нигоҳи бевосита бу ердаги ўзбек жамоасига қаратиши мумкин, деган хавотирлар бўлиши мумкин.

Тожикистонда қатор ресторанлар пештоғига уйғур, корейс ва ё ҳинд таомлари, деб ёзиб қўйилган. Бироқ ўзбек таомларини кўрмайсиз.

Қайдам, ўзбек ва тожик таомларини аслида ҳеч бир жиҳатдан ажратиб ҳам бўлмайди.

Бироқ кўчаларда Самарқанд, Фарғона ва ё Шаҳрисабз таомлари деган ёзувлар илинган ошхоналар оз эмас. Ўзбеклар бу ўринда миллатлари эмас, балки ўз шаҳар ва ё минтақалари исмини илк ўринга қўйишни афзал биладилар.

“Шартми энди ўзбек таомлари деб ёзиш” – бироз асабийлашади ёш ишбилармон ўзбек тилида – “Мана Шаҳрисабз ё Фарғона таомлари деган ёзувлар ҳамма нарсани англатади-ку?”

Бир ерда эса “Деҳоти Россия” деб ёзилган.

– Россия қишлоғи, ҳалиям одамлар гапирганда қишлоқ дейишади, лекин ўзбекча сўз бўлгани учун расман ишлташимайди-да – дейди ҳайдовчи.

– Лекин Россия деган номни олиб қолишган-ку?

-Россия энди бизни қутқараётган мамлакат, қанча одам у ерда ризқини тераяпти.

Катта жамоа

Бироқ шимолий Тожикистонда Ўзбек жамоаси ҳамон ўз мавқеини сақлаб қолиш ҳаракатида.

Аслида ҳам, сўғдлик зиёлилар қанчалик қийин бўлмасин, Тошкент билан маданий ва адабий алоқаларни ушлаб туришга интилмоқдалар.

Ҳозирги борди-келди чекловлари ва икки ўртадаги совуқ муносабатлар манзарасида бу осон кечаётгани йўқ.

Бироқ ўзбек тилида бадиий асарлар, шеърий тўпламлар ёзилмоқда. Ҳаттоки, маҳаллий шоир ва ёзувчилар жаҳон ва форс адабиёти намуналарини ўзбек тилига ўгиришда давом этмоқдалар.

Аммо кун сайин бу ришталарни тутиб туриш қийинлашиши мумкин.

Тожикистон ўзбеклари зич яшайдиган шимол бугун газ ва ток етишмайдиган, Тошкентга элтувчи йўллари ёпиқ овлоқ гўшага айланмоқда

Шимолий Тожикистондаги бир пайтлар Ўзбекистон автобуслари ва позед йўллари ўтган йўналишлари бугун ташландиқ ҳолга келмоқда.

Ҳозир Тошкентни Фарғона водийси билан улайдиган йўллар Ўзбекистоннинг ўз ҳудудидан ўтади.

Ҳар вақт Тошкентнинг биқинида бўлган сўғдликлар эса кутилмаганда ўз вилоятларини Тожикистоннинг овлоқ ҳудудига айланиб қолганини ҳис қила бошлаганлар.

“Олдинлари минтақанинг энг катта шаҳри Тошкентга очиқ эдик ва шу жиҳатдан биз Тожикистоннинг энг фаровон минтақаси саналардик” – дейди Хўжанд бозорида савдо қиладиган собиқ муаллима.

“Бугун эса Тошкентга йўллар ёпилган, марказ Душанбе эса олис, мана вилоятимиздаги темир йўллар ҳам, автомобил йўллари ҳам кераксиз бўлиб қолаяпти”.

Бироқ Тожикистоннинг дунёга чиқадиган йўллари аксар Ўзбекистондан ўтади. Шунингдек, озиқ-овқат таъминоти борасида ҳам бу тоғли мамлакат қўшниларидан келадиган маҳсулотларга муҳтож.

Икки ўртадаги муносабатлар яхшиланиши Тожикистон ҳаётида жуда кўп ижобий ўзгаришларга эшик очади.

Бу мамлакатдаги ўзбеклар учун эса ўшанда ўз мавқеларини кўтариш учун улкан имкониятлар қайта яралишини айтадилар.

Тошкент ва Душанба муносабатларидаги совуқлик сабаблари анча мураккаб.

Тожикистоннинг Роғун ГЭСини қуриш режалари ва ё Ўзбекистон тарафидан виза тизими киритилиб, чегараларнинг миналаштирилиши каби воқеликлар ҳали вери осонлик билан икки ўртадаги муносабатлар илишига йўл очадиган кўринмайди.

Бироқ мавжуд ҳолатларга қарамай, Тожикистонда миллати ва ё мавқеидан қатъий назар деярли барча бир нарсани истайди: Ўзбекистон билан муносабатлар яхшиланиши керак!

http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2013/04/130416_foreign_uzbeks_tajikistan.shtml