Dec 212012
 

Хабарингиз бор,“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг ташаббуси билан ташкил этилган “Оммавий Шодлик” – “ОШ”  марафони,айтиш мумкинки,таъқиб ва таҳдидларга қарамасдан кўнглидагидек ўтди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак,мазкур Марафон диктатор Каримов режимига умри таборо тугаб бораётганлигини яна бир бор эслатиб қўйиш баробарида,амалдаги ҳукумат ҲОҚОНларини талвасага солиб қўйди.

Марафонда расмлар танлови эълон қилинганлигидан ҳам бохабарсиз. Ўзбекистон ҳукуматининг куч ишлатар тизимларининг “тутқаноғи” нечоғлик хуруж қилишига ва мисилсиз босимларга қарамасдан,“Бирдамлик” фаоллари ва аҳоли мавжуд тузумга қарши ўз норозиликларини Оқ Шарф боғлаш орқали намоёон этишдан ҳайиққан эмас.  Натижада, фуқароларнинг бу каби журъати расмларда ўз аксини топди.

Маълумки,“ОШ” марафони қошида расмлар танлови ҳайъати ташкил этилган бўлиб,ниҳоят,режага кўра бугун,20 декбарь куни 7 нафардан иборат ҳайъат аъзолари ғолибларни аниқлаш борасида бир тўхтамга келди.

Танлови ҳайъати аъзолари томонидан   Оқ Шарфда акс этилган суратлар ичидан учта 1- ўрин,учта 2-ўрин ва ўнта  3- ўринга муносиб деб топилган суратлар танлаб олинди ва танлов ғолиблари аниқланди.

Ҳайъат қарорига кўра, “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева,“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг Жиззах вилоят бўлими етакчиси Саида Қурбонова ва Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқуловалар расмлар танловининг мутлоқ ғолиблари деб тан олинди ва 1- ўринга муносиб деб топилди. 1- ўрин соҳибларининг ҳар бири “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Марафон жамғармаси ҳисобидан 1000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот маблағлари билан тақдирланади.

Ўзининг бетакрор суратлари,шунингдек,марафон жараёнидаги фаоллиги,“ОШ” тадбирини ёритишда кўрсатган жонбозлиги учун Тошкентда истиқомат қилувчи педагог Меҳрибон Қадамова 2-  ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Шунингдек,куч ишлатар тизимларининг  таҳқир ва таъқибларига қарамасдан “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг Навоий вилоят бўлими етакчиси Дилдора Боймуродова ва Ҳаракатнинг Хоразм вилоят бўлими етакчиси Валерий Назаровларнинг амалга оширган ишлари ва чеккан заҳматлари ҳам Ҳайъат аъзолари томонидан муносиб тақдирланадиган бўлди. Яъни юқорида номлари тилга олинган фаолларимиз ҳам  2- ўрин шоҳсупасидан жой олишди. 2-ўринга  ўринга муносиб деб топилган Марафоннинг ушбу учала иштирокчисининг ҳар бирига 500 АҚШ доллари миқдоридаги туҳфа тортиқ этилади.

Эслатиб ўтамиз,“Оммавий Шодлик” – “ОШ” марафонинг бу галги 3- ўрин соҳиблари 10 нафарни ташкил этадиган бўлди. Расмлар танлови Ҳайъатига кўра,  таниқли ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов,“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати етакчиларидан Ҳасан Чориев,Владимир Хусаинов,Татьяна Давлатова,Бекзод Чориев,Саиджаҳон Зайнобиддинов,Илҳом Жўраев,Вектория Баженова ва Лариса Грегорева каби “ОШ” марафонининг жасоратли иштирокчилари 3- ўринни эгалладилар. Шунингдек,Самарқанд вилоятидан тақдим этилган “ОШ”нинг энг кенжа иштирокчилари – кўзлари ёниб,  оқ шарф боғлаб олиб қувончдан  елаётган болакайларнинг  расми ҳам 3- ўринга муносиб. Демак,  ўн нафар иштирокчининг ҳар бири 167 АҚШ доллари миқдоридаги рағбатлантирувчи сармоянинг соҳибига айландилар.

Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати “Оммавий Шодлик” – “ОШ” – “Оқ Шарф” марафонида жонбозлик кўрсатган барча ватандошларимизга ўз миннаддорчилигини билдиради. Ва ўз навбатида,“ОШ” марафонининг расмлар танлови ғолибларини самимий қутлайди. Ғолибларга зафар муборак.

Қадрли юртдошлар,биз билан,“Бирдамлик” билан бирга бўлинг!

Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот Маркази

http://birdamlik.info/?p=25660