Apr 152013
 

 

Севимли ёзувчимиз Тоҳир Малик раҳбарлигида Самарқанд шаҳрида чоп этиладиган “Эрудит” газетаси ҳодимлари мавжуд имкониятдан келиб чиқиб нисбатан мазмунлироқ ижод қилмоқдалар.Дунёда бўлаётган воқеаларга бўлган уларнинг муносабатлари ҳам бошқа газеталарнинг ижодкорларига қараганда бошқачароқ. Масалан газетанинг 5апрель сонида “Борис Березовскийни ўлдиришган!” деган мақолада Мусаффо исмли журналист халқаро ОАВларидаги ҳабарлардан фойдаланиб ёзган таҳлилий мақоласида жумладан шундай дейди: “ ОАВларида келтирилган баъзи тахминларга мувофиқ, Березовскийни ўлимига Россия, аниқроқ қилиб айтганда,Кремлнинг алоқаси бўлиши мумкин.Маълумки Березовский сиёсат оламида Ельциннинг қўли остида фолият юритган. Бироқ у Путин президентликка тайинлангандан кейин янги давлат раҳбари ва унинг сиёсатига қарши турди…

Яқинда Березовскийнинг ўлими билан боғлиқ илк текширув натижалари ошкор этилди. Унда айтилишича, чиндан ҳам Березовскийнинг жонига қасд қилган бўлишлари эхтимоли жуда катта.”

-о-о-о-о-

«НТТ» телеканалини берган маълумотига қараганда Тошкентда ўтказилган халқаро кинофорумда бирорта Ўзбек фильми мукофотли ўринларни ола билмаган. Кўрсатувни олиб бораётган суҳандон кейинги пайтларда яратилаётган кинофильмларнингсценарийсини саёзлигини, актёрлар образларни ҳаддан ташқари бўрттириб юбораётганлигини танқид қилади. Актёр Матёқуб Матжонов эса сценарий муаллифлари фақат севги мавзусига «ёпишиб» олишганлигидан хайрон қолади, лекин бунинг сабабларини тушинтириб бермайди.Эхтимол тушинтириб бергандир, лекин бу фикрлар эфирга узатилмади.Бизнинг назаримизда бунинг сабаблари қуйидагича:

Совет даврида маданият вазирлигида театр ва кино саҳасидаги сценарийларни текшириб борувчи цензура маркази фолият олиб борар эди. Горбачёв даврига келиб сиёсатга қараб бу ташкилот ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Ўша даврда халқнинг ҳақиқий дардини очиб берган “Темир хотин” спектакли дунё юзини кўрди ва ҳозиргача бундай савиядаги саҳна асари яратилгани йўқ. Мустақиллик даврида эса, театр ва кино соҳасида яратилаётган сценарийларни текшириб борувчи ташкилотлар яна пайдо бўлди. Ўшаларнинг назоратидан ўтмай бирорта асар дунё юзини кўрмайди. Улар эса қандай нарсалар берилиши мумкин-у қандай нарсалар мумкин эмас, яхши билишади.

Совет даврида ҳозирда марҳум бўлган бир драматургнинг спектаклида бош ролни ўйнаган эдим. Ўша киши “Эй Носир дунёда ўлмайдиган бир мавзу бор, бу севги мавзусидир. Ижодингда шунга эътибор қаратсанг, ҳар қандай сиёсат устун бўлса ҳам қоқилмайсан” деган эди. Мана энди тушингандирсиз, актёр Матёқуб Матжонов айтганидек, нима учун киноценарийчилар севги мавзусига «ёпишиб» олишганини?!

-о-о-о-о-

Наманган ҳақиқати” газетасининг оҳирги сонида журналист Рислиқхон Мажнунова Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Ахборот глобаллашуви ва ёшлар маънавияти” мавзусида бўлиб ўтган тадбир ҳақида ҳабар беради. Жумладан у қуйидаги фикрларни билдиради: “ Ҳаммамиз бир бўлиб ёшларимизни инсонга ва инсоний қадриятларга зид бўлган ваҳшийлик,порнография,депрессив ёшлар оқими,наркотиклар,танишув сайтларидаги алдов, секталарга, экстремизм, ирқчилик ва бошқа иллатларга тарғиботлардан муҳофаза қилишимиз керак!”

Лекин, журналистнинг кейинги ёзган жумлаларини ўқир экансиз, тадбирни ўтказишдан асл мақсад аён бўлади. У шундай ёзади: “ Фейсбук”,”Одноклассники” каби сайтлардан улар диққат эътиборини ғоявий жиҳатдан пишиқ, узоқ ва умидли келажакка чорловчи “Мустаҳкам оила- жамият пойдевори” сингари сайтларга қаратишимиз керак”

Ҳақиқатда ҳам барчамиз ёшларимизни юқорида журналист келтириб ўтган зарарли иллатлардан ҳимоя қилмоғимиз зарур, аммо ёшларимизни дунёда бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеалардан ҳабар берадиган сайтлардан мосуво қилиб, маҳаллий сайтларга жалб қилишдан тадбир уюштирувчиларининг мақсади нима? Бундай шароитда ёшларимиз дунёдан узилиб ўз қобиғига ўзи ўралашиб қолмайдими?

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

15-апрель, 2013-йил.