Mar 072013
 

Жаҳонгир Муҳаммад

“Бошқа дунё” китобидан янги боблар

 

Ҳар бири ҳақида алоҳида ҳикоялар ёзишга арзигулик
яхши инсонлар – америкалик ўзбеклар даврасида

13.Бегона биродарлар

Пойтахт Вашингтон алоҳида штат ҳам эмас, бирорта штатга ҳам кирмайди. Шу номда алоҳида штат бор.  У Тинч окени томонда. Вашингтон шаҳри эса Атлантикага яқин-пойтахт, мустақил шаҳар. Унча бой эмас. Чунки Америка солиқлар ҳисобига яшайди. Солиқларни эса штатлар ва федерал ҳукумат йиғади. Шунинг учунмикан, Вашингтоннинг кўчалари ўйдим-чуқур, машина қатнови ёмон, уй-жойлар эски. Лекин янги ва яхши уйлари ҳам бор, жуда қиммат туради. Бу шаҳарда бой одамлар анчагина. Шунга қарамай, Орегондек жойдан кўчиб келган учун илк таассурот-ғариб шаҳарга ўхшайди.

Аксарият одамлар Вашингтонда ишлаган билан бу шаҳарни ўраб турган Виржиния ва Мериланд штатларида яшашади.

Шаҳар ва шаҳарни ўраб олган жойни Метрополитан минтақаси дейишади. АҚШга Афғонистон, Туркия орқали кўчиб келган 140-150 ўзбек оиласи ҳам минтақанинг Виржиния қисмида яшайди. Бу жойни Шимолий Виржиния дейишади.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлган ва кейин бу мамлакатдан сиёсий бошпана олган Бобур Маликов, биз билан бирга АҚШга келган Абдураҳим Пўлатов ва ундан 6-7 йил олдин келган укаси Абдуманноп Пўлатов ҳам шу минтақада яшашар экан.

Биз  тошкенлик, асли келиб чиқиши Қрим туркларидан бўлган бир кишининг уйида турдик. Жуда яхши, бағри кенг, меҳмонпарвар одам. У ҳақда мавриди келганда алоҳида тўхталаман. Унинг уйида августдан то ноябрга қадар – ўзимиз алоҳида квартира олиб чиққунча яшадик.

У бизга икки қаватли уйининг биринчи қаватини ижарага берди. Ташқаридан киришда бу ертўладек. Лекин ҳовлига чиқишда биринчи қават. Ташқарига алоҳида эшиги ҳам бор. Август ойи бўлгани билан кечаси кондиционер уйни музлатиб юборади. Китобдан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ. Бизни кўришга келган Абдураҳим Пўлатов машинасининг ўриндиғини ташлаб кетди, шунга ҳам раҳмат. Эртасига кўрпа-тўшак топдик. Америкалик бир кампир келганимизни эшитиб, машинасини тўлдириб егуликлар олиб келди. Маҳаллий ҳукуматнинг ёрдам идораси бор экан, дарҳол мебел ва бошқа керакли жиҳозлару озиқ-овқат билан таъминлашди.

Абдураҳим Пўлатов, Бобур Маликов бўш вақтларида келиб туришди. Бобур ака билан чиқиб квартира қидирдик.

Шу орада ўзбеклар ва америкаликлар орасидаги фарқни ҳам кўриб олишга фурсат бўлди.

Келганимизни эшитган ўзбеклар ҳам, биз танишиб улгурган америкаликлар ҳам меҳмонга чақира бошладилар. Ҳали у ерга, ҳали бу ерга борамиз.

Афғонистондан келган ўзбеклардан бири уйига таклиф қилди. Бордик. Кошонада яшар экан. Ҳавас қилдик. Яхши кунларига буюрсин, бизга ҳам насиб этсин, деб дуо қилдик.

Уч-тўрт ўзбек оиласи йиғилди. Эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида  уйларда. Иккитаси Саудияда яшаб, кейин бу ерга келган экан. Суҳбат мавзуи тижорат, Американи қоралаш ва ким кунига неча марта ортиқча намоз қилгани ҳақида. Орада ўзларининг инглизчани бурро билишларини ҳам қистириб қўйишарди. Бир-икки калимани инглизча айтгандим׃

-Нима?-деди биттаси. Эшитмабди деб ўйлаб яна такрорладим.

-Нима?-деди у яна.

Учинчи марта такрорласам, у айни сўзни ўзи қайтадан талаффуз қилдида кулиб юборди:

-Булар урус,-дедида яна кулди. Унга қўшилиб қолганлар ҳам кулиб қўйишди. Бироз ноқулай бўлди. Аммо тишни-тишга қўйиш керак.

Инглизчадаги ”th” товушини Афғонистондан келган ўзбеклар “д” деб талаффуз қилишар ва руслар “з” деб айтишаркан. “Урусга айланиб қолганимиз” ана шундан.

Кейин Қуръони Карим ва ҳадислардан саволга тута бошлашди. Бу масалада озгина саводим бор. Туркияда тўртта китоб таржима қилгандим ва  ўзим ҳам битта китоб ёзгандим. Улар билан баҳслашиб қолдик. Улар эшитганларини, камина эса ўқиганини айтаётганди.

-Сиз ўзбаклар динни шўроларга сотгансизлар,-деб юборди биттаси.

Тилим ёмон эмасми, оғзидан чиққанини ёқасига ёпиштириб қўйдим. Жимлик чўкди.

Бир пайт биттаси ўрнидан туриб азон айта бошлади, қолганлар сафга тизилдилар ва намоз қилишди. Жойимдан қимирламадим. Бояги гап миямнинг томирларини гупиллатаётган эди.

-Булар кофир бўлиб кетган,-деди ўша Саудияда яшаб кейин бу ерга келган киши.

-Таҳоратсиз намоз қилгандан кўра, кофир деган ҳақоратни эшитиш яхшироқ,-дедим киноя билан.

Хуллас, биз мутлоқ бошқа одамлар каби эдик. Суҳбатимиз қовушмасди, зеҳниятимиз ҳам бошқа эди. Вақт ва макон бизни бегоналарга айлантириб қўйганди. Улар ўзларича ҳақ. Худонинг йўлидамиз, деб ўйлашади ва шунга тарғиб қилиш бурчимиз дейишади. Мулладан эшитганларини айтишади. Билим ололмай қолганлари уларнинг айби эмас, балки қисматидир.

Бундай пайтда ким ҳақ, ким ноҳақлигини айтолмайсиз. Бу фақат яратган Эгамнинг ишидир, биз бандаларга бундай ҳақ берилмаган.

Шунинг учун хафа бўлмадим. Афғонистонни уруслар босиб олганда уларга қўшилиб ўзбекистонлик ўзбеклар ҳам бориб, жанг қилгани бор нарса. Ҳеч бўлмаса шуни юзимга солишмадику? “Сизлар туфайли беватан бўлдик” дейишса, қандай жавоб қилардим? Гапингизни бориб Брежневга айтинг дермидим? Уларга ҳам осон эмас, араз тутишга ҳақлари бор деб ўйладим.

Бошқа бир сафар камина маҳбусга, мезбонлар терговчига айланишди׃

-Қаердансиз?

-Ўзбекистондан?

-Ўзбакистонинг қаеридан?

-Самарқанддан

-Ўзбакмисиз?

-Ҳа, ўзбекман.

-Ўзбакка ўхшамайсизку?

-Кимга ўхшайман?

-Тожикка ўхшайсиз. Ҳамюртларингиз-самарқандликларга қўшилиб олинг. Улар ўзлари алоҳида гуруҳ. Бошқаларни писанд этмайдилар. Улар бойроқ, сўрасангиз ёрдам ҳам қилишади.

Шунда “Америка овози”да ишлайдиган Нусратилла Лаҳееб:

-Бу киши илмли одам. Катта ишларда ишлаганлар, миллат вакили бўлганлар,-деганди бир зумда суҳбат ўзгарди. Қарасам, фақат мен гапираяпман, бошқалар жим. Қайтишда ҳам ҳурмату эъзоз билан кузатиб қолишди.

Бировдан ёрдам сўрашга қийналаман. Сўрай олмайман. Доим ўз оёғимда туришга ҳаракат қиламан. Лекин қийин кунларимда кимдир ўзидан билиб ёрдам берса, уни бир умр қадрлайман, доим дуосини қиламан.

Ўша кунлари аёл бошига бизга ҳурмат кўрсатган Хадича Булоқбоши, ҳолимиздан хабардор бўлиб турган Абдулманнон Кескин, жума кунлари келиб, машинасида каминани туркларнинг юз километр олисдаги мачитига олиб борган, меҳмондорчиликка даъват этиб турган Абдулла Чиғатой, хизматларини аямаган Раъно Ҳабиб, уйига чақириб, эъзолаб, атрофни англатган Мунаввар Андижон, бизни ҳамюртимиз деб кўришга келган Усмон Маъмур каби, уларнинг оила аъзолари каби ажойиб инсонлар ҳам кўп бўлди. Лекин бу умумхамирдан “кулча”… “Кулча” бўлганда ҳам ширин “кулча”. Барака топишсин.

Кейин билсам, бу ердаги туркистонликлар орасида “тошканликлар”, “марғилонликлар” ва “самарқандликлар” деган гуруҳлар бор экан. Ота-боболари Фарғона водийсидан чиқиб кетганлар – “марғилонликлар”, Зарафшон водийсидан чиққанлар-“самарқандликлар”, қолганлар эса “тошканликлар” экан.

Бир ўтиришда маҳаллийчилик ҳақида “доклад” бошладим. Қаёқда, бу ерда ҳамма бир-бирининг устидан кулар ва орқаси ўгрилдими камситар экан:

-Бу фалончининг муриди эди…

-Бу фалончининг баччаси эди…

-Бу “халқий”нинг жосуси бўлган…

-Бу “Таблиғ”нинг пулига одам бўлди…

Ҳозиргина биргаликда ош еб, биргаликда намоз қилган дўстлари чиқиб кетиши билан орқасидан ана шундай камситиш бошланарди.

-Қизини покистонликка берибди…

Бу гапни айтган одам чиқиб кетиши билан׃

-Ўзининг қизи америкаликка тегиб кетдику, бошқаларни гап қилади…

Энди шу гапни айтган одам кетгач, унинг орқасидан׃

-Бу анди, ота-бобоси хитойлардан…

Камситиш ҳам эмас, бу ҳақорат эди. Бунга чидаб ўтириш мумкин эмас. Ҳамма билан баҳслашишга тўғри келарди.

Охири  Абдулманнон Кескинга  “Бир жамоа тузиб, одамларни бирлаштирсак бўлмайдими?” десам, унинг юрагидаги гапни айтиб қўйибман. Ҳаракатни бошлаб юбордик. “Метрополитан минтақасидаги туркистонлик-америкаликлар” деган жамоанинг  ташкилий қўмитасини тузиб, ишга киришиб кетдик. Маъракаларда, йиғинларда маъруза қилиб, умум дардимизни гапира бошладик. Бу энди алоҳида мавзу.

Бир кун америкаликлардан бири меҳмонга чақирди. Бордик, “Қаердансан, қайси қишлоқдан, қайси уруғдан, қайси диндан?” деган гаплар умуман йўқ.

-“Уруш ва тинчлик”ни зўр ёзганда Толстой…

-Иккита Толстойни қориштирмайсизларми? Бизда  Лев билан Алексейни адаштириб қўйишади баъзан?

-Архимед билан Лобачевский тенгма-тенг одамлар, фақат бошқа даврларда яшашган. Лекин биттаси машҳур, иккинчисини ҳеч ким билмайди…

-Сизларда ҳам сайлов кампанияси икки йил олдиндан бошланадими?

-Қандай қилиб президент муддати битиб ҳам тахтда ўтиравериши мумкин?

-Нега Ўрта Осиёдан чиққан Форобий, Ибн Сино, Хоразмий ва бошқаларни дунё араб деб таниган?

-Нега мустақил бўлиб ҳам Ленин ва Сталин берган номларни сақлаб қолгансизлар? У жойда олдин ҳам Ўзбекистон деган жой бўлганми?

-Сафоклнинг “Шоҳ Эдип” асарини ўқиганмисиз?

-Бошсиз хўроз-Майклга сиғиниш  қандай бошланганини биласизми?

Бутун оқшом ана шундай саволларга жавоб қидириш билан ўтди. Уйга қайтаётиб раҳматли амакимни эсладим׃

-Бу одамларга нондан гапир, сиёсатдан эмас, миш-мишлардан гапир, ҳақиқатдан эмас,-дердилар ва қўлларини силтаб қўярдилар.

Буёқдагилар амаким  ҳамсуҳбат бўладиган одамлар экан. Доим сиёсатдан ва ҳақу ноҳақлидан гапиришади. Бизда кибр ва ҳирс жуда кучли. Бу одамлар эса буни енгиб олишган. Шунинг учун ҳам на уй-жойимизга, на машинамизга, на мансабимизга, на талаффузимизга эътибор қилишади. Улар учун инсон бўлсак, бас – ҳурматимиз ва ҳуқуқларимиз бор.

(Давоми бор).

ЖМ.

Олдинги бўлимлар׃

1.Аэропортдаги “марш-бросок”

2.“Жет лаг”

3.Мерит

4.Пост Меридиан

5.Дуохонлик

6.Тил-туннинг моҳитоби

7.Биринчи машинам

8.Ҳислар туғёни

9.Қарсаклар

10.Ёлғонга ишониш

11.Тангри тарафдори

12. Машина савдоси

 

http://zamondosh.blogspot.ie/2013/03/13.html#more