Nov 052012
 

 

ЮҚОРИ МИНБАРЛАРДА ИЗОҲЛАНГАН МИЛЛИАРД,МИЛИОН СЎМЛАРНИНГ КУЧИ БИР ЙЎЛКАГА ЁТҚИЗИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН БИР ҚУВУР ХАРАЖАТИНИ ҚОПЛАЙ ОЛМАЯПТИ

Хоразм вилояти Хива туманидаги Оқёп қишлоғи йўлидан велосипедда ўтиб бораётсам,“Мижжи ҳовли” посёлкасига ўтадиган йўлка эксковатор билан чуқур зовур сифатида қазиб ташланган экан. Эксковаторчидан “Бу не ҳол?” деб сўрасам,кўзини лўқ қилиб,“Каримовнинг буйруғи” деб жавоб берди. “Сизга шу йўлкани чуқур зовур қилишни топширган Каримов ўша қазилган йўлакага труба ташлаб,ўтарликни бузмасликни буюрмадими?” десам,у “Мени уёғи билан ишим йўқ,менга,қаз,деб буюрилган,Қаз,дедими,қазаман,кўм,дедими,кўмаман” деб вижирлади.

Ифлос чиқиндилар,микроблар макони бўлган қора лойни халқ ўтарлигига,йўлга ағдариб ташлаб кетаверса,уни текисламаса,шу йўлдан фуқаролар,деҳқонлар араваларда ўтиб-қайтади,болалар мактабларга ўтади. Хуллас,тиними йўқ. Эксковаторчи эса ҳимоя зонаси қолдирмай,амалдорлар буйруғини бажарса,бундан экология азият чекмайдими? Шу ерда бир воқеа эсимга тушди. Фермер хўжалиги раҳбари бўлиб ишлаётган давримда туман ҳокими “Ҳамма ерга пахта экасан.  Ер қолдирмай,ҳатто шийпон олдидаги сўқмоқчага ҳам пахта экасан” деб буюрганида,мен норозилик оҳангида,“Ёшулли,ахир фермер хўжалигида 9 нафар ишчи ишлайди,вақтни тежаб,уларни шийпонда овқатлантириш учун фермер хўжалиги ерларидан бир қисмига сабзавот ва полиз экинлари (помидор,тарвуз),у-буларни  экишгаям жой қолдирмаяпсиз” десам,“Буғдой даласининг четлари,ўқариқлари ва ариқ ёқаларига эк” деб буюрганди.

Ахир,буғдой бугун-эрта ўрилади ва экилган сабзавот комбайн тепкисида нобуд бўлади. Ариқ ёқалари эса дарахтлар билан ўралган. Уларнинг соясида экин битмайди” деганимда қулоқ беришни истамай кетиб қолган эди. Шунда уни қишлоқ хўжалиги тўғрисида тасаввури камроқ,у қурувчими,ёки қирувчими эканлигидан  хабардор бўлгандим. Энди асосий масалага қайтсак:Нега Президент бу ўқиб уқмаганларга топшириқ бераётиб,майда-чуйдасигача уқтириши керак,ўзлари шароитдан фахмлаб олишолмайдими? Йўқ,бу ерда бошқа бир фикр бор. Сарҳадимиз амалдорлари халқни,фермерни,фуқарони,Президент фармонлари координацияси билан чўчитиб,халқни армони битишини эмас,ўз кармонини  тўлдиришни истайдилар ва ҳар бир фармондан ўз шахсий ҳисобига кўпроқ фойда қолиришни кўзлайдилар.

Мисоллар туркумидан келиб чиқсак:Президент ирригация,мелиорацияга бюджетдан пул ажратди,улар бу фармондан фойдаланиб,ҳар бир фермердан,фуқародан ер салмоғига яраша ирригация,мелиорация ташкилотига пул тўланишини,ёқилғи ва бошқа амортизацияларга етарли пул тўланишини ва ажратилишини талаб қилишади. Аммо ўша бюджетдан ажратилган пулларнинг юзи кўринмайди. Шу асосда халққа зарур бўлган ўтарлик йўлка қувурини ҳам ўша посёлкада яшаётган халқ зиммасига юклашади. Бу оддий бир ҳолат. Ундан мукаммалларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Посёлкага газ таъминоти керакми,электр тармоғи керакми,харажатлар халқдан ундириб олинади. “Водопровод” деган нарса эртакка айланган. Бундан ташқари,ёнмай турган газга,ўчиб ётган электрга ойлик маоши ва пенсиялардан ушлаб олинади. Рози бўлмасанг,чўзиб-чўзиб,ой охирида берилади,ё кейинги ойга ўтказилиб,мавриди келса,ўтган ойни олдинг-ку,дейилиб,абгор қилиниб,нафақахўрнинг бир ойлик пенсияси ўзлаштирилади.

Валерий НАЗАРОВ,“Бирдамлик”нинг Хоразм вилояти бўйича етакчиси.

 

http://birdamlik.info/?p=25072