Mar 052013
 

( Сталин вафотига 60 йил тўлди )

Ўзбек халқи Сталин ҳақидаги ҳақиқатлардан Гарбачёвнинг ошкоралик сиёсати сабаб огоҳ бўлдилар. Тўғри, Хрушчёв давридан Сталин фош қилинган эди. Лекин бу чала ҳақиқат эди. Чунки Хрушчёвнинг ўзи ҳам ўзининг шахсига сиғиниш сиёсатини тўхтатмаган эди. Бизнинг оиламиз эса Сталиннинг зулми ҳақида у тириклигидаёқ воқиф бўлишган экан. Шахсан мен эса эсимни таниганимдаёқ бу диктатор ҳақида раҳматли Отамдан эшитганман. Илгариги мақолаларимда ҳам айтиб ўтганимдек Отам Жўра Зокирий (Зокиров) Ҳоразм вилояти партия қумитаси котиби бўлиб ишлаётганларида у кишини қалбан зулмга қарши эканликларини билган Сталин ва уни жаллодлари Отамни Чўлпон, Фитрат, Ф.Ҳўжаев кабиларнинг издоши ва ўғирликда айблаб қамашган ва отам 13 йил қамоқда ўтириб чиққанлар. Сталин жаллодлари Отам раҳматлини тирноқларини суғуриб олиб уч ой мобайнида бўйинларигача сувда сақлашган экан. Бу гапларни отам бизларга айтиб бериб, болаларимиз у кунларни қайта кўрмасин деб дуо қилганлари ҳали эсимда. Отамнинг дўстларини кейинчалик айтишларича, бир куни кўпчилик олдида Отам, менинг бошимни силаб: – Келажакда бу мустабид давлатдан менинг ўчимни шу ўғлим олади- деган эканлар

Ҳудога шукур Отам айтган мустабид давлат йўқ бўлиб кетди. Уни йўқ бўлишида мен ўз ҳиссамни қўшиб, Отамнинг руҳларини шод қилдим деган умиддаман ва бу билан фаҳрланаман. Биз мустақилликка эришдик. Лекин, 1993- йил 27- ноябрь куни, (отамни қазо қилган кунлари) мени ҳам Республика ИИВ лигининг 20 нафар ҳодимлари кўпчилик олдида телпагимга наша ва уйимга граната қўйиб тўхмат билан қамашди. Судда судъя раҳматли Каримжон Умаровга шундай савол билан мурожаат қилганим эсимда: “ Менинг Отамни ҳам Сталин гумашталари тўхмат билан қамашган эди. Лекин мени ҳам, менинг ўзим мустақиллиги учун курашган Ватанимда нега тўхмат билан қамашди?” Табиийки судъя бу саволимга жавоб бера олмади. Хозирда мени қамашга буйруқ берганлар, терговчилар, судъялар барчаси қамалди, ишдан ҳайдалди ёки қазо қилди. Биттаси қолган, ҳозир халқнинг назаридан қолиб,хароб бўлиб юрибди. Ҳар замонда атайин сўрашиб қўяман. Юзимга тик қарай олмайди.Лекин уларнинг қамалиб ёки ишдан ҳайдалганлари менга ўхшаган мазлумларни ноҳақдан қамагани учун шу куйларга тушгани йўқ-да!

Кейинги пайтларда дунёнинг турли мамлакатларида Сталиннинг издошларига қарши халқ қўзғолонлари бўлиб ўтмоқда. Мисрнинг хозирги Президентини ўзлари сайлаган халқ, судъяларни Президентни ўзи тайинлаши кераклиги масаласини кўтариши билан, унга қарши исён қилиб чиқди. Демак, Миср халқи агар бу ишлар давом этса бора-бора Сталин режими сингари режим остида қолишлигини англаб етди. Лекин ҳозир собиқ КГБ айғоқчиси, Сталин ва Андроповнинг муносиб шогирди В.Путин раҳбарлигидаги Россия ҳукумати ва шунга ўхшаган давлатлар Башар Асад сингари Сталинчаларни ҳимоя қилиш билан оввора.Бундан кўриниб турибдики, Россия ҳукумати ўзининг сафдошлари бўлган, собиқ иттифоқ ҳудудида ҳали ҳам ҳокимият тепасида қолаётган диктаторларни ҳам тиш тирноғи билан ҳимоя қилиши аён. Бас шундай экан, Сталин қолдиқларига қарши бутун дунё аҳолиси, айниқса БМТ ва демократик давлатлар зудлик билан курашни бошлашлари керак. Агар бундай бўлмаса, Сталинчалар яшаверади ва келажакда уларнинг ўзларига ҳам тахдид солиши аниқ.

5-март, 2013-йил.

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси.