Mar 072013
 

Менинг 3 фарзандим Наманган шаҳрининг 56- мактаби бошланғич синфларида
ўқишади. Одатда ота она болаларининг қандай ўқитишаётганлигини, қандай
баҳолар олаётганларини назорат қилиб туришади. Шуларни хисобга олиб
мен ҳам болаларимни мактабдаги аҳволлари билан қизиқдим. Аммо ҳамма
ерда бўлгани каби мактабларда ҳам айрим муаммолар мавжуд экан.


Болаларим билан суҳбат чоғида улар менга мактабда “Ўқиш китоби” ва
бошқа баъзи  китоблари  етишмаябганлиги хақида айтишди.  Мен: -бошқа
синфдошларда ҳам шундайми?-деб  суриштирганимда, улар баъзи
синфдошларда математика китоби, баъзиларида эса “Одобнома” китоблари
етишмаябганлини айтишди. Ушбу муаммолар юзасидан болаларим ўқийдиган
мактабга бордим. Мактаб маъмуриятини маълум қилишларича дарҳақиқат
ўқувчиларга айрим китоблар етишмайди.


Халқ таълими бошқармасида ишлаётган ўз исмини айтмаслигимизни илтимос
қилган  бир ходимнинг бизга маълум қилишича  баъзи китоблар оз тиражда
чиқиши сабабли шундай муамолар бўлаётганлигини маълум қилди. Бу
китоблар  Тошкентдан вилоятларга тарқатилишини ва  халқ таълими
бошқармаси томонидан берилишини маълум қилди.


Шу мақолани ёзаётиб эсимга бир нарса тушиб қолди. АҚШ ва Япония уруши
даврида Япония мағлуб бўлади. Сўнгра АҚШ хукумати “МАРШАЛ”дастурини
жорий этиб, Японияга катта миқдорда маблағ ажратиб, бу маблағни 75
фоизини маориф системасига киргизишни шарт қилиб қўяди.Орадан 10
йиллар ўтгач, бу тизим ўз меваларини бера бошлади. Ҳозирга келиб
эса,Япония барча мамлакатлардан, ҳатто айрим соҳаларда Американинг ўзидан ҳам  ўзиб кетди.


Бизда мулозимларимиз маорифга катта миқдорда маблағ ажратилаётгани
ҳақида тинмай гапиришади. Ростдан ҳам шундай бўлса нега мактабларда
китоблар етишмаябди?, Нега ҳар йили мактаб таъмирига ва бошқа
икир-чикир нарсаларга мактаб директорлари ота-оналардан  пул
сўраверишади? деган саволлар  кишини ўйлантиради. Совет даврида агар
ўқувчи етарли даражада ўзлаштирмаса, синфдан синфга ўта олмас эди.
Ҳозирги тизим бўйича эса бола ўқишни ўзлаштирса-ю ўзлаштирмаса синфда
қолиб кетмайди. Ҳуллас манашу ва бошқа муаммолар туфайли ўқишни
битириб чиққан фарзандларимизнинг аксарияти саводсиз бўлиб қолмоқда.
Аҳир болалар келажагимиз-ку! “Ўзбекистоннинг келажагини буюк” деб
атаётган мутасаддилар  қачон бу ишларга эътибор қаратадилар?

 

7-март, 2013-йил.

 

Зоҳиджон Зокиров
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Наманган вилояти бўлими раиси.