Dec 032012
 

 

Дилмурод САЙЙИД

Дилмурод САЙЙИД (Саидов) –1962 йили Тошкент шаҳрида туғилган.

Маълумоти-олий: Низомий номли ТошДПИ Ўзбекфилологияси факультетини ҳамда ТошДУ Шарқ тиллари факультети ҳузуридаги 2 йиллик махсус ўқувни Форс тили мутахассислиги бўйича тугатган. Унинг масъуллигида “ТОШКЕНТ-ЯНГИ НОМЛАР” маълумотнома-китоби; тожикчадан ўзбек тилига ўгирган “ЖАНОБИ РАСУЛУЛЛОҲ ВАСИЯТЛАРИ” рисоласи ; “ТЕРМИНАТОР” номли бадиий-публицистик ва шеърий китоби чоп этилган.

«ЖИНОЯТЧИ БЎЛИБ ТУҒИЛМАЙДИЛАР» деб номланган бадиий ҳамда «ЭГРИ ҚОЗИҚҚА

ТЎҒРИ ТЎҚМОҚ» номли публицистик китобларини нашрга тайёрламоқда.

Ҳозирда эркин ижод билан машғул.

ҚУЁШ ҚОРАЙГАН КУНЛАР

маиший-ҳаётий қисса

1 —

«Учратдиму қолдим балога, учрамасанг яхши бўларди!» Қўшиқдан.

ШАРОФАТ дардини кимга айтишни билмас, суянай деса, бу шаҳри азимда тоғи йўқ. Арз қилмаган жойи қолмади ҳисоб, ҳатто радиога, газетага борди. Натижа чиқмади. Ишдан ноҳақ бўшатилган аёлга амалий кўмак берувчи кучли қўл топилмади. Лекин «Чиқмаган жондан-умид!» — дейдилар. Шикоят ёзиб, яна газетага борди. Шикоятни ўқиб чиққан мухбир йигит унга чин кўнгилдан ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Фақат бунинг учун бош муҳаррирдан расман рухсат олишим зарур, — деди аёлни кузатиб чиқаётиб, — у киши эса, ҳозир чет элга кетганлар делегация билан. Келаси ҳафта қайтсалар керак.

Мухбир йигит аёлга имкон қадар далда бўлувчи сўзларни айтиб, биринчи қаватгача бирга тушди. Кейин бирдан тўхтаб:

Анави одамни кўраяпсизми, ҳа оқиш костюм-шимли, уни сизга худонинг ўзи етказган бўлса, ажаб эмас, — деди ва аёлни «худо етказган одам» томон бошлади. Салом-аликдан сўнг:

Дилшод ака, шу опанинг арзларини эшитиб, бир гаплашиб кўринг, — деб илтимос қилди.

Мен ўн дақиқада тушаман, — деди Дилшод, — агар вақтингиз бўлса, биргаликда тушлик қилиб, арзи ҳолни ҳам эшитамиз.

Дилшод лифтга чиқди. Шарофат мухбир йигитга юзланди:

Бу одам ким, нима иш қилади?

Шаҳар миқёсидаги раҳбарлардан, лекин камтар, яхши одам, — жавоб қилди мухбир йигит, — энг муҳими, ноҳақликни ёқтирмайди, тутган ерини кесади… Асосийси, сиз ишлаган идорага қарашли бўлган бошқарма бир жиҳатдан шу одамга ҳисобот беради…

Мухбир йигит муболаға қилмаганди. Дилшод Шарофатнинг арзини тинглади, ёзма шикоятини олиб қолди. Бошқармадан нуфузли комиссия тузилиб, бир ярим йилдан бери ҳал бўлмаётган муаммо икки ҳафтада ўз ечимини топди: Шарофат қайта ишга тикланиб, муассаса раҳбари хайфсан олди, раҳбар ўринбосари вазифасидан четлатилди.

«Ёш бўлса ҳам сўзи тошни синдирар экан, — ўйлади Шарофат, — эринмаганини-чи, комиссиянинг якуний йиғинига ўзи келди. Бошқармадагиларга ҳам сўзини бермайдиган директор «сувга тушган мушук»дек бўлиб қолди. Бу яхшилигини қандай қайтарсам экан?».

Аёл Дилшод ҳақида бир нарсани аниқ билиб олди. Яъни, йигит тушлик қилиш учун фақат нашриёт ошхонасига келар, шанба кунлари ҳам пешингача ишлаб, шу ошхонада овқатланиб, кейин уйига кетар экан.

«Яхшиликни қайтариш» фикри аёл хаёлига ўрнашиб қолганди. Шу боис икки-уч марта шанба кунлари Дилшоднинг тушликка келиш вақтини мўлжаллаб борди. Йигит уни ҳар гал яхши муомала билан кутиб олар, овқатланишга таклиф қиларди.

Дилшод Худоёрович, — деди аёл бир сафар, — очиғи мен сизни меҳмон қилсам дегандим, лекин ҳар гал аксинча бўлаяпти.

Дилшод кулимсиради:

Меҳмон қиладиган одам уйига чақиради, уйнинг таоми бўлак, кўчанинг овқатини бўлса, ҳар куни еб юрибмиз.

Аёлнинг жимиб қолганини кўриб, жиддий тортди:

Узр, Шарофат Қадамовна, мен шунчаки айтдим. Агар ҳар бир ишим учун зиёфатга бораверсам, ишлашга умуман вақтим қолмасди.

Аёл ҳам ўзи сезиб-сезмай тўғрисини айтди:

Уйга чақиришни ўйловдим сиз билан бирга мухбир йигит Маликжонни, лекин қўшнилардан истиҳола қилдим. Негаки, мен — ёлғизман, бошимда эрим йўқ!

Дилшод бир қараб қўйди-ю, ҳеч нарса демади…

***

Шарофат—гўзал аёл эди! Мактабда ўқиб юрган йиллари биринчи синфдан бошлаб мактабни битиргунча бадиий гимнастика билан шуғулланган, шу боис қомати келишган, таранг аёл эди.

У Дилшодни йўқлаб яна икки-уч бор келди. Назарида йигит ташвишли кўринди. Тушлик вақти «иштаҳа очиш» баҳона ароқ ҳам ичадиган одат чиқарибди… Аёлнинг бу «келиб-кетиш»лари оқибатида ҳеч кутилмаган воқеа юз берди.

Ўша шанба куни ҳам Дилшодни излаб борди. Тушлик тугаса ҳамки, йигитдан дарак бўлмади. Кейин «визитка»да кўрсатилган рақам бўйича уйига қўнғироқ қилди. Гўшакни Дилшоднинг ўзи кўтарди. Овози қандайдир бўғиқ эди.

Бугун ишга келмабсиз, тинчликмикан, деб қўнғироқ қилаётгандим,—деди аёл салом-аликдан сўнг.

Бетоб бўлиб қолдим, иситма қирққа чиқди,—жавоб қилди йигит,—вақтингиз бемалол бўлса, касал кўргани келинг. Бу ҳам савоб!

Шарофат озроқ жимиб, ўйланиб қолди: «Хотини нима деркан агар борсам? Бормасам бўлмас!

Шу баҳона совға-салом ҳам олиб бораман… Кейин бунақа имконият бўлиши қийин!» Шу ўй билан таклифни қабул қилгач, йигит унга манзилни тушунтирди.

Дилшод аслида бетоб эмасди. Балки хотини билан жанжаллашган, уч кун аввал Сожида болаларни олиб, ота уйига кетиб қолганди. Йигит аламига уч кундан бери ичарди. Шарофат қўнғироқ қилганда ҳам озроқ ичганди.

Телефонда гаплашиб бўлгач, Дилшод бир нуқтага тикилганча нималарнидир режа қилган бўлди. Ваннага тушди, соқол олди, уст-бошини алмаштирди. Меҳмонхонага стол тузади. Ичкиликнинг ҳидини йўқотадиган «япон зўлдирчаси»дан бир жуфтини тилининг остига ташлаб олишни ҳам унутмади. Шу орада Шарофат ҳам келиб қолди.

Э, келинг-келинг, Шарофат Қадамовна, — деб кутиб олди меҳмонни, — қийналмай топиб келдингизми?

Бизга яқин турар экансиз, — деди аёл ичкарига кираётиб, — менинг уйим икки бекат нарида.

Икки бекат кунчиқаргами ёки кунботарга томон? — сўради йигит.

Аёл турар ерини аниқ тасвирлаб берди. Дилшод у жойларни яхши биларди. Меҳмонхонага кириб, безатиғлик стол атрофига ўтирдилар: аёл диванга, уй эгаси унинг рўбарўсидаги креслога.

Қани, илоҳа омин, сиз келдингиз, бало келмасин, — фотиҳа қилди йигит. Бало деганда хотинини назарда тутганди.

Қаерингиз оғрияпти? — худди врачлардек сўради аёл.

Дилшод жилмайди, кейин юрагини кўрсатиб:

Мана шу ерим, — деди ва қўшиб қўйди, — қаттиқ сиқилиб, оғриғи миямга чиқиб кетади баъзан. Яхшики, сиздек меҳрибонлар бор экан ҳолимдан хабар олиб турибсизлар.

Оилангиз кўринмайдими?

Йигит бироз жим қолди. Ўрнидан туриб, стенка барини очди, гуржиларнинг «Самтрес» коньягини олиб, столга қўйди. Шундан сўнг жавоб қилди:

Бу хотинга нима етмайди ўзи, билмадим. Сал нарсага жанжал чиқариб, отасиникига жўнаб қолади. Ҳафта-ўн кунлаб келмайди. «Эримнинг ҳоли нима кечди?» деб ҳам ўйламайди. Энди ажралмасам бўлмайди.

Дилшод гапира туриб коньякни очди, биллур қадаҳларга қуйди. Биринчи қадаҳни Шарофатга узатди:

Мана шуни олинг!

Мен ичмайман, сира ичиб кўрмаганман, — деди аёл шоша-пиша.

  • Мен ҳам ичинг демаяпман, олинг деяпман!

Аёл беихтиёр қадаҳни олди.

Ҳозир бир гап айтаман, шу гапдан кейин ҳам ичмасангиз, ихтиёр ўзингизда, — деди йигит.

Шарофат худди илон рўбарўсидаги қуёнга ўхшаб, карахтланиб ўтирарди.

Бу дунёда ҳамма нарса омонат, — гап бошлади Дилшод, — мен Аллоҳдан бир нарсани сўрайман, яъни сизнинг менга нисбатан куюнчаклигингиз, оқибатингиз, менинг эса сизга бўлган эҳтиромим, омонат бўлмасин! Қани шунинг учун ичайлик.

Аёл ноилож қолди. Унда-бунда шампандан бошқа ичимлик ичиб кўрмагани учун биринчи қадаҳ ютуми аччиқроқ туюлди. Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас қадаҳлар қайта тўлдирилди.

Бир гап айтайми? — сўради Дилшод ва жавоб кутиб ўтирмасдан давом этди, — Аллоҳ ҳар бир жонзотни жуфт яратган. Фақат ўзига мос жуфтни танлашни жонзотларнинг ўз ихтиёрига берган. Мен бу борада сал янглишган кўринаман. Билишимча, сиз ҳам адашгансиз. Келинг, тангри берган бу имкониятдан яна бир фойдаланайлигу, иккинчи бора адашмайлик.

Сеҳрланган қуён — Шарофат, авровчи илон — Дилшод узатган қадаҳни олди…

2 —

«Нимага ҳам бордим? Ўзи ҳам ўлиб турган экан!» деб ўйлагандир… Вой шарманда» — аёл ўзини-ўзи койир, қўйишга жой топа олмас эди.

Дилшод Шарофатни кузатганда соат кечки 9 лар бўлганди. Уйга қайтиб киргач, бардан иккинчи коньякни олди. Кейин кулимсиради: «Ичмайман, сира ичмаганман, деб шиша бўшагунча шериклик қилди. Аммо ўзи ҳам жуда таранг нарса экан, оҳ-оҳ-оҳ… Юрган эканманда мен ҳам битта сигирмижозни хотин санаб… Яна аразлашини-чи хотинчамнинг, юравер аразлаб… Шарофат эмас, нақд офатнинг ўзи-я! Сочи ҳам сонига тушар экан, турмаклаб юрганига билмагандим. Бадани-чи?! Оёқлари-чи?!»

«Кумуш бадану сийнаи ларзонингга қурбон ўлам,

оҳ ўламей, жон ўламей, сийнаи ларзонингга қурбон ўлам…»

Шиша яримлаб, Дилшодни уйқу босди. Диванга чўзилиб, донг қотиб ухлаб қолди.

***

Дилшод Шарофатни кузатиб чиқаётганида Сожида билан бирга ишлайдиган қўшни аёл кўрган эди. Дарҳол Сожидага қўнғироқ қилди. Сожида бепарвороқ эшитган бўлдию, лекин ичига ўт тушди: «Ҳа, аблаҳ! Кўчада ўтлаб юргани камдек, уйга ҳам етаклаб келишни бошлабди-да ғунажинларини!» Тунги ўн бирларда уйига келди. Эшикни ўзидаги калит билан очиб кирди. Эри меҳмонхонадаги диванда қотиб ётар, столдаги айқаш-уйқаш идишлар эса, меҳмондорчилик зўр бўлганлигини билдириб турарди. Бехосдан гиламга тушган пишлоқ бўлагини босиб олди. Эзғиланган пишлоқни қошиқ билан сидириб, ойнадан улоқтирди. Оёғини чайиб олиш учун ювиниш хонасига кирди.

Ифлослар, ҳаммаёқни нахс бостириб чўмилганини-чи! — Сожида димоғида минғирлаб оёқ-қўлини ювди. Қўл артишга сочиқ олиш учун ўгирилдию, ток ургандек қотиб қолди: «Ич кўйлак!.. У қанжиқ атайин қолдирдими ёки унутиб?»

Шарофат бўлиб ўтган ишдан қаттиқ карахтланганлиги боис ва ичкилик таъсиридан ич кўйлагини кийишни унутганди. Сожида ҳовлидан чўп синдириб келиб, ич кўйлакни илаштирди. Кейин целлофан идишга солиб, ювиниш хонасидаги АГВнинг орқасига ташлади. Сўнг ота уйига кетди.

Телефоннинг устма-уст чириллаши Дилшодни уйғотиб юборди. Истамайгина бориб гўшакни кўтарди:

  • Эшитаман.

Кайфлари тарқадими? — Сожида гапни саволдан бошлади. — Ким эди у бузуқ?

Қанақа бузуқ?

Кеча сиз билан коньякхўрлик қилган жалабни сўраяпман.

Янабошқа туҳматлари бўлса, айтсинлар онаси, бош оғриғига аналгин ўрнида ичиб юборавераман.

Туҳмат эмиш. У қанжиғингиз шошганидан ич кўйлагини ҳам киймай кетибди-ку!

Қанақа қанжиқ,, қанақа ич кўйлак?

Қанжиқнинг қанақалигини кўрганим йўқ, ич кўйлак эса янгигина, оч ҳаворанг. Ишонмасангиз, АГВнинг орқасини қаранг, виждонсиз…

Дилшод гўшакни жойига қўйиб, телефонни узиб ташлади. Айтилган ерни қаради, целлофан халтачадан кеча Шарофатнинг эгнидан ўз қўллари билан ечиб ташлагани — оч ҳаворанг ич кўйлакни олди. Бироз ўйланиб тургач, бир қарорга келди. Сигарет чекди, яхшилаб ювиниб чиқди. Меҳмонхонани йиғиштириб, уйни тартибга келтирган бўлди. Уйдан кўнгли тўлгач, кийинди. Ич кўйлакни тахлаб, оқ қоғозга ўради ва хорижий ёрлиғи бор целлофанга солди. Бекатдаги дўкондан пишлоқ, товуқ, коньяк харид қилиб, таксига ўтирди. Йўл-йўлакай икки дона патир нон ҳам олди.

Ким у? — Шарофатнинг овози эшитилди.

Меҳмон, — деди Дилшод, — ажойиб совғаси ҳам бор.

Аёл ўзини қандайдир ҳолсизлангандек сезди. Эшикни очди, бироқ ердан кўзини узмади:

Ассалом алайкум, келинг!

Йигит алик олиб, ичкари кирди. Уй бекаси кўрсатган хонага томон юрди. Стулга ўрнашиб ўтиргач, фотиҳа қилди:

Ўзидан бегона қилмасин, Аллоҳу акбар! — сўнг аёлга деди, — асал, битта илтимос, мана бу идишдагиларни чиройли қилиб келсангиз, тўғриси, қорним ҳам очиққан.

Дастурхон тузалди. Коньяк очилганда аёл шошилиб:

Менга қуйманг, илтимос! — деди.

Дилшод индамай иккита пиёлани тўлдирди. Кейин:

Ҳа, айтганча, совға олиб келгандим-ку!—деди кулимсираб. Целлофанни аёлга узатди. Шарофат шошилмай аввал халтачани очди, сўнг ҳафсала билан ўралган қоғозни. Бу орада йигит пиёлани бўшатиб, газак қилиб улгурди. Аёл қоғозни очиб, тахланган ич кийимни кўрдию, ичидан зил кетди.

Ювиниб хонасида унутиб қолдирибсиз, — изоҳ берди Дилшод, лекин Сожида билан бўлиб ўтган гап-сўз хусусида «лом-мим» демади… Эртаси кун ишга Шарофатнинг уйидан кетди. Чамаси бир ойгача кун ора, уч кунда бир келиб, ётиб қолар, агар 4-5 кун келмай қолса, Шарофат хавотирга тушар эди. Бу орада Дилшоднинг битта қўнғироқи билан аёл бўлим мудирлигига кўтарилди. Дилшод хотини билан қонуний ажрашиб, Шарофатни никоҳлаб олди. Эҳтиросларга тўла «асал»ойи нинг охири йўқдек эди… — 3 —

Айди зоҳид: «Юрма кўп дилдораларнинг қасдида!»

Мен дедим: «Сўз айтмагил дилпораларнинг қасдида!»

Айди зоҳид: «Тангри бергай охиратда зўр жазо!»

Дедим: «Наҳот, тангри мендек бечораларнинг қасдида!..»

Дилмурод САЙЙИД

«Сиз меникисиз энди, фақат меники! Сизни мен ҳеч кимга бермайман, эшитяпсизми, ҳеч кимга бермайман! — Шарофат паст, ҳансираган овозда, йигитни маҳкам қучоқлаганча, бу гапларни қайта-қайта айтишдан лаззатланарди. Дилшод эса, аёл оғушида бир сўз демай, фақат унинг сўзларини тинглаган ҳолда кулимсираб ётарди. Аёл Дилшоднинг сочларидан сийпалади, лабларини лабларига яқинлаштирди ва оҳиста, эркаланиб сўради:

Нега индамайсиз, жоним? Бирор сўз айтинг, овозингизни эшитгим келаяпти, айтинг, энди ҳамиша бирга бўламиз, а? Мени ташлаб кетмайсиз, а?

Дилшод жавоб ўрнига аёлни маҳкам қучоқлаб, лабларига лаб босди…

Битта аччиқроқ чой дамла, — деди йигит, — ваннадан кейин чой танани яйратади.

Шарофат қўлларини кўксига қўйиб, таъзим қилганча ошхонага йўналди. Дилшод сигарет тутатиб, дераза олдига борди. Юлдузларга тикилганча хаёлга чўмди:

Тавба, буларнинг тупроғини бир ердан олганми, Сожида ҳам шундай дерди, меникисиз дерди. Сал кеч келсам, гўё ўпишиб кутиб олардию, аслида ҳидлаб кўрарди. Бегона атирнинг исини дарров билади аёл зоти. «Ўлдиму куйдим» дейдиган хотиним — болаларимнинг онаси қаматиб юбормоқчи бўлди-я! Асли бу дунёнинг ўзи ёлғон, вафо нималигини билмайдиган фоний!»

Унинг хаёлини бўлиб, Шарофат патнис кўтариб кирди. Устига хитойи сочиқ ташланган кийик суратли чойнак, бир жуфт пиёла, биллур идишчада қиём қўйилди столга.

Марҳамат, чой тайёр, султоним. Эр амри — вожиб! — деди аёл чиройли табассум билан. Йигит пиёладаги чойга тикилиб қолди. Яна хаёл тортди: «Сожий ҳам чойни шунақа — уч марта қайтариб, дам едириб кейин қуярди. Лекин чой узатиши сал беўхшов эди. Бу — назокатлироқ!»

Туйқус болаларини эслади. Кўз олди бирдан қоронғулашиб, сиқилганини ҳис этди.

Тур, — деди аёлга жиддий, — ароқни олиб кел! Шарофат тезда ошхонага йўналди. Музлатгичдан ароқни олиб, ликобчага пишлоқ, колбаса қўйиб, бежирим пиёла билан келтирди.

«Фаросати бор экан, — ўйлади Дилшод, — газагу пиёла ҳам қўшиб келибди. Сожий бўлганда…»

Қуй энди бу сабил шайтоннинг кўз ёшисини! Аёл бурама қопқоқни қовушмайроқ очдию, пиёлани тўлдирди. Қопқоқни қайта ёпиб, шишани столга қўйгач, назокат билан пиёлани узатди.

Бирор нарса денг, жоним, — эркаланди аёл. Дилшод унинг қўлидан тортиб тиззасига ўтиргизди. Бўш қўлини аёлнинг белидан ўтказгач, дона-дона қилиб қадаҳ сўзи айтди:

Май ич — мангу ҳаёт, ҳайҳот, мана шу,

Ёшликнинг даврони, эй зот, мана шу!

Гул фаслида маю гўзал ёр билан —

Тунни тонг эт — асли ҳаёт мана шу!

Бўшаган пиёлани чап қўллаб чаққон олганча Шарофат ўнг қўли билан газак тутди. Кўп ўтмай йигит вужудини сархушлик эгаллади…

Сиз меникисиз, фақат меники! Сизни ҳеч кимга бермайман, жоним! Энди ҳамиша бирга бўламиз, мени ташлаб кетманг фақат, илтимос! — дерди Шарофат йигитни маҳкам қучоқлаган кўйи…

4 —

«Бузулди рўзгорим, хонаи айшим хароб ўлди,

На роҳат кўргамен энди бузулган рўзгоримдин!»

НОДИРАБЕГИМ

БЕНОМУС! Шарофат титраб-қақшаб яна такрорлади: Б Е Н О М У С!

Дилшод айнан мана шу сўзни ҳазм қилолмади. Қаршисида зор-қақшаб турган аёлни қулочкашлаб урди, Шарофат хона тўригача гандираклаб бориб ағдарилди…

Дилшоднинг шу куни эрталабдан таъби хира эди. Тушлик вақти ишхонасига яқин бўлган ресторанга борди. Номигагина овқатланган бўлдию, лекин анчагина ароқ ичди. Кейинги 2-3 ойда узлуксиз ичадиган бўлиб қолганди. Дилшоднинг ширакайф келишига, уйда ҳам ичишига Шарофат кўникиб қолган, имкон қадар унинг кўнглини олишга интиларди. Бугун — 30 декабрь!.. Анчайин нуфузли идорада яхшигина лавозим эгаси бўлган Дилшоднинг оилавий масалада омади чопмаганди. Бу ҳақда сал кейинроқ тўхталамиз.

Ароқнинг таъсирими ё бошқа сабаб, ресторандан чиқиб, кўчанинг бу тарафига ўтаётганида мункиб кетди. Кимдир елкасига қўлларини қўйиб суяб қолди. Дилшод қўл соҳибига қаради: чиройликкина, ораста кийинган ёшгина аёл экан.

Яхши йигит, кўринишингиздан бинойидексизу, кўпроқ ичиб қўйибсиз-да! Агар ушлаб қолмасам, йиқилиб тушишингиз мумкин эди, — кулгичлари ярашган ҳолда жилмайиб сўз қотди аёл. Дилшод ҳам дарҳол ўзини тутиб олди ва:

Минг раҳмат сизга, — деб ҳеч тортинмай аёлнинг юзидан ўпиб қўйди.

Вой, қандай одамсиз ўзи, куппа-кундузи атрофдагилардан уялмай ўпишини-чи?! — Аёл овозида норозиликдан кўра нозланиш кучлироқ эди. Дилшод буни сезди.

Узр, мен фақат ташаккуримни билдирдим, — деди ва аёлни йўл четига бошлади, — агар бу ишим беодоблик бўлса, ўпични қайтиб бера қолинг.

Аёл хандон ташлаб кулди.

Жуда ёқимли кулар экансиз, — Дилшод «ҳужум»ни давом эттирди, — асли қаерликсиз?

  • Гуллар шаҳриданман, — жавоб қилди аёл ширин жилмайиб.

Машраб бобо юртидан биз томонга қайси шабада келтирди сиздек гулни? — Дилшод аёлнинг қўлтиғидан олди.

Раққосалар танловига келгандим, ўта олмадим, — деди аёл қошини учириб.

Демак, ҳакамлар ҳайъатида бирорта ҳам кўзи очиқ эр киши йўқ экан-да! — деди йигит аёлнинг чиройига суқланиб тикилиб. Аёл елка сиқди…

«Шарофат кеч соат еттида келади, ҳозир эса энди икки бўлди», — ўйлади Дилшод. Раққоса аёл — Насиба ҳам йигитнинг «бир пиёла чойга таклиф»ини кўп зориқтирмай қабул қилди. Дилшод бир нарсани, яъни бугун 30 декабр эканини, Шарофат учун ҳам қисқартирилган иш кунилигини эътиборга олмаганди. Айнан шу ҳол…

Шарофат уйга кирдию, қотиб қолди. Ҳеч кимга беришни истамагани — Дилшоди бегона аёл билан худди пляжда ўтиргандек эдилар. Насиба ўзини йўқотмади — дарҳол салом берди.

Бу ким? — деди Шарофат саломдан ҳушига келиб, — сиздан сўраяпман, бу — ким?

Танишинглар, бу — Насиба, раққосалар танловига келган, — деди Дилшод бамайлихотир. Кейин Насибага ўгирилди, —бу эса менинг хотиним — Шарофат!

Ифлосгарчилик қиларкансиз, бошқа жой тополмадингизми? — Шарофат Дилшодга юзланди, — уйни нахс бостириб нима қиласиз? Нега индамайсиз, сизга айтаяпман беномус?

БЕНОМУС! Дилшодга оғир ботди бу сўз, Шарофатни қулочқашлаб урди, аёл хона тўригача гандираклаб бориб ағдарилди. Дилшод унинг тепасига келди:

Беномус менми ёки сен? Гапир, қанжиқ! Ё эслатиб қўяйми, ярим йил аввал ўзинг ҳам худди шу аёлдек уйимга боргандинг. Тўғри, устимизга Сожида келиб қолмаганди, лекин сен ич кўйлагингни ювиниш хонасида қолдириб кетгансан. Битта ич кийим сабаб менинг оилам бузилиб кетганини биласанми, қанжиқ?.. Энди айт, инсоф билан айт, ким беномус? Менинг феълим ўзингга маълум — сенга ўхшаганлар сабабу хотинимнинг калта ўйлиги боис маишатга берилганман. Шуни кўра-била туриб уйингга киритдинг. Лекин менда ҳали номус бор, сен билан яшай бошлаган кунимоқ ўзингни етаклаб бориб, никоҳ ўқитиб келганман. Бу нарса сенинг хаёлингда ҳам бўлмаган. Бугунги аҳвол мен учун — тасодифий ҳол, сен учун эса, қайтар дунё! Энди тур йўқол, эрталабгача бизни безовта қилма!

«Эй,худо! Мен бечоранинг кўргуликларим каммиди?! Камбағалнинг оғзи ошга етганда, пешонаси тошга тегиб, бурни қонаши наҳотки рост бўлса?! Дилшод тўғри айтди, тўғри; бу—мен учун қайтар дунё! Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса—бошқага! — деган машойихлар. Мен бу ҳикматни энди тушуниб турибман. Менинг ич кўйлагим сабаб оиласи бузилиб кетган эканда, нега шунча вақтдан бери индамай юрди? Минг лаънат ўша кунга ҳам, ич кўйлакка ҳам… Осмон — узоқ, ер — қаттиқ, ичимга ютишдан ўзга чорам йўқ. Майли, яшаш учун курашаман. Менинг ҳимоям ҳам, қуролим ҳам чидам бўлади. Ахир, бир кун инсоф бериб қолар. Дилшод ўзи яхши одам, фақат аламзада!..»

Шарофат ўзига ўзи таскин берувчи хаёллар билан ошхонада ўтириб тонг оттирди. Унинг ўзга чораси ҳам йўқ эди. Дилшоднинг устидан ҳеч кимга арз қилолмасди. Арз қилса, фақат ўзи шарманда бўлишини яхши тушунарди. — 5 —

«Пешонангга ёзганидан айрилма, ёр!» Қўшиқдан.

ДИЛШОДНИНГ пешонасига Сожида ҳам, Шарофат ҳам ёзилмаганди. Унинг тақдири илк марта 20 ёшида Дилбар билан боғланган. Не-не умиду иштиёқ билан уйланганди. Тўққиз ой яшадилар. Кейин Дилшод қамалиб қолди. У қамалгач, орадан бир ярим ойча ўтиб, Дилбарнинг кўзи ёриди. Дилшод у ёқдан келганида қизи уч яшар бўлганди. Шу фарзанд туфайли яшаб кетмоқчи эди. Аммо…

Яқин дўст деб билгани Акром унга бир «муҳим гап»ни айтди:

Оғайни, сен у ёқдалигингда хотининг аборт қилдирган…

Дилшод вазмин эди:

Қайси туғуруқхонада боласини олдирибди?

Шу… — Акром туғуруқхонани маълум қилди.

Сен қаердан билдинг?

Ўша пайтда синглим ўша тууруқхонада ётганди.

Қачон?

Ўтган йили.

Дилшод индамади, сигарет тутатди. Орага узоқ жимлик чўкди. Кейин Акромга юзланди:

Билиб қўй, аҳмоқ, яширинча аборт қилдирадиган аёл ҳеч қачон давлат туғуруқхонасига бормайди, тушундингми?

Акром ўзини йўқотиб қўйди, жавоб топа олмади…

Дилбар норасида болани ўртага қўйиб, худонинг зорини қилди, ажрашмасликни сўради. Лекин ростми-ёлғонми, «гап ўрмалаб, ғишт қолипдан кўчиб» бўлганди.

Ярим йил ўтар-ўтмас Дилшод катта тўй қилиб уйланди. Институтда қолиб кетган ўқишини тиклаб, тугатиб олди. Яна бир йил ўтиб, нуфузли идорага ишга жойлашди. Алоҳида рўзғор қилди. Эътиборли иш, яхшигина маош, хизмат машинаси, котиба…

«Дилшод Худоёрович»га айланди. Лекин арзир-арзимас оилавий келишмовчиликлар унинг асабини кемирар, айниқса, хотинининг тез-тез аразлаб уйига кетиб қолиши, атрофдагиларнинг оилавий ишига аралашуви Дилшодни руҳан синдирди. Уйидан топмаган роҳатни кўчадан излашга тушди, маишатга берилди… Оқибат Шарофатнинг «шарофати»ю хотинининг калта ўйлиги боис оиласи бузилди.

Сожида Дилшодга ишонмас, бу ҳол аёлнинг калта ўйлигидан юзага келганди.

Сиз барибир Дилбарни яхши кўрасиз, акс ҳолда уни ижроқўмга ишга жойлаб қўймасдингиз, — дерди Сожида эрини айблаб. Дилшод бу ноҳақ маломатдан куйиб кетарди:

Онаси, тушунинг ахир, Дилбарга яхшиликни мен ўртадаги фарзандим учун қиламан. Яхши жойда ишласа, кўпроқ маош олса, қизимга ҳам фойдаси тегади-ку! Оддий ўқитувчиликдан олган пулини қаёққа етказади?

Бола баҳонаю, дийдор ғанимат! Шундайми? — гезарарди Сожида.

Бундай келишмовчиликлар кўпинча Сожиданинг калтак ейиши ва ота уйига кетиб қолиши билан якунланиб, хотин тарафнинг Дилшодга, унинг эса хотин томонга нисбатан ҳурматсизликларига элтарди…

Дилшод энди аввалги Дилшод эмас, том маънодаги маънавий МАНЯКка айланганди. У ўзининг тубан кетишига, таназзулига фақат АЁЛ сабабчи деб билар ва бу қарашидан заррача ортга чекинмас эди. Ўз қадрини билмайдиган қиз-жувонларни алдаб, кўнгилхушлик қилиб яшашни одатга айлантириб олди.

Шарофат уни кечирди, ялиниб-ёлворди ҳам. Дилшод зоҳиран ён берган бўлса-да, ботинан кулди: «Ҳамманг бир гўрсан, нодон!»

Шарофат «қайтар дунё» сабаб ошхонада тонг оттирганда Дилшоднинг инсофга келишини орзу қилиб, қаттиқ янглишган эди. Йигит ҳам унинг чин дилдан кечирганлигига ишонмасди.

«Ёсуманлик хотин зотига Момо Ҳаводан мерос, — ўйларди Дилшод, — Одам Атони жаннатдан маҳрум қилган Аёлнинг бугунги авлоди истаса эр учун бу дунёни бир лаҳзада дўзахга айлантириб қўяди!.. Устига бир бузуқни олиб келган эркакни қайси аёл кечиради? Бунақаси эртакда ҳам йўқ! Шарофат бир балони бошлаши аниқ. Тезроқ бирортасини топиб, бу ердан кетишим керак!»

Дилшоднинг бундай мулоҳазага боришига Шарофатнинг бир қалтис ҳаракати ҳам сабаб бўлганди. Насиба билан тонг орттиргач, эрталаб киши кўзига аёлни жўнатиб юборган бўлди. Лекин бир соатдан кейин учрашишга келишиб олдилар. Йигит келишилган вақтда ўзи белгилаган жойга борди. Насибага алоҳида ижара уй топиб, жойлаштириб келди. Энг ёмони шундан кейин бошланди. Агар Дилшод ишдан қайтишда Насибани кўриб ўтмаса, аёлнинг ўзи тонг саҳардан уни излаб Шарофатнинг уйига келар эди. Дилшоднинг кеч келишига шу раққоса сабабчи бўлаётганлигини тушунган Шарофат иложини топиб, Насибанинг изидан тушди. Қаерда яшаётганлигини билиб олди. Ўша куни узоқдан кузатиб турди. Дилшод таксидан тушиб, Насиба яшаётган ҳовлига кириб кетди. Шарофат ҳам ўн дақиқа оралатиб, ҳовли томон юрди. Омадига эшик тамбаланмаган экан. Ҳовли қоп-қоронғу, фақат тўғридаги хонада чироқ ёниб турарди. Аёл девор ёқалаб бориб, деразадан ичкарига қаради. Столда егуликлар, очилган ароқ. Насиба Дилшоднинг тиззасига ўтириб, бўйнидан қучоқлаб олган. Шарофат чидолмади, хонага бостириб кирди. Насиба ҳам, Дилшод ҳам бу кутилмаган ташрифдан аввал қотиб қолишди, лекин сал ўтмай раққоса ўзини тутиб олди.

Келинг, Шарофат опа, — деди салом бергач, тирсиллаб очиқ турган оппоқ кўкракларини халати билан яшириб. Дилшод «бу ёғи энди нима бўлар экан?» деган ўй билан индамай сигарет тутатди. Шарофат йигитга бир қараб қўйдию, кейин Насибанинг қўлидан тутди:

Юринг, раққосаой, сизда икки оғиз гапим бор.

Шу ерда айтаверинг бегона йўқ-ку! — кулимсиради Насиба.

Дилшод акамиз аёлларнинг гапини унча хушламайдилар, қолаверса, мазза қилиб ўтирибдилар, оромларини бузсак яхшимас!

Насиба калишини кийиб, бошига уйғурча телпагини бостириб ҳовлига йўналди. Ҳовлида бошланган «олатасир»га қизиқиб, йигит ҳам чиқди. Насиба ерда ғужанак тушиб ётар, Шарофат эса унинг қон чиқмас жойларига тепарди. Дилшоднинг боши қотди. Насибанинг «оҳ-войи» кучайгач, орага тушди:

  • Бўлди қил, қўшнилар эшитади!

Раҳмингиз келаяптими? — деди Шарофат ҳансираб. — Менга-чи? Менга ҳам раҳмингиз келсин!

Шу орада Насиба ўрнидан турди. Икки қадамча нарида ётган тахтачага ёпишди. Лекин Шарофат чаққонлик қилди; оёқларининг узунлиги иш берди — бир қадам ташлаб, ўзига томон ўгирилаётган рақибасини тепиб ағдарди. Кейин бориб сочидан тортиб туриб, мушт туширди. Дилшод чинакамига арашалуви зарурлигини ва тезроқ бу ердан жўнаш лозимлигини англади. Шарофатни четга суриб, Насибани ўрнидан тургазди. Охирги мушт юзига тушгани сабаб раққосанинг бурни қонаганди.

Ичкарига кир, яхшилаб ювин, тушундингми?

Насиба ҳам шуни хоҳларди.

Сен, — деди Шарофатга кўрсаткич бармоғини таъкид қилиб, — кириб палтом билан телпагимни олиб чиқ. Лекин манавига қўлингни ҳам, оёғингни ҳам теккизма, етади, тушундингми?

Шарофат индамай хонага кириб, палто билан телпакни, унга қўшиб стол устидаги сигаретни ҳам олиб чиқди. Йигит қўлларини шимининг чўнтакларига тиққанича турар эди. Шарофат келиб телпакни кийгазди, кейин палтони тутди.

Уйга кела-келгунча гаплашмадилар. Фақат кийимини алмаштираётиб, Дилшод кулиб юборди.

Эй, қойилман-қойилман, из топишда Шерлок Холмсу муштлашишда Лайло Али экансан-ку, — деди галстугини Шарофатнинг елкасига ташлаб.

Энди ишдан кечикмай келарсиз?! — аёл шундай деб йиғлаб юборди. Дилшод уни қўлидан тортиб бағрига босди. Шарофат бироз ҳиқиллаб тургач:

Юринг ваннага, ўша маразни қучоқладингиз, ювиниб чиқинг, ўзим қарашиб юбораман, — деди Дилшоднинг билагидан тутиб…

***

Йигитнинг «бирортасини топиш» ҳақидаги режаси жуда тез амалга ошди. Бир илмий текшириш институтидан тушган шикоятни ўрганишга борди. Институт директорининг ўринбосари хонасида ёшгина аёлга дуч келди.

Яхши, меҳнаткаш ходимларимиздан, — мақтади ўринбосар аёл чиқиб кетгач.

Эр-хотин бирга ишлашса керак, — ўсмоқчилади Дилшод. Ўринбосар соддароқ экан чоғи, текширувчининг тагдор гапини илғамади.

Энди Дилшод Худоёрович, ҳар тўкисда бир айб ёки камчилик бўлар экан. Бу аёлнинг айнан оилавий масалада омади чопмаган. Уч-тўрт ой аввал эри бир пулдор хотинга илакишиб, қандайдир машинаю, бойлик учун ўзидан ўн беш ёш катта ўша бойвуччанинг кетидан кетиб қолган. Яқинда — бир ойча олдин суд орқали ажрашишди, — изоҳ берди директор ўринбосари.

Қўл остидаги ходимларнинг шахсий ҳаётидан ҳам хабардор бўлиб туриш ҳақиқий раҳбарлик фазилати, — мақтаган бўлди Дилшод.

Директор ўринбосари мамнун жилмайди…

Текширув баҳона Дилшод институтга яна 3-4 марта келди. Аёл билан ҳам яқиндан танишиб олди. Айниқса, аёлнинг собиқ эр қилмишидан аламзадалиги, қасд олиш ниятида юрганлиги йигитга қўл келди. Шунингдек, айрим ҳисоботу ҳужжатларни Дилшоднинг ишхонасига шу аёл олиб келиши айни муддао бўлди. Аёлни кузатиб қўйиш баҳонасида кафега таклиф қилди. Бироз суҳбатлашиб ўтиргач, дангалига кўчди:

Ҳанифабону, мен сизни ҳар ҳолда тушунаман, шу сабаб ҳал қилувчи сўзни сизда қолдираман, — деди мулойим, аммо дадил, — хотинимдан ажрашганимга бир йил бўлаяпти, аёл киши ёлғиз қолса, кунини кўра олар балки, аммо эркакка ёлғизлик тўғри келмас экан…

Ҳанифанинг дарҳол рози бўла қолмаслиги аниқ эди. Шу баробарида таклифни ҳам рад этмади.

Дилшод ака, сиз анча юқори лавозимли одамсиз, қолаверса, қиз бола олишга ҳам кучингиз етишига ишонаман, мен сизнинг тенгингиз бўлмасам керак, — аёл шундай деб тўхталиб қолди. Йигит айни нишонни мўлжаллади:

Аввало, худонинг олдида барчамиз баробар! Менинг лавозимимни эслатдингиз, унутманг, бундай мавқедаги одамлар жиддий бўладилар. Таклифим ҳақида бир ўйлаб кўринг. Маъқул бўлса, шанба куни соат 12 да шу кафега келинг. Маъқул келмаса, сизни кутиб-кутиб кетавераман!

Ҳанифа аламзада эди. Харидорлари ҳам кўп эди, аммо аёл уларнинг ичидан Дилшодни маъқул билди. Негаки, йигит бошқаларга қараганда ёш, энг муҳими мавқеи баланд. Собиқ эрига хаёлан писанда қилди: «Кўриб қўй ношукур, мени ҳали кимлар олмайди!».

Аёл шанба куни айтилган вақтга келди. Ишни чўзиб ўтиришмади — аср намозидан олдинроқ мачитга бордилар. Дилшодга яхши таниш имом уларни никоҳлаб қўйди. Йигит Шарофатга хайр-маъзур ўрнида «уч талоқ» иборасини айтиб кетди…

6 —

«Мен йиғлаб бўлганман кўп тўйиб,

Умиду ишончлар бегона.

«Муҳаббат!» — десалар, жилмайиб —

Сўрайман: — У қандай афсона?»Дилмурод САЙЙИД

Ҳанифа Дилшодни очиқ чеҳра билан қабул қилди. Лекин йигит бу ерда вақтинчалик эканини яхши биларди. Сабаби… Сожида билан ажрашганида хотини бир гап айтгандики, йил ўтса-да, бу гап унинг кўксида тошдек турарди.

Энди ким тегарди сизга, икки марта хотин қўйдингиз, қамалиб чиққансиз, — деганди Сожида. Дилшод эса:

Агар ўзимдан ўн ёш кичик қиз болага тўй қилиб уйланмасам, Дилшод эмасман, — деб айтганди. Ҳанифа билан уч ойгина кўнгилхушлик учун яшади. Кейин Сожидага айтган гапининг устидан чиқиш учун ҳаракатни бошлади. Бир қизни беш йилдан бери танир, муносабатлари жуда яхши эди. Энг муҳими, қиз Дилшоддан ўн ёш чамаси кичик. Ўттиздан ошган Дилшод сўзининг устидан чиқди — тўй қилиб йигирма икки ёшли МАҲЛИЁга уйланди. Маҳлиё ёши гарчи йигирмадан ўтган бўлса-да, кўриниши ва жуссасининг кичиклиги боис Дилшоднинг хотинидан кўра қизи тенгги кўринарди. Нари- бериси ярим йилча яшадилар. Атрофдагилар ҳайрон: «Нега уйландию, нега қўйиб юборди?» Дилшодни эса, фақат бир нарса ташвишлантирарди: «Ишқилиб, ҳомиладор бўлмасин!»

Маҳлиё юкларини ортиб кетдию, лекин тезда ажраша қолмади. Бир неча бор қўнғироқ қилиб, Дилшодни учрашувга чақирди. Дилшоднинг туғилган кунида кинога таклиф қилди, совға берди. Кейин «тўйимизнинг икки йиллиги» деб, учрашишга яна ташаббус кўрсатди. Лекин Дилшод аввалги Дилшод эмасди. Маҳлиё ҳам тушунди шекилли, уни тинч қўйди. Фақат охирги учрашганларида ораларидан шундай суҳбат кечди:

  • Дилшод ака, мен сизни илк таниганимда 18 ёшга тўлиб-тўлмагандим. Сиз жуда яхши, ҳаммага бирдай меҳрибон одам эдингиз. Қанчадан-қанча одамларга ёрдамингиз текканлигини биламан, кўрганман. Менинг ҳам университетга кириб, талаба бўлишимда хизматингиз бор. Умуман ичмасдингиз ҳам. Нега бунақа бўлиб кетдингиз? — деди Маҳлиё кўзларида ёш билан.

Дилшод аёлига узоқ тикилиб қолди. Кейин унинг юзини сийпаб, жавоб қилди:

Балки сен тушунмассан, негаки аёлсан! Мен ўзим ҳам анча кеч тушундим. «Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотини бўлади!» деган ҳикмат чин ҳақиқат экан. Мен бу ҳақиқатни ўз танамда синаб, ўз бошимдан кечирдим. Оилада аёл оқила бўлмаса, эрнинг мансаби ҳам, обрўсию пули ҳам ҳеч нима қилиб бера олмас экан. Ўзинг яхши биласан, менда барча зарур нарса бўлган: мавқе, мол-мулк, илму иқтидор. Бироқ энг муҳими — сабрли ва оқила аёлим бўлмади!

Дилбар билан ажрашгач, ўзимдан қарийб уч ёш катта қиз — Сожидага уйландим. Ёшроғи топилмаганлигидан эмас, балки шу мени тушунар, ўқимишли ҳам ўзига мустақил, деган фикр билан уйлангандим. Сожида ҳақидаги бу фикрим — ҳаётимдаги энг катта хатоим бўлди! Тўғри айтдинг, мен бунақа эмасдим. Ҳаммага бирдай, меҳрибон бўлишга интилганман. Лекин… Навоий ҳазратларида бир байт бор, биласан:

Меҳр кўп кўргиздим, аммо меҳрибоне топмадим,

Жон басе қилдим фидо ороми жоне топмадим!

Буюк шоир, яна бир улуғ салтанатнинг муҳрдори шундай деб тургач, мен нима дейин?! Балки Яратганнинг синовидир бу, яна билмадим…

Маҳлиё Дилшодни ҳеч маҳал бундай эзгин аҳволда кўрмаган эди.

Дилшод ака, нима қилмоқчисиз бу ёғига? — сўради аёл. Дилшод сигарет тутатиб, анча ўйланиб қолди. Кейин хотинининг кўзларига тикилди.

Сен билан яшашим қийин энди, негаки сен ҳам ўз ақлингга таяниб эмас, яқинларинг хоҳишига қараб иш тутадиган хилидан чиқдинг, — деди салмоқлаб, — оғир кунда ярамаган дўсти нодондан қўлида яроқ тутган душмани доно афзал! Олдиндан бир нарса дейишим қийин, бу ёғини вақт кўрсатади. Фақат сендан бир илтимос, менга нисбатан тутган йўлингни, агар қайта турмуш қилсанг, унга қўллама! Оила жуда муқаддас даргоҳ, унга мелиса тугул имкон бўлса, ҳатто ота-онани ҳам аралаштириш керак эмас… Шундай аралашувлар сабаб опангнинг ҳам, ўзингнинг ҳам турмушинг бузилиб кетди, десам мендан ранжимассан. Тўғри, оилавий масалада менинг омадим чопмади. «Бегона аёлларга назар солиш — иблиснинг заҳарли ўқидир!» — деган ҳадис бор. Мен ўз омадсизлигимдан кўра — била туриб иблиснинг оғули ўқига интилдим. Бу ўқ менинг кўксимга келиб қадалди. Заҳари эса, вужудимни эгаллади. Бундан қутилишга уриниб кўраман — ёлғиз яшайман, ёлғиз! — 7 —

«Битта сих топилмас қалбимни сихлашга,

Армондан эзилган танамни михлашга.

Мен ҳамдард кимсани изламам, лоақал —

Бир маймун топилмас ҳолимга йиғлашга!»

Дилмурод САЙЙИД

Дилшод Маҳлиёни кузатиб қўйгач, «Анҳор» бўйига қайтиб келди. Сокин оқаётган сув унинг дардкаши бўлиб қолган эди. Кимсасиз қирғоқ бўйлаб юриб, хаёлга берилди:

«Одам — одамга дўст! Дўстнинг энг яхшиси — оғир кунда синалгани!

Одам — одамга ёв! Ёвнинг энг ёмони — ўз ичингдан чиққани!

Эҳ, Акром, Акром! Сен ёвнинг энг ёмони бўлдинг. Сенинг Дилбар ҳақидаги айтганларинг менинг ҳаётимни остин-устун қилиб юборган. Айнан ўша кундан бошлаб мен на СЕВГИга, на ДЎСТЛИКка ишонмай қўйганман, эй дўсти нодон!

Сожида! Сен ҳам ўз ичимдан чиққан ёв бўлдинг. Мени хиёнатда айбладинг, аммо бу хиёнатга йўлни ўзинг очиб юборганлигингни тан олгинг келмади. Ахир, мени ҳайҳотдек ҳовли-жойда ёлғиз қолдириб, ўн кун — ярим ойлаб отангнинг уйига бориб ўтиришинг оқибати шундай тугаши мумкинлигини наҳот ўйлаб кўрмадинг, эй калта ўй хотин?!

Маҳлиё! Мен сени тушунаман. Негаки, тўйимизгача беш йил давомида сен мени мансаб курсисию, башанг кийимларда, иззат-икромда кўриб, ўрганиб қолгансан. Обрў-эътиборли, зиёли Дилшод ўрнида маишатбоз, маънавий бузуқ, ҳақоратгўй Дилшодни тасаввурингга сиғдира олмаганинг аниқ. Шу боисдан ҳам менга суянчиқ бўла олмадинг, чунки шу вақтгача ўзинг менга суяниб келгандинг!..

Ўзим-чи, ўзим? Шунча нарсага етган фаҳмим бир нарсага — «Бургага аччиқ қилган одам кўрпани куйдириши мумкин»лигига етмади! Қачон қараса, ўз йўриғимни тўғри санадим. Ана шу тўғри билган йўриғим боис кўнгли ярим Шарофатни, эзилган Ҳанифани таҳқирладим, беобрў қилдим. Ҳали турмуш қурмаган Маҳлиё «ит теккан қовун» бўлди. Қўлимдан шунча макру алдов келар экан, шу ҳунарни Сожидага ишлатиб, яшаб юрсам бўлмасмиди? Ахир, «Хотин киши қовурғадан яратилган. Уни тўғирлайман десанг, синдириб қўясан. Муроса қилу яшайвер!» деган ҳадисни била туриб, амал қилмадим. Шу нодонлигим сабаб фарзандларим ҳам тирик етим бўлишди.

Ўзимга етган азиятни ҳисобга олибману, аммо ўзимдан ўзгаларга етган зулмни торозуга солиб кўрмабман! Нега?.. Менинг энг катта фожеам — ҳар бир муаммони ўзим билганимча ҳал этишни хуш кўришимда бўлса ажабмас…

Дилшод «Анҳор» бўйлаб узоқ юрди. Кейинги тўрт йил ичида илк марта шундай ҳолатга тушиши эди. Таъбир жоиз бўлса, у ўз руҳияти билан баҳслашар, ўтган умрини сарҳисоб қилар ва тинимсиз чекарди.

  • Лекин барибир инкор этмайман, — деди ўзига-ўзи паст овозда, — хотиннинг идроксизи дажжолдан ёмон бўларкан. Машойихлар авлиё, билиб ва синаб айтишган, ҳақиқатдан ҳам эрни қаро ер қиладиган хотин бўлар экан…

Тепароқдаги йўл четига келиб тўхтаган енгил машина магнитофонидан хонанданинг хониши эшитилди:Найлайин дарду ситамайлаб дилим қон йиғлатур,

Гоҳ алам, гоҳи хаёл,гоҳида армон йиғлатур.

Мен уни жоним деякўксимга жо этган эдим,

Оқибат қийнаб таним қалбимни ул жон йиғлатур!..

Дилшод шеърни яхши идрок этар, мусиқанинг фарқига борарди. Қўшиқ унга қаттиқ таъсир қилди чоғи бир нуқтага тикилиб қолди. Кейин аста шивирлади:

Менга ўхшаганларга атаб ёзилган экан:

«Гоҳ алам, гоҳи хаёл, гоҳида армон йиғлатур!»

Яна битта сигарет тутатди. Сокин оқаётган сувга термулганча чекиб, тағин хаёлга берилди: «Ноумид — шайтон! Мен ахир инсонман-ку! Инсон эса, ҳамиша умид билан яшаши керак. Ҳатто олам чароғи, беқиёс ёруғлик манбаи Қуёш ҳам куюб қоп-қорайиб кетади. Инсон умри ҳам қуёшга ўхшаган. Умрни ҳеч қачон текис йўлга қиёслашмаган, аксинча, сўқмоққа менгзаганлар. Сўқмоқдан чиқиш вақти келган кўринади. Кучим етармикан? Иродам-чи?»

Дилшод сигарет қолдиғини оёғи остига ташлаб эзғилади. Гўёки, шу билан нафрату аламларини, руҳиятидаги тушкунликни эзиб ташлагандек бўлди.

Кейин зинапоялардан кўтарилиб КЕНГ ЙЎЛга чиқди…

Тошкент, 2003 йил