Nov 072012
 

Қарши шаҳрида судлар ҳам бетиним ишлайди. Уларда дам олиш куни
нарироқда турсин, дам олиш соати ҳам
йўқ. 7 ноябрь куни соат 20:30 лар
чамаси Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судидан менинг уй телефонимга
қўнғироқ қилиб судга келишимни айтиб қолишди.
Соғлигим яхши
бўлмаганини рўкач қилиб судга боришни рад қилдим.
Маълумингизким, Қарши шаҳар ИИБ терговчиси Илҳом Шералиев шу йилнинг
сентябрь ойида менга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139 ва 140
моддалари билан жиноят иши очганди. Гарчи бу иш юзасидан бирор
жабрланувчининг аризаси кўрсатилмаган бўлсада, 27 август кунида менинг
интернет тармоғида тарқалган мақолам унга асос қилиб олинди. Тергов
томони даъвосига кўра, хабарда мен қўшни аёллар, она-бола Ойдин
Ортиқова ва Барно Адамбоеваларни “фоҳиша” деб атаган эканман. Илҳом
Шералиевнинг иддаосича, у 2012 йилнинг 5 сентябрь кунида
“google.co.uz” қидирув порталида Гулшан Қораева деб ёзган ва унинг 27
август кунида тарқатган “Қачон терговчилар оқни қорадан ажратишни
ўрганишади” (http://uz.hrsu.org/archives/4102) деб номланган мақоламни
кўриб қолади. Терговчи мақолада қуйидаги жумлалар бўлганлигини
киритади: “Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган
она-бола “жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчи
фоҳишалардир”, – деб ёзилганлиги аниқланди деб дея иддао қилади у.
Бирқ аслида эса бу жумлалар қуйидагича:
“Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола
“жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчилардир”.
Бу сохтакорлик устидан арз қилиб Қарши шаҳар прокурори номига берган
аризам ҳам зое кетди. Чунки прокурор менга ўхшаган “қулоқсизларнинг”
аризасини кўриб чиқмайди. Ўзбекистонда
фуқаролар мурожаатлари ҳақидаги
қонунда кўрсатилинганига кўра, масъул органлар фуқаролар мурожаатига
бир ой ичида жавоб қайтаришлари лозим. Менинг прокурорга ёзган
аризамнинг бир ойлик муддати тўлишига яқин қолди 12-14 октябрда
мурожаат килганман. Лекин муддат тўлганида ҳам жавоб олишимга кўзим
етмайди. Чунки бу иш сохтакорликдан бошқа нарса эмас!
Терговчи Илхом Шералиев Ўзбекистон Инсон Ҳууқуқлари Жамиятининг веб
саҳифасида ўқиган жумлаларини кўчириб олганмиди? Марҳамат, кўчириб
олган бўлса судга тақдим этиши лозим. Акс ҳолда айтган сўзи қуруқ гап
бўлиб қолади. Мана шу қуруқ гап учун мен яқинда
судланаман ва жавобгар
қилинаман. Чунки бу ерда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ўзбекистонда
қонунларга ҳеч ким амал қилмайди ва судлар ҳам Ўзбекистон Республикаси
номидан кимларнидир йўқ ердаги айбловлар билан жазолаб юбораверади!

 

7 ноябрь, 2012 йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.