Dec 232012
 

БИРДАМЛИК” ФАОЛЛАРИ ҚАМОҚДА ҲАДСИЗ ТАҲҚИРЛАНГАН…

Кўнгилга яқин,қадрдон кишингиз дийдорлашган кезингизда бир бора бўлса-да ўзини бағрингизга отиб,маҳкам қучиб,таҳқирлардан эгилган бошини кўксингизга қўйиб кўз   ёш қилганми? Ўксиб-ўксиб,елкалари титраб,эзилиб-эзилиб узоқ,жуда узоқ йиғлаганми,аянчли инграганми?  Шундай бўлганми ҳеч? Бўлган бўлса,қандай ҳолатга тушгансиз,кўнглингиздан нималар кечганди ўшанда?

 

21 декабрь куни менинг ҳаётимда ана шундай аянчли ҳолат содлир бўлди. Ёмон,жуда ёмон бўлар экан….

Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинган кунининг 20 йиллиги муносабати билан “Оммавий Шодлик” – “ОШ”,“Оқ Шарф” марафонини ўтказишга бел боғлаган,амалдаги диктаторлик режимига қарши ўз норозилигини Оқ Шарф боғлаш орқали ифода этишга ўзида журъат топа олган “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Жиззах вилоят бўлими етакчиси Саида Қурбонова  15 суткалик қамоқ жазосидан қутилиб чиққан кун,опа билан дийдорлашган кезимизда шундай бўлди. Даставвал,опани танимай қолдим. Шусиз ҳам озғин аёл янада озиб-тузиб,юзлари сўлиб қолган эди. Қурбонованинг нигоҳларида қотиб қолган надоматни кўрдим…. Елкалари чўкиб,юзларига ғам соя солган жабирдийда бир аёл турарди қаршимда…

Саида опа менга кўзи тушиши билан ўзини бағримга отди. “Малоҳат” деди бўғиқ товушда. Бор-йўқ айтган сўзлари  шу. Ўзга гап гапиришга    қурби етмаган аёл мени шундай қучди,шундай маҳкам қучдики,кейин бошини бағримга беркитиб йиғлаб юборди. Бир йиғики,одамку,одам,ҳатто  уни эшитган ҳар қандай тош   қоқ бўлиниб,кўк ўпар тоғлар чўкака тушиб қоларди…  Жудаям аянчли манзара эди бу…  Кўнглим тутдек тўкилиб,қалбим тилим-тилиб бўлиб кетди…Саида Қурбонова шунақанги алам билан йиғлардики,бунга дош бериш мушкул эди…. Опани юпатишга ожиз эдим. Тилим калимага келмасди…

– Бўлди,оапжон,йиғламанг,ҳаммаси ортда қолдику?  Туҳматдан қамалганингизни,тузоққа туширишганларини ҳамма билиб,кўриб турибдику? Бўлди,ўкинманг,–дея олдим зўрға,–Сиздек аёлни шу 15 кун ичида қаддингизни букиб,иродангизни синдириб қўйганларига ишонмайман. Бардам бўлинг,–Бироқ,Саида опани тинчлантириш мушкул   эди.

Қорли куннинг қаро кечасида,эшик олдида биз –икки аёл шу зайилда ярим соатдан ортиқ,қарйиб қирқ дақиқача қотиб қолдик…

САИДА ҚУРБОНОВАГА ҚЎЙИЛГАН ТУЗОҚ ИШ БЕРДИ….

Бирдамлик” етакчиси Жиззах вилоятида “ОШ” тадбирини муваффақиятли ўтказа бошлади. Аҳолига Конститутция китобларини туҳфа қилиш,жамоат жойларида Оқ Шарф боғлаб  кезиш,Оқ Шарфнинг мазмун-моҳияти хусусида аҳоли ўртасида  тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш ва  фуқароларни ҳам  Оқ Шарф боғлашга даъват этиш Саида Қурбонова учун осон кечган эмасди. Ҳатто 5 декабрь куни кечга яқин ўзларини таништирмаган куч ишлатар тизими ходамлари С. Қурбонованинг хонадонига бостириб кирган,дўқ-пўписалар билан,бу йўлдан қайтаришга,қўрқитишга урунган ҳам эди.  Бироқ кўп йиллик тажрибага эга бўлган мухолифат вакилига Ҳукуматнинг  бу чиранишлари чўт эмасди. Шунинг учун ҳам опа ўз мақсади,маслагидан қайтган эмас.  “Бирдамлик” етакчисининг тап тортмаслигидан хуноб бўлган куч ишлатар тизими каззоблари  унинг  иродасини синдириш,бўйнини қайириб қўйиш режасини туза бошлади.

6 декабрь куни тўрга тушириш учун ўзига қўйилган тузоқ хусусида Саида Қурбонова шундай ҳикоя қилади:

–       7 декабрь куни Тошкентдаги Олой бозорида бўлиб ўтадиган асосий “Оммавий Шодлик” тадбирига боришга ҳозирлик кўраётгандик. То унга қадар Вилоятдаги “ОШ” тадбирининг охирги босқичини ҳам ниҳоясига етказиб қўйиш илинжида сафдошим Нуринисо Ҳолбоева билан 6 декабр куни Пахтакор туманининг бир-нечта маҳаллаларида Конститутция китобларини тарқатиш,суратларга олиш ва тарғибот ва ташвиқот қилиш ишларини амалга оширишни режалаштириб қўйгандик,–дея ҳикоясини давом эттиради айбсиз айбдорлик тамғасини олган Ҳаракат етакчиси Саида Қурбонова,–6 декбар куни эрталаб,адашмасам,соат 10.00 ларда уйимга “Чаманзор” Қишлоқ Фуқаролар Йиғини раиси Товбой Солиев кириб келди. У менга “Опа,электр токи узилавериб,одамларни сил қилиб юборди. Доимий электр берилишини талаб қилиб  чиққан эдик,электросетдагилар “Маҳалладошлар билан маслаҳатлашиб,электр берилишининг графигини тузиб келинглар. Берган графикларингизга қараб,кун давомида элга ток бекрилади” дейишди.  Мен билан бирга Пахтакорга,электр идорасига юрсангиз,биргалик-да электр графигини тузардик. Эрталаб токни қайси пайтдан қайси пайтгача неча соат бериш керак,кечаси қайси пайтларда неча соат электр бериш аҳолига қулай бўлади,ана шу масалада маслаҳатингиз керак” деб қолди.

Маҳалла Фуқарорлар Йиғини раисининг таклифисиз ҳам,ўзи “ОШ” тадбирини давом эттириш мақсадида  Нуринисо билан Пахтакор туман марказида учрашишимиз керак эди. Шу сабабли,Товбой Солиевнинг таклифига иккиланмасдан рози бўлдим. Уни яхши танийман. Бир қишлоқда ўйнаб,улғайганмиз. Унинг ортидан эргашарканман,Товбой менга ёмонлик қилиши мумкин,деган ўйдан мутлоқо йироқда эдим. Пахтакор туманига келгач,Нуринисога қўнғироқ қилдим. Йўл-йўлакай Н. Ҳолбоевани ҳам олиб,элекр тармоқлари идорасига бордик. Ишимиз чала қолди. Шунда Товбой “Буларнинг барчаси тушликда экан. Юринглар,биз ҳам бирор тамадди қилиб олайлик” деган таклиф киритди. Шу атрофдаги “Домашная кухня” деган ошхонага кирдик. Товбой,Нуринисо ва мен. Чучварага буюртма бердик.  Шу пайт қаршимизда қийпанглаган бир аёл пайдо бўлди. У Товбой Солиев билан қадрдон экан,чамаси,қуюқ сўрашганча,ҳеч бир таклифсиз қаторимизга қўшилди-да “Иштаҳани очиш учун оз-оздан оламиз!” деганча,спиртли ичимлик тайинлади. Мен азалдан ичмасдим. Нуринисо ҳам,биласиз,яқинда оғир жароҳат олган,организими кучсиз,ичкиликни кўтара олмайди. Шу сабабли,иккаламиз ҳам  ичмаслигимизни айтдик. Аввалига,ўзини таништирмасдан даврамизга ўзини урган аёл бизни у қадар ичишга қистаган эмасди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Товбой Солиев билан бир шишани бўшатишди. Кейин чақирилмаган “меҳмон”га камлик қилди чоғи,офитцантни чақириб,яна битта шиша буюрди.  Ароқ келганидан кейин унинг ўзи соқийлик қилди-да,тўртта идишга тўлдириб қуйиб,улардан бирини менга узатди.  Ичмаслигимни айтгандим,унинг ичкиликдан қизарган юзлари янаям ёниб кетди:

–       Ҳа,ёзувчи опа,сиз ким бўлибсизки,менинг қўлимни қайтарасиз? Қани,олинг? Бирга ичасиз?,–дея заҳарханда қилганча пиёлани тумшуғимнинг тагига тутди аёл. Ана шундан кейингина кўнглимга шубҳа оралади. Ёмон нарсани сезгандек,юрагим орқамга тортиб кетди. “Бу ошхона масаласи атай уюштирилган “тадбир” бўлмасин яна” деган ҳавотирда,ўрнимдан туриб кетиш тараддусига тушдим.

–       Синглим,илтимос,мени зўрламанг,ҳали қиладиган талайгина ишларимиз бор. Биз турмасак,кетмасак бўлмайди. Сиз билан эса,ҳали алоҳида ўтирамиз,ўшанда бирга отамлашамиз,–дедим-да сумкачамни билагимга илиб,ўрнимдан қўзғалдим. Менинг жавобимдан  аёл жазавага тушди:

–       Нега энди даврани совутиб кетаркансиз? Кетмайсиз! Биз билан ўтирасиз! Ичасиз дедимми-ичасиз! Ҳали қўлимни қайтарадиган онасиникидан туғилмаган,–деди у ва яна пиёлани оғзимга тиқиштирди. Юзимни терс ўгирдлим.  Бундай ҳаракатимдан янада қахр отига минган аёл,“Ҳали сизми менинг шаштимни қайтарадиган?!”,  деди-да,пиёла тўла ароқни юзимга сочиб юборди. Камига,“Биз билан ўтирмасанг,мана сенга,мана сенга,мана,мана!” деди-да,ноз неъматлар турган столни куштариб,мен томонга ағдариб юборди. Стол устидаги нарсалар ерга тушиб,чил-чил бўлди. Қўлига илинган идиш синиғини олиб,бир маҳал менга ҳамла қилиб қолди. Хушёрлигим учун унга чап бердим. Буни қарангки,шу пайт милиция ходамлари ҳам тайёр туришган экан. Бизларни дарҳол ушлаб,Пахтакор туман ички ишлар бўлимига олиб келишди. Лекин орамизда асосий гувоҳ,ушбу тушликни,аниқроғи,“тузоқ”ни уюштирган “Чаманзор” фуқаролар йиғини раиси Товбой Солиев йўқ эди…

  Милиция ходимлари то қош қорайгунга қадар ёз-чиз қилишди…Тунги соат 20.30 ларда (вақтига эътибор беринг!  Бунчалар фидойи бўлмаса бу Ўзбекистон ҳукуматининг суд идоралари! Қўйиб беришса,24 соат ишлашса!)  эса Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман судига элтишди. Судья А. Аҳмедов деган шахс суд қилди…Зулмни қарангки,суд-ҳуқуқ тартибод идоралари ходимларининг “ташаббуси” билан  ичиб олиб,бизга ҳамла қилган аёл (кейинчалик исм-шарифини эшитганимиз) М. Касимова жабирдийда,биз эса,жиноятчи бўлиб чиқдик.

  Нуриниси Ҳолбоева ва мени суд Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди ва 15 сутка қамоқ жазоси тайинлаш тўғрисида қарор чиқарди-қўйди…Янаям ачинарлиси,суд тиббиёт экспертларига ҳам ишонч йўқ экан. Ҳамма нарса ИИБчилар ва МХХчиларнинг қўлларида экан. Ҳатто экспертлар ҳам куч ишлатар тизими ходамлари нима дейишса,ўшаларнинг айтганларини қилишаркан. Акс ҳолда экспертиза бизни,спиртли ичимлик истеъмол қилмаган аёлларни “ичган” дея хулоса берган бўлишармиди!  Суддан кейин,шу ернинг ўзиданоқ бизни қамоққа олиб кетишди….  Кейин билсам,буларнинг бари бизни 8-декабрда Тошкентга боришимизнинг олдини олиш,  Олой бозоридаги “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг “ОШ”  тадбирида иштирок этишимизга тўсқинлик қилиш учун куч ишлатар тизимлари ходимлари томонидан сценарий асосида атай           уюштирилган “театр саҳнаси” экан буларнинг бари. Провардида,ИИБ ва Миллий хавфсизлик хизмати  ходимлари  “Бирдамлик”га биримиз етакчи,биримиз аъзо бўлганлигимиз,Жиззахда мавжуд ҳукуматга қарши ўз норозилигимизни “Оқ Шарф” боғлаш орқали намоён этиб юрганимиз,“ОШ” тадбирига ташкилотчилик қилганимиз учун биздан қасос олишга муваффақ бўлишди….

ИИБ ХИБСХОНАСИДАГИ ҲИСОБСИЗ ҲАҚОРАТЛАР…

–       Суд бизни 15 суткага қамаш ҳақида қарор чиқаргандиан кейин,Нуринисо иккаламизни Пахтакор туман Ички ишлар бўлими идораси биносининг “подвал”и (ертўла)га – маҳкумларни вақтинча ушлаб туриш хибсхонасига келтиришди,–дея қора кунларининг қайғули дамларидан ҳикоя қилади Саида Қурбонова,–Иккаламизни эшик ўрнига панжара ўрнатилган бетон,зах бир ҳужрага киритишди. На стол,на каравот,на кўрпа-ястик бор бу ерда. Ҳеч нарса йўқ эди қуруқ полдан ўзга…Ёриқларидан совуқ гупирлаб келаётган полга газета тўшаб ўтиришимизга тўғри келди. 15 кун шу аҳволда яшадик. Қуруқ полга ўтиришимиз,ё ётишимиз керак эди…Азборойи совуқлигидан,15 кунни деярли тик туриб,баданимизни қиздириш,совуққотмаслик  учун тор хона ичида уёқдан-бу ёққа юриш билан ўтказдик…

Энг ёмони,ўша,6  декабрь куни тунда биз ўтирган камерига Пахтакор туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари майор Акмал Жаҳонов кириб келди-да,аввалига иккимизни ҳам истаганича ҳақоратлаб сўкди. Оғзаки таҳқирларидан қониқмади чоғи,кейин бизга қўл кўтаришга ўтди.  Аввалига менинг елкаларимга туширди,ошқозонимга мушт урди,охийри бошимга шунақанги зарб билан урдики,оғриқнинг зўридан бетон деворга суяниб қолганман,хушимдан кетганман. Мени чала ўлик ҳолатига солиб,“тахлаб” қўйганидан кейин,навбат Нуринисога келган. Майор Акмал Жаҳонов у шўрликнинг сочидан тортиб,бошини бетон деворга бир эмас,бир неча марота урибди. Ураверганидан,Н. Ҳолбоеванинг боши,пешоналари кўкариб,ғўрра бўлиб, шишиб кетибди. Буни мен эрталаб кўрдим. Ҳали айтганимдек,номига камера. Бироқ,эшиги йўқ,шунчаки панжара ўрнатилган,холос. Ертўла эмасми,бир томондан полнинг ёриқларидан савуқ келса,иккинчи томондан эшикдан шамол елади. Бу совуқ ўпкамизни олиб кетди,буйрагимиз 15 кунда ҳам совуқдан,ҳам калтаклардан адо бўлди….  Мени ҳар куни  ертўладан тепага,ИИБ ходимларининг хонасига олиб чиқишади. Кунда тергов,кунда сўроқ қилишади.

Мени сўроқ қилаётган бирорта ходим ўзини таништирган эмас. “Сизга ўзимизни таништиришимиз шарт эмас!” деб жеркиб ташлашади.

–                 Бу терговларнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат эди?,–ярасини янгилаб қўяётганимдан ҳижолат бўлиб,журъатсизгина савол бераман Қурбоновага.

–                  Уларнинг топган гапи шу:“Нега давлат рўйхатидан ўтмаган “Бирдамлик” ҳаракатига аъзо бўлгансан? Нега мухолифатман дейсан? Нега Ватанни сотасан,нега Ўзбекистонга хиёнат қиласан?”,деган мазмундаги саволларни қаторлаштириб ташлашади.

Хибсхона шунақанги ёмон жой эканки,у ерни душманимга ҳам раво кўрмайман. Милисалар одамни у ерга бир киритиб олгунларича экан. У ерга кирдингизми,бошқа бир оламга,жаҳаннамга тушиб қоларкансиз. Иланган ИИБ ходими бир туртиб ўтаракан,оғизга олиб бўлмайдиган гаплар билан ҳақорат қилишаркан.

Пахтакор туман Ички Ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Акмал Жаҳонов “Сенми ҳали Каримовни қулатиш учун Оқ Шарф тақадиган? Сенми ҳали Каримовга қарши чиқадиган? Сенми халқни қўзғайдиган?” деб роса калтаклади. Ҳар “Сенми?!” деган каломада зарб билан ҳали у еримга,ҳали бу еримга мушт тушуради.  “Бирдамлик”да бошлиқ ким? Эшонқулова деганлари сенга пул берганми? Қанча берган? Шулар ҳақида тушунтириш хати ёзиб берасан?” деб талаб қилишди.  Майор Акмал Жаҳонов “Бугундан бошлаб “Бирдамлик”дан чиқасан! Агар чиқмасанг,нафақат ўзингни,уруғ-пуруғинг билан қириб юбораман! Ўйлаб кўр,болаларинг тонг қоронғусида бозорга боради,кўча-куйда юришади! Ким билади ,бахтсиз ҳодиса рўй берадими?! Йўл-пулда машина-пашина уриб кетадими?” деб роса дўқ-пўписалар қиларди. Бу пўписалар қуруқ бўлмасди. Ҳар бир гапида битта шапалоқ тушириб туради,  ёки тепиб юборади,ё  калтаклайди.

Майор Акмал Жаҳонов менга очиқчасига айтди:“Болаларингни ўйламайсанми?  Истаган пайтимда уларнинг чўнтагига наркотик солиб,қамоққа тиқтириб юбораман,агар “Бирдамлик” дан чиқмасанг!” дея шарт қўйди. “Истаган пайтимда сени қаматтириб юбораман,умрингни қамоқда чиритаман!” дедеб қўрқитди.  “Сенинг жиноятинг бўйнингда! Сен рўйхатдан ўтмаган ташкилотда хизмат қиласан,ватанни сотасан!” дея дағдаға қилди. Бу майор устимиздан кулди:“Қани,“Ўша “Бирдамлик”чиларинг сенга нима қилиб беришди? Қўлларидан нима келди? Айни пайтда сенга кўмак қилаолишаяптими? Жонингга оро кира олишаяптими? Қўлларидан нимаям келарди уларингни?! Сенинг тақдиринг уларнинг қўлида эмас,сенинг ҳаётинг менинг қўлимда. Истасам сени бор қиламан,агар ҳоҳласам,сени бир сонияда йўқ қиламан!” дея таҳқирлади.

  Ва яна Акмал Жаҳонов менга “Бир неча йилдирки эрсиз яшаётган экансан! Шу сабаб ҳам,эҳтимол сенга “Бирдамлик” керакмасдир?! Сенга Каримовнинг қулаши керакмасдир?! Сенга эрсизлигинг учун аслисда эр керакдир,эркакнинг Қ…каттаси керак бўлиб қолгандир? Шуни қумсаб қолгандирсан? Шу керакми,а,сенга,айт! Ҳа,де!!! Айт! Тасдиқла!” дея шафқатсизларча калтаклади. “Ҳа,шундай! Менга эркак киши керак эди”,демагунимга,гапларини тасдиқламагунимга қадар калтаклашни бас қилай демайди.

Мендан хафа бўлманг,Малоҳат,қахратон қишнинг аёзли совуғи,Акмал Жаҳоновнинг таҳқирлари,калтаклари жон-жонимдан ўтиб кетди. Шу сабабли ҳам,жонимни қутқариш,омон қолиш,болаларимни асраш илинжида қамоқхонада улар нима дейишган бўлса,уларнинг барча  айтганларини қилишга мажбур бўлдим. Улар мендан “Бирдамлик” Ҳаракатидан чиқдим. Энди бу ташкилотда ишлайман. Ишласам,мени нима қилсанглар,ихтиёр ўзларингда” деган мазмунда тилхат ёзиб беришимни талаб қилишди. Ноиложликданг ёзиб бердим. Ҳатто видео тасвирга ҳам олишди. Улар менга ўргатган ва айтишимни талаб қилган сўзларни гапиртириб,тасвирга олишди. “Мен Баҳодир Чориевга ҳам тупурдим,Малоҳат Эшонқуловага ҳам тупирдим,ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевга ҳам,Бахтиёр Ҳамроевга ҳам,шу йўлга кирган барча одамларга тупирдим. Энди тушуниб етдим,мен юрган йўл хато экан” деб айтишга мажбур қилишди ва мен ҳам улар айтган гапрларни такрорлаб турдим. ИИБ ходимлари барча гапларимни видеотасвирга олишди. 15 кун давомида ҳар куни хар хил одамлар келиб тергов қилади,истаганларича уради,калтаклайди,сўкади,ҳар куни ҳақорат,таҳқир,таёқ…

Бир куни узун-узун,новча одамлар келди. Иккита. Улардан бири:“Ўйлама,биз милисадан ҳам,миллий хавфсизликдан ҳам эмасмиз. Биз юқоридан келганмиз. Номини сен ҳам билмайдиган хизмат одамларимиз. Биз шундай қудратмизки,мабодо бу ерда кўрган-кечирганларингни бировга чурқ этгудек бўлсанг,ерга кирсанг қулоғингдан,осмонга чиқсанг оёғингдан тортиб олиб,жонингни оламиз!” дейишди. Уларни фақат бир нарса,“Бирдамлик” ҳаракати,унинг аъзолари,Ҳаракатнинг мақсад-моҳияти қизиқтирарди. “Эшонқуклова менга пул берарди” деб ёзиб беришга қанчалик мажбур қилишмасин,барибир ёзмадим. Мен уларга “моддий кўмакни Баҳодир Чориевнинг ўзидан банк орқали олиб турганман” дедим,шундай дея ёзиб бердим….

–                 Саида опа,тушунмадим,ахир улар сизни мутлақо бошқа айблов билан – яъни майда безориликда айблаб қамашган эдику?  Майда безориликга “Бирдамлик” Ҳаракатининг қандай алоқаси бор? Нега “Бирдамлик” ҳақида сўраб,сизни қийноқ-қистовга олишади? Нега сизни ватан ҳоини дейишади? Ахир суд қарорида сизни Халқ душмани дейилмаганку?,–дея сўрайман,гарчи барчасини тушуниб турган бўлса-да,масалага опанинг ўз оғизларидан ойдинлик киритишга уриниб.

–                 Майда безориликда айблаш бизни қамоққа тиқиб олиш учун шунчаки бир баҳона эди,холос,–Саида Қурбонова оғир оҳ тортди,–15 кунлик қийноқли сўроқ чоғида ҳатто бир оғиз ҳам майда безориликка оид гап бўлган эмас.  Бор мақсадлари “Бирдамлик”га қаратилган эди…. Малоҳат,энди мен “Бирдамлик”да ортиқ ишлай олмасам керак. Чунки улар гўдак набирамни гаровга олишган,-  сўз сўнгида  Саида опа яна йиғлаб юбордилар.

–                 Яна қанақа гаров? Нима,набирангиз уларнинг қўлида қолдими?,–сўрадим ҳовлиқиб…

ПАХТАКОР ТУМАН ИЧКИ ИШЛАР БЎЛИМИ ВА МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ МУТАСАДДИЛАРИ БУВИСИ САИДА ҚУРБНОВАНИНГ “БИРДАМЛИК” МУХОЛИФ ҲАРАКАТИДАГИ ФАОЛИЯТИГА ЧЕК ҚЎЙИШ,ТАҚИҚЛАШ МАҚСАДИДА БИР ЯРИМ ЁШЛИ НАБИРАСИ МУРОДЖОННИ ГАРОВГА ОЛИШГАН….

(ДАВОМИ БОР…)

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

http://birdamlik.info/?p=25680#more-25680