Dec 222012
 

Бугунги кунда ҳар қандай ташкилотга ишингиз тушса, ҳар қандай ишингиз порасиз битмайдиган бўлиб қолди. Халқ ҳам бунга буткул ўрганиб қолди десак асло муболаға қилмаган бўламан. Бирор ташкилотга ишингизни битириш учун борадиган бўлсангиз, аввало ушбу ташкилотда ишлайдиган бирор бир ходимдан раҳбарнинг нафси борасида сўраб-суриштирасиз. Порани тайёрлаб, керакли мансабдор шахсга бериб, ишни битириб чиқишингиз муқаррар. Иш шу даражага бориб етди-ки,турли ташкилотларнинг мутасаддилари ташкилот ишлари жойида бўлса ҳам, юқорига пора бериб туришга мажбурлар.Масалан куни кеча Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Бош бошқармаси Меҳнат муҳофазаси ва шароитлари экспертизаси давлат инспекцияси бошлиғи Ҳасан Пирназаров саккиз йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилинди. У Мингбулоқ туманидаги “Мунаввар Аюб” унитар корхонаси раҳбарлари иш фаолияти борасида ҳеч қандай камчилликлар бўлмаса ҳам, текшириш далолатномасини камчиликларсиз ёзиб бериш эвазига, беш юз (500) доллар пул талаб қилган. Умумун олганда, кейинги йилларда Наманган вилояти бўйича бу борада бир неча юқори лавозимли амалдорларга қонуний чоралар кўрилди. Лекин барибир порахўрлик йўқолмаяпди. Мана энди, мақоламиз сарлавҳасидаги саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз. “Порахўрлик қачон йўқолади?”

 

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи бир укамиз бир мунча вақт аввал бир халқаро ташкилот таклифига биноан Австралияда бўлиб қайтган. Ўз лавозимига қайта сайланиши учун курашаётган бир судя билан учрашувда, укамиз унга “Сизларда ҳам пораҳўрлик борми? деб савол берган. Судя аввал бу саволга тушинмай, сўнгра шундай жавоб берган. ”Бизда пора олишимиз учун тизим йўл қўймайди. Чунки, масалан, мен олишим мумкин бўлган порадан зиёда маош оламан. Қолаверса, мансабдор шахсларни туну кун Оммавий Ахборот Воситалари назорат қилиб туради. Масалан, мен бугун тушликка қадар кимдандир пора олсам, тушликдан сўнг пора олаётганлигим бутун мамлакатга фош қилинади. Бас, шундай экан, мен қандай қилиб пора олай?

 

Афсуски, биз йигирма бир йиллик тарихимиз давомида шундай тизим яраталишига йўл қўйилмади. Журналист порахўрни порахўрлигини билиб турса ҳам, у ҳақда юқорининг рухсатисиз, бу борада, бирор бир мақола чоп эта олмайди. Қачонки, ҳуқуқ тартибот ҳодимлари порахўрни ушлаб, уни устидан суд ҳукми ўқилсагина, бунда ҳам юқорининг рухсати билан бу ҳақида мақола тайёрлаб ОАВларида чоп эттириши мумкин. Ҳозир ҳам кеч эмас, агар ҳукумат ҳақиқатда ҳам порахўрликни йўқотишни истаса, ҳеч бўлмаганда порахўрларни фош этишда, журналистларга кенг имкониятлар яратиб бериш лозим. Шундагина нималаргадир эришиш мумкин бўлади.

Носир Зокир