Mar 182013
 

Ўйлаб қарасам “Озодлик” радиоси мендан етти ойлик кичкина экан. Ўша пайтда ким ҳам ўйлабди дейсиз, етти ойлик гўдак вақтлар келиб ушбу нуфузли радионинг муҳбирига айланади деб. Мен умримнинг деярли ўн йилини шу радиога бағишлаб, эл олдида ҳурмат қозониб, мансабдорларни ғазабига учраганим билан фаҳрланаман. Ҳатто шу радиода ишлаб туриб, майда-чуйдаларини ҳисобга олмаганда икки бор қамалиб, умримнинг қарийб икки йилини авахталарда ўтказганим билан ҳам фаҳрланаман. Аҳир нимадир қилгандурман-ки қамашганда.Мен радиода ишлаб юрганимда жуда кўплаб турли тоифадаги кишиларни элга танитдим. Кўпчилик кишиларнинг муаммолари ҳақида юборган материалларим эфирга узатилгач ушбу муаммолар ҳал бўлган. Шуларнинг баъзилари бугун ҳам мендан ҳол-аҳвол сўраб туришади ва ҳозиргача мени “Озодлик” га алоқадор киши сифатида билиб, мурожаат қилиб туришади. Мен эса уларга ҳуқуқий йўл-йўриқ кўрсатиб, муаммоларини ҳал этилишида кўмаклашаман.Бу билан ҳам фаҳрланаман.

 

Илгарилари “Озодлик”нинг бир ҳафталик дастурларида эфирга узатилган муҳим хабарларни машинкада қоғозга кўчириб, ҳар бир тумандаги дўстларимга берардим. Улар бу хабарларни кўпайтириб халққа тарқатишар эди. Кейинчалик воқеаларни кассетага кўчириб ҳар бир туманга тарқатадиган бўлдим. Чунки у пайтларда радиони ҳозиргичалик кўп киши тингламас эди. Шундай тарғиботларни ҳам олиб борганмиз. Бугунга келиб эса одамлар ҳатто қўл телфонларида ҳам “Озодлик”ни эшитаяптилар.

 

Мен таниқли санъаткорлардан бири эдим. Ҳукумат сиёсати қўлимга дутор ўрнига қалам тутқазди.Дастлаб иш бошлаганимда жўрналистик фолиятнинг сирларини кўп ҳам тушинавермас эдим. Кейинчалик эса Темирҳўжа ака, Паҳлавон,Сарвар Усмон, Замира Шукур (Зебунисо) кабиларнинг ижодларини кузатиб бу касбни сир-асрорларини секин аста тушиниб, ўрганиб бордим. Мен бу дўстларимдан бир умр миннатдорман. Менга биринчи бор чет элда ишлаб чиқарилган диктафонни совға қилган Марат ака Зоҳидовни қилган яҳшликларини ҳам ҳеч қачон унутмайман.

 

Мен бугун Фарғона водийсида истиқомат қилаётган мухлислар, оила аъзоларим номидан “Озодлик” радиоси раҳбариятини, шу радиода бошини кундага қўйиб ишлаётган укаларим, сингилларимни радионинг 60 ёши билан табриклайман. Булар бугун асрларга татигулик ишларни бажаришаяпти. Мен бу укаларим билан фаҳрланаман ва уларга соғлик саломатлик, оилаларига эса тинчлик-омонлик тилаб қоламан. Укаларим мендай акалари борлигини унутмасдан эслаб туришади деган умиддаман. Байрам муборак азизларим!

 

18-март, 2013-йил.

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси.