Aug 272012
 

Оқни қорадан ажратиш мушкул эмас, фақат хоҳиш бўлса. Бир неча ҳафтадан бери менга ва яқинларимга нисбатан тазйиқлар содир бўлаётганлиги ҳақида маълумотлар тарқатаяпман. Шу йилнинг 19 июнь кунида менинг акам Санжар Қораевга нисбатан уюштирилган провокацион ҳаракат ҳали ҳам поёнига етмади. Эслатиб ўтаман, акам Санжар бирор мухолиф ҳаракати, ёки инсон ҳуқуқлари ташкилотининг аъзоси эмас. Боз устига унинг намозхонлиги ҳам йўқ. Бироқ у менинг акам бўлгани учун ва ҳозирда Швецияда яшаётган яна бир акам Тўлқин Қораевнинг укаси бўлгани учун режим томонидан таъқиб қилинаяпди деб ҳисоблайман.  Тағин эслатиб ўтадиган бўлсам, 19 июнь кунида ўзбошимчалик билан кўп хонадонлик (Талабалар кўчаси 61 уй) уй ҳовлисида яшнаб турган дарахтни кесаётган Ойдин Ортиқова ва унинг қизи Барно Адамбоевага акам Санжарнинг аёли Зилола Пўлатова “нега дарахтни кесаяпсизлар?” деб берган саволи ортидан дўппосланди. Шу куни янгам қаттиқ ҳақоратланди, дўппосланди, ҳатто Барно Адамбоева унинг оёғи сон қисмини тишлаб жароҳат ҳам етказди.

 

Кўчадаги дод-войни эшитган акам албатта ўз аёлини жанжалдан ажратиб олишга интилиши табиий ҳол, аммо ўзи ҳам калтак еди ва Барно Адамбоева унинг жинсий аъзосини тортқилаб жароҳат етказди. Ўзини ва хотинини жанжалчилардан халос этмоқчи бўлган акам ва унинг аёли энди жавобгар қилинмоқда.  Тергов органлари эса ишни бир ёқлама олиб бораяпди.   Ҳозирда бу иш юзасидан тўпланган материаллардан маълум бўлганига кўра, Ойдин Ортиқова ва Барно Адамбоевалар “қўй оғзидан чўп олмаган”, улар “мусичаи беозор” ва улар ноҳақдан ноҳақ жабрланганлар. Умрида бирор дарахт ўтқазганми ёки йўқ, буниси ҳали номаълум, аммо яшнаб турган дарахтни кесиб аллақаёққа гумдон қилганликлари эса терговда сўралмаяпди ҳам. Боз устига айни ўша куни Барно Адабаева бўйнида тилла занжири билан дарахт кесаётган экан ва у “йўқолиб қолибди”.  Тағин  ҳам ёнида қимматбаҳо мобиль телефони “бўлган” ва у ҳам “йўқолган”.  Бош мияси  “сотресения”олган экан.

 

Бу каби сохта даъволар Ўзбекистон суд ва тергов системасида мутлоқ ўрганилмайди ва одатда кимлардир “халқ душмани” деб атайдиганларнинг зарарига ҳал бўлади. Маҳалла фуқаролар йиғини ҳам бу ишга бош қўшиб она-бола даъвогарларни маҳаллада фаол ва ҳурматга лойиқ эканликларини, муқаддам судланмаганликларини келтириб далолатнома тузиб берибди.   Бу гап қанчалик ҳақиқат? Мен илова қилинаётган файлда 2009 йилнинг 6 май кунидаги суд қарори ва унда ҳам айни мана шу она-бола жанжалчилар иштирокидаги бир тўпаланг акс эттирилган. Унда Ойдин Ортиқова  суддан энг кам иш ҳаққининг икки баробари миқдорида жарима тўлаб чиқганлигини ўқиш мумкин. Жанжал эса улар билан Ҳаитов Дилшод исмлик шахс ораларида бўлиб ўтганди. Бунда ҳам Ойдин Ортиқова ва Барно Адамбоевалар ноқонуний ҳаракатлари, яъни ўзбошимчалик билан квартираларини кенгайтирганликлари ортидан содир бўлган.  Ўшанда у Ҳаитов Дилшодни “Сен кофирсан, рус аёлга уйлангансан” деб ҳақоратлаган Ойдин Ортиқова, энди акамни ва мени “халқ душманисанлар” демоқда. “Халқ душмани” деган тамға Сталин қатағони йилларида урф бўлган айблов эди. Демак Ойдин Ортиқова ва унинг қизи Барно Адамбоевалар бугунги Ўзбекистонни ГУЛАГ архипелаги билан, Республика раҳбарини эса Сталин билан тенглаштираяпди(?). 

 

Албатта бунда уларнинг ўзбек мухолифатига ҳам яқинлик даъвоси кўриниб турибди.   Акам Тўлқин Қораевга нисбатан уюштирилган провокацион ҳаракат 2005 йилнинг 4 июнь кунида содир бўлганди. Унда ҳам таг-зотининг тайини йўқ бир аёл Юлдуз Шерова “жабрланди”, лекин бунда бу провокация милиция органлари томонидан олдиндан тайёрланганди. Шу боисидан ўша куннинг ўзидаёқ суд бўлиб акам ўн суткалик қамоқ жазосини олди. Кейинчалик эса бу ноҳақлик унинг тарки ватан қилишигача олиб келди ва ҳозирда у сиёсий муҳожир мақоми билан Швеция Қироллигида яшамоқда.  Бир акам сиёсий мухолифатда экан, нега энди бошқа акам “халқ душмани” бўлиб чиқаяпди?

 

Афтидан бизда Алининг қасдини Валидан олиш удуми ҳам бордек. Сталин даври қатағонида ҳам “Халқ душмани” деб топилганларнинг яқин қариндошлари ҳам қатағон қилинган.  Яқин орада суд ҳам бўлиб қолади ва унда адолат қарор топишига бизда ишонч йўқ. Чунки аллақачон “мусичаи бегуноҳга” айлантирилган бу жанжалчи она бола илгари судда жавобгар бўлганликлари ҳам инобатга олинмаяпди.  Ўзбекистон ҳукумати ва Прокуратурасидагилар, Республика Суд ва Адлия органлари масаланинг бу томонига қандай қараркинлар? Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола “жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчилардир. Унинг исботини эса 2009 йилнинг 6 май кунида Қарши шаҳар Жиноят ишлари судида ўтказилган маҳкама мажлиси қарори ҳам исботлаб турибди. Қачон терговчилар оқни қорадан ажратишни ўрганишаркин? Албатта бунга хоҳиш ва истак бўлса. 

 

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.

27 август 2012 йил