Jan 092013
 

Тошкент сафаридан қайтарканман, энг гўзал ва менга ёқадиган қишлоқ
манзарасига боқаман. Қишлоқчасига қурилган уйлар, кенг яйловлар ва
қўйларнинг бараши. Шунга ўхшаш, мен хушлайдиган манзарага кўз тикаман.
Битта, битта қурилган ва кенг ҳовли орасида қад ростлаб турган уйлар.
Бу уйларга  ногаҳон кўзим тушади-ю, ўзимга ўзим “бу жойларда
яшаётганлар бахтлимикан?” – деган саволни  бераман.
Кўпроқ қуттиларни эслатадиган бу уйлар ичида эса кимдир хушбахт, яна
кимдир бахтсиздир. Ҳар ҳолда хаёлимга шундай ўйлар келади.

Ўзбек халқи болажон халқ экан, гўдак йиғиси эшитилмаган хонадонни уй
деб ҳам аташ қийин. Гўдакнинг йиғиси барчага баробар завқ бағишлаши
эса ўтмиш авлодларимиздан бизга мерос. Унинг кулгуси эса бутун дунёни
қувончга тўлдирса керак. Фарзандсиз инсонларни учратиб қоламан гохида.
”Фарзандиннгиз нечта”, – дея сўраб қолмасмикан деган хадик бўлади ундайларда. Афсуски, орамизда озми, ёки кўп, ҳар ҳолда тирноққа зорлар ҳам топилади. Лекин Худо бировни бундай қилмасин экан.

Бир таниш аёлни ёдга олдим. У анча йилллар давомида фарзанд
кўрмаганди. Яқин дугонасини учратиб қолдим. ”Фарзандлик бўлдиларми”? –
дея савол бердим.
“Бир бола боқиб олганди, орадан икки йилча вақт ўтиб ўзи ҳам
фарзандлик бўлди”, – дея жавоб берди танишим.  Саволга бериламан: нега
энди бола боқиб олгандан сўнггина Худо унга фарзанд ато қилди экан? Шу
фарзандни барибир берар экан, нега бунча қийнади?

Бир кам дунё дейдилар. Бирида тирноққа зор қилиб синаса, бирида
аксинча бўларкан. Кимлардир ўзи дунёга келтирган соғлом фарзандидан юз
ўгиради. Мурғак боланинг гуноҳи нимада эди? Нега у ўз онаси бағрида эмас, балки нотаниш кишилар қўлида вояга етиши керак?

Она – бу мўьтабар зот! Она фарзанди учун жонини беришга ҳам тайёр
туради. Умримнинг кўп қисми касалхонада ўтган, фарзандим туфайлик.
Жуда ҳам кўп воқеалар шоҳиди бўлганман. Бундан ўн йилдан ҳам илгари
эди, худди фарзандимнинг ёшидаги бир болани оғир ахволда олиб келишди. Судиргидан комага ҳолатига тушган, ахволи оғир эди. Онасини  эса юзи худди оқ докадек ҳолга келган, кўзлари маьюс ва ғамгин эди. Ахир юрагини бир парчаси оғир ахволда, ажал билан олишиб ётганди!

Жонлантириш (реонимация) бўлими шундай бир бўлимки, инсон фақат бир
хаёлда, ўйда юради. У ҳам бўлса тезроқ фарзандининг соғайиши! Бошқа
ҳеч нарсани кўрмайди ва эшитмайди ҳам. У ерларга ҳеч кимни боргилик
қилмасин экан Худойим. Аввал жонлантириш бўлимида анча кунлар
даволанди. Сўнг бошқа бўлимга кўчиришди. Неврология бўлимида фарзандларимизни бирга олиб ётдик.
Бу боланинг иситмаси сира-сира тушмасди, дир-дир қалтирар эди. Муолажалар
қилинар,  аммо наф бермасди. Унинг ташхисини сўрадим, менингит экан.

“Нима сабабдан келиб чиқди бу, мабодо гриппдан эмасми”?- савол бераман.
Она эса йиғлаб, ”қорда оёқ яланг юрган, шундан”, – дейди. Сира тушуна олмайман.

“Сиз нега эьтиборсиз бўлгансиз”? – тағин саволга тутаман.
“Мен касалхонада даволанишда эдим,”- дейди кўзларида ёш қалқиган она.

Ҳа тушунарлик дегандек бош ирғайман. Бошқа савол беришга ҳожат ҳам йўқ
аслида. Бу аёл бир алфозда экан, унга фақат далда беришдан ўзга чора
йўқ.  Анча кунлар касалхонада бир палата ётдик. Бу аёлни ва фарзандини
сўраб биров келмас эди.
Мен ҳам сўрай олмасдим. Менга келаётган таом борми, ёки
мева-чеваларми, бирга баҳам кўрардик. Мендан ёши катта  бўлсада, ”опа”
дея мурожаат қиларди. Биз худди опа-сингилллардек бўлиб кетдик.
Биримиз кўчага чиқсак, биримиз болалар ёнида қолардик.
Иккаламизнинг ҳам фарзандларимиз, тил-забонсиз эди. Исми ҳам аниқ
эсимда йуқ, анча йиллар бўлди бунга ҳам. Бир тунда оғзи тамшаниб ётган
экан, чанқабди деб уйладим.

“ Қорнинг оч қолдими ё сув ичгинг келаяптими”? – дея сўрадим ундан.

“Йўқ холажон, ҳеч нарса емайман”, – жавоб берди бетоб бола.  Мен
хурсанд бўлиб онасини уйғотдим.

“Туринг болангизни ахволи яхшиланди, у гапираяпти”, – дедим. Аёл бирам
хурсанд бўлдики, аста қўяверинг. Нималардир бердим ўшанда. Еди, сув
ичди. Тун, соат ҳам тахминан учлар эди. Бир махал болани кўзлари
катта-катта очилди ва мен тушунмадим. Жуда даҳшатга тушгандим бундан.
Онасига қарамай шифокорга чопдим. Навбатчи шифокор келди.

”Бу судирги, қўрқманглар”! – тушунтирган бўлди шифокор.

Дори-дармон қилишганди, бола тинчиди ва унинг онасининг кўзи ҳам
уйқуга кетди. Менинг эса икки кўзим  болада эди. Сира уйқум келмасди.
Кўнглим нималарнидир сезаётгандай эди. Болани яна кўзлари тепага қараб кета бошлади. Қараб тура олмадим ва онасини уйғотдим. Болани даст кўтариб олиб  жонлантириш бўлимига олиб чопдим. Жони сақланиб қолармикан деган ўй бор эди. Болани қўлимдан шифокорлар олишди. Мен эса ўлиб қолмайдими дея
қайта-қайта савол бераман.

“Худонинг қўлида ҳаммаси”, – жавоб беради шифокор.

Болани дарҳол кислород камерасига жойлашди. Анча вақт тепасида турдим.
У тирикми ёки ўтдими, билмасдим. Танаси худди музлаб қолгандай эди.
Хаёлимда қўлимда жон бергандек эди. Шифокорлар эса ҳеч нарса демаётганди. Тонг саҳарда у болакайнинг жони узилганлиги шифокордан эшитдим. Аммо ҳали ҳам бола кислород камерасида ётарди. Онасига яқинлари келгунича бу хабарни айтмаслигимни қаттиқ тайинлашди. Болани онаси эса бу вақтда коридорда у ёқдан бу ёққа асабий қадам ташлаётганди.

“Камбағаллик қурсин”, – дея гапирарди ўзига ўзи.
“Нега ундай дейсиз, фарзанди бор инсон бу энг бой инсон”, – дея далда бергандим ўшанда.
“Пулим кўп бўлганида, боламни сақлаб қолган бўлардим”, – деганча кўксимга бош қўйиб йиғлади у. Болани нобуд бўлганини онаси сезган экан. Уни чалғитиш учун  ўзимиз ётган палатага олиб кетдим. Кўнгли сезган бўлсада, ростакамига ўзи билмай турганди. Йиғлаб-йиғлаб кўзи уйқуга кетди, ҳаво эса совуқ эди.Шифокорлар эса бу вақтгача бу аёлнинг яқинларини чақириб улгуришган экан. Ажал келса, пули бор ёки йўқлигига ҳам қараб ўтирмайди. ”Қирқ кун қирғин келса ҳам, ажали етган ўлади” дейишган қадимдан. Миллионлаб пуллари бор  инсонлар ҳам  ажалдан қоча олмайдилар. Ахир бир кам дунё
дейишган…

9 январь, 2013 йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.