Apr 262013
 

 

Сўнгги янгиланиш 25 апрел 2013 – 09:50 GMT

Ўзбекистон ҳукумати ҳар тўрт йилда бир бор БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида инсон ҳуқуқларига оид вазият ҳақида ҳисобот беради.

“Ўзбекистонда сиёсий маҳкумлар йўқ, қийноқлар қўлланилмайди, болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланилмайди, матбуот чекланмайди ва диний эркинликлар топталмайди.”

Бу сўзлар 24 апрел куни Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятни муҳокама этиш чоғида Ўзбекистон расмий ҳайъати томонидан янгради.

Ўзбекистон Инсон-ҳуқуқлари Миллий Маркази бошлиғи Акмал Саидов етакчилигидаги Ўзбекистон ҳайъати аъзолари ўз чиқишларида мамлакатда инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, жумладан қийноқлар, қамоқхоналардаги аҳвол, болалар меҳнати ва диний ташкилотларга оид БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши саволларига жавоб бердилар.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо давлатлар вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятни баҳоладилар ва Ўзбекистон ҳукуматига ўз тавсияларини бердилар.

“Алоҳида эътибор”

Акмал Саидовга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 6 миллиони “у ёки бу даражада инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим билан машғулдир”.

Ўзбекистон ҳайъатининг бошлиғи шунингдек, инсон ҳуқуқларига оид 120 дан зиёд ҳужжат ўзбек тилига ўгирилганини маълум қилди.
“Барча мактаб ва ўқув юртларда инсон ҳуқуқлари, улардан бир қанчасида эса болалар ҳуқуқларига оид ўқув курслари ташкил этилган. Шунингдек, ҳуқуқбонлик мавзусига ҳуқуқ-тартибот органларида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш даражасида алоҳида эътибор қаратилади” – деди Акмал Саидов.

Қатор мамлакатлар вакиллари Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ва йиғинлар ўтказиш ҳуқуқлари поймол этилаётганидан хавотир изҳор этдилар.

Португалия намояндаси мамлакатининг Ўзбекистонда ҳуқубонлар, журналистлар ва мухолифат аъзоларининг таъқиб этилиши, калтакланиши ва уй қамоқларига ташланиши ҳолларидан “чуқур ташвиш”да эканини айтди.

Британия вакилига кўра, Ўзбекистонда матбуотни эркин деб бўлмайди.

“Ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқароларга тинч намойишлар ўтказишга изн бермайди, кўплаб ахборот ва мухолифат сайтларига тўсиқ қўйилган,” – деди Британия вакили.

АҚШ вакили ҳам айни ташвишларни изҳор этди.

Бироқ Акмал Саидов мамлакати “журналистнинг профессионал фаолияти кафолати ҳақидаги қонун деб номланган жаҳон парламентаризмида бетакрор қонунга эга” эканини айтди.

Жаноб Саидовга кўра, бу қонун журналист фаолиятига оид барча халқаро меъёрларни ўз ичига олган.

Акмал Саидов ҳар йили матбуот кунида энг моҳир журналистни тақдирлаш мақсадида “олтин қалам” конкурси таъсис этилганини айтди.

Қамоқхоналар аҳволи

Миср вакили ўзбек ҳайъатидан қамоқхоналар аҳволини яхшилашга эътибор қаратишни сўради.

Эстония, Словакия ва Черногория эса, Ўзбекистонга қийноқларга қарши БМТ конвенциясини ратификация қилишга чақирди.

БМТ Инсон Ҳуқуқлари Қўмитасидаги Олмония вакили Ўзбекистон ҳукуматини қамоқхоналарда аҳволни яхшилаш мақсадида Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси билан ҳамкорликларни қайта тиклашга даъват қилди.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси шу ой бошида Ўзбекистон қамоқхоналарига барча ташрифларини бекор қилганди.

Қўмита тарқатган баёнотда айтилишича, бундай қарорга ташриф шартларининг ҳурмат қилинмагани, жумладан, маҳбуслар билан қамоқхона шароитлари борасида яккама-якка суҳбатлашиш имкони берилмагани сабаб бўлган.

Олмония вакили Ўзбекистон ҳукуматидан Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси вакилларига ҳеч қандай чекловларсиз қамоқхоналарга боришлари учун шарт-шароит яратишни сўради.

У, шунингдек, расмий Тошкентига БМТнинг қийноқлар бўйича маърузачисини Ўзбекистонга кириши учун изн беришни тавсия қилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Абдукарим Шодиев эса Ўзбекистон қамоқхоналарида ўн йилдан буён жой етмаслик муаммоси йўқлигини айтди.

Унга кўра, жазо колониялари 80 фоизга тўлдирилган.

Ирландия вакили, шунингдек, Ўзбек қамоқхоналарида “систематик қийноқлар” қўлланилаётганини билдирди.

Ирландия вакили Ўзбекистон ҳукуматини БМТнинг қийноқлар бўйича вакили 2003 йилда берган тавсияларни ҳаётда жорий этишга чақирди.

Унинг илова қилишича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари фаолларини ҳимоя қилиш учун амалий чораларни қўллаши зарур.

Норвегия вакили Ўзбекистон БМТда берган охирги ҳисоботидан буён ўтган тўрт йил давомида инсон ҳуқуқларига оид қатор норматив актларни қабул қилганини олқишлади.

Бироқ у ҳам Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шарт-шароитларни “ноинсоний” дея баҳолади.

Финландия вакили ҳам тергов изоляторларида гумондон шахсларни қийноққа солиш ҳоллари сақланиб қолаётганидан хавотирда эканини айтди.

Унинг талаб қилишича, Ўзбекистон маҳкамаларида қийноқлар остида олинган кўрсатмалар қабул қилинмаслиги керак.

Португалия ва Британия вакиллари қамоқхоналардаги “оғир шароитлардан” ташвишда эканини айтишди.

Акмал Саидов Ирландия вакилини “систематик қийноқлар” иборасидан фойдаланишдан тийилишга чақирган.

“Бундай таъриф халқаро тажрибада умуман йўқ. Бу менинг сўзларим эмас. Бу сўзлар Ўзбекистон ҳайъатига БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ маърузачиси жаноб Манфред Новак томонидан ёзилган мактубда битилган”, деб айтди Акмал Саидов.

Қўшма Штатлар вакили барча сиёсий маҳкумларни озод этишга чақирди.

“Сиёсий ёндашув”

Қатор мамлакатлар вакиллари Ўзбекистонда болалар меҳнатидан, айниқса пахта йиғим-терими пайтида, кенг фойдаланиш ҳоллари сақланиб қолаётганидан хавотир изҳор этдилар.

Финландия, Швеция, Олмония ва Венгрия вакиллари расмий Тошкентдан пахта терими пайтида Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакилини Ўзбекистонга қўйишга чақирдилар.

Бироқ Ўзбекистон Меҳнат ва Ижтимоий Муҳофаза вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Алимуҳамедов Халқаро Меҳнат Ташкилоти нозирларини Ўзбекистонга киришга изн бериш чақириқларини “сиёсий ёндашув” дея рад этди.

У Ўзбекистон ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик меҳнатга оид қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ўқув-таълим машғулотларини ўтказиш билан чекланишини маълум қилди.

Олмония, Норвегия ва Нидерландия вакиллари эса Ўзбекистонда ўтган йилги пахта йиғим-терими пайтида ёши ўн бешга етмаган болаларни “систематик ва ташкиллаштирилган тарзда” пахтага жалб қилиш ҳоллари кузатилмаганини билдирдилар.

Бироқ Олмония вакили ёши 15 дан юқори бўлган ўсмирларни меҳнатга жалб қилиш ҳоллари ҳамон кузатилаётганидан хавотирда эканини айтди.

Корея вакили эса болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолларини бутунлай тўхтатиш учун Ўзбекистон ҳукуматига назорат механизмларини кучайтиришни таклиф қилди.

Аммо Ўзбекистон ҳайъати бошлиғи Акмал Саидов болалар меҳнати масаласида Ўзбекистонга қарши “махсус кампания” ташкиллаштирилганини даъво қилди.

“Бу кампания салмоқли даражада жаҳон иқтисодий бозоридаги ноҳалол рақобат натижасидир. Умуман олганда, буни барча халқаро экспертлар эътироф этишади. Ўзбек пахтасининг рейтинги дунё бозорида ўсиб бораётгани учун ҳам, жаноб Алимуҳамедов айтмоқчи, соф иқтисодий рақобатнинг ғарб ширкатлари томонидан сиёсийлашуви натижасидир,” деди Акмал Саидов.

“Миллий манфаат”

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг баъзи аъзолари, жумладан Олмония, Портулагия ва Марокаш вакилларига кўра, Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотларини рўйхатга олиш ҳамон қийинлигича қолмоқда.

Полша вакили эса Ўзбекистон ҳукуматидан сиёсий партияларни рўйхатга олишда мавжуд чекловларни олиб ташлашни сўради.

Ўзбекистон Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Есемурат Канязовнинг жавоб беришича, Ўзбекистонда барча нодавлат ташкилотлари давлат томонидан рўйхатга олиниши зарур.

“Бу барча юридик шахсларга тегишлидир. Ноҳукумат ташкилотларини рўйхатга олиш – хоҳ улар тижорий, хоҳ нотижорий – мураккаб эмас, деб ўйлайман. Лекин, шунга қарамай, бу масалани кўриб чиқаяпмиз. Хусусан, давлат тўловларини камайтириш. Бунга иловатан, баъзи ноҳукумат ташкилотларига имтиёзлар берилган. Ногиронлар, болалар ва аёллар ноҳукумат ташкилотлари давлат тўловларининг фақат 20 фоизини тўлашади, холос,” деди Есемурат Канязов.

Ўзбекистон ҳайъатининг раиси Акмал Саидов илова қилишича, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар фаолияти манъ қилинган.

“Ўзбекистон қонунларида уч турдаги фаолият тақиқланган. Миссионерлик, прозелитизм ва рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар. Бу бизнинг миллий манфаатларимизга жавоб беради,” – деб айтди Акмал Саидов.

Аёллар муаммолари

Ирландия вакили Ўзбекистонда аёлларни уларнинг ихтиёрига қарши стерилизация қилиш ҳоллари сақланиб қолаётгандан ташвиш изҳор этди.

Япония вакили эса Ўзбекистонни ёш қизларни турмушга узатиш тажрибасидан тийилишга чақирган.

Бироқ, ўзбек хайъати вакилига кўра, Ўзбекистонда 17 ёшида турмушга чиқиш ҳоллари бир фоизни ҳам ташкил этмайди.

Эрон, Шри-Ланка ва Малайзия вакиллари Ўзбекистондан аёллар савдосини бартараф этишга қаратилган чоарларни кучайтиришни сўрашган.

Нигерия вакили аёлларни таҳқирловчи тажрибаларни йўқ қилишга чақирган.

Қўшнилар хайрхоҳлиги

Қозоғистон ва Туркманистон вакиллари Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий соҳаларда “ютуқлар”га эришганини айтдилар.

Иккалма қўшни давлат вакиллари танқиддан ҳоли чиқишларида Ўзбекистонни айни йўналишда давом этишга ундадилар.

Россия вакили Ўзбекистонга “инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқ-тартибот ва маҳкама органлари ходимлари билимини ошириш”ни тавсия қилди.

У шунингдек халқаро вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш учун Ўзбекистонга ички қонунларни мукаммаллаштиришни, “ирқчиликнинг ҳар қандай кўриниши, ксенофобия ва тоқатсизликка фаол қаршилик кўрсатиш”ни сўради.

Украина вакили сиёсий партиялар ва парламентни кучайтиришни таклиф қилди.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/04/130424_cy_un_uzbek_human_rights.shtml