Nov 222012
 

 

ЭЙ,ТУРК,УЙҒОН

Ҳозир хоҳлаган бир ўзбекка «Сени миллатинг турк» десангиз у албатта сизни ақлдан озган кишига чиқариши турган гап. Чунки совет даврида ва ундан кейинги йилларда бизнинг миллатимиз аслида турклиги,ўзбеклар ўша турк миллатининг бир бўлаги эканлиги ҳақида халққа тушинтирилмади. Бундай ғоя ўқув дасрсликларига киритилмади.

 

Миллат қачон миллат сифатида шаклланади? Қачонки ўз ўтмиш тарихини билса,ижтимоий,  маънавий,руҳий томондан эркин бўлса! Ватанининг манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўя олиш даражасига етсагина буюк ва муқаддас миллат бўлиб шаклланиши муқаррар. Шу фикрларни назарда тутиб Турк халқининг буюк шоири Меҳмед Эмин Юрдақул ҳақида ёзмоқликни ният қилдим.

Қўлимда Меҳмед Юрдақулнинг «Эй,Турк уйғон» номи остида «Ёзувчи» нашриёти томонидан 1997-йили чоп  этилган китоби турибди. Бу китобни менга ёзувчи Мамадали Маҳмудов совға қилиб берар эканлар,«Ўзбекистонлик виждонли журналист Носир Зокирга» деб дастхат ҳам ёзиб берган эдилар. Бундай илиқ сўзлар учун у кишидан бир умр миннатдорман.

Усмонлилар империяси ва Мустафо Ота Турк тузган мустақил Туркияда 1889–1944 йиллар давомида яшаб ўтган шоир,ўз миллатини зулмдан озод қилиш учун катта–катта амаллардан ҳам воз кечади. Зеро у катта маош эвазига солиқ қумитасида фаолият олиб бораётган эди. Шу билан бирга депутатлик мандатига ҳам эга эди. Бироқ ўз мақсади йўлида барча-барчасидан воз кечди. Зотан шоирликнинг моҳияти шудур. Ўйлаб кўринг,кейинги йигирма йил ичида бирор шахс,у ким бўлишидан қаътий назар ўз миллатининг манфаатлари йўлида эгаллаб турган мартабасидан,даромад манбаасидан воз кечган бирор–бир кишини эсалай оласизми?

Бир олиминг,бир шоиринг борми,у

Бу қақшаган,бузғун юртни кузатса?

Қутқарувчи бармоқлари билан шу

Чириётган яраларинг тузатса?

деб   ёзган   эди  Юрдақул.

Юрдақул Туркияга келган Ислом оламининг буюк олимларидан бири Шайҳ Жамолиддин Афғонийдан таълим олди. Айниқса,Афғонийнинг «Сизда ҳам қачонки ўзини севмаган,ўзидан кечган,фидокор кишилар етишиб чиқса,ўшанда қора кунингиз оқ бўлажак,йиқилган ерингиздан туражаксиз» деган сўзлари шоирга куч ва илҳом   бағишлаганди.

Юрдақул ҳам бошқа Турклар сингари Туркистонни ўз ота юрти деб биларди. У Туркистон халқларини ҳам уйғонишга чорлади. Унинг мана бу мисралари ҳали ҳам ўз қадрини йўқотмаган деб биламан.

Тур,олға бос! Маданият,шараф,шон

Ёш-қариси миллий руҳли элники!

Эски,Янги,ҳур ва масъуд Туркистон,

Бу Осиё,бу истиқбол сеники!

Эй қардошлар,уйғонинг,

Шу туркликка беринг жон,

Қуш излагай уяни-

Туркларники бу Турон.

Юрдақулнинг китобидаги шеърларни ўқисангиз қалбингиз озодлик нурларига тўлади. Афсуски бу шеърларнинг барчасини ҳукмингизга ҳавола этишга имкониятимиз йўқ. Шунинг учун шоирнинг айрим шеърларидан наъмуналар ҳавола этиш билан чекланамиз.

Зеро мулкда адолат йўқ,йўқдир ҳуқуқ,ҳурият,

Аҳолига зулм кўпдир,алдоқчидир ҳукумат;

Ҳар бурчакда темир қўлли истебдод,

Ҳар бурчакда қоплон тишли жаҳолат,

Ҳар бурчакда йўқсиллик,ўлим,даҳшат;

Ҳар бурчакда минг инграниш,минг фарёд!..

Адолатни ўйлаган бош эзилар,

Тенглик дея суйлаган тил кесилар,

Ҳурият деб толпинган қалб–хоиндир.

Саройлари қассобхона,мактаблари фисқу фасод ўчоғи!

Ўрдалари маҳбусхона,масжидлари–айғоқ,жосус ётоғи…

Ватандошлар! Ҳаққимиздир,ҳур ва масъуд яшамоқ,

Нечун асир,мазлум,йўқсил бўлиб қолдик биз бу чоқ?

Бу миллатнинг ёзуғи не?.. Бу истебдод не демак?..

Бир ҳамият кўрсатмасак,Ватан қўлдан кетажак!..

Қонларимиз қуридими? Қўлларимиз чўлоқми?

Вазифамиз-ҳайвон каби юрмоқми?

Йўқ! Бу бўлмас! Фидоийлик кўйлагини кияйлик,

Бор товуш–ла «Қомусимиз ёҳуд ўлим» дейлик!

Ҳурриятнинг байроғини очайлик,

Золимларнинг қаршисига чиқайлик,

Истебдодни таг–тубидан йиқайлик,

Бу йўлда ўз қонимизни сочайлик!

Бу шеърлар 1909-йили ёзилган. 1876-йили ноқонуний йўл билан ҳокимиятга келган султон Абдулҳамид иккинчи кўп золим бўлган. 1909-йилги ўзгаришдан кейин тахтдан туширилган;ўз халқига зулм қилган,юртни ярим мустамлака ҳолига келтирган султоннинг ўзи ҳам маҳбусликда ўлган. Ҳа,золимларнинг тақдири доимо шундай тугайди. Оллоҳ насиб этса кейинчалик Меҳмет Юрдақулнинг бошқа шеърларини ҳам тўлалигича ҳукмингизга ҳавола этиб борамиз

Носир   Зокир.

 

http://birdamlik.info/?p=25279#more-25279