Dec 242012
 

 

2001 йилнинг 6 июл куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, собиқ Ўзбекистон Халқ депутати, “Бирлик фаоли” Шовруқ Рўзимуродов ўлдирилди.” Хабарлар оқимидан.

Ўзбекистон Халқ депутати бўлган Тойиба Тўлаганова (41), собиқ СССР халқ депутати ва Ўзбекистон халқ депутатларининг рўзномаси “Халқ сўзи”нинг илк бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов(57), мустақиллик учун кураш йилларининг Ўзбекистон халқ депутати Шовруқ Рўзимуродов(44)…. Улар Аллоҳнинг марҳаматига қовушган бўлсинлар!..

1990 йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Олий кенгаши тўққизинчи чақириқ биринчи сессиясида Аҳмаджон Мухторов нутқ сўзлаб: “Демократик жараёнларни янада ривожлантириш, сиёсий ўзгаришларни чуқурлаштириш, конституцион тузумни, фуқароларнинг ҳуқуқларини, эркинликлари ва хавфсизликларини мустаҳкамлаш, бошқарув олий органларининг ўзаро алоқасини такомиллаштириш мақсадида президентлик бошқаруви жорий этишни”таклиф қилди.

Бу таклифга қарши чиққан фалсафа фанлари номзоди Тойиба Тўлаганова Ўзбекистоннинг бугунги шароитида президентлик бошқаруви яккаҳокимликка олиб келишини ва демократия истаб диктатурага йўлиқишимизни, коммунистик партия тарбиясини олган раҳбарлардан чиқадиган президент “таши” бошқа бўлгани билан ичи айни тарзда қолишини айтди. У демократия ўрнатилиши учун парламент бошқаруви заруратидан сўз этди.

-Бундай фикр аёл кишидан чиқмайди, аёлларнинг ақли калта бўлади, таклифнинг ортида қандайдир кучлар бор,- деган Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби, КПСС МК сиёсий Бюросининг аъзоси Ислом Каримов Тойиба Тўлагановани очиқчасига камситди.Танаффусда эса маҳаллий мухбирларга интервью берар экан “Аёллар товуқ мия бўлади” дейишгача бориб етди. Унинг гапига қўл силтаб кетганлардан бири Шовруқ эди.

Президентлик лавозими ҳақидаги қарорни қабул қилиш ва Каримовни сайлаш бошланганда Шовруқ сўз сўради. Лекин дўппини салла қилиб кўрсатиш даражасида устамон бўлган мажлис раиси Мирзаолим Иброҳимов:

-Ука, сиз эмас, ёнингиздаги дўппили одам гапирсин,- деди.

Дўппили одам эса сўз сўрамаганини айтишга хижолат чекар экан, Шовруқ ўрнидан туриб гапира бошлади. Унга микрофон керак эмас эди. Унинг гуриллаган товушини мажлислар залининг ҳар жойидан ҳам эшитса бўларди. Шовруқ: “Мен бу одамни Қашқадарёдан биламан. Бу одам президентликка лойиқ эмас. Агар президент бўлса ҳаммангиз пушаймон бўлиб қоласиз ҳали…” деди.

Шовруқ қўли билан минбарга ишора қилиб гапирар экан Каримов қизариб кетди. Микрофонни жаҳл билан олдига тортди. Лекин нимадир эсига тушган кишидек яна микрофонни раиснинг олдига сурдида “Бас қилинг майнавозчиликни” деди. Раис дарҳол бас қилди. Музокаралар тўхтатилиб “бир овоздан” президентлик лавозими ташкил қилинди ва “бир овоздан” Каримов сайлаб юборилди.

Шовруқ кечаги кунни кўриб, келажакни айтаётганди. Кейинчалик Каримовнинг Қашқадарё вилоят партияси биринчи котиби бўлган пайтида қўшиб ёзиш, кўзбўямачиликлардан бошлаб яна бошқа жиноятларига қадар ҳужжатларни Олий кенгаш ҳайъатига тақдим этган халқ депутати Иномжон Турсунов қамалди.

Каримов билан юзма юз бўлиб камчиликларини юзига айтган Самандар Қўқонов умрбод турмага тиқилди.

Каримов билан Қашқадарёда тортишган ва сўнгра бу курашни Олий мажлисга ташиган Мурод Жўраевнинг ўн гулидан бир гули очилмаган ўғли ўлдирилди, ўзи зиндонбанд этилди.

Нега жиноятчилар ҳукумат бошига келмоқда, нега мафия ҳукуматни қўлга олмоқда?” деган Мели Қобулов темир панжаралар ортига жўнатилди. Ва ҳоказо ва ҳоказо…

Шовруқ буларни олдиндан кўра олганди. Ўша куни танаффусда Аҳмаджон Мухторов билан гаплашиб турганимизда Шовруқ олдимизга келди.

-Сиз билиб қўйинг ,- деди у Аҳмаджон акага,- Бу одам рафиқини ҳам, рақибини ҳам кечирмайди!

Аҳмаджон аканинг кўзи ёниб кетгандек, бўлди. Дарҳол дафтарига бу сўзларни ёзиб олди. Кейин:

-Укажон Москвада Гдлянчилар билан курашда яккаланиб қолаяпмиз. Депутатлар партиядан қўрқишади. Президентлик ташкил қилинса партиянинг таъсири камайиши мумкин. Мен ҳозир бу одамдан бошқа лидерни кўрмаяпман, кейинчалик балки бошқа кадрлар чиқар- деди. Аҳмаджон ака ўша кезда Каримовга сидқидилдан ишонарди.

Шовруқ унинг Қашқадарёда одамларга зулм қилгани, Ўзбекистон Компартиясининг Москвадан юборилган иккинчи котиби Анишчев билан биргаликда кўп одамни қаматиб юборгани, Гдлян тўдаси билан ҳам алоқаси борлигини айтар экан Аҳмаджон ака:

-Укажон деворнинг ҳам қулоғи бўлади, бу гапларни менга айтдингиз бошқага айтманг, бундай гаплар учун кечирмайди бу бадбахтлар,- деди.

-Халқ бу гапларни айтиш учун мени мажлисга юборган ,- деди Шовруқ.

Кейинчалик Фарғона воқеаларини босди – босди қилиб юборгани, Паркентда оддий одамларни отишга буйруқ берганини, атрофидагиларни ҳақоратлаб дўппослагани ва бошқа “ҳунарлари”ни кўргандан кейин Аҳмаджон ака ҳам Каримовни таниди. Шу боис ҳам у ўзи бош муҳаррир бўлган газетада танқидий мақолалар ва таҳлилий чиқишларга йўл очди. Аммо Каримов уни қувғинга олди. Кекса журналистга иш бердиртирмади. У сарсон саргардонликда юриб миясига қон қуйилди…

Каримов Тойибани ҳам кечирмади. Уни Олий кенгашдаги ишидан қувдирди. Дорилфунунга қайтганди у ерда ҳам таъқибга олди. Тойиба ҳам орамиздан эрта кетди…

Шу ўринда кичик бир чекиниш: Иосиф Сталин тарихни ўзи ёздиргани каби қолдиришни истаб гувоҳларни йўқотишга киришганини бугун гапиришга ҳожат ҳам йўқ. Лекин тарихнинг у бекитган саҳифалари бугунга келиб очилди. Сталин даврида ўлдирилганлар ҳақидаги маълумотларга қарасангиз, бирига “Қамоқда ўзини осди”, бошқасига “Миясига қон қуйилди”, кейингисига “Оғир хасталикдан ўлди” деган хулосалар қўйилган. Лекин уларни ўлдиришганди…

Каримов ўзини кечирмаслигини Шовруқ яхши биларди. Зотан депутатлар орасида калтак биринчи бўлиб унинг бошида синганди. Каримов 1990 йилнинг 24 март куни президент бўлган бўлса, орадан бир ҳафта ҳам ўтмай Шовруқни тўртми, бешми боласи бўлган бир аёлга уй олиб берганликда айблашди. Яъни депутат бунақа ишларга аралашмаслиги керак экан. Бир ойдан кейин, Май ойида эса норасмий митинглар ва бошқа бўҳтонлар билан қамоққа олишди.

Олий кенгаш ҳайъати уни қамашга сиртдан изн бериб юборганини эшитиб, қўмита раисларига норозилик билдирдик ва масалани сессияга олиб чиқажагимизни айтдик. Каримов Мажлис раисига: “Уни олиб келиб президумда муҳокама қилиб, депутатликдан чиқаринглар, қолганларга дарс бўлсин” деб айтибди. Раисга “Бу гапимни ҳам айт” деган бўлса керакки у “Оқсоқол шундай дедилар” деб қўрқмасдан айтганди бу гапни.

Биз қўмита раисларига бу қақшатгич зулмнинг илк одими, уни тўхтатиш қўлларингизда” деб Шовруқни сақлаб қолиш масаласида тазйиқ ўтказдик. Улар ўзлари бир нарса қила олмасликларини, лекин бизларни ҳайъат мажлисига киритиш учун овоз беражакларини айтишди. Қўмита раисларидан, шоир Эркин Воҳидов эса “Бизга олдиндан қўл қўйдириб олишган, муҳока қилиш расмиятчилик, холос, барибир бир нарсага эриша олмайсизлар”, деб ҳайъат мажлисига кирувчиларнинг шаҳдини синдирди. Бу масалани тортишиб турганимизда миршаблар Шовруқни олиб келишди.

У халқ томонидан сайланган парламентга миршаблар қуршовида, қўлида кишан билан келаётган эди. Кийимлари ғижим. Соқоли ўсиб кетган. Кўзлари чўкканди. Биз унга пешвоз чиқдик.

-Буларнинг кучи етмади. Олиб келган янги кийимларини ҳам киймадим. Соқолимни олиш ҳақидаги буйруқларини ҳам бажармадим,- деди у.

Уни мажлисга олиб киришди. Миршабларга топшириқ бериб, ҳозир президент келажагини ва ичкарига ҳеч ким олинмаслигини айтишди. У пайтда ҳали миршабларнинг кўзида бир оз бўлсада қўрқув бор эди. Бизнинг йўлимизни тўса олмадилар. Ичкарига кирдик. Раис дарҳол мажлисни тўхтатиб, “Мен пастга, президентни кутиб олишга бораяпман” деб чиқиб кетди. У ҳам, Президент ҳам келишмади. Шовруқни эса олиб кетишди.

Биз масалани сессияда кўтардик. Каминанинг Шовруқ ҳақида айтган гапларимни ўшанда кўпчилик эшитган. Сессия мажлисини телевидение орқали намойиш қилишга эришгандик:”Бугун Шовруқни қамашган бўлишса эртага навбат бошқаларга келади. Бугун калтак, эртага қамоқ ва индин ўлдиришгача бориб етишади. Буни бугун тўхтатмасак эртага кеч бўлади” дегандим. Минг афсуски тўхтата олмадик ва кеч бўлди.

Бугун Шовруқни… Шовруқларни йўқотиб турибмиз…

Ана шу дард билан президент девонида ишлаётган эски дўстлардан бирига сим қоқдим. Унинг ҳам дарди ичида экан. Ўзи тинч бир жойдан телефон қилажагини айтди. У билан узоқ гаплашдик. Анчайин қўрқмаслигидан президент девонидаги вазиятни ҳам тахмин қилиш қийин эмас. Ҳатто унинг хорижга кетиб қолишга кўнгли бордек туюлди менга.

Унга кўра Ўзбекистон Исломий ҳаракатини қўллаганлардан бири Иброҳимбек “қўрбоши”нинг невараси, хорижда яшаётган Ҳожи Жамшид Тилав ўғли Азимий Қашқадарёлик бўлиб, ҳаракат унинг истаги билан шу зоналарга ҳужум қилиши мумкин, деган хабар олинган. Бунинг устига Қашқадарёда Ҳизби – ат Таҳрирнинг фаолияти ҳам кучайган. Каримов маслаҳатчиларидан бирига топшириқ бериб Қашқадарёда жиддий тадбирлар олишни буюрган. Ички Ишлар вазири Зокир Алматов дарҳол Қашқадарёга юборилган. Қайтиб келгач маслаҳатчи билан бирга вазият ҳақида ҳисобот тайёрлашган.

Каримов ўзи танийганларининг номини эшитса жазавага тушишини яхши ўрганиб олишгани уcун ҳисоботда асосан Шовруқ ҳақида сўз юритишган: Шовруқ Сурхондарёдаги кўчманлар билан алоқага кирган. У ердаги гапларни бутун дунёга овоза қилди… Шовруқ Ҳизбу- ат Таҳрирнинг варақаларини компютерда ёзиб, кўпайтириб бермоқда… Шовруқ Москвадаги “Мемориал”га аъзо бўлган ва бу ташкилотнинг раҳбарларидан бири Виталий Понамарев Ўзбекистонни ёмонлаб гапираётган ҳамма гапларни у етказиб турибди. Понамарев Ўзбекистонга келганда ҳам у олиб юрган. Олмониядан келган “Фокус” журнали мухбирларини ҳам Сурхондарёдаги лагерга у олиб кирган ва ҳоказо.

Ҳисоботни эшитган Каримов дарҳол Шовруқни ушлаб келишни ва у билан ўзи ҳисоб-китоб қилишини айтган. Зокир Алматов бу ишни асли қашқадарёлик бўлган полковник Маҳмуд Бекмуродовга топширган. Шовруқни 2001 йилнинг 15 июн куни кўчада ушлаб Тошкентга олиб келишар экан, маҳаллий миршабларга “ҳужжатларни” тўғрилаб қўйиш буюрилган. Миршаблар унинг Яккабоғ туманининг Олақарға қишлоғидаги уйини босишган.

Манбанинг айтишича “хумордан чиқиш” ва таниганларини дўппослаб келиш учун Ислом Каримов Ички Ишлар вазирлигининг ертўласига бориб туришини президент девонидагилар яхши билишар экан.

Агар 1991 йилнинг кузида Олий Кенгаш раиси А. Йўдошевни тепкилагани, ўшанда Савдо вазири бўлган Мираброр Усмоновни ургани ва Бош вазир ўринбосари Бахтиёр Ҳамидовни дўппослаганини кўрмаганимда бу гапларга ишонмаган бўлардим.

1993 йил 17 апрел куни мени ушлаб Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерел Тўхтевнинг хонасига олиб келишганда аввал президент маслаҳатчиси Темур Алимов унга телефон қилиб эрталабгаcа йўқотиш ҳақида буйруқ берилганини айтгани, генерал вақт сўрагандан кейин президетнинг ўзи телефон қилиб бақирганига гувоҳ бўлмаганимда ҳам шубҳага боришим мумкин эди.

Бунинг устига уларнинг “Шовруқ ўзини осиб қўйди” деган баҳоналари ҳам қинғир ишнинг қийиғини кўрсатиб турибди. Шовруқ ўзини осадиган даражада заиф эмас эди. У ҳам жисмонан, ҳамда маънан жуда кучли инсон эди. Унинг акаси Шавкат Рўзимуродовнинг “Укаминг вужудида задаланмаган соғ жойи қолмаганди” деган гаплари ҳам кўп нарсанинг далолати. Бошидаги жароҳат излари эса унинг зулмга бўйинсунмагани белгисидир.

Ҳа, у зулмга бўйсунмас ва қўрқмас эди. У ҳеч кимдан, айниқса Каримовдан қўрқмас эди. Қўрқоқлар кучлари етмаганда ё туҳматга бошлайдилар ва ёки жирканч қиёфага кириб номардлик қиладилар.

Номардлар тўдабошиси ва ҳаромхўр қузғунлар томонидан ўлдирилган дўстим Шовруқ Рўзимуродов ҳақида ўйлар эканман, яна бир дўст ёдга тушади. Мени қутқариб, Самарқанддан Жиззах орқали йўлга солган, Шовруқ каби жисмонан кучли бўлган полковник Асатилло Атоуллаев 43 ёшида “саломатлиги боис” пенсияга чиқарилгани ва кўп ўтмай аварияга учраб оламдан ўтгани (Аллоҳ раҳмат қилсин!) дилимни ўртаб юборади…

Хоинларга қўрқмас йигит ўлмаслигин кўрсатдинг,
Ёлғон-ботқоқ, бу йўллари йўлмаслигин кўрсатдинг,
Ўзбек авом, бу халқ билмас ўзлигини, деганга
Шовруқ каби лочинлари гўлмаслигин кўрсатдинг!

Жаҳонгир Муҳаммад.

Бу мақола 2001 йилда  “Ҳаракат” журналида эълон қилинган ҳамда муаллиф томонидан “Озодлик” ва “Америка овози” радиоларида ўқилган.

wwww.jahonnoma. com (“Тарихни титратган кунлар” китобидан)

 

http://turonzamin.org/2012/12/21/mustaqil/#more-21047