Mar 172013
 

 Мен ўзбек, рус ва инглиз тилларида мақолалар ўқийман, рус ва инглиз тилидаги мақолалар биттаям имло хатоларисиз ёзилган бўлади, ўзбек тилидаги кирилл ёзувида ёзилган мақолалар эса ғиж-ғиж имло хатолари билан ёзилган бўлади. Бу мақолани ўқиган ҳар қандай одам ўйланиб қолади,  руслар, инглизлар имло хатоларисиз ёзади-ю, нима учун биз ўзбеклар имло хатолари билан ёзамиз.

 


Биз интернет ривожланган, компьютер техникалари ҳар бир хонадонга кириб борган замонда яшаяпмиз.  Ва яна ўзбек тилида кўпгина интернет-сайтлари ҳам фаолият олиб бораётгани кишини қувонтиради албатта.  Лекин масаланинг мени ўйлантирадиган томони борки, бу ҳам бўлса ўзбек тилининг бузилиш хавфи.  Чунки кўпинча ўзбек тилида ёзилган мақолалар ёки шарҳлар бўлсин сўзлар нотўғри ёзилганига дуч келасиз.  Айниқса бу ҳолат кирилл ёзувидаги мақолаларда кўп учраяпти.  Айтишингиз мумкин “нима бўлибди бир-иккита имло хатолари ўтиб кетган бўлса, осмон узилиб ерга тушибдими?”-деб, ҳамма муаммо мана шунда-да.  Чунки Ўзбекистонда 1993 йилда кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтилган, мустақиллик даврида туғилган фарзандларимизнинг саводи лотин ёзувида чиққан. Тўғри Ўзбекистонда рус тили дарслари орқали кирилл ёзувини ҳам ўрганишган, лекин шу томони борки, мустақиллик ёшлари тўла кирилл ёзувини ўзлаштирган деб бўлмайди.  Шунинг учун биз совет иттифоқи даврида ўсиб-улғайган авлод вакиллари кирилл ёзувида имло хатоларисиз ёзишимиз керак.  Чунки биз сўзларни кирилл ёзувида имло хатолари билан ёзадиган бўлсак,  қайси бири тўғри ёки қайси бири нотўғри дея  ёш авлодни чалғишига олиб келади.
Чунки ўз она тилимизни ўзимиз ҳурмат қилиб, имло хатоларисиз ёзсак, ана шунда кейинги авлодга ҳам яхши бўлади деб ўйлайман.

 

Facebook ижтимоий тармоғида баъзи дўстларимга “ёзган шарҳингизда имло хатолари жуда кўп экан, иложи бўлса шуларни тўғрилаб қўйсангиз”,- деб ёзганимда улар айтишдики: “Менинг компьютеримда кирилл ёзувидаги ҳарфлар йўқ, мен чет элда яшайман, Ўзбекистон ичкарисида эмасман”,- деб жавоб қайтаришган эди. Билмадим шундан буён неча ойлар ўтиб кетди, лекин менда шу тўғрида бирор нарса ёзиш фикри пайдо бўлди.  Менимча бу гапиришга арзимайдиган нарса эмас, чунки бу ерда ўзбек тили яъни она тилимиз  ҳақида гап боряпти.  Бунинг учун ҳар биримиздан эътиборли бўлиш ва қунт билан жиддий ёндашиш талаб этилади.


Шу мақолани ёзиш давомида ўзим билганларимни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман.

 Ҳар бир компьютер фойдаланувчиси translit.ruдан фойдаланса керак, чунки кўп компьютерлар клавиатурасида фақат лотин ёзувидаги ҳарфлар берилган, translit. ru нинг қулайлиги шундаки клавиатурадаги лотин ҳарфларини терсангиз, кирилл ёзувидаги ҳарфлар ёзилади.  Ана шундан сўнг ёзганларингизни ўзбек кириллчасида   “Ў”,”Қ”,”Ғ”,”Ҳ” ҳарфларини ўз ўрнига қўйиб тўғрилаб чиқасиз.

Кирилл ёзувида имло хатоларисиз ёзиш учун эса ҳар бир компьютер фойдаланувчиси ўз компьютерига ўзбекча кирилл ёзувини бир марта ўрнатиб олса бўлди, кейин ҳар доим керак пайтида ишлатаверади. Яъни ўзбек кириллчасидаги “Ў”, “Қ”, “Ғ”, “Ҳ” ҳарфларини ўз ўрнида ишлатилмаса сўзларнинг маъноси бутунлай бузилади.


Бунинг учун:
1.Компьютерингизнинг ўнг томони пастки бурчагида ENG.ёзувини устига тиғ(курсор)ни босасиз.
2.Кейин “Language preferences” ёзуви чиқади, шуни устига тиғ(курсор)ни тўғрилаб босасиз.
3.”Add a language” ёзуви чиқади, шу ёзувга босасиз ва пастга қараб тушиб борасиз ва Uzbek(Cyrillic)ни топасиз.
4.Энг охирида “Add”ни устига босасиз.
Ана энди ҳеч муаммосиз кирилл ёзувида ҳам бемалол имло хатоларисиз ёзиш имконияти сизда бор.

 

Энди лотин ёзувидан фойдаланаётган ёшларга хам кичкинагина эътирозим бор.  Кўпинча Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари орасида “Ш” ҳарфининг ўрнига лотин ёзувидаги “W” ҳарфини ёзганларига дуч келасиз.  Буни ёзган одамнинг ўзи тушуниши мумкин, бошқа ўқувчилар эса қанақа сўз экан деб ҳайрон бўлишлари табиий.  Чунки алфавитда ҳар бир ҳарфларнинг ўз номи, ишлатилиш ўрни аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган.

  Шунинг учун қайси ёшда бўлишига, қайси давлатда яшашишига  қарамасдан  ҳар бир Ўзбекистон фуқароларидан фақат имло хатоларисиз ёзишларини сўраб қоламан. 

 

 

  17 март. 2013 йил.

 

Саломатой Бойматова

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси.