Nov 102012
 

10 November 2012

17:32 – Отатурк ўлган куннинг 74 йиллиги куни Истанублда 6 км-лик одамлар занжири

Бугун Туркия давлатининг асосчиси Отатурк ўлган куннинг 74 йиллиги. Унинг фақат ўлган куни эмас, ўлган соатини ҳам Туркияда мутлақо кўпчилик билади. Айнан ўша дақиқаларда, эрталаб соат 9 атрофида, бутун кўчаларда транспорт 1 дақиқага кетаётган жойида тўхтайди.

Ҳар ҳолда, мен Истанбулда яшаган йиллари шундай эди. Туркияга келган йилим ўша дақиқаларда ҳали туркларнинг бундай анъанасини хабарим йўқ, автобусда кетаётган эдим, дейди “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат. Тўсатдан автобус кўчанинг ўртасида тўхтади. Қарасам, олдимизда енгил автомобиллар ҳам турибди. Ҳамма ерда ҳаракат тўхтаган. Тратуардаги одамлар ҳам кўчага қараб саф тортиб тургандек туришарди. Бирон нарса бўлдими, деб ўйладим. Аммо, ҳеч ким нима бўлганини билан қизиқмасдан, хотиржам турарди. Ҳайрон бўлдим ва бир одамдан “нима бўлди?” деб сўрадим. У тушунтирди. Кейин билишимча, бу ҳеч кимнинг буйруғи эмас, шахсга сиғинишдек жиркангч одат эмас, Турк миллатининг ўз лидерига ўз ихтиёри билан ҳурмат кўрсатиш анъанаси экан.

Ҳозир Туркияда жоҳил исломчиларнинг позицияси кучаймоқда, Отатуркка қарши тош отиш жараёни бошланган. Шу сабабли, балки, аввалиги шароит ўзгаргандир, аниқ билмайман. Аммо, тескариси бўлаётганини кўрсатувчи мисоллар ҳам бор.

Масалан, бугун Отатурк ўлган куннинг 74 йиллиги. Турк ахборот воситаларининг хабарига кўра, Истанбулнинг Қадикўй туманида Отатурк ўлган дақиқаларда минглаб киши 6 километрлик жонли занжир уюштириб, улуғ инсонга ҳурмат кўрсатишибди.

Агарда исломчилар Туркияни бутунлай қўлга олса, улар Отатуркнинг номини ҳам тошбўрон қилиб, уни тарих саҳифасидан ўчиришга ҳаракат қилишади. Чунки, уларга кўра, Отатурк Исломнинг душмани, айнан у Халифаликни йўқ қилди, Туркияни дунёвий давлатга айлантирди.

Ҳа, айнан шундай бўлган.

Аммо, жоҳил исломчилар ҳақиқатни бузиб кўрсатишга ҳаракат қилишади. Ҳақиқат шундан иборатки, ўтган асрнинг 20-чи йилларига келиб, жаҳонда Турия ва унинг соясида турган Эрондан ташқари бутун мусулмон давлатлари Ғарбнинг мустамлакаларига айланган ва Ҳалифалик фақат Туркиянинг ўзидан иборат бўлиб қолган эди. Ўша пайтда Юнонистон қўшинлари Дарданелли бўғозидан ўтиб, Туркиянинг у пайтдаги иккинчи буюк шаҳри Измирни, Атланта қўшинлари эса, Биринчи жаҳон урушида мағлубиятга учраган Туркиянинг Европа қисмини босиб олишган эди. Ҳамма кўриб турган эдики, яқин пайтда аввал Туркия, кейин Эрон ҳам мустамлака бўлади. Яъни Ҳалифалик расман ҳам йўқ бўлади.

Айнан шундай вазиятда, Туркия Қуролли кучларининг Бош қўмондони Мустафа Камол миллий инқилобий ҳаракат бошлади, қоғоздагина қолган Халифалик ўрнига Туркия Жумҳуриятини эълон қилди. Европада ғалаба қозонган Атланта устидан турклар айнан унинг раҳбарлигида ғалаба қозондилар. Акс ҳолда, Туркия мустамлака бўларди ва кейинчалик яна мустақилликка эришса ҳам, Босфор ва Дарданелли бўғозлари ва Онадўли яриморолининг Ғарбий қисми Юнонистонга ўтиб кетган бўларди.

Шу ҳақиқатларни кўриб туриб, кейинчалик Отатурк номи берилган улуғ Мустафа Камолга тош ўтиш ақлсизликдан бошқа нарса эмас. У дунуёнинг энг буюк инсонларидан бири сифатида тарих саҳифаларида абадий қолади.

 

http://www.harakat.net/el_news.php?id=12638