Mar 082013
 

 

Одатда 8-март- аёллар байрамини бизда ҳар ким ҳар ҳил қабул қилади. Бугун йўналишдаги таксига чиқиб икки аёлни байрам билан табрикладим. Улар хурсанд бўлишиб ташаккур билдиришди. Манзилимга етиб боргунимча таксига яна бир аёл чиқди, уни ҳам байрам билан табрикласам, у , – Эй ака, қанақа байрам? Бу бизларни байрамимиз эмас-ку- деди.Майли, ким нима деб ўйласа ўйласин, бу кун бутун дунё бўйича байрам қилинаётган экан, Ўзбекистонлик сингилларимиз, опажонларимизни байрам билан табриклашга ҳақлимиз деб ўйлайман.

Биз бугун авваломбор, бир неча йиллардан бери турмуш ўртоқлари, яқин кишиларини бир мартагина дийдорига тўйиш учун турмалар атрофида сарсон бўлиб юрган сингилжонларимизни табрикламоқчимиз.Халқимизнинг мустақиллиги учун, хатто эркаклар қилмаган ишларни бажарган опажонимиз, севимли шоирамиз Гулчеҳра Нуриллаева, Дилором Исоқова,Васила Иноятова, Мўътабар Тожибоева,Гулшан Қораева, Маҳбуба Қосимова, Елена Урлаева, Гулбаҳор Тўраева, Саодат Омонова,Маъмура Усмонова, Вазира опамиз ва бошқа қаҳрамон аёлларимизни табрикламоқчимиз.

 

Одатда бундай байрам кунлари ўтган гина-кудратлар унутилади. Шахсий манфаатлар ортга чекинади. Шуларни назарга олиб биз бугун, қахрамон синглимиз Малоҳат Эшонқуловани ҳам чин қалбимиздан байрамлари билан табриклаймиз. Бундан ташқари, умр йўлдошлари йиллар давомида ҳақиқат учун курашиб, турмаларда ётганида уларни сабр – тоқат билан кутиб турган ва тураётган, тақдир тақазоси билан муҳожирликда яшаётган сингил ва опажонларимизни ҳам табриклаймиз. Улар ҳақиқий Ўзбекнинг Тўмарисларидир деб биламиз. Шунингдек, халқимизга сидқидилдан хизмат қилаётган “Озодлик” радиосида, бошини кундага қўйиб ишлаётган сингилларимиз, Замирахон, Барнохон ва Меҳрибонларим сизларга ҳам байрам муборак бўлсин!Одатда тўйга айтишда энг яқин кишиларингиз ёдингиздан чиқиб қолади. Агар кимлардир ёдимиздан чиққан бўлишса, улардан узр сўраймиз. Ҳаммаларингиз халқимиз бахтига узоқ йиллар омон бўлинглар азиз аёлларимиз! Самимият билан,Фарғона водийсида фаолият олиб бораётган барча ҳур фикрли эркаклар номидан

 

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси.