Nov 052012
 

Муаззам Иброҳимова: Юракдаги гаплар

Муаззам Иброҳимова

Ўшанда тиббиёт олийгоҳнинг биринчи босқичида таълим олардим. Анатомия фанидан баҳоларим беш, ўзлаштиришим гуруҳимиздагиларга нисбатан аъло эди. Сабаби бизга ўз фанининг фидойиси дарс ўтарди. 

Аммо нима бўлдию, унинг ўрнига бир порахўр ўқитувчи келиб, очиқдан – очиқ таъмагирлик қила бошлади. Мен ҳамон ўз билимимга ишонардим. Гуруҳимиздагилар пул йиғиб синов дафтарчаларини ёппасига “зачет” га олиб кириб бераётганларида ҳам, домланинг билимимни ҳаққоний баҳолаб беришига ишонардим. Аммо афсус! 

Ҳамма синов дафтарчасига қўйилган “қониқарли” деган жимжимадор ёзувни ўпа- ўпа ёзги таътилга кетганида ва таътилнинг ярми ўтиб кетганида ҳам, мен анатомия кафедрасининг формалин анқиган узун йўлагида сарсон – саргардон, бировлардан ижарага олган суяк ва қалин китобларимни қучоқлаб қайта- қайта “зачетка” келардим. Ҳар сафар домланинг хузурига келиб, ҳамма саволларига жавоб берардиму, биттасига кучим етмасди. 


– Хўш Иброҳимова, лигаментум Жаконда ва лигаментум Мадонна қаерда жойлашган ва улар қандай функцияларни бажаришади? “Лигаментум” лотинча боғлам дегани. Ҳайронман, анатомия фанининг муҳим бир бўлаги бўлмиш Боғламлар ҳақидаги бўлимини деярли ёддан биламан. Одам танасида қанча боғламлар борлиги уларнинг синфланиши, қайсиниси қаердан бошланиб қаерда тугаши, қандай мушаклар ва суякларни ўзаро боғлаши…. Аммо лигаментум Жаконда ва Мадоннани биринчи бор эшитишим эди. Ҳар сафар кўзимда ёш билан домланинг хонасидан шўлпайиб қайтиб чиқар эканман, ўзимни койирдим “ Ҳамма айб ўзимда, барча домлалалр дарсликни ўзбек тилидагисини эмас, Москва нашриётларида босилган рус тилидагисини топиб ўқинглар дейишарди. Қулоқ солмас эканман. Мана ўзига ишонишнинг оқибати! Домла Рус тилида чиққан дарсликларда баён этилган боғламларни сўраяпти. 


Ҳувиллаб қолган ётоқхонага қайтиб, юқори курслардан ялиниб сўраб топган русча Анатомияни ҳам бирма- бир вароқлаб чиқаман. Қани энди излаганимни топсам? 

Бировдан сўрашга ор қилганимни ва бу менинг катта хатойим эканини ёзнинг тугашига йигирма кун қолганидагина билибман. Домланинг хузурига навбатдаги ташрифларимни бирида, эшиги олдида анча пойлаб қолишимга тўғри келди.Сабаби сал аввалроқ бошқа бир гуруҳнинг менга ўхшаб судралиб юрган талабаларидан бири тчкарига кириб кетганди. Таажубда эдим, нега десангиз синов топширишга келганлардан ҳам оқ халат кийишни таълаб қиладиган домла хузурига корейс миллатига мансуб бўлган қиз кўча кйимида кириб кетганди. Роса тузлаётган бўлса керак? Хаёлимдан ўтказдим ўзимча. Ҳозир бақириб хайдаб юборади. Бечора ҳар доим тиббиёт либосида келарди, нима жин урибди бугун? Хўнграб чиқсая хозир! Аммо бир оздан сўнг, эшик очилиб, иршайиб чиқаётган Ольгани кўриб хайратланиб бақрайиб қолдим… – Почему так рада? Ты сдала зачет?- тилимга келган биринчи калима шу бўлди. – Аха.сдала! – иржайди курсдошим. – Без халата? – Ага! – Ты ответила на все вопросы? – Ага! Иккаламиз ҳам қуриб кетгур боғламларнинг орқасидан синовдан ўта олмаётган эдик. Демак қиз бояқиш, мендан яхшироқ ўқиган, изланган ва ахийри топган. Севиниб, хурсандчилигидан йиғлаб юбораёзган Ольгани бир четга бошладим. – Ну скажи, не томи пожалуйста! Где находятся лигаментум Жаконда и Мадонна? Какие мускулы или кости они связывают? Шу палла бўлажак касбдошим баралла йиғлаб юборса бўладими! Анча юпатишимга тўғри келди. – Дуры мы с тобой Ибрагимова. Целое лето искали эти чертовые связки. А их же нет в челеовеческом организме. – Как нет?! – Да вот так! Их можно найти только подприлавкой . Если повезёт! – Не понимаю тебя! А при чем здесь прилавки? – Простофили мы с тобой Муаззам. 


Только,вчера я нашла ответ на этот чертовый вопрос. Лигаментум Жаконда и Мадонна это крайняя ставка нашего учителя! Иди лучше в магазин на против базара и купи два бутилки дорогого вина… Умрида спиртли ичимлик сотиб олмаган сода қишлоқ қизининг икки шиша қиммат мусалласни минг истиҳола билан сотиб олгани ва ахийри синов топшириб чиққанини тасаввур қиласизми? Кўзларини бақрайтириб турган домладан эса мусалласларни қабул қилиб стол остига яширгунига қадар қўрққаним ёдимда. Ана ҳозир кўтариб кирган халтам билан бошимга солади ва Ольганинг барча гаплари ёлғон чиқишига милтиллаган ишончим бор эди юрагимда. Чунки олийгоҳга юқори бал йиғиб ўз кучим билан кирганим ва шу синовга қадар порасиз, фақат билимимга таяниб баҳо олганим ўзимга нисбатан ишончим асоси эди. Тўғри турли фанларнинг ўзига яраша қийинчилиги бор аммо манаман деган зўр домлалар ҳам оладиганидан олиб, биладиганга қўйиб беришар эди. Бу таъмагир эса олмаса туролмайдиган хилидан эканини қаердан билай… “Тиббиёт олийгоҳларида ҳам шунақаси бўладими?” деган хақли савол туғилиши табиий. Бўлганида қандоқ! Ер етказмасину, аллақачон Яратганнинг хузурига кетган Лигаментум домламиз нафси талаб қилган мусалласларини қон қусиб ётгандир, дея қўрқиб кетаман. Аммо унинг касофати билан анатомиядан “беш” олиб кетган билимсиз курсдошларим қанча гўдакларнинг ҳаётига зомин бўлди экан. Ўшалардан бири Феруза эди. Бундан беш йиллар аввал Юнусобод бозорларининг бирида жинси шим сотиб ўтирган экан. У узоқ йиллар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган отасининг қудрати билан олийгоҳни якунлаган, русларнинг ибораси билан атаганда ҳақиқий “дуб”эди. 


Касбингизни ўзгартирдингизми?” деган саволимга хохолаб кулиб, нима сабабдан бозорчилик қилаётганини айтиб берди: – Хабариз бор, реаниматолог мутахассислигини олгандим. Бир куни навбатчиликда турсам, битта малиш ўлиб қолди. Аслида ўзи ўладиган, бир ҳафтадан бери аппаратда эди. Бошқа врачлар назоратсиз қолдирмаётган экан. Қарасам барибир одам бўлмайди. Боре, дедиму клиника ховлисидаги қаҳвахонага тушиб атиги битта хот- дог еб, “Кола” билан қорин тўйдириб чиқдим. Чиқсам қуриб кетгурни жони чиқиб бўптида! Савил, мани навбатчилигимни пойлаб ётган экан! Мамашаси ёқамга ёпишди, папашаси Минздравга ёзди. Хуллас кўриб турганиздек, ишдан хайдалиб бозорга келиб қолдимда ўртоқ! Отамни давлати ҳам ёрдам бермади… Унга ҳеч қачон ўртоқ бўлмагандим. Бозорчи гумашталари олдида бировнинг нури дийдасининг ўлимини тиржайиб ҳикоя қилиб берган касбдошимдан шу қадар нафратланиб кетдимки, қўлимда гўдагим бўлмаганида, уриб майиб қилиб қўйишим тайин эди. Ўшанда илк бор биз тиббиётчиларни, оқ либосли нажоткорлари таъма эвазига ўқитган баъзи домлаларимиэнинг гўрига ғишт қаладим. Ферузага ўхшаган қотилларга “реаниматолог” мутахассислигини берган устозларимга лаънат ўқидим, уни шундай тарбия қилган отага ҳам Дўзах оловини раво кўрдим… Қаранг, поранинг касофатини билиб туриб пора бераверамиз, олаверамиз…. Ўзим (Худога шукур!)”ҳеч қачон олмаганман бироқ берганман. Бусиз иложи йўқ! Болаларни боғчага, мактабга жойлаш учун кетқазган сарф ҳаражатларимни юмшоққина қилиб, ёрдам пули дея қолай. Нега десангиз, мактабгача тарбия муассасаси учун олиб берган ўн дона болалар елим ўриндиғи ва мактаб таъмири учун кетган бўёқларни пора деб билмайман. Сабаби, ўша ўриндиқда ўз фарзандим қолаверса бошқа қоракўзлар ҳам ўтиришади. Муассаса раҳбари беш қўлини баробар оғзига тиқмай, болажонлар турли байрамларни нишонлайдиган залга етклаб, у ердаги пачоқ ўриндиқларни кўрсатганидаёқ чин юракдан ёрдамга ошиққандим. Билишимча, у киши камбағал оила фарзандларини шундоқ ҳам боғчага олаверар экан. Бир оз ўзига тўқ ота –оналардан хадди сиғиб боғча учун энг зарур, чўнтaк кўтарадиган жиҳозларни сўрар экан. Мактаб раҳбарини ҳам тўғри тушундим. Аммо қолганларчи? “Ишга кириш учун фалон сўм пора бердим” деган гаплар қулоғимга кўп чалинади. Қаранг ҳозир иш жойи танқислигидан оддий фаррошликка ҳам бепул қабул қилишмайди. Айниқса вилоятларда. Ўз касбим мисолида айтақолай яна, касалхоналарда бир ставка кичик тиббиёт ходими бўлиб ишлаш учун камида беш юз минг, ҳамшира бўлиш учун эса нақд 1000000 ни белга тугиб келаверасиз. Чунки Тиббиёт коллежларини тамомлаб ишсиз юрганлар қанча! Қолаверса, ишга жойлашиб олса, кетган ҳаражатни қоплаб олиш қийин эмас. Жаррохлик амалиётидан чиққан беморга беминнат чой дамлаб, тувак тутадиган санитаркалар аллақачон нафақага чиқиб кетган. Инсофлиги эса жуда кам! Ҳамшираларчи, ойлик озлигидан билагингизга осма уколни томчилатиб, тугагунга қадар кўз ёшларнии томчилатиб илинж билан ўтиришади. Бермай кўрингчи! Раҳмингиз келади. “Қўл хаққи” дея каттакон чўнтагига атаганингизни солиб қўясиз. Агар инсон қиёфасидан чиқмагани бўлса, бойдан олиб, фақирнинг дуоси учун ҳам хизмат қилаверади. Инсоф ўлгур бўлмасачи? Берган 1000000 яна битта ноль туғмагунича шилаверади. Кичкинагина Водил туманида бир шифокор бор дея эшитганман. Ўлаётган, жони чиқаётган беморнинг яқинларидан ҳам уялмай пул талаб қилади. Аммо айтишларича бола- чақаси йўқ, ёлғиз, қасрмонанд уйда, тўкин – сочинликда яшар экан. Уни суд қилиш менинг илкимда эмас, Аллоҳ қўлида. Балки Худо аллақачон уриб қўйгандир! Бироқ, мақсадлари давлатманд бўлиш эрса, унга ва Ферузга ўхшаганлар бозорда тинчгина савдо қилиб бойлик йиққанлари маъқул эмасми?! Яқинда эл учун, халқ учун жуда кўп ҳайрли ишларни қилган бир инсон узоқ йилларга қамалиб кетди. У истиқомат қилган кичик қишлоқдан 750 та одам имзо қўйган хат юқорига юборилди. Аммо керакли жойга етиб бормади. Сабаби нозик ишга баҳоли қудрат бош қўшмоқчи ва хатни керакли инсонга етказмоқчи бўлган одам қамоқда ўтирган одамнинг хотинидан ақлга сиғмайдиган пора талаб қилди. Ўзбеклигимиз қурсин, тантилик ҳам қиламиз, такаббурлик ҳам! Қаранг, қилинган саҳоватли ишлар мингларча фақрнинг ёдида қоладию, бир товоқдан ош еган ошнанинг ҳаёлидан кўтарилади. Гадонинг душмани гадо деган машойиҳлар минг бора хақлар! Кези келганида ўз миллатдошимизнинг аҳли аёлини, бола- чақасини қон қақшатишдан ҳам тоймайдиган халқмиз! Аслида кимларгадир мазах бўлаётганимизнинг сабаби ҳам шунда. Россияда ишлаб қайтган укам айтади: “Биласизми бирорта доғистонлик ёки чеченни сал туртиб қўйсангиз, лўлига ўхшаб ёпирилиб келиб қасос олишади. Бирорта ўзбекни қўйдай бўғизлаб кетса- чи, юрак ютиб хун талаб қиладигани саноқли бўлади. Ошна, улфат бўлиб бир шишанинг оғзидан ароқ симиришадию, ўша улфатининг ўлиги бирор хандақда сасиб кетгунга қадар тақдири билан қизиқмайдиган одамларимиз ҳам бор! Шундай экан, кимни ким билан нима иши бор? Бир неча йиллар аввал ён қўшним мени зиёли деб, маслаҳатга чиқди. “Нафақага чиқяпман бу йил. Супрақоқдимни ўз ўрнимга ишга олиб кирмоқчи эдим. Биласиз, Цемент комбинатига ишга жойлаш осон эмас. Кеча ходимлар бўлимига учрашган эдим. “Отахон сизнинг олдингизда иккита йўл бор: Бири ҳар бир нафақадор учун аталган 2000000 сўм яхлит мукофот пулини олинг, ёки пулдан воз кечиб кенжатойингизни заводга ишга жойланг! Нима қилсам экана? Қуриб кетсин, ойлигимдан йиғиб ошира олмадим. Нафақага чиқсам ўша 2000000 га беш – олтита”.қўзичоқ олиб, эрмак учун боқмоқчи эдим. Ўғлим меҳнаткаш, болалигидан касбимга қизиқади. Ишга кирса уддалаб кетарди. Бошим қотиб қолди… ” “Отахон мукофотдан кечиб, супрақоқдини ишга жойлайверинг. Заводга ҳамма ҳам ишга кираолмайди” Ўша отахонга тўғри маслаҳат бера олмаганимга йиллар ўтган сайин афсус қиламан. Агар ҳозирги ақлим бўлганида, бошқача гапирган бўлармидим: “Ким сизга шундай деди? Энасини корхонасими у ер? Кенжангизнинг қўлидан иш келса, айтганигиздай меҳнаткаш бўлса, шундай ўринбосарни тарбиялаб берганигиз учун завод сизга қўшимча мукофот пули берсин! Корхона битта одамнинг шаҳсий мулки эмас, ишчилар ҳам танлов асосида сараланиб олиниши керак! Келинг, чиройли хат тайёрлаб керакли одамларга етказайлик. Биттаси бўлмаса, биттаси қулоқ солар! Қачонгача давом этади бу майнавозчилик. Бутун умр завод чангини ютиб, саломатлигини йўқотган, шу ерга халол меҳнати сингган ишчини иззат- икром билан нафақага чиқариш ўрнига, охирги пулини ҳам юлиш эвазига хотамитойлик қиладиганларга қонун албатта чора қўллайди!” дейишим ва хоксор қўшнимга хақиқий зиёли, ўқимишли инсон сифатида ёрдам беришим мумкин. эди. Ҳозир ҳам гигант корхоналарга ишга жойлашиш осон эмас. Фарғонага йўлингиз тушса “ФНҚИЗ” корхонасига бир мўралаб ўтинг. Бирорта мардроқ ишчиси бўлса, қанча пора эвазига жойлашганини шипшиб қўяр. У ерга кириш ҳам , яхшигина моянага эга бўлиш ҳам жуда қиммат туради! Хуқуқ соҳасида фаолият юритиаётган минглаб Давлат ва Нодавлат ташкилотлари бор. Фуқоролик жамиятлари аталмиш шўъбалар бор. Хайрли тадбирлар ўтказиш учун Халқаро ташкилотлардан милионлаб грантлар олишади. Аммо уларнинг нечтаси қўшнимга ўхшаган оддий ишчиларга малакали мутахассис ёрдамини бермоқда? Залларни тўлдириб мажлисвозлик қилишади аммо бирорта инсон билан бирга бориб, корхона ёки ташкилот раҳбари олдига бориб хуқуқини ҳимоя қила олмайди! Бошини арининг уясига тиқишни хохламайди. Яқинда ўшандай Нодавлат ташкилот раҳбарларидан бири шаҳарда ташкил этилган Навруз байрамида обдон бежаниб чиқиб йигирматача маҳалла Хотин қизлар фаолларига совға топширди. Гугурт қутидан сал каттароқ совғачаларни минглаб одамлар иштирок этаётган сайлда топширишдан мақсади нима экан? Билишимча, юқорида баён этганимдек алллақайси Хориж фондидан олган гранти хисобидан “Қишлоқ аёлларининг хуқуқий саводхонлигини ошириш”.мавзусида тадбир ташкил этган ва бу тадбирда энг фаол бўлган аёлларган экан. Бу албатта яхши. Аммо қизиқиш учун ҳам апил- тапил совға очаётган хотинларга Ўзбекистон Меҳнат Кодексидан савол бердим. Минг афсуски, ўзимни қониқтирадиган бирорта жўяли жавоб ола олмадим. Энди ўша фаоллар бош бўлган маҳалла хотин-қизларининг хуқуқий саводхонлиги ҳақида бир ўйлаб кўринг! Хайрли мақсадларда Грант ажратаётган ташкилотлар маблағлар қандай мақсадда сарфланмоқда, улардан келаётган натижа қандай деган топишмоқларга ҳам жавоб топсалар бўларди. Аксарияти қоғоз ва интернет орқали юборилаётган хисоботларга қаноатланиб қолмоқда. Текшириш мақсадида келган экспертлар эса тадбир ташкил этилган жойнинг ижара хаққи, транспорт ва концелярия харажатлари, кофебрек ва тушликда тортилган таомларнинг хисоботда кўрсатилган таннархини текшириб, камчилик топа олмаса бўлди! Чунки уларнинг саводхонлиги ҳам шу даражада! Кечаги тадбиркор ёки муаллимнинг қандай мақсадларда маълум бир йўналишда Нодавлат фаолият олиб бораётгани, уларнинг билими мақсадга мувофиқ ёки йўқлиги тубдан назорат қилинмайди. Чорвоқ ёки ҳашаматли меҳмонхоналарда турли хисобот йиғилишларини ташкил этаётган тил билмас ташкилотчилар эса, ўзлари билиб билмай “нночилар”ни бойитаётганларидан беҳабар. Халқаро фаолиятлари Ўзбекистонни ҳам кенг қамраб олаётганидан турли ижтимоий қатламларда хуқуқий билимдон инсонлар кўпаяётганидан ва бунда ўзларининг хиссасалари осмон эканидан мамнун кетаверишади. Сўзларим қуруқ бўлмаслиги учун бир мисол келтирай. Фарғонада “ЮНИСЕФ” бир тадбир ташкил этди. Ўша йиғинда мен “Болаларнинг тиббий саводхонлиги оширишда интелектуал тиббиётдан кенг фойдаланиш” мавзусида чиқиш қилиб, тиббий эртакларим мисолида ҳамманинг эсида қоларли видеоматериал намоиш этдим. Америкадан ташриф буюрган мутахассисга инглиз тилида шунақа чиройли тушунтириб бердимки, натижада олқишларга кўмилиб кетдим. Мен ҳеч кимдан бир сўм олмай таёрлаб, йиғилганларга намоиш қилган тақдимотим ҳеч ким кутмаган янгилик эди. Тадбир тугаши билан барча ННТ раҳбарлари тақдимотимни дискини сўраб, пул ҳам таклиф қилишди. Аммо “ЮНИСЕФ”дан ташриф буюрган инглиз хоними менга ташриф қоғозини узатар экан, Тошкентдаги бош офисда кутишини айтди. Мен ҳам бошлаган ишим болажонлар саломатлигини ҳимоя қилишда яхшигина дастуруламал бўлишини,, шундай нуфузли ташкилот бош қўшса ўзлари айтгандай бутун бир Марказий Осиё халқи кичкинтойлари учун ҳам ажойиб совға бўлишига ишондим. Кейин нима бўлди дейсизми? Бордим, гаплашдим. Ўша ерда ўтирган бир акахоннинг гапларига лаққа ишониб, қанот чиқариб Тиббий ва гигиеник саводхонликка оид турли интелектуал қўлланмалар, энциклопедия ва китобларни тайёрлай бошладим. “ЮНИСЕФ” менга хали бир сўм бермаган бўлса ҳам, эрталабдан кечгача чин юракдан ҳаракат қилавердим. Кейинчи дерсиз? Мана орадан олти ойча вақт ўтиб кетди аммо ҳамкорликдан дарак йўқ. Фарғонадаги тадбирда қатнашган хонимку аллақачон Америкасига учиб кетгандир. Аммо бу ердагиларчи? Яқинда эса радиода ишлайдиган бир журналистдан “ЮНИСЕФ” ўтирган баъзи мутахассисларимиз ҳақида жуда ажойиб гаплар эшитдиму, хафсалам бутунлай пир бўлди. Қандай гаплар эканани бу ерда ёзмай қўя қолай, барибир ишонмайсиз! Мана сизга Халқаро бир ташкилотнинг аҳволи. “ЮНИСЕФ” номидан мени ҳамкорликка ундаган йигит ҳам миллатдошим агар билимимдан қониқмаган ва биз таёрлаган лоиҳа концепцияси раҳбариятни қониқтирмаган бўлса узр сўрайман. Агар радио журналист таърифлагандай бир нарсалар илинжида юрган бўлса УНГА АЧИНАМАН. Бир дўстим менга “Фалон ёзувчини анча йиллардан бери танийман. Бошидаги шапкаси ва эгнидаги косюми охори тўкилиб кетса ҳам юраверадиа” деган қалбоғриқ муаммо ҳақида ўкиниб гапириб қолди. Эх дўстим , ўша сиз айтган адибни мен ҳам танийман. Жуда ҳоксор одамда! Саксонга яқинлашиб қолибдики, нашриётлар билан пачакилашиб ўтирмайди. Ажойиб асарлари бор билимли таржимонларимиз ва шунга пул тикадиган мард, оқил сармоядорларимиз бўлганида у ҳақда бутун дунё билармиди?! Асарларидан фақат ўзбек китобхонлари эмас бошқа инсонлар ҳам баҳраманд бўлармиди? Aдабиётга интелектуал мулкка пул тикадиган жўмардларимиз қани? Ипагимизни, адрасимизни, пахтамизни чет элга кўз- кўз қилиб, турли йўллар билан ҳаводан ҳам фойда топишга ҳаракат қиляпмиз. Спортчи, модельер, қўшиқчи, раққоса, созанда хунармандларни ҳорижга олиб чиқяпмизу, адибларимиз ўзи қочиб чиқиб кетгунича кўз юмиб турибмиз. 
Яхшироқ ўйлаб кўринг аслида шундай бўлаётганига ўзимиз ҳам айбдормиз. Тўрт мартадан Ҳажга бораётган тадбиркорлар, сармоясининг сассиғидан кекириб ўтирган тўралар бирлашиб, ҳар бири биттадан зўр адибга , зўр ўқтувчига, яхши мураббийга, иқтидорли бир талабага ҳомийлик қилсалар давлат уларга қаршилик қиладими? Йўқ биз фақат фойда келадиган томонни кўзлаймиз. Миллат, эллатнинг билими қандай ўсса ўсаверсин. Пора эвазига ишчи оладиган корхоналар ўша пулларнинг ўндан бирига йилига тўртта камбағалнинг боласини ўқитиб берганида борми , халқнинг ижтимоий аҳволи анчагина яхшиланган, минглаб йигитлар мардикорга айланиб сарсон юрмаган бўларди. Ха биз озгина бойиб қолсак, босар тусарини билмайдиган халқмиз! Хуллас, бу ноҳақликларга оддий воқеалардай қараш қонимизга тобора сингиб бормоқда. Кимлардир пора кетидан семириб, кимлардир қақшаб кун кечряпмиз…Афсуски, бу фақатгина бизнинг миллатга тегишли муаммолар эмас. Коорупция исталган давлатингизда истаганича илдиз отмоқда. Бу иллат илдизи жуда чуқур! Америкада чикадиган бир журналда порахўрликда биринчиликни олганимиз эса, жуда ажойиб иш бўлди. Энг аввало бутун дунёга масхара бўлдик. Шундай нуфузли журнал саҳифаларида юқори поғонани ҳамма ҳам эгаллаб кўрсин? Аммо хабарингиз бўлса, айнан ўша мақола сабабми, Ўзбекистонда анча таъмагирлар қўлга олинмоқда. Ишқилиб яна пора эвазига жазодан қутулиб қолишмаса бўлди. Адолат посбонлари эса Охиратлари куйишдан қўрқсин. Сиз “Наҳотки ўзбек зиёлилари бунга жим қараб турверишса?” деган савол берибсиз. Тўғри, 50- 60 га кирган харомхўрни тарбиялаш қийин. Аммо ўша қийшиқ дараҳтлар соясида, уларга қараб бўй чўзмоқчи бўлган ниҳолларни тўғирлаш мумкин. Шукрки, хали ҳам иймонини, виждонини пулга сотмайдиган инсонлар бор. Мактабларда эзгу фазилатларини ўз ўқувчиларига бетаъма улашаётган устоз ва мураббийларга, оқсоқол ва жаъми халол инсонларга бошимиз ерга теккунча таъзим қилсак оз!!! Шунақа гаплар! Юқорида ёзганларимни аллақачон хайқириб, баралла айтсам Озодликда сизга етказсам ҳам бўларди. Аммо авваламбор аёлманда! Қолаверса бақириб, чақиришдан нима наф? Ҳамма тарбияни аввал ўзидан, уз оиласидан бошлаш керак. Сиз нима дейсиз азизлар?

 

http://zamondosh.blogspot.ie/2012/11/blog-post_150.html#more