Dec 012012
 

Куни кеча таркатган хабарларимиздан маълумки, бугун 1 декабрь 2012 йилда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Қашқадарё вилоят раиси бўлган Гулшан Қораева Қарши шаҳар суди олдида норозилик акциясини ўтказишни мўлжаллаганди. Гулшаннинг таъкидлаётганига кўра, 1 декабрь куни куни тонгданоқ ҳуқуқбон яшайдиган уй атрофи милиция қўриқчилари томонидан қуршаб олинган экан.

Уларнинг мақсади, мени ва оила аъзоларимизни норозилик акциясига чиқишимизнинг олдини олиш эди”, – дейди Гулшан. Шу куни Гулшан Қарши шаҳар судига илтимоснома билан ҳам мурожаат қилди ва унга нисбатан очилган жиноят иши мутлоқ қонуний ва асосга эга эмаслигини Ўзбекистон Жиноят Кодекси, ҳамда Ўзбекистон Жиноят Процессуал Кодекси меъёрларидан мисоллар келтириб бериб исботлади.

Судга ёзган илтимосномамни судга қандай қилиб олиб боришни ҳам билмай қолдим. Қўриқчилар ҳамроҳлигида, ногирон болам учун дори олиш билан бирга, марказий почта биносига ҳам ўтиб, илтимосномани у ердан почта орқалик юбордим”. – дейди Гулшан Қораева.

Шунингдек, уни почтагача кузатиб олиб борганлар бугун судда унинг иши кўрилишини ҳам маълум қилишган. Бироқ суд котибияти ҳуқуқбонга бу ҳақида суд чақирувини юбормаган. Боз устига шанба куни Ўзбекистонда дам олиш куни ҳамдир. Нега милиция хизматчиси бунақа огоҳлантирув берганлигини Гулшан тушунмаган бўлсада, аммо қонун “посбонлари” ҳам тушунтиришмаган.

Милиция кузатуви остида уйига қайтган Г.Қораева тағин уй қамоғига “олинган”. Соат 13 дан пикетчилар Гулшан Қораева ва унинг салкам 100 ёшга бориб қолган момси (бувиси) Алимардонова Бибисулувлар шаҳар суди биноси томон ҳаракатлана бошлашган.

Ҳуқуқбон ва унинг бувисини кузатиб борган милиционерлар 10 ўрта мактаби ёнида уларни тўхтатишган. Соат 13:25 дан то 14.00 гача 10 мактаб билан кўчанинг нариги томонида жойлашган Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди орасида пикетчилар билан милицияонерлар орасида баҳслашув бўлиб ўтди. Момомнинг талаби, унинг Қарши шаҳар суди раиси Мустафоев номига берган аризаси кўриб чиқилмаганига норозилигини айтган.

Қўшним Ортиқова Ойдин мени ҳақоратлаб кетди, набираларимни “халқ душмани” деб шовқин солди”, – тушунтиришга уринган момо. Шундай бўлсада, пикетчилар суд биносигача етиб бора олмаганлар. Шу ернинг ўзида Қарши шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари момонинг қўлидаги плакатини суратга олишган. Нима учунлигини эса тушунтиришмаган ҳам.

Кул ранг “Тико” русумидаги ва давлат рақами бўлмаган машинага мажбуран ўтқазилган Гулшан Қораева ва унинг момосини милиция хизматчилари уйигача қайтариб келтиришган. Қизиғи шундаки, Қашқадарё вилоят суди биноси билан Қореавлар яшайдиган ҳовли ораси кўпи билан 60 метрлик масофани ташкил этади. Шундай қилиб норозилик акциясининг олди олинди, аммо милиция ҳозирда ҳам Қораевлар уйи атрофини қуршаб ўтиришибди.

3 декабрь кунида Гулшан Қораева устидан Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида маҳкама жараёни бошланиши кутилмоқда. Бироқ ҳалигача суд унга чақирув қоғозини юбормаган. Бундан чиқди, жараённинг бошланиши тағин бошқа кунга кўчирилиши ҳам мумкин.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти матбуот маркази