Jan 172013
 

( 6- қисм )

 Энамнинг ўгитларига қулоқ осмаганим панд берди. Энажоним айтарди-я,“Қўл югуриги ошга,тил югуриги бошга!” деб. Мана,бугунам шундай бўлди. Тилимни тиймагандим,тўқсон тўққизта гап эшитиб олдим. Кимдан бўларди?  Янгамдан-да. Ўзи,кириб келишлари биланоқ,дарвозани “қараса-қурус” қилганидаёқ авзойи бузуқлигини сезишим керак эди. Шу топда фаросатим ўлгур панд бердими,билмайман,ҳартугул:

– Э-я,нечук пиёда қопсиз? Машина қани?,–деб сўрабман,қаранг.

Саволим милтиллаб турган оловга керосин сепгандек бўлишини билгандимда,шундай дермидим?

Гапимдан Янгам шўрлик ловуллаб кетди:

– Сиз сабабчи! Сизнинг касрингизга болам шўрликнинг мошинини олиб қўйишди! Ортингиздан сонг мингта қўриқчи борлигини биласиз,нимага тинчгина ўтирмай,том бўйи сапчийсиз? Нимага қизингизни ўғлимнинг мошинига ўтқазасиз? Зарҳалга дадасининг олдида бало бормиди? Мана бу дахмазалар тугаса,борарди. Тўрт-беш кун тек ўтирсангиз ўлиб қолмасдингиз! Уйингиздан илон чиққанмиди?  Тошкентингизда тинчгина ўтирсангиз бўлмасмиди? Нимагаям келдингиз қишлоққа ўзи?  Энангизни кўрмай юрувдингизми? Томошаларингиз тугаганда келардингиз! Йўўўқ,беғурбат келиб,беғурбат кетсангиз ҳам майлийди! Ортингиздан бор ташвишни бошлаб келганингиз нимаси? Нима деган одам бўлдик энди?  Одамларга “Хужам бобонинг катта ўғли қўлга тушиб қопти!” деган ғийбат топиб бердингиз! Кўнглингизга кун чиқдими энди?! – зардали жаврашини бошлаб қолди янгам.

Ўзи шусиз ҳам  отам раҳматликнинг уйи айнан мени деб “қуршов”да қолганлиги қалбимни қиймалаб ётганди. Айбдорлик юкини кўтаролмай,қийналганларим каммиди? “Ўзи сенга шу керак эди?! Вазият қалтислигини биласан,қитиғига тегиб нима қиласан? Саломингни беру,қуён бўлмайсанми? Ўзингни кўздан панага олмайсанми? Бу кунингдан баттар бўл!” дедим хаёлан ўзимни койиб,“Бу не азоб?!” Битта гапимга ўнта иддао сотиб олганимга мулзам бўлиб,ҳовлининг ўртасида қаққайиб қолдим. Яхшиям,қоп-қоронғу. Янгам тусим ўзгариб,гезариб қолганимни кўрмайди.

– Кечиринг,–дедим ялинчоқ овозда,–Сизларни ташвишга қўйдим,кечиринг,янга…Асабларингизниям пармалаб юбордимми? Кечириииинг? Ҳаво совуқ,уйга кира қолинг,толиқибсиз,–вазиятни юмшатиш учун хушомад қилишга ўтдим.

Яхши гап барибир яхши-да. Нима дейишарди:“Яхши  гапга илон инидан,ёмон гапга қилич қинидан чиқар” дейишармиди? Мунғайиб қолганимни кўрган янгам,мурувват қилди:

 

– Сиз эмас,манави қўриқчилар кекирдагимга келтиришди. Қишлоққа кирганниям титкилашади,чиққанниям. Буларнинг дастидан бирорта мошин юролмайдиган бўп қолди. Ўтган-қайтганини тўхтатиб,ҳиқилдоғидан олаяпти. Ичидаги одамларни текшир-текшир қилиб,шопирларни тинкасини қуритаяпти. Мана,жиянингиз Зарҳални олиб,шаҳарга кетгани учун,мошинимизни олиб,“стоянка”га тиқиб қўйишди,қуриб кетсин улар!,–деди  ҳозиргина менга қўйилган айбни “пойлоқчиларим”нинг гарданига юклаб.

Ҳовуридан тушган янгам иссиқлик истаб,ўзини ичкарига урганди, уйнинг ҳарорати кўнгилдагидек эмаслигини кўриб,таъби яна тирриқ бўлди:

– Нимага печкага ўт ёқмадингизлар? – сўради кайфияти бузилиб.

– Кун бўйи меҳмон аримади. Одамнинг тафтига уй исиб кетганди. Шунга зарурати йўқ деб ўйловдим…Иқтисод қилдик-да ўтинни.. Ётар чоғи ёқармиз,–ҳисобот беришга тушдим.

– Вууйй,совуқку? Ёқинг-э,печкани,–тиришди янгам.

Итоаткор қулдек,буйруқни бажаришга тушдим. Қани энди эплай олсам. Ҳа деганда ҳил олмайди ўтин ўлгур! Мени зимдан кузатиб турган янгам,бир ишни ҳам эплай олмаётганлигимни кўриб,зардаси қайнаб кетди:

– Ким айтади сизни қишлоқнинг қизи деб? Битта печкани бажариб ёқолмайсизу,яна Ҳукуматни остун-устун қиламан деб чиранганингизга ўлайми? – пичинг қилганча қаршимга келди янгам,–Қочинг!,–деди-да,ўзи ишга киришди.

Янгам бекорга керилмаган экан. Эгасининг шаштидан  мен каби ҳайиқдими,ҳартугул печкадаги ўтин бир зумда олов олди.

– Мана бундай бўпти-да иш дегани! – мақтанди янгам яйраб.

– Ҳали бу битта печка эканку,янгажон,қудратингизни биламан,оламга олов қўйишгаям қодирсиз,–дедим янгамни елкасига осилганча мушукдек суйкалиб.

Янгам жудаям зийрак-да. Қичиқ гапимни тезда илғаб қолди. Бир силтаб елкасини тортиб олди-да:

– Ҳа,нимага бениш чақаяпсиз?,–деди норози чимирилиб,–Бор балони бошлаган сизу,биз гуноҳкор бўлдикми энди? Оламга олов қўйиб нима қилибман?

– Вўййй,на мунча? Озгина ҳазилниям ҳазм қилолмай қопсизми,янгажон?,–дедим эркаланиш оҳангида,–Чарчабсиз,итда тиним бор,қушда тиним бор,сизда тиним йўқ,–тилёғламаликни қўллашга тўғри келди,–Келинг,бундай ўтирингчи? Ўзим елкангизни бир “массаж” қилиб қўяй,тириши ёзилади,қани,ўтиринг,–дедим елкасидан босиб. Ўтирмагунча қўймадим.

Янгамни елкасини уқалай-уқалай ҳиргойи қилдим ҳазиллашиб:

Атлас кўйлак ярашибди,эгнингизга янгажон,

Акажоним йўрғалайди куйингизга янгажон…

Янгам елкаси оша қаради:

– Яна бошладингизми?,–деди энсаси қотиб.

– Эътибор берманг,-  жилмайдим,–Аслида эркак киши аёлга буйсуниши керак. Чет эллик оламлар эркак миясининг кам фоизи,аёл калласининг катта қисми фаолият кўрсатишини исботлашганмиш. Бу – аёллар ақиллироқ дегани. Шунинг учун Амир Темурдек жаҳонгир  ҳам Бибихонимга тез-тез маслаҳат солиб турган-да. Акам сизнинг заковотингиз қаршисида бош  эггани учун-да бу мазлама-ю сунсулалар. Сиз бўлмаганингизда шунча давру даврон,шунча молу давлат қаерда эди,янгажон? Уйни-уй қилган сиздек ақилли аёл арзимаган нарсага сиқилиб,  ўз асабини ўзи эговлаб ўтирса-я? Узилган асаб толалари қайта тикланмасмиш. Ўзингизни асранг,ҳали кенжатойингизни уйлатиришимиз керакку,янгажоним? – янгамнинг елкасини қанчалик ситқидил билан уқалаётган бўлсам,сўзларим ҳам худди шундай самимий эди. Қичиқ,киноя,кочиримдан ҳоли. Буни ҳис қилган янгам яйраб кетди. 33 йиллик янгамнинг феълини билмай,ўлибманми? Ўзи ёмон аёл эмас. Ғайратли,кўнгли очиқ. Ҳамма қишлоқ аёллари каби қора меҳнатдан боши чиқмаган. Қанчалик тез ловулласа,шунчалик тез ўчади. Қозондаги сут каби бир тошади-ю,яна ҳовуридан тушади,дами пасайиб қолади…. Инсонни,айниқса,аёл кишини ўзига келтириш учун машаққатли меҳнатларини эътироф этиб қўйсангиз бас,бир зумда ўзгариб,кайфияти кўтарилиб қолади. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Ҳалигина эшикдан авзойи бузилиб кирган аёлдан ном-нишон ҳам қолмади. Тамомила ўзга одамга айланди-қолди. Кўнглида мутойибага мойиллик туғилди. Қандай яхши.

– Энааа,–деди янгам хиёл энгашиб,–Ухламаяпсизми? Қизингизнинг гапларини эшитаяпсизми? Эслайоласизми,шу қизингизни туғаётганингизда сиз билан бирга бирорта лўлиниям кўзи ёримаганмиди,мабодо? Шубҳам бор-да! Корейс киноларидагидек,“роддом”да болангизни бошқа бир чақалоққа алиштириб қўйишган бўлмасин? Эслаб кўринг? Қаранг,худди лўлига ўхшайди-я,бу қиз? Эшонқуловлар авлодидаги одамларни ҳаммасининг оғзини совуқ уриб кетганку? Маҳмадонаси  йўқ. Ўнта гапирганда битта гапирмайдиганлар хилидан. Отам раҳматлиям шунақа эди. Бу қизингиз кимга тортган?  Бунингизга ҳамма “жон”. Эриям “жон”,боласиям “жон”,менам,сизам “жон”. Жонимлаб одамни жонини олади-я?. Бунчаям мастон бўлмаса қизингиз?,–янгам эриб кетганди. Юзидаги табассум ўрнини қах-қаха эгаллади.

– Шуни айтинг,–жавоб қилди энам юракдан жилмайиб,–Ўзимам ҳайронман…Шу болам ўзи бўлакча бўлган-да…

– Шунақами? Лўли қиз бўлиб қолдикми энди?,–дедим ёлғондакам аразлаб,–Бўпти,тонг отсин,эрталабдан лўли қишлоққа кетаман “падару модарим”ни қидириб…

Ўзим эса ичимда жудаям шодман,мамнунман. Агар шу “лўли”лик қобилиятим одамларнинг кўнглини кўтаришга,қувонтиришга,кўнгилсизликларнинг олдини олишга  қодир бўладиган бўлса,ўн марталаб “лўли” бўлишгаям розиман шу топда…

Ниҳоят 11 декабрнинг тонги ҳам отди. Лекин мен Лўли ота-онамни ахтариб кета олмадим…Мана бу “қўриқчи”ларим қўйишармиди? Йўқ,бугун “хос соқчи”ларим билан қувламачоқ ўйнамоқчи эмасман. Исмалоқдан пичак пиширмоқчиман. Қўшни келиндан қарзим бор,ахир.

Эрталабдан бориб,уйқусураб турган жиянимни хилватга имладим:

– Бу ёққа кел. Аянг эшитмасин! Яна дийдиёсини бошлаб қолади! Гапир,мошининг қани? Кеча ким,нимага олиб қўйди?,–саволларга кўмдим уни.

– Районнинг начальник СНБси орқамдан қувди. “Нимага сен уй қамоғида ўтирган аёлнинг қизини шаҳарга элитасан? Ўзимиз уларни зўрға тутиб турибмизу? Қизчаси “курьер”лик қилишга кетган бўлса нима қиласан? Бошинг билан  жавоб берасан?!” дейди. Аламидан,мошинимни  олиб қўйди. Пиёда қолдим. Танишларингиз йўқми,амма? Мошинни об чиқишим керак…,–жиянимнинг гапларини эшитиб баттарроқ сиқилиб кетдим.

– Менинг танишларим боргудек бўлса,берадиган бўлсаям,бермай  қўйишадику? Менда таниш нима қилади?,–дедим хафаҳол,–Кир уйга,чой-пой ичиб кет…

Одатдагидек,ишга кетаётган янгам,саломлашиш учун биз ўтирган уйга бош суққан эди,кутилмаганда,энам келинига “ёрилиб” қолди:

– Шу кеча аллатасин бўлиб чиқдим…Тобим йўқроқ…Омонатини қичаб келадиганга ўхшаб турибди…Келин,кетаётганда тоғангизга тайинлаб ўтинг, келсин,айтар гапим бор…. Қолган қизларгаям хабар қилинглар,–деди энам оғир хўрсиниб.

– “Путёвка” келдими?,-  энамнинг гапларини ҳазилга бурди янгам,–Жичча шошмай туринг-да,энди. Ўғлингиз малака оширишдан  қайтсин. Бизни қўрқитмай туринг. Омонатни олувчиларга айтинг,яна ўн кунгина кутиб туришсин…

– Қайғурманг,Сунатиллони чақириб қўяверинг,кўргим келди,–маъюс тортиб қолди энам.

– Энажон,бугун мен сизга бииир исмалоқ пичак пишириб берсам дегандим…,–юрагим сиқилди,–Нима бўлди? Қаерингиз оғрияпти?

– Бирор жойим оғриётгани йўқ…Юрагим тошаяпти…Сен ошхамирингни олавер…Суннатилло келса,“очилиб” қоламан,–жавоб қилди энам.

Янгам ортига қараб-қараб,алағда бўла-бўла ишга кетди. “03” га хабар берган чамаси,бир зумда “Тез ёрдам” машинаси ҳам етиб келди.

– Сиқилганмиди?,–энамнинг қон босимини ўлчаётган шифокор сўз қотди менга,–Давленияси чиқибдику?.

– Йўғ-э,кундузиям,кечасиям  хуш кайфиятда ўтиргандилар…Нимага чиқдийкин  қон босими? –  ажабландим,“Бирор гапдан хабар топиб қолдимикин?” деган ўйдан ташвишга тушдим.

– Нима егандингиз,момо? Тухум беришганмиди булар сизга? – беморни саволга тутди у. Энам эшитмадими,индамади.

– Кечаси наввот чой ичгандилар,-  уларни ўрнига жавоб қилдим.

–  Қон босими шунга кўтарилган бўлса керак. Давленияси бор одамларга наввот истеъмол қилиш ҳам мумкинмас,–тушунтирди шифокор,–Ҳозир битта укол қилиб қўямиз,“отдек” бўлиб қоладилар,–деди-да ҳамширага имо қилди.

Ҳамшира энамга бир эмас,иккита укол  қилиб қўйди. Бемор билан бўлиб,“Тез ёрдам” шифокорларини кузатиш учун ортидан чиқа олмай қолдим. Улар кетишди. Орадан 5 сония ўтмасдан,“пойлоқчи” РАФга ҳам жон кирди. Деразадан кўрдим,кўча томонга ғизиллаб кетди.

Укол кучсиз организмига тез таъсир қилди,чоғи,энам  ҳаял ўтмай ўзига келиб қолди.

Ҳали соат 9 бўлиб улгурмай бир эмас,икки меҳмон кириб келди. Бири  тўнининг этакларини ортига қайириб,белбоғига қистириб қолган тоғам бўлса,иккинчиси раҳматлик бўлиб кетган кичик акамнинг гўдагини етаклаб олган қизи Дилфуза эди. Улар уйга кириши билан энамнинг бағри тўлиб қолди. Айниқса,жияним Дилфузанинг келгани менга кўўўп маъқул бўлди-да:“Пичак ёпадиган одам топилди!”. “Қари келса – ошга,ёш келса – ишга”-да! Раҳматли Абдурайим акамнинг қизи “меҳмон-меҳмон” ўйинини ўйнаб    узоқ ўтирган эмас. Шартта турди-ю,ҳалигина янгам лойишдаги кичик бозорчадан қайтаётган қўшнимиздан бериб юборган исмалоқ – ўтни ювишга тушиб кетди. Исмалоқ “Тез ёрдам” билан изма-из кирганди уйга. Энамнинг касаллигидан эзилиб,пичак ҳам кўзимга кўринмаганди,шунга эътибор қилмагандим…

Бирорта тансиқ таомга кўнглингиз кетгудек бўлса,асло ўзингиз тайёрламанг. Ҳидигаёқ тўйиб қоласиз! Егандек бўлмайсиз! Кимдир тайёргина қилиб олдингизга қўйса,бу бошқа гап! Маз-заааа!…Зарҳал билан Дилфуза ошхонага равона бўлишди… Мен тоғамнинг олдига  дастурхон ёздим… Ҳақиқатдан ҳам укасини кўриб,чиройи очилиб қолган энам ҳангомага тушиб кетди… Лекин кўп ўтира олган эмас,уколнинг таъсирида уйқу элитди… Худди шуни кутиб,пайт пойлаб тургандек:

– Гапир,нима гаплар?,–сўради тоғам тагдор қилиб. Гап оҳангидан сездимки,аллақачон эшитган,ҳаммасидан хабари бор!

Юрибмизку,тупроқдан ташқаридааа,–дедим оҳистагина.

– Тупроқдан ташқаридалигингни кўриб турибман,–тоғам шунақа,тик сўз,дангал одам. Гап келганида,одамни аяб ўтирмайди,  –А,бу қишлоқда нима тўпалон?  Ҳаммаси сенинг шарофатинг билан эмиш? Қишлоғимиздаги оз-моз пахта,  дон-дун капсан қилганлар,мойжувоз ҳайдаб,тегирмон юргизадиганлар  чўчиб қолишдику! Ҳозир ҳаммаси тақа-тақ тўхтаган. Ўтакаси ёрилиб,тегирмону жувозини ишлатмасдан ўтиришибди.  Кўрдингми,одамлар қанчалик қўрқиб қолишган?,–деди-да,савол назари билан синчков тикилди,–Нима керак ўзи сенга? Кўп қатори тинч юрсанг бўлмайдими? Бу қандай томошанг бўлди тағин?

– Билмасам,–елка қисиб ўтирибман. Шу мавзудан гап очилишига юрагим йўқ,бетламайди.

– Нима,Ленин бўлмоқчимисан,инқилоб қилмоқчимисан?,–ҳайронлик билан қаради суҳбатдошим,–Шунақа деб эшитдим. Тўғрими?

– Шунга яқинрооооқ,–жавоб қилдим қўрқа писа, – Тинчлик йўли билан… Одамлар азоб…

– Бас қил-э!,–жеркиб ташлади сўзимни бўлган тоғам,–Одамлар билан неча пуллик ишинг бор? Ўзингни бил,ўзгани қўй! Қийналаётган бўлса,одамларнинг ўзи чорасини қидирсин! Сенга нима?! Тинч юр,барака топгур!Тинч юргин!

Бошимни қуйи солдим. Бир сўз демоққа ҳаддим йўқ. Ёши етмишдан ошган одамга нима ҳам дейман?

– Ленин кичкина одамларнинг боласи бўлмаган. Кимсан гимназия каттасининг ўғли! Қўлида жарақ-жарақ пули,молиявий қувватловчилари кўп бўлган… Плихановчи? Ҳали революция қилганларнинг бирортаси сенга ўхшаб бечора бўлганини билмайман? Нимангга ишонасан? Ниманг бор сени? Катта сармоянг борми халқни ҳаракатга келтирадиган? Ёз-чизинг кимнинг қорнини тўйғазади? – деди. Иллат қилиб,бутунам ерга уриб ташлади мени… Баҳслашиб ўтирмадим.

– Тандирга ўтин қалай,–дедим-да секингина тоғамнинг ғазабидан ситилиб ташқарига чиқдим. Бу пайтда аллақачон тандир оқарган. Дилфуза куйиб-пишиб пичак ёпарди… Ёнғоқзор томонга қараб юрдим. Катта кундага ўтириб олиб,тоғамнинг кетишини кутдим. Меҳмон таомгаям қарамади,энамнинг тузуклигидан кўнгли тинчиб,уйдан чиқди.  Оғилнинг орқасига ўтиб олдим. Кетгачгина,уйга кирдим. Ортимдан бир сават ҳили чиқиб турган пичакни кўтариб жияним келди:

– Амма,сиз буларни ёғлаб туринг. Мен иккинчи тандирниям оқартириб келай? – деди Дилфуза қўлидаги саватни дастурхон ёнига қўйиб. Ишга тушдим. Ёғланган пичакларни тоғарага солиб,қалин дастурхонга ўрадим. Пичакни еган одам иссиққина пайтида есин-да. Совидими,татимайди. Шундай хаёллар билан олтита ўт пичакни олиб Бўлтак аканинг уйига равона бўлдим. Кўп кечиктирмай,қарзимдан қутилиб қўя қолдим.

– Опа,бу нима қилганингиз,шарт эмас эди,–деди қўшни келин ийбанимгина қўлимдан таомни оларкан,–Уйга киринг…

Қарзимни “немецкий расчёт” қилиб олганимга енгил тортиб,ортга қайтишга шошилдим.  Уйга келсам,аллақачон иккинчи тандир ҳам тайёр.

– Менда бир таклиф бор,–дедим қизларга сирли боқиб,-  Ана у РАФдагилар совуқдан тиришиб ўтиришгандир? “Хос соқчи”ларимни ўт пичак билан бииир сийлаб келмайсизларми?  Қалай?

Ғоям” уларга маъқул келди.

– Кетдик!,–деди Дилфуза жонланиб,–Қанақанги одамлар экан,бииир кўриб келайлик?

Тўртта ёғланган пичакни ликопчага солиб,қоғозга ўрадим.

– Тезроқ боринглар,совиб қолмасин,–шоширдим уларни, кейин қизимга “гап ургатдим”,–“Малоҳат опанинг қизлариман.  Қўриқчиликдан чарчаб қолмадингизларми? Беминнат қоровулликларингиздан ойим хурсанд.  Хизматларингиз эвазига таом тортиқ қилиб юбордилар. Совумасдан,еб оларкансизлар”,деб айтгин. Ҳайиқма. Қўрққанингдан,гапларим эсингдан чиқиб кетмасин,адашмагин,–дея қайта-қайта тайинладим. Чопқилаб кетган қизлар кўз-очиб юмгунча бўшашибгина қайтиб келишди.

– Амма,ҳадянгиздан хурсанд бўлишмади. Олишмадику,“соқчилар”ингиз? Олифта экан,–деди Дилфуза.

– Мўйлабли биттаси эшикниям очган эмас. Машина ойнасини саҳал тушириб,“Раҳмат, емаймиз,бизга мумкин эмас” деди… Гапидан  қишлоқ одамларига ўхшамайди. Татар башарами-ей,тили ўзбекчага айланмаяпти,–хабар берди қизим,–Икки киши ўтирибди. РАФнинг ойналари қора парда билан ўралган. Орқасида тақир-туқурлари бор. Яхши одамларга ўхшамайди,қовоқлари очилмади. Мен уларга “Қўрқманглар,ўқитилмаган,заҳар солинмаган”,дедим,ишонишмади,барибир олишмади-да…

– “Емасангалар,ўзим ейман” дедим-да,биттасини уларга кўз-кўз қилиб оғзимга солдим,–қиқирлади Дилфуза.

– Бекор қипсан. Ўзлари оч экан,ўлиб туришган экан деб ўйлашгандир?,–дедим унинг ҳаракатини маъқулламай.

– “Синовчи” ейувчи бўлдим-да. Заҳар йўқлигини исботлаб беришимиз керак эдику? Исботлаб қўйдим.  Яхшимасми қайтага,амма? –  дейди жияним. Бало бугунги ёшлар!

–  Пичак ейишмаса, заҳарни ейишсин. Яхши бўпти. Шунақа тиришиииб ўтириб,очликдан ўлсин улар,яхшиликни билмаса!,–тўнғиллаганча,болаларга буюрдим,-  Боринглар,Муқаддасларникига  олиб бориб беринглар,хурсанд бўлади.

Қизлар кетишган ҳам эдики,опамлардан бири – Сабоҳат кириб келди. Қовоқ тушмуғининг тушиб келганига қараганда,кайфияти чатоқ!

– Охири едингми энамни?!,–хитоб қилди у ҳовлига кира-кира. Кутмагандим,титраб кетдим.

– Нега ундай дейсан?,–дедим руҳим тушиб,  (Сабо билан ўртамизда бир ярим ёш фарқ бор. Шунга ҳеч “сиз” дея олмадим-да уни) –Мен нима қилдим?

– Ҳеч нарса қилмаганинг шуми?,–заҳрини сочди у,–Бундан ортиқ яна нима қилмоқчисан?  Районда бош кўтараолмайдиган бўлиб қолдикку сенинг дастингдан! Касофатингга қолдик!  Қишлоғимизга келишгаям юрагимиз қолмади! Янгам “Энам ўламан”лаб қолди деганига,қўрқа-қўра базур ботиндим келишга! Орқангдан бир гала тозини эргаштириб келгансанку? “Мен нима қилдим?” дейди-я,яна,без бўлиб. Ҳеч нарса қилмаганингми шу?

Опам мени  заҳар заққуми билан “накаут” қилиб,энамнинг олдига кириб кетди. Орқасидан бордим. Индамадим. Нима дейман? Айбим гарданимда бўлса?…

Энамнинг “калтакдек” ўтирганини кўрган опамнинг ҳийла чиройи очилди.

– Эсонмисиз,эна,–энгашиб,юзларидан ўпди,–Зеркимайгина ётибсизми?

Астагина опамнинг сумкасига қарадим. Таъзияларда киядиган тўнчасиниям солиб олибди.  “Кўтара ваҳима-да шу!”.

– Бу нимаси? Бутун тайёргарлигингни кўриб келибсанми?,–дедим тўнчасига ишора қилиб.

– Машмашаларинг билан энамни бошига етгансан,аллақачон “тахлаб” бўлгансан деб чиппа-чин ишонувдим. Юрагим ёрилувди,–деди Сабоҳат мени гап билан силтаб.

– Нафасингни ел учирсин,–дедим оҳистагина,–Мени шунчалар ахмоқ деб ўйлайсанми? Энамга ҳеч нарсани эшиттирганимиз йўқ… Билмайди… Шошиб қолмай деб,бира-тўла эҳтиётингни қилиб келган экансан-да…

– Айтиб бўладими? Кекса одам бўлса…,–кейин яна бирдан бобиллади,–Бу аҳволда бирортамизнинг бошимизга етасан сен? Емай қўймайсан!

– Нима бунча? Биров сени бўғзингдан олаяптими? Ҳеч гап йўқку?,–ғудрандим.

– Қишлоқни қуршаб олганлар “ҳеч гап” бўп қолдими сенга? ,–кўзларини олайтирди опам.

– Чап томонинг билан турганмисан бугун? Нимага бунча одамга “ташлаб” қолаяпсан?,–дедим дилим оғриб.

–  Қариндош уруғларни шармандаи шармисор қилганингдан кейин  нима қилишим керак? Пешонангни силайми? Кўтара касофат экансанку?,–яна гап билан “тишлаб” олди опам,–Дўхтирларни олдидаям шарманда қилдинг! Мана бу «каззаоб»ларинг энамни кўриб қўйгани келган “Тез ёрдам”даги дўхтирларниям ўтакасини ёришибди. Кетаётганларида ортидан қувиб,етиб,  “Ким чақирди? Қаердан келдинг? Нимага келдинг? Кимни олиб кетаяпсан?” деб роса сўроқ-саволга тутишибди. “Тез ёрдам”дагиларнинг ранглари докадай оқариб кетганмиш…  Машина ўриндиқларининг тагигача текшириб чиқишганмиш уларинг! “Тез ёрдам”дагилар “больница”га бориб,ҳаммадан “суюнчи” сўрашибди! Ҳали поччанг айтиб қолди.  Ҳамкасбларимнинг олдида уятдан ўлдим деди. Шу керакмиди сенга?

Тез ёрдам” кетаётганида кузатгани чиқмаганимни эсладим…  “Пойлоқчиларим”га қорамни кўрсатмадим-ку?  Ана шунга ташвишга тушиб қолгандир-да улар. Айтдим,ҳали бу РАФ қургур ғизиллаганча “Тез ёрдам”нинг орқасидан эргашиб кетувди деб?… Ўйланииииб қолдим…

– Нимага гапирмайсан? Айт,шу томошалар керакмиди сенга? Гапир? Нимага кўзингни лўқ қиласан?,–зуғумини бас қилай демасди опам.

Қарасам,бўлмайдиган. Бу тортишувларнинг адоғи йўқдек!

– Биз исмалоқ пичак пиширувдик. Совумасин. Ол,е,–мулозамат қилдим опамга. Яхшиям гапни бурганим. Хайрият,опам овқат билан “олишиб” қолди…

Бир пайт ҳафсала билан текистланган сақолини силаб амаким – отам раҳматликнинг укаси энамни йўқлаб келди. Туғишганлар ҳам шунчалик бир-бирига ўхшашадими? Қуйиб қўйгандек худди отамнинг ўзгинаси-я? Нафақат қиёфаси,феъл атвори ҳам:камгап,касуқум,беозор… Меҳмоннинг ташрифидан қанчалик севинмасин,энам барибир уларнинг олдида узоқ ўтира олмайди. Сал кам тўқсон ёш-да. Ҳазил бўптими? Тезда чарчаб қолади. Пинакка кетади…

– “Озодлик”га ишга кириб кетганмишсан деб эшитдим?,–деб қолди амаким дабдурустдан.

– Йўғ-э,бўлмаган гап,–дедим ҳайронлигим ошиб.

–  Ўзбекистонни  обориб-обкелиб,радиода ёмонлаб  ётганмишсан?

– Фақат радио ходимларининг ўзлари гапиришмайдику у ерда? Интервью бергандирман,–амакимнинг соддалигидан кулиб қўйдим.

– “Озодлик”да ишламасанг,Маҳмуднинг уйини орқасидаги мошин нима қип турибди? Участкавой нимага бўзчининг мокисидай қишлоққа  қатнаб юрибди? Ҳамзанинг уйиниям битта мошин қўриқлаб ўтирибди. Ишласанг керак-да,алдама?,–деди амаким безозоргина оҳангда.

Қишлоғимнинг одамларига “Эрк”,“Бирлик”,“Бирдамлик” деган  номлар,мухолифат деган тушунчалар мутлақо бегона. Билганлари шу:БИ-БИ-СИ билан “Озодлик”! Ҳатто “Америка овози”ни ҳам эшитишмайди. “Озодлик”да гапирганларнинг ҳаммаси  Ҳукумат учун хавфли деб ўйлашади    соддадил қишлоқдошларим.  Амакимни тушунаман. Мийиғимда кулиб қўяман.

– Мен “Озодлик”да эмас,“Бирдамлик”да ишлайман,амаки,–тушунтиришга уриндим.

– Нима ишлаб чиқаради унинг? Ё газит-пазит чоп қилама? – сўрайди суҳбатдошим қизиқиб.

– “Бирдамлик”  маҳсулот ишлаб чиқарадиган завод эмас. Газета ҳам эмас,–дедим юрагим тошиб. “Қандай тушунтирсам экан?”. Бирдан шўхлигим тутиб кетди,–Амаки,“Бирдамлик”  Каримовнинг зўравон тузумига,адолатсиз бошқарувига қарши бўлган авлодни “ишлаб чиқаради”. Янги ҳукуматни вужудга келтиради,тушундингизми?,–муғобирона жилмайдим.

– Билдим,Каримовнинг тагига сув қуйиш билан шуғулланаркансанлар-да? У қудратлику? Ҳамма нарса унинг қўлида? Кучларинг етадима?,–сўради амаким ажабланиб,кейин ўз саволига ўзи жавоб қилди,–Етмайдииии… Эсинг оғиб қопти сен болани…,–овозларида андуҳ бор эди…Ботинмайгина кўзларига қарадим. Амаким менга ачиниш билан термулиб турарди…

(давоми бор)

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

http://birdamlik.info/?p=25932#more-25932