Nov 262012
 

 

Эртага судми?

 

Эртага, 26 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида Гулшан Қораева устидан судж жараёни бошланади (ми?). Гулшан Қораеванинг ўзининг таъкидлаётганига кўра, суд Гулшанга ҳали бирор чақирув қоғози ҳам юбормаган. Маълумингизким, Қарши шаҳар ИИБ си терговчиси Илҳом Шералиев Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилоят бўлими раиси бўлган Гулшан Қоревага нисбатан Ўзбекистон ЖК нинг 139 ва 140 моддалари бўйича жиноят иши қўзғатганди. Айблов хулосасида келтирилганига кўра, айбланувчи интернет нашрларида ўз қўшниси бўлган она-бола Ойдин Ортиқова ва унинг қизи Барно Адамбеваларни “фоҳиша” деб ҳақорат қилган.

Ўз мансабини суистеъмол қилган терговчи Илҳом Шералиев жиноят процессуал кодексига нисбатан ғирт тескари ҳаракат қилганлигини жиноят кодекснинг ўзиёқ кўрсатиб турибди. Ўзбекистон ЖК 139 ва 140 моддаларида таъкидланганига кўра, жиноят иши аввал айни мана шу шаклдаги фаолияти учун маъмурий жавобгарликга тортилганларга нисбатан қўлланилади. Гулшан Қоревага нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилмаган. Демак, Илҳом Шералиев ўз ишини билмайди, ёки атайлабдан жиноят процессуал кодексига хилоф ҳаракат қилмоқда.

Гулшан Қораева шу йилнинг 27 август кунида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари жамиятининг веб саҳифасида эълон қилган “Қачон терговчилар оқни қорадан ажратишни ўрганишаркаин” деб сарлавҳаланган мақоласи ортидан жавобгар қилинмоқда http://uz.hrsu.org/archives/4102. Мақоладаги жумлалар “Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола “жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчилардир” дейилган жумлаларни терговчи “Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола “жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчи фоҳишалардир” деган жумлага ўзгартириб, шунинг асосида жиноят ишини очганди. Ҳар неки, айблов хулосасида келтирилгани бўйича шунақа, аммо тергов томони яна қанақа “сюрприз” тайёрлаб қўйгани эса ҳозирча номаълум.

Бугун маълум бўлганига кўра, айблов ҳужжатлари 40 саҳифадан ортиқ ва унда қайсидир бир веб саҳифадан келтрилган ҳужжат ҳам бор. Унда “Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола “жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчи фоҳишалардир” деган жумла мавжуд. Қизиқ, тергов томони мустақил экспертлар хулосасига ҳам эга эканми? Балки айни шу жумлалар битилган яна бир неча танилган сайтлар ҳам бордир? Булар ҳаммаси савол остида. Негаки, интернет ва компьютер технологиялари ривожланган бугунги даврда истаган истаганича текин хизмат кўрсатадиган интернет провайдерларидан сайт очиб олиши мумкин. Унақа сайтлар одатда ucoz.ru ва шунга ўхшаш шакллардаги бошқа кўринишларда якунланади.

 

Хуллас эртага суд ва комил ишонч билан айтиш мумкинки, суд Гулшанни жавобгар қилмай қўймайди. Чунки бу Ўзбекистон ва унда ҳақиқат анқонинг уруғига айланганида ҳали шўролар даври иқтидорда эди. Дарвоқе, Гулшан судга чақирув хатини ҳам олмаган. Бу дегани, суд бўлмаслиги ҳам мумкин деганидир.

ЎИҲЖ матбуот маркази.