Apr 092013
 

 


8 апрель куни Қаршилик хуқуқбон Нодир Ахатов билан иккимиз  ОВИР
бошқармасига бордик. Ёдингизда бўлса, 22 март кунида хорижга чиқиш
рухсатномасини олиш учун Қашқадарё вилоят ИИБ нинг ОВИР идорасига мурожаат қилганим ҳақида хабар тарқатгандим. Ўшанда менга “чиқиш визаси” деб аталадиган рухсатнома қонун талабларидан келиб чиқиб 15 суткада тайёр
бўлишини билдиришганди.

Стокгольмда ўтказилиши кутилаётган ҳуқуқбонларнинг халқаро конференциясига
таклифнома ҳам олгандим. Шу сабаблик, тезлаштиришларини сўраб  бир неча бор
мурожаат қилиб бордим. Ҳар гал бир хил жавоб олардим: қарор чиқиши муддати
15 кун! Улар таржимон топиш учун қийналиб қолишмасин деган мақсадда,
таклифноманинг русча вариантини ҳам илова қилибман – 2 нусхада. Бориб келавериб, 2 қаватдаги бошлиқнинг хонасига чиқавериб чарчадим. Мана бугун 18 кун тўлди ва биз бордик. ОВИР ходимларидан хорижга чиқиш рухсатномасини сўрадим.

“Опа сизники ҳали жавоби келгани йуқ, Тошкент жавоб бериши керак!” – дейди
ходим.

“Нега Тошкент жавоб бериши бунча қийин бўлиб қолди?”- сўрайман ходимдан.

“Бошлиқдан сўраб кўрингчи, балки у киши билар,”- дейди бамайлихотир ходим. Мен ва Нодир Ахатов иккимиз бошлиқнинг хонасига кўтарилдик. Бошлиқ Умар акаЭргашевга учраб, чиқиш визасининг берилиши муддати кечакаётгани сабабини
суриштира бошладик. Умар аканинг айтишлари бўйича,  мен илгари хорижга
чиққан эканман. Шу сабаблик ҳам обдон ўрганишаётган  бўлишлари мумкин экан.
Бу Тошкентга, яьни Ўзбекистон ИИБ вазири Боходир Матлюбовга боғлиқ экан.

“Боҳодир Матлюбов атайлаб бермаяптиларми? Нега ҳамма оладию, мен олмайман?”
–сўрадим бошлиқдан,  – ”Ҳа, шу кишига боғлиқ” – жавоб берди бошлиқ.

“Мен нима қилишим керак, у кишининг жавобларини олишим учун шикоят ёзайми ёки судга берайми?”- дейман.

“Хоҳишингиз, сизнинг ҳаққингиз бор.”- дейди Умар ака. Ҳуқуқбон Нодир
Ахатовда ҳам баьзи бир саволлар туғилиб қолди.

“Умар ака,  девордаги эслатмада шундай ёзувларни ўқиб қолдим, виза учун
тўланадиган тўловлар фақатгина Туронбанк орқали амалга оширилар экан. Нима,
бошқа банкларга тўланган тўловлар сизларга ўтмайдими? Қолган банклар
давлатга қарамайдими? – савол берди Нодир Ахатов.

“Туронбанк билан шартномамиз бор”. – аниқлик киритди бошлиқ.

“Қашқадарё вилояти бўйича шартнома қилинганми?” – қизиқувчанлигини кўрсатди хуқуқбон.

“Йуқ,  Тошкент шартнома тузган”. – дейди Умар ака. Саволларга жавоб олинди
ва биз кетишга хозирлик кўрдик.

Менга чиқиш визасини бермасликлари кундай равшан эди, аммо нега бунча
вақтгача сарсон қилишларини сира тушунарсиз бўлиб қолди. Демак, мен
ҳуқуқлари чекланган фуқаро экаман. Асабларимга ҳам қойил қолдимда, ”Яшасин
буюракратия”- дедиму, биринчи қаватга  тушдик. Режим менга чиқиш визасини
бермаяпти ва бу инсон ҳақларининг бузилишига яққол мисол бўла олади.
Кислородсиз қолган кишидай отилиб кўчага чиқдим. Нима қилай,  кислородсиз
яшашга маҳкум қилинганга ўхшардим ахир!

Нодир Ахатовга нега бу саволни бошлиқга бердингиз деб савол бердим.

Нодир ака эса: “қизиқда Тошкент ИИБ вазири коррупцияга аралашганми
дейманда.” – дейди.

“Бунга  коррупциянинг нима алоқаси бор?”- сўрайман ундан.

“Нега айнан Туронбанк орқали тўловлар талаб қилинаяпти, бошқа банкларники
ўтмас экан? Бу жуда ҳам қизиқ туюлмаяптими сизга? Ўзбекистонда бирон бир
ишни битказиш  оддий миннатдорчилик эвасига бўладими ўзи?” –  жавоб беради
Нодир Ахатов.

Бундай ўйлаб қарасам  у киши хақга ҳам ўхшаб кетади. Нега бошқа банклардаги
тўлов амалга оширилса ўтмайди? Нега айнан Туронбанкга тўланган тўловларгина
ўтади? Иккимиз  суҳбатлашиб паспорт столдан чиқдик. Қўлимда эса на виза, на
паспорт. Мен умуман олганда ҳозирча “хеч кимман”. Ҳуқуқлари топталган оддий
фуқароман холос.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.

9-апрель, 2013-йил.

UVD ruxsati.09.04.2013.

tulangan kvatansiyalar. 09.04.2013.